1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
islom.uz-1441

Тарбиянинг тўрт манзараси

13:50 / 19.09.2019 3109 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ёшлар тарбияси борасида танқидлар кўпайиб кетди. Қайси газета, журнални олиб қараманг, ёшларнинг юриш-туриши, кийиниши, муомала маданияти тўғрисида фикрлар, мулоҳазалар ёзилганига кўзимиз тушади. Бу яхши албатта. Лекин иллатни танқид йўли билан бартараф қилиб бўлмайди. Аввало, унинг келиб чиқиш илдизини топиш лозимдир. Атрофимизга разм солиб қарасак, ёшларимизда учрайдиган айрим қўпол хислатларнинг асосий айбдори катталардир. Гоҳида катталар томондан қилинган ҳатти-ҳаракатлар оқибатида ёшлар ҳаётга, инсонларга аламзадалик билан боқишмоқда.

Тиббий ходимларнинг таъкидлашича, бола билим ва тарбиянинг кўп қисмини 7 ёшгача ўз миясига жойлаштирар ва умри давомида ушбу тарбия ва билимга таяниб яшар экан.

Бир дугонамнинг никоҳ тўйи арафасида соч турмаклари нархини билиб келиш учун гўзаллик салонига йўл олдик. Салоннинг деярли ҳамма ходимлари 7-8 ёшли қизалоқларнинг сочларини турмаклаш билан банд эди. Касбим тақозоси шекилли, эътибор билан тикилдим. Ўта дид ва нафосат билан безатилган соч турмагига қараб кўзинг қувнайди. Кўз олдимга алифбе байрами ёдимга келди. Сочларимизга оппоқ чиройли ленталар, эгнимизда эса миллий атласларимиз, ҳамма бизга ҳавас билан тикилган. Алифбе байрамига шошилаётган бу қизалоқнинг кўз-қошлари, лаблари деярли ҳамма жойлари келинлар сингари бўялган, бўйи новчароқ бўлса келин, деб ўйлашингиз табиий. Энди ўйлаб кўринг, бугун маликалардек кийинишга, ўзаро оро беришга орзуманд қиз эртага ҳаётини, ўзини кимга ёки нималарга менгзашни хоҳлайди? Кўча-кўйда қулоғи, бурни, қоши, қоринларигача зирак таққан, кексаларимиз насиҳату ўгитларига беписанд ёшларни кўриб, уларнинг “ғарб”га кўр-кўрона тақлид қилишларини ўйлаб, ачиниб кетади киши.

Асосий қисмини ёшлар ташкил қилган бир идорага жуда кўп ишим тушади. Лекин у ердан ҳеч қачон излаган кишимни топа олмайман. Ходимлар беписанд ёки лаёқатсиз. Ўйлаб қоласан, ўзларига юклатилган вазифага юзаки қараш касаллиги буларга қаердан юқди?

Бир куни одатий манзарадан кўнглим тажанг бўлиб идора бошлиғига сим қоқдим. Ўзбекчилик, аввал салом берамиз. Идора раҳбари эса жавобан “тушунмадим” деди. Мен эса тушунарсиз сўзладимми деган тарзда янада равонроқ ва қаттиқроқ қилиб “Ассалому алайкум” дедим. Бошлиқ эса ҳайратимни янада ошириб “ким керак ўзи?” дея зарда қилди. Телефон дастагини қўйишга мажбур бўлдим. Менинг назаримда саломни тушунмаган, алик олишни билмаган инсон билан сўзлашиш девоналик белгиси эди. Ходимларнинг камчиликларини ҳам шундагина тушундим. Одам вақт ўтган сари атрофига, ишига мослашиб бораверади, маъсулиятсиз, қўпол раҳбар атрофида ҳам худди шундай ходимлар тўпланиши табиий. Кексаларимиз ёшлар “салом” сўзини унутиб қўйишганлиги тўғрисида куйиниб гапираётганликларини эшитамиз. Катталар саломга алик олмасликлари, ушбу сўзни тушунмасликлари эса ажабланарли ҳол.

Абдуллоҳ ибн Аббос: «Ҳар бир нарсанинг ниҳояси бор, саломнинг ниҳояси баракотдир», деганлар. Хабарларда келишича, энг яхши амал очларни тўйдириш ва таниган-танимаган кишига салом беришдир.

Ҳусайн Воиз Кошифий бундай ёзади: «Агар «Саломга жавоб бериш одоби қайси?» деб сўрасалар, «Бунинг еттита шарти бор», деб айт.

Биринчидан, саломга хурсанд бўлиб алик олиш.

Иккинчидан, салом берганга «Раҳмат», дейиш.

Учинчидан, Ислом миллатига мансуб бўлмаган одам салом берса ҳам алик олиш.

Тўртинчидан, саломга алик олувчининг ҳам таҳоратли, пок бўлиши.

Бешинчидан, кўп киши турган бўлса, ораларидан бир одам саломга жавоб қайтарса кифоялиги.

Олтинчидан, саломга ишорат ёки имо билан эмас, овоз чиқариб алик олиш.

Еттинчидан, саломга алик олганда салом берган кишининг эшитиши зарурлиги».

Салом бериш ва алик олиш хусусида ахлоқ-одобимизнинг қуйидаги бир қанча кўрсатмалари бор:

«Аввал салом, кейин калом» (яъни бошқа гап-сўзлар).

«Салом бермагунича, бировни таомга чақирманглар».

«Оила аъзоларингиз ҳузурига, яъни уйингизга салом билан киринг, шунда сизга ҳам, оилангиз аъзоларига ҳам барака ёғилади».

«Одамларнинг Яратганга энг яқини бошқаларга энг аввал салом берганидир».

«Бир-бирларингиз билан саломлашиб юринглар, шунда ўрталарингизда меҳр-муҳаббат уйғонади».

«Одамларнинг бир-бирларида олтита ҳақлари бор: салом бериш; чақирса, бориш; маслаҳат сўраса, жавоб қайтариш; аксирса, соғлиқ ва шифо тилаш; бемор бўлса, бориб кўриш; вафот этса, жанозасида қатнашиш».

«Саломга алик олиш шарт, бордию алик олинмаса, салом берувчига зарари йўқ».

«Йўлдан ўтиб бораётган одам кўпчиликдан бир кишига салом берса кифоя қилади, ўтирганлардан бир киши алик олса етади».

Бир танишим синглиси тарбияланаётган боғчада байрам бўлаётганлигини, агар вақтим бўлса иштирок этишимни илтимос қилди. Болалар иштирокидаги тадбирга ким ҳам ошиқмайди. Лекин у ерда кўрган манзара кўнглимни оғритди. Замон талаблари даражасида жиҳозланган боғча, тарбиячилари тоза, озода кийинишган, болаларда ҳам ўзгача руҳ, ўзгача шодиёна. Беғубор болалигимга бир саёҳат қиламан, деган ниятда эдим, аммо ҳали эртак, топишмоқ ёд олиб тарбия топиши лозим бўлган боғча тарбияланувчиларининг севги ҳақида чиройли нутқда шеър ўқишини, ўзлари ҳам тушунмайдиган чет эл мусиқаларига назокат билан валсга тушишларини кўриб кулишни ҳам, йиғлашни ҳам билмай қолдим. Бунинг оқибатини ўйлаб кўриш керак!...

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларга ўхшаб либос кийган эркакни ва эркакларга ўхшаб либос кийган аёлни лаънатладилар».

Абу Довуд ва Насаий ривоят қилганлар.

Абу Довуд ва Табароний қилган ривоятда:

«Ким бир қавмга тақлид қилса, у ўшалардандир», дейилган.

Шарҳ: Ўз қавми, ўз дини ва урф-одати туриб, бошқаларнинг турмуш тарзини, кийиниш ва ҳаётдаги бошқа нарсаларини устун қўйиб, жон-жаҳди билан уларга ўхшашга ҳаракат қилиш одамга ўз таъсирини ўтказмай қолмайди. Ўша одам «ҳар кимга ниятига яраша» қоидасига биноан ўзи тақлид қилган қавмдан бўлади. Кофирларга ўхшашни орзу қилиб уринган бўлса, кофирлардан бўлади. Фожирларга ўхшашга ҳаракат қилган бўлса, фожир бўлади ва ҳоказо...

Ислом уммати Аллоҳ таоло юборган таълимотларнинг энг мукаммалига, ҳар бир замон ва ҳар бир маконга муносиб таълимотга раво кўрилган умматдир. Аллоҳ таоло бу умматни бошқа барча умматлар устидан шоҳид қилиб қўйгандир. Аллоҳ таоло бу умматга ҳар бир нарсада ўзига хосликни бериб қўйгандир. Шунинг учун ҳам бу умматга ўзидан бошқаларга ўхшашга ҳаракат қилиш, ўзига Аллоҳ таоло осмондан тушириб берган нарсани қўйиб, бошқа миллатлар ердан чиқарган нарсаларга ҳавас қилиш мутлақо тўғри келмайди. Кўриб турибмизки, бунда фақат кийим ҳақида эмас, балки умуман ташқи қиёфани қандай тутиш кераклиги ҳақида ҳам сўз кетмоқда. Соқол-мўйлабни қандай қўйишдан тортиб ҳаром тукларни қиришгача, улама сочдан тортиб, тирноқни олишгача сўз юритилмоқда.

Демак, ташқи қиёфа маданиятида ҳам ҳар ким ўзлигини унутмаслиги керак. Эркак киши эркаклигини, аёл киши аёллигини. Мусулмон мусулмонлигини. Эркаклар аёлларни бошқалардан ажратиб турадиган, уларнинг аёллигини билдирувчи белги, аломат бўлган кийимларни киймаслиги, аёлларга хос бўлган ташқи қиёфа маданиятини ўзига раво кўрмаслиги керак. Худди шунингдеқ мусулмонлар бошқа миллатларга хос бўлган, уларни мусулмонлардан ажратиб турадиган нарсаларда уларга тақлид қилмасликлари лозим.

Кеча боғча, мактабда ғарб мусиқаларига эътиқодсиз рақсга тушиб юрган қизалоқ бугун ўша эътиқодсизлиги оқибатида ҳомиладор бўлиб қолди. Дарров хотин-қизлар қўмиталарига югурамиз. Фикримизча, ёшлар маънавиятига даҳлдор “Маҳалла”, “Маънавият ва маърифат” каби марказлар бор. Ёшларнинг бирор-бир камчиликларига кўзимиз тушса, бунга фақат шу ташкилотларни айбдор деб топамиз. Ўйлаймизки, бола асосий тарбияни она қорнида, болалигида олади. Юқоридаги ҳолатлар таъсирида тарбияланган ёшларнинг дунёқарашини ўзгартириш, уларни ҳақиқий ўзбекона андиша, ибо-ҳаё ҳамда мардлик, жасорат, олийжаноблик хислатларига эга бўлишлари учун мутасадди ташкилотлар билан болани иккинчи маротаба боғчага, мактабга бериш лозим бўлади.

Нега энди ҳар биримиз ёшлар тарбияси учун ўзимизни масъул ҳис қилмаймиз? Айрим тарбиячи, ўқитувчиларимиз эса юқоридаги ҳолатлар оқибатида ёшларимиз онгини заҳарламоқда. Келажагимиз эгаларининг тарбиячилари деган масъулиятли вазифа зиммасига юклатилган инсонлар юртимизнинг тинчлигини, миллий маданиятимизни эртаси, миллатимиз ривожи кўп томонлама ўзларининг қўлида эканликларини унутиб қўймасинлар. Ёшлар тарбияси учун фақатгина мутасадди ташкилотлар эмас, барчамиз бирдек жавобгармиз, негаки барчамиз яшаб турган Ватан келажаги ана шу ёшлар қўлида.

Юлдуз Қурбонова

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бир яқин биродаримизнинг айтганларини, иншааллоҳ, манфаатли бўлар, дея, сизларга ҳам етказишни ният қилдим. У киши айтади.Сизларга баъзи бир нарсаларни айтиб давоми...

2812 10:05 / 28.10.2019
401Аҳмад Амин бу гапларни, охиргача тингладилар,Демак элчи келарканда,деб хабарни англадилар,Ботил йўлга қиё боқмай, узлат йўлни танладилар,Шундан сўнгра кўп давоми...

2648 11:20 / 23.10.2019
Жорий йилдан бошлаб нашр этилаётган Ҳилолrdquo журнали астасекин ўз мухлисларига эга бўлиб, уларнинг доимий ҳамроҳига айланмоқда. Унинг ҳар бир сони алоҳида бир давоми...

2091 13:30 / 30.09.2019
300Роббимдан кўп мадад сўраб, қайтсам яна сўз аслига,Росулимни шарафлай мен, изоҳ бериб пок наслига,Шафоатдан умидим кўп, учраштирса Ҳақ васлига,Дийдорингни кўрмоқ давоми...

1583 09:10 / 28.09.2019