1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Муслималар саҳифаси

Қуролни қўйдингми, эй Аллоҳнинг Расули?

16:10 / 22.08.2019 1842 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(биринчи мақола)

Умму Салама онамизнинг Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга турмушга чиқиб, у зотнинг азвожи мутоҳҳараларидан бири бўлишларининг ўзи катта шараф эди. У кишининг мўминларнинг онаси деган унвонга эга бўлишлари ҳам катта шараф эди.

Нубувват хонадонида истиқомат қилишлари давомида бу шараф устига яна бошқа шарафлар қўшила борди. Умму Салама онамизнинг уйларига Жаброил алайҳиссалом ваҳий олиб келадиган бўлди.

«Мажмаъуз-завоид»нинг соҳиби Ҳайсамий раҳматуллоҳи алайҳининг таъкидлашларича, Аллоҳ таолонинг:

«Эй Набийнинг аёллари! Сизлар аёллардан бирортаси каби эмассиз. Агар тақво қилсангиз, майин сўз қилманг, яна қалбида касали бор бўлган тамаъ қилиб юрмасин. Ва маъруф гапни гапиринглар. Уйингизда қарор топинг. Илгариги жоҳилиятнинг очиқ-сочиқлиги каби очиқ-сочиқ юр­манг. Намозни тўкис адо этинг, закот беринг, Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилинг. Албатта, Аллоҳ сиздан кирликни кетказиб, бутунлай поклашни хоҳлайди, эй аҳли байт! Ва уйларингизда тиловат қилинаётган Аллоҳнинг оятларини ва ҳикматни эсланг. Албатта, Аллоҳ Латийф ва Хабийрдир» ояти карималари айнан Умму Салама онамизнинг ҳужраларида нозил бўлган. Шу маънода Умму Салама онамиз уйида ваҳий нозил бўлиш шарафида Оиша онамизга шерик бўлганлар.

Бану Қурайза яҳудийлари билан келишмовчилик чиққанида улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга одам йўллаб, «Абу Лубоба бизнинг олдимизга келсин», дейишди.

Уларнинг шартномадоши Абу Лубоба розияллоҳу анҳу борганида эркаклар, аёллар, болалар уни ўраб олиб, дод-вой қилиб, арз қила бошлашди. Абу Лубобанинг раҳми келди. Улар:

«Сенингча, ўзимизни Муҳаммаднинг ҳукмига топширсак, маъқулми?» дейишганида, у киши:

«Ҳа», деди-да, қўлини томоғининг тагидан ўтказиб, «Ҳамманг сўйиласан» ишорасини қилди. Лекин шу лаҳзада «Расулуллоҳга хиёнат қилдим», деб афсусланди. Сўнг бирдан ўзини тутиб, тўғри масжидга кирди ва ўзини масжиднинг устунларидан бирига боғлаб, «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени кечирмагунларича шу ҳолда туравераман», деди.

У шу ҳолда тураверди. Намоз вақти бўлганда хотини ёки қизи келиб, уни ечиб қўяр эди. Намоз тамом бўлганда у яна ўзини боғлаб олар эди.

Маълум вақт ўтгандан кейин Аллоҳ таоло:

«Бошқалар эса гуноҳларини эътироф қилдилар: улар солиҳ амални бошқа ёмонига аралаштириб юборганлар. Ажаб эмаски, Аллоҳ уларнинг тавбасини қабул қилса. Албатта, Аллоҳ Ғофур ва Роҳиймдир» («Тавба» сураси, 102-оят) оятини нозил қилиб, унинг гуноҳини кечирди. Ўша оят нозил бўлганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Умму Салама онамизнинг уйларида эдилар. Умму Салама онамиз ўша ҳолни эслаб, қуйидагиларни айтадилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳар пайти кулиб қолдилар.

«Нимадан кулмоқдасиз, эй Аллоҳнинг Расули? Аллоҳ сизни доим кулдирсин», дедим.

«Абу Лубобанинг тавбаси қабул қилинди!» дедилар.

«Унга суючилик хабарни етказайми?» дедим.

«Хоҳласанг, майли», дедилар».

Умму Салама онамиз ўринларидан туриб, ҳужра эшигига келдилар-да:

«Эй Абу Лубоба! Севинавер! Аллоҳ сенинг тавбангни қабул қилди!» дедилар.

Табук ғазотига бормай қолганлардан Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳу бошлиқ уч киши ўз айбини тан олиб, тавба қилишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амрларига биноан, уларга ҳеч ким гапирмай қўйди. Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳу ўзини масжиднинг устунига боғлаб қўйди. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ечмасалар, шундай туравераман», деди.

Маълум вақт ўтгандан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Умму Салама онамиз розияллоҳу анҳонинг уйларида эканликларида Аллоҳ таоло қуйидаги ояти каримани нозил қилди:

«Ортда қолдирилган уч кишининг ҳам. Ниҳоят, уларга кенг ер тор бўлиб, юраклари сиқилиб, Аллоҳдан Унинг Ўзидан бошқа бошпана йўқлигига тўла ишонганларида бутунлай қайтишлари учун (Аллоҳ) тавбаларини қабул қилди. Албатта, Аллоҳ Ўзи Таввоб ва Роҳиймдир» («Тавба» сураси, 118-оят).

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ушбу оят нозил бўлганда туннинг охирги учдан бири қолган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Умму Салама онамизга:

«Эй Умму Салама, Каъбнинг тавбаси қабул қилинди!» дедилар.

«Одам юбориб, унга севинчли хабарни етказайми?» дедилар Умму Салама онамиз розияллоҳу анҳо.

«Ундай бўлса, одамлар сизларни тепкилаб юборадилар, кечанинг қолганида сизларни ухлатмайдилар», дедилар у зот.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бомдод намозини ўқиб бўлиб, мазкур уч кишининг тавбалари қабул бўлганини эълон қилдилар.

Ҳандақ уруши тугаб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ мусулмонлар Мадинага музаффар бўлиб қайтишди. Одамлар қуролларини қўйиб, ҳордиқ чиқара бошладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Умму Салама онамизнинг ҳужраларида покланиш учун ғусл қилаётган эдилар, ҳузурларига Жаброил алайҳиссалом келиб:

«Қуролни қўйдингми, эй Аллоҳнинг Расули?» дедилар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ҳа», дедилар.

«Лекин фаришталар қуролларини қўйганлари йўқ. Ҳозир душманни қувишдан қайтаётган пайтим. Аллоҳ таборака ва таоло Бану Қурайза томон юришингни буюради», дедилар Жаброил алайҳиссалом.

Ана шу тарзда Умму Саламанинг ҳужралари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шарофатларидан фаришталар раҳбари Жаброил алайҳиссалом келиб турадиган жойга ҳам айланди. Бу эса ўз навбатида Умму Салама онамиз учун катта фазл ва битмас-туганмас шараф эди. Шундай улкан фазллардан бири у кишининг Жаброил алайҳиссаломни Диҳятул Калбий розияллоҳу анҳунинг суратида кўрганларидир.

(Давоми бор)

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамиз розияллоҳу анҳога ўша пайтда ўзларига хос шароит яратиб беришга ҳаракат қилар эдилар. Кўпинча у зот Оиша онамиз давоми...

3697 12:07 / 11.11.2018
Қачонки, сиз ҳақиқий эркак бўлсангиз, шунда аёлингиз сиз учун чинакам аёл бўлади.Қачонки, сиз чинакам эр киши бўлсангиз, шунда аёлингиз латофатли, иболи аёл давоми...

2814 09:00 / 05.01.2023
Жисм шаҳвати ҳаётнинг ва наслнинг узлуксиз давомийлигини таъминлаш учун Аллоҳ таоло томонидан жорий этилган табиий инстинктдир. Шу билан бирга, Ислом нуқтаи давоми...

4091 15:10 / 12.05.2019
Қизларнинг ўзига хос олами гулдек гўзал ва хушбўй орзуларга, ёрқин умидларга тўла бўлади. Айниқса бўлажак турмуш ўртоғи, умр йўлдоши ва ҳаёт йўлидаги шериги давоми...

4442 16:40 / 19.04.2019