1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Муслималар саҳифаси

Умму Ҳоний бинти Абу Толиб розияллоҳу анҳо

17:00 / 13.02.2021 2296 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Умму Ҳоний (Ҳонеъ) Фотима бинти Абу Толиб розияллоҳу анҳо таниқли саҳобиялардан. Пайғамбар алайҳиссаломнинг Исро ва Меърож воқеалари шу аёл хонадонида содир бўлган. Макка фатҳидан сўнг мусулмон бўлган. Эри Хубайра Макка фатҳи куни Исломга киришдан қочиб кетгани учун болаларини ёлғиз ўзи Ислом ва иймонда ўстирди. Фарзандлари олим ва фозил кишилар бўлиб етишишди. Расули акрамдан ривоят қилган 46 та ҳадиси Имом Бухорий ва Имом Муслим «Саҳиҳ»ларига кирган. Укаси ҳазрати Алий давригача яшаб, ҳижратнинг 40 йили вафот этди. 

Исро ва Меърож воқеалари ҳақида сўз очилганида албатта Умму Ҳонийнинг ҳам номи тилга олинади. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Меърож кечаси унинг уйида меҳмон бўлган эдилар ва Умму Ҳоний у зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан Меърож воқеасини хабар берган ровийлардандир.

Умму Ҳоний розияллоҳу анҳонинг насаби Расулуллоҳникига бориб тақалади, бу саҳобия у зотнинг амакилари Абу Толибнинг Фаҳита исмли қизи бўлиб, ҳазрати Алийнинг опаларидир. Исми ҳақида турлича фикрлар бор: Ҳинд, Атиқа ёки Фотима деювчилар ҳам бўлган. Лекин энг машҳури Фаҳитадир. У Расулуллоҳдан бир неча ёш кичик, гўзал ахлоқли аёл эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оналари Оминанинг вафотидан сўнг Хадича бинти Хувайлидга уйлангунларига қадар Абу Толибнинг уйида яшадилар. Бу йиллар давомида ўзларини Абу Толиб оиласининг бир аъзосидек кўрар, асло ёлғизликни ҳис этмас эдилар. У пайтда Фаҳита кичкина қиз эди.

Ҳубайра ибн Ваҳб Бани Махзумнинг энг кўзга кўринган кишиларидан эди. Қавми ичида мавқеи улуғ бўлиб, сўзини ҳаммага ўтказа оларди. У Фаҳитанинг қўлини сўраб келганида Абу Толиб розилик билдирди. Фаҳита ундан икром ва эҳтиром кўрди, унинг ҳимоясида бахтиёр ҳаёт кечирди.

Орадан кунлар, кунлар кетидан ойлар ўтди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга пайғамбарлик тушди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам оила аъзоларини, қариндошларини, қавмларини Исломга даъват этдилар. Бир қисми ишонди ва тўғри йўлни топди, бир қисми ишонмади ва кофир бўлди.

Ҳубайра адашганлар орасида эди. Бу адашганлар иймон келтирмаганлари у ёқда қолиб, зулм ва жафо билан янги диннинг ёйилишига тўсқинлик ҳам қилишарди. Аммо Ҳубайра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ўрталаридаги қариндошликка риоя қилиб, Расулуллоҳнинг шахсиятларини тақдирлар, ҳурмат кўрсатарди. Фаҳита ҳам дастлаб эрига эргашиб, Исломга кирмади.

Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Умму Ҳонийнинг уйида меҳмон бўлиб қолдилар. Бу кеча Аллоҳ таоло Пайғамбаримизга энг буюк эҳсон ва икромлар берган хайрли, узун бир кеча эди. Умму Ҳоний розияллоҳу анҳо бу кеча ҳақида бундай ҳикоя қилади:

«Исро воқеаси Расулуллоҳ менинг уйимда қолганларида бўлди. Ўша кеча Аллоҳнинг Расули хуфтон намозини ўқиб, ухладилар. Биз ҳам ухлаётган эдик. Эрта билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизни уйғотдилар ва: «Эй Умму Ҳоний! Кўрганингдек, хуфтон намозини ҳам бу ерда ўқидим. Ҳозир ҳам сизларнинг ёнингизда бомдод намозини адо қилдим», деб марҳамат қилдилар. Сўнгра уйдан чиқиш учун ўринларидан турдилар. Мен кетмасинлар деб ридоларининг бир учини тутдим. Қоринлари кўринди. Кўйлаклари Мисрда тўқилган, катандан қилинган охорли кўйлакка ўхшар эди. «Эй Аллоҳнинг пайғамбари, буни одамларга айтманг. Сизни ёлғончига чиқариб, азият беришади», дедим. «Аллоҳга қасамки, бу воқеани уларга айтаман», дедилар у зот. Шунда мен бир ҳабаш жориямга: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг орқаларидан бор. Одамларга нима ҳақида гапирганларини ва уларнинг жавобларини эшит», дедим.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизнинг олдимиздан чиқиб, бошқа кишиларга ҳам бизга айтган гапларини айтдилар. Кўпчилик ўзини йўқотиб қўйди ва: «Буни қандай исботлайсан, эй Муҳаммад, бизлар бундай нарса ҳақида ҳеч эшитмаганмиз», дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Далил шуки, мен фалон водийда, фалон кишиларнинг карвонига дуч келдим. Уларнинг туялари бир ҳайвондан ҳуркиб, қочиб кетган экан. Мен уларга туялари турган жойни кўрсатдим. Бу воқеа мен Шомда бўлган пайтимда юз берди. Сўнгра йўлимда давом этдим. Макка яқинидаги Тихома деган жойда Дажнон тоғига дуч келганимда фалон-фалон кишиларнинг қофиласига тўқнаш келдим. Улар ухлаб ётардилар. Сув солинган бир идишлари бор эди. Устига бир нарса ўралган экан. Ёпқични олиб, ичидаги сувни ичдим. Кейин қандай бўлса, шундай қилиб устини ўрадим. Ҳозир уларнинг қофиласи Макка яқинида, Танъим йўлидаги Байзо тепалигидан тушяпти. Олдинда рангги қорага мойилроқ кулранг туя келяпти. Туянинг устида бири қора, бошқаси олача иккита ҳарор бор», дедилар.

Бу гапни эшитганлар дарҳол Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган йўлга югурдилар. Илк кўрганлари туя бўлди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тасвирлаганларидек кўринишда эди. Кейин карвондагилардан идишни сўрашди. Улар идишда сув тўла бўлганини, сўнг устини ўраб қўйганларини, уйғонганларида эса, ичида сув қолмаганини тасдиқлашди. Маккага қайтишда бошқа қофилани ҳам учратишди. Берилган саволга улар ҳам: «Тўғри айтибди, валлоҳи, у айтган водийда туямиз ҳуркиб қочди. Шунда бир овоз эшитдик. У овоз туямизнинг турган жойини айтди. У ерга бориб, туяни топдик», дея жавоб беришди».

Ҳижратдан сўнг мусулмонлар Мадинага ҳижрат қилганларида Фаҳита эри ва болалари билан Маккада қолди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг эришган зафарлари ҳақида эшитса, беҳад қувонарди. Фаҳита мусулмонлар Маккага кирадиган буюк зафар кунини интизорлик билан кутарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккага кирдилар. Барча бутларни синдирдилар. Билолнинг овози тавҳид, такбир ва шаҳодатлар билан жаранглаб, Каъба узра юксалди: «Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар. Ашҳаду анла илаҳа иллаллоҳ, ашҳаду анла илаҳа иллаллоҳ. Ашҳаду анна Муҳаммадан Расулуллоҳ, ашҳаду анна Муҳаммадан Расулуллоҳ...»

Бу овозларни эшитган Умму Ҳонийнинг эри Ҳубайра орқа-олдига қарамай Маккадан қочди. У Аллоҳ таолонинг динига киришдан қочаётган, Расулуллоҳнинг зафарларини кўришни хоҳламаётган эди. Ҳубайра Умму Ҳонийни ҳам ўзи билан кетишга даъват этди, аммо Умму Ҳоний қабул этмади. Чунки у Аллоҳ таолонинг динига кирган, мусулмон бўлган эди.

Ҳорис ибн Ҳишом Макка фатҳ этилган кун қони ҳалол қилинган кишилардан эди. Аммо Ҳорис Умму Ҳонийнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қошларидаги мавқеини билгани учун ҳимоя қилишини сўраб, унинг уйига борди. Буни кўрган Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу Ҳорисни ўлдириш учун изма-из келди. Умму Ҳоний: «Эй онамнинг ўғли! Мен унга омонлик бердим», деб уни ҳимоясига олганини билдирди. Алий розияллоҳу анҳу эса бу гапларга қулоқ солмай, қиличини суғурди. Умму Ҳоний унинг қўлларидан тутди: «Аллоҳ хайрингни берсин, ўлдирма. Мен унга омонлик бердим», деди.

Алий ундан қутилишга ҳаракат қилди, аммо оёқларини ердан кўтара олмади. Шу пайт Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кириб қолдилар. Умму Ҳоний: «Эй Аллоҳнинг Расули, мен Ҳорис ибн Ҳишомни ҳимоямга олдим. Алий эса уни ўлдирмоқчи. Нимага буюрасиз?» деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сен ҳимоя этганингни биз ҳам ҳимоя этамиз, сен омонлик берганингга биз ҳам омонлик берамиз. Аммо Алийнинг жаҳлини чиқарма. У қизишса, Аллоҳ таолонинг ғазаби келади. Уни қўйиб юбор», деб буюрдилар.

Шундан сўнг Умму Ҳоний Алийни қўйиб юборди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазиллашиб: «Эй Алий, бир аёл сендан ғолиб келди», дея марҳамат қилдилар. Ҳазрати Алий: «Аллоҳга қасамки, оёқларимни ердан кўтара олмадим», деди. Қаҳрамонлар қаҳрамони, довюраклар довюраги Алий ибн Абу Толибнинг бу гапи Умму Ҳоний ҳақидаги одил бир шаҳодатдир.

Умму Ҳоний розияллоҳу анҳо эридан айрилганидан сўнг бутунлай фарзандларининг тарбияси билан банд бўлди. Фарзандларининг қалбига фазилат уруғларини экди. Уларни Ислом ва иймон билан ўстирди. Фарзандларининг бари олим, фозил кишилар бўлиб етишишди. Баъзи фарзандлари Умму Ҳонийдан ҳадис ривоят этишган. Улар орасида набиралари Жаъда Маҳзумий, Яҳё ибн Жаъфар ва Ҳорунлар ҳам бор. Умму Ҳоний укаси ҳазрати Алийнинг халифалик давригача яшаб, ҳижратнинг қирқинчи йили вафот этди.

 

Муниба Аҳмад қизи

«Ҳилол» журналининг 2(23) сонидан

Манба
"Ҳилол" журнали
Мавзуга оид мақолалар
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг райҳоналари бўлмиш Фотима розияллоҳу анҳо тегирмон айлантиравериб қўллари қавариб кетганидан, мешда сув ташийвериб давоми...

3190 13:00 / 22.02.2022
Доктора Кифоҳ Абу Ҳануд шундай дейди .Зийнатдан холий бўлган ҳижобим билан машриқумағрибга сафар қилдим. Университетни тугатиб кўп атеистлар, ҳатто ароқхўрлар давоми...

4579 14:00 / 24.07.2022
. . . ..Уқба ибн Ҳорис розияллоҳу анҳу айтадики.Бир аёлга уйландим. Сўнгра олдимизга бир қора хотин келиб, .Икковингизни эмизганман,, деди. Шунда давоми...

1745 18:00 / 22.04.2020
Чиройли либосларингизни махсус тадбирлар учун асраб қўйманг. Қимматбаҳо идишларингизни фақат меҳмонлар учун сақлаб қўйманг. Янги либосларингизни худди байрамга давоми...

5948 14:00 / 28.05.2022