1447 йил 21 шаъбон | 2026 йил 09 февраль, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Силаи раҳм

50-боб. Ёш болаларни ўпиш

09:10 / 10.07.2019 4214 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

90. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Бир аъробий Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:

«Сизлар ёш болаларингизни ўпасизларми? Биз ўпмаймиз», деди.

Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳ қалбингдан раҳматни суғуриб олган бўлса, мен нима ҳам қила олар эдим», дедилар».

Шарҳ: Демак, жажжи болаларни ўпиш кишининг қалбида раҳмат борлигининг аломати экан. Аксинча, ёш болаларни ўпмаслик қалбда раҳматнинг йўқлиги аломати экан.

Бола боқиш иши машаққатли экани ҳамда бола доимо меҳрга ва раҳм-шафқатга муҳтож бўлгани учун ҳам Исломда болага раҳмли бўлиш катта савобли иш даражасига кўтарилган. Ҳар бир ота-она бу улкан ҳақиқатни зинҳор унутмаслиги даркор.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Ёш болаларни ўпиш фазилат экани.

2. Ёш болаларни ўпиш раҳмдиллик белгиси экани.

3. Баъзи одамларнинг қалбидан Аллоҳ таоло раҳматни суғуриб олиши.

4. Болаларни ўпмаслик яхши эмаслиги.

91. Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳасан ибн Алини ўпдилар. Ул зотнинг ҳузурларида Ақраъ ибн Ҳобис Тамиймий ўтирган эди. Шунда Ақраъ:

«Менинг ўнта болам бор. Улардан бирортасини ҳам ўпмаганман», деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга қарадилар. Кейин:

«Ким раҳм қилмаса, унга раҳм қилинмайди», дедилар».

Шарҳ: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган бу гапларнинг маъноси – ким бандага раҳм қилмаса, Аллоҳ таоло унга ҳам раҳм қилмайди, деганидир.

Бандаларга раҳм қилишнинг энг олий намунаси ёш болаларга раҳм қилишдир. Чунки улар раҳм-шафқатга энг муҳтож тоифадирлар.

Шундай бўлганидан кейин, ҳар бир ота-она ўз боласига меҳрибон бўлиши, уларга раҳм-шафқатли бўлиши лозим.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кичик болаларни ўпганлари.

2. Ўша пайтда ўнта боласидан бирортасини ҳам ўпмаган шахс бўлгани.

3. Боласига раҳм кўрсатган ота-оналарга Аллоҳ таоло ҳам раҳм қилиши.

4. Фарзандига раҳмли бўлиш ота-онанинг вазифаси экани.

«Одоблар хазинаси» китобидан

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Мулойимлик нимада бўлса, унга чирой, кўрк бахш этади . . ,. .Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.Бир асов туяда кетаётган эдим, уни ура кетдим. давоми...

2983 09:00 / 27.07.2021
40. Ибн Умардан ривоят қилинади.Сафарда бир аъробий олдимиздан ўтди. Ўша аъробийнинг отаси Умар розияллоҳу анҳунинг дўсти бўлган эди. Аъробий.Фалончининг давоми...

3845 08:30 / 12.01.2019
Саҳл ибн Ҳанзолийядан ривоят қилинади.У бефарзанд эди ва .Исломда эканимда бир болам чала туғилиб яшамаса, бунга савоб умидида сабр қилишим мен учун дунё ва ундаги давоми...

4024 18:01 / 28.03.2020
Баъзи уламолар ахлоқни .ироданинг одати, деб таъриф қилишган. Яъни ирода ўзига бир нарсани одат қилиб олса, ўша нарса ахлоққа айланган бўлади. Мисол учун, кишининг давоми...

2755 14:30 / 18.01.2023
Аудиолар

229225 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

147855 14:35 / 11.08.2021