1447 йил 28 шаъбон | 2026 йил 16 февраль, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Муслималар саҳифаси

Вафотлари

21:00 / 02.06.2019 3429 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳафса онамиз розияллоҳу анҳо ҳижрий қирқ бешинчи сананинг Шаъбон ойида вафот этдилар. Ўша пайтда у кишининг ёшлари олтмишда эди.

Имом Абу Довуд ва Термизий Икрима розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Ибн Аббосга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаларидан бири ҳақида «Фалончи ўлибди», деб айтилди. Бас, у саждага йиқилди. Сўнгра унга:

«Ушбу соатда ҳам сажда қиласанми?» дейилди.

Бас, у: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Қачон бир оят кўрсангиз, сажда қилинглар», деганлар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаларининг кетишларидан ҳам каттароқ оят борми?» деди.

Бошқа ривоятлардан аниқланишича, бу ҳодиса Ҳафса онамиз вафот этганларида бўлиб ўтган. Улуғ саҳобий Абдуллоҳ ибн Аббос Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаларидан бирининг вафоти ҳақидаги хабарни эшитишлари билан худди улкан фожиа содир бўлгандек, Аллоҳга ёлвориб, тазарру қилиб, саждага йиқилганлар. Бунга гувоҳ бўлиб турганлар ажабланиб, «Бир одамнинг ўлимига шунчалик қиласанми?» деган маънода савол беришган.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу бўлса, бу ишни ўзларича эмас, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларига биноан қилганларини айтганлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам «Борлиқда воқеъ бўладиган ой ёки қуёш тутилиши, зилзила, бўрон, сел каби хавфли, даҳшатли оятларни кўрган чоғингизда саждага йиғилинглар», деб амр қилган эканлар.

Ибн Аббосдек улуғ олим саҳобийнинг фикрларича, сарвари олам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ёстиқдош бўлган, мўминларга она бўлиш шарафига муяссар бўлган буюк зотлардан бирларининг вафот этиши дунёда воқеъ бўладиган ҳар қандай даҳшатли ҳодисадан ҳам кучли бир ҳодисадир.

Чунки оналаримиз муборак инсонлар эдилар. Уларнинг вужудлари кўплаб хайр-баракага сабаб бўлиб турар эди. Улардан бирларининг бу дунёдан ўтишлари ҳақиқатда мўмин-мусулмонлар учун катта йўқотиш ва улкан мусибатдир. Шунинг учун бундай ўлим хабарини эшитганда албатта сажда қилиш керак.

Ҳафса онамиз розияллоҳу анҳонинг жанозаларини ўша вақтдаги Мадинанинг амири Марвон ибн Ҳакам ўқиганлар. Ҳафса онамиз розияллоҳу анҳонинг тобутларини Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу кўтаришиб борганлар. У кишининг Бақийъдаги қабрларига укалари Абдуллоҳ ва бошқа маҳрамлари тушганлар.

Аллоҳ таоло Ҳафса онамиз розияллоҳу анҳодан рози бўлсин!

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Aллоҳ таолога ҳамду саноларимиз бўлсинки, бизни Ислом неъмати билан ризқлантирди, аёлларнинг жамиятдаги ўрнини кўтариб, жаннатни унинг оёқлари остида қилиб давоми...

2966 09:00 / 15.06.2023
Бугун баъзи аёллар уйларидаги оила сирларини кўчага олиб чиқяптилар. Номаҳрам эркаклар билан ижтимоий тармоқларда ёзишиб, эри, оиласи ҳақида шикоят давоми...

3840 14:00 / 24.05.2022
Ҳафса онамиз розияллоҳу анҳонинг Ислом оламида тутган ўринлари у кишининг оталари Умар розияллоҳу анҳунинг халифалик вақтларида катта аҳамият касб этди. Умар давоми...

3787 19:50 / 07.04.2019
Қуйида фақат аёлларга хос бўлган йигирма бир масала зикр қилинади1 аёллар эҳром ҳолатида бошларини ёпадилар, лекин юзларини очиқ қолдирадилар.2 тикилган кийим давоми...

6825 11:00 / 07.08.2023