1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Силаи раҳм

52-боб. Отанинг фарзандига яхшилиги

20:00 / 24.07.2019 3376 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

94. Ибн Умардан ривоят қилинади:

«Аллоҳ уларни оталарига ва болаларига яхшилик қилганлари учунгина аброр (яхшилар) деб номлагандир. Худди ота-онангнинг сенда ҳаққи бўлганидек, болангнинг ҳам сенда ҳаққи бор».

Шарҳ: Аллоҳ таоло Ўзи севган бандаларидан баъзиларини «аброр» деб номлаган. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу мазкур бандаларни Аллоҳ таоло нима сабабдан бу ном ила номлаганининг сабабини баён қилмоқдалар. Аллоҳ таоло мазкур бандаларини ота-оналарига ва болаларига яхшилик қилганлари учун «аброр» – «яхшилар» деб атаган экан.

Демак, ота-онасига яхшилик қилиб, бола-чақасига яхшилик қилмаганлар аброр бўла олмас экан. Шунингдек, бола-чақага яхшилик қилиб, ота-онага яхшилик қилмаганлар ҳам аброр бўла олмайдилар.

Ота-онанинг болада қанчалик ҳаққи бўлса, бола-чақанинг ҳам ота-онада шунчалик ҳаққи бор экан. Афсуски, кўпчилигимиз ушбу ҳақиқатни кераклича тушуна олмаймиз. Фарзандларимизнинг биздаги ҳақларини унутиб қўямиз. Кўпчилигимиз ҳатто фарзандларимизнинг биздаги ҳақлари нимадан иборат эканини ҳам тузукроқ билмаймиз.

Фарзанд ҳақлари.

Исломда фарзандларнинг ҳуқуқлари риоя қилинган бўлиб, булар уларнинг ота-оналари ёки яқин қариндошларига, яшаётган жамиятларига вазифа қилиб юклатилгандир. Бу ҳақларни адо этиш вожиб бўлиб, унга амал қилиш мажбурийдир.

Фарзандларнинг қандай ҳуқуқлари бор? Уламоларимиз бу саволга жавоб тарзида, жумладан, қуйидагиларни зикр қиладилар:

1. Насаб.

Никоҳнинг асл мақсадларидан бири ҳам наслу насабни сақлашдир. Бусиз оила ҳам, жамият ҳам бўлмайди. Ота-онаси никоҳдан ўтган, ҳалол-пок яшагандагина, фарзанднинг насаби аниқ ва пок бўлади.

2. Бўлажак фарзандга муносиб она ва ота танлаш.

Исломда бола ҳали дунёга келмасидан анча олдин, оила қуришга тайёргарлик кўрилаётган пайтдан бошлабоқ у ҳақда ўйлашга, қайғуришга, унга муносиб ота ва она танлашга тарғиб қилинади.

«Талхийс» номли китобда Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Сизлар ўз нутфангизга муносиб жуфти ҳалолни ихтиёр қилинглар. Ўзингизга муносибларга никоҳланинг ва уларга никоҳлаб беринг».

Ибн Можа ва Дора Қутний ривоят қилишган.

Оила қурилар экан, ота-онанинг диндорлигига, ахлоқи ва одобига, инсонийлигига алоҳида эътибор берилади. Сабаби, улардаги хислат, фазилатлар ҳам, ёмон одатлар ҳам болага кўчиши исбот талаб этилмайдиган ҳақиқатдир.

3. Эмизиш.

Туғилган фарзанд аввало эмизишга муҳтож бўлади. Бу эса онасининг вазифасидир. Шаръий узр сабабли она эмиза олмаса, эмизувчи топиш ва уни рози қилиш отанинг иши ҳисобланади.

Аллоҳ таоло Бақара сурасида:

«Ким эмизишни батамом қилишни ирода қилса, оналар фарзандларни тўлиқ икки йил эмизурлар», деган (233-оят).

Гўдакнинг ҳақларидан бири ва оналарнинг энг мўътабар вазифаси фарзандни икки йил эмизишдир. Янги туғилган гўдак жисми ва руҳининг ўсишига онасининг сутидан афзал озуқа йўқ. Боланинг суяги она сути билан шаклланади, шунингдек, унинг бошқа тарафлари, руҳий ривожланишига ҳам она сути зарур озуқа ҳисобланади. Эмизиш муддати тўлиқ икки йил бўлиши керак. Бу Қуръоний ҳақиқатни адашган инсоният бир минг тўрт юз йилдан кейин тушуниб етди. Ҳозирги пайтда илмий текширишлардан сўнг: гўдак бола учун энг яхши озуқа онанинг сутидир ва уни тўлиқ икки йил эмизиш керак, деган гапни айтишмоқда.

Тарихдан маълумки, дунёга довруғ солган аксари буюк алломаларга, фозилу уламоларга болалик пайтида оталари ҳаром касб билан топилган бирор луқма ҳам таом едирмаган, оналари уларни бетаҳорат эмизишмаган.

4. Боланинг ота-онадаги ҳақларидан бири унга муносиб исм танлашларидир.

Ота-онанинг вазифаларидан бири фарзандга маънодор, чиройли исм қўйишдир.

Ҳусайн ибн Ҳасан Марвазий ўзининг «Китобул бирри вас-сила» номли асарида Абул Мўътамирдан келтирган ривоятда:

«Умар ибн Абдулазизнинг ҳузурида масалаларни эслашди. Шунда бир киши:

«Менга етиб келган хабарга қараганда, туғилган болага исм қўймай туриб ўлган бўлса, қиёмат куни отасига «Мени исмсиз тарк қилдинг-ку!» дейди», деди».

Шунинг учун ҳар бир мусулмон ота-она бу муҳим ишга алоҳида эътибор ила ёндашмоғи лозимдир. Фарзанд катта бўлиб, оқ-қорани таниганида ўз исмидан уяладиган бўлмасин. Балки исми унга зийнат бўлиб турсин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Исмларнинг яхшиси бандалик ва ҳамдни билдирувчисидир», деганлар. Шунинг учун Аллоҳ таолога бандалик маъносини англатувчи Абдуллоҳ, Абдурраҳмон, Абдуссаттор ва Аллоҳ таолога ҳамд маъносини англатувчи, Ҳамидуллоҳ каби исмлар яхши исмлар ҳисобланади.

Шунингдек, набийларнинг, саҳобаларнинг ва салафи солиҳларимизнинг исмлари яхши исмлар ҳисобланади.

Қизларга ҳам ўтган аҳли иймон момоларимиз, саҳобия аёлларнинг исмларини ва умуман, эзгулик маъносини англатувчи исмларни қўйиш лозим.

5. Ақийқа ҳам боланинг ота-онадаги ҳақларидандир.

«Ақийқа» луғатда «ёриш» деган маънони англатиб, аслида янги туғилган боланинг сочига айтилади.

Шариат таълимотларига мувофиқ, туғилишнинг еттинчи куни боланинг сочини олиб, ўша соч оғирлигида кумуш садақа қилиш тавсия этилади.

Ана шу соч бошдан ажратиб олингани учун «ақийқа» дейилади.

Ушбу муносабат билан сўйиладиган қўй ҳам «ақийқа» дейилади.

Истеъмолда шу маъно кўп ишлатилгани учун, «ақийқа» деганда фақат янги фарзанд туғилиши муносабати ила сўйиладиган қўй англанадиган бўлиб қолган.

Салмон ибн Омир Зоббий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ғулом ақийқаси биландир. Унинг учун қон оқизинг ва ундаги нопокликни кетказинг», дедилар».

Бешовларидан фақат Муслим ривоят қилмаган.

Ҳадисдаги бу жумла «янги туғилган боланинг ақийқаси ўзи билан», деб тушунилади. Яъни бу ҳар бир янги туғилган болага ақийқа лозим, деганидир.

«Унинг учун қон чиқаринг».

Яъни янги фарзанд туғилгани шарафига жонлиқ сўйинг. Ушбу муносабат билан қон чиқариш қандай бўлишини келаси ҳадиси шарифлар баён қилади.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳумога биттадан қўчқор сўйиб, ақийқа қилдилар».

«Сунан» эгалари ривоят қилишган.

6. Янги туғилган боланинг қулоғига азон ва такбир айтиш.

Рофеъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Фотима розияллоҳу анҳонинг туққан боласи Ҳасан ибн Алининг қулоғига азон айтаётганларини кўрдим».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Ушбу ҳадиси шарифга биноан, янги туғилган фарзанднинг ўнг қулоғига азон, чап қулоғига иқома айтиш мандубдир. Янги туғилган боланинг қулоғига кирган биринчи нарса Аллоҳнинг зикри бўлиши қандай ҳам яхши. Албатта, бу улуғ нарсанинг ўзига яраша баракаси бўлади.

Ривоятлардан бирида:

«Кимнинг боласи туғилса-ю, унинг ўнг қулоғига азон, чап қулоғига иқома айтса, унга Умму Сибён зарар етказа олмас», дейилган.

Умму Сибён болаларга зиён етказадиган жин тоифасидир.

7. Янги туғилган боланинг танглайини кўтариш.

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Менинг ўғлим туғилганида уни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб бордим. Ул зот унга Иброҳим деб исм қўйдилар, хурмо билан танглайини кўтардилар ва унга барака тилаб дуо қилиб, менга тутқаздилар. У болаларимнинг каттаси эди».

Икки шайх ривоят қилишган.

Кўпчилик саҳобалар ўзларининг янги туғилган фарзандларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб боришар эди. Ул зот алайҳиссалом ёш болаларни кўрсалар, ниҳоятда хурсанд бўлиб кетардилар. Янги туғилганларга Абу Мусо розияллоҳу анҳунинг ўғлига қилган муносабатни қилар эдилар.

Ана шу ишга тақлид қилиб, янги туғилган фарзандни солиҳ кишилар ҳузурига олиб бориш мусулмонлар ичида доимий одатга айланган.

«Ул зот унга Иброҳим деб исм қўйдилар...»

Демак, янги туғилган фарзандларга аҳли фазл, олим ва муқтадо кишилар томонидан исм танланиши ҳам яхши иш. Чунки ундай кишилар бунга ўхшаш ишларга боғлиқ масалаларни, шаръий ҳукмларни яхши биладилар ва тўғри тасарруф қиладилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Абу Мусо розияллоҳу анҳунинг ўғилларига Иброҳим деб исм қўйганлари ҳам бунга бир мисолдир.

«...хурмо билан танглайини кўтардилар...»

Ёш боланинг танглайини кўтариш катта одам бир нарсани олдин ўзи чайнаб туриб, кейин боланинг оғзига қўли билан солиб қўйишидир. Бу нарса мева бўлгани афзал. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам болаларнинг танглайини деярли ҳар доим хурмо билан кўтарганлар. Бу ҳам яхши ният аломатидир. Бу ишни аҳли солиҳ, фазилатли кишилар қилиши марғубдир.

«...ва унга барака тилаб дуо қилиб, менга тутқаздилар».

Бу иш энг марғуб ишдир. Аҳли солиҳ, дуогўй кишиларнинг янги туғилган болалар учун дуо қилишлари, айниқса барака тилаб дуо қилишлари жуда яхши ишдир. Барча ота-оналар бунга катта эътибор беришлари керак.

8. Ҳомийлик.

Бола етти ёшга киргунича бировнинг ҳимоясига муҳтож. Яъни овқатланиш, кийиниш, ювиниш ва бошқа ҳолатларда доимо катталарнинг ёрдамига муҳтож. Бу ишларни унинг ота-онаси, улар бўлмаса, яқин қариндошлари амалга оширишлари вожибдир.

9. Валийлик.

Етти ёшдан балоғат ёшига етгунча болалар валийга, ўзидан катта раҳбарга муҳтождирлар. Бу ҳам ота-онага, улар бўлмаса, яқин қариндошларига юклатилади.

10. Нафақа.

Болаларнинг нафақаси, яъни уларни озиқ-овқат, кийим-кечак, турар жой билан таъминлаш отанинг бурчидир. Бу нарсалар ҳалол-пок бўлиши шарт.

Фақир ёш боланинг нафақаси отасига вожиб бўлади.

Бу ҳукмнинг далили Бақара сурасидаги қуйидаги ояти каримадир:

«У(она)ларни яхшилаб едириб, кийинтириш отанинг зиммасидадир» (233-оят).

Боланинг сабабидан онага нафақа бериш вожиб бўлганидан кейин боланинг ўзига нафақа бериш вожиб бўлишига ҳеч шубҳа қолмайди.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Ҳинд бинт Утба ибн Рабиъа келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули, Абу Суфён мумсик одам. Қарамоғимиздагиларга унинг нарсасидан едиришимда менга танглик борми?» деди.

Шунда у зот: «Уларни маъруф ила едиришингда сенга танглик йўқ», дедилар».

Икки шайх ривоят қилишган.

Унга бу ишда худди ота-онаси ва хотинининг нафақасидаги каби бирор киши шерик бўлмайди. Яъни боланинг нафақаси фақат отага, ота-онанинг нафақаси фақат ўғилга ва хотиннинг нафақаси фақат эрга вожиб бўлади. Унга бу нафақада ҳеч ким шерик бўлмайди.

11. Болага меҳрибонлик кўрсатиш ҳам ота-онанинг вазифасидир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳузурларида Ақраъ ибн Ҳобис Тамиймий ўтирганида Ҳасан ибн Алини ўпдилар. Шунда у:

«Менинг ўнта болам бор. Улардан бирортасини ўпганим йўқ», деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга қараб турдилар ва:

«Раҳм қилмаганга раҳм қилинмас», дедилар».

Бухорий, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўта болажон зот эдилар. У киши болалар ичида набиралари имом Ҳасан ва имом Ҳусайнларни жуда яхши кўрар ва уларга меҳрибонлик кўрсатар эдилар. Ушбу ривоятда у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг имом Ҳасан розияллоҳу анҳуга кўрсатган меҳрлари, саҳобалардан бирларининг бунга бўлган муносабатлари ва бу муносабатнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан баҳоланиши ҳақида сўз кетмоқда.

Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени олиб, сонларига ўтирғизар эдилар. Ҳасанни эса бошқа сонларига ўтирғизар эдилар. Сўнгра сонларини бир-бирига қўшиб туриб:

«Аллоҳим! Иккисига раҳм қилгин, мен уларга раҳм қиламан», дер эдилар».

Бухорий ривоят қилган.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Бир аъробий Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келди ва:

«Сизлар болаларни ўпасизларми? Биз уларни ўпмаймиз», деди.

Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳ қалбингдан раҳматни суғуриб олган бўлса, мен нима ҳам қила олардим», дедилар».

Икки шайх ривоят қилишган.

Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг қизларга алоҳида ҳурмат ва меҳр билан муносабатда бўлиш кераклиги ҳақида ҳам кўрсатмалари бор. Сабаби, қизлар меҳрга муҳтож, ўзлари ожиза бўлишади. Шу боис, уларнинг тарбиясида кўпроқ эътибор ва меҳр, эҳтиёткорлик зарур бўлади.

12. Фарзандлари орасида адолат қилиш ҳам ота-онанинг вазифасидир.

Нуъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Отаси уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кўтариб бориб:

«Эй Аллоҳнинг Расули! Сизни гувоҳ қилиб айтаманки, мен Нуъмонга буни, буни бердим», деди.

«Ҳамма болаларингга бердингми?» дедилар.

«Йўқ», деди.

«Мендан бошқани гувоҳ қил! – дедилар ва сўнгра: – Уларнинг барчаси сенга бирдек яхшилик қилиши сени хурсанд қиладими?!» дедилар.

«Ҳа», деди.

«Ундай бўлса, йўқ!» дедилар».

Бошқа бир ривоятда:

«Аллоҳга тақво қилинглар ва фарзандларингиз орасида адолатли бўлинглар», дейилган.

Бешовлари ривоят қилишган.

Ушбу ҳадисга биноан, мусулмон инсон молиявий масалаларда фарзандларининг барчасини баробар кўриши керак бўлади. Агар тенг имкониятли фарзандларнинг бирига мол бериб, бошқасига бермаса ёки бирига оз, иккинчисига кўп берса, адолатсизлик бўлади, фарзандлари орасида ҳиқду ҳасад, фитна кучаяди.

Агар шаръий узр бўлса, ота-она ўз фарзандларидан бирига кўпроқ, бошқасига озроқ мол берса бўлади. Мисол учун, бири бемор, иккинчиси соғ, бири камбағал, иккинчиси бой, бирининг болалари кўп, иккинчисиники оз ва ҳоказо.

13. Балоғатга етгандан сўнг уйлантириб, оилали қилиб қўйиш ва бошқалар.

Кўриниб турибдики, оилада фарзандларнинг алоҳида ҳуқуқлари бўлиб, уларга амал қилиш шарт қилиб қўйилмоқда.

Шу ўринда оила раҳбари зиммасига катта масъулият юклатилишини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчимиз. Маълумки, фарзандларининг, аҳли-аёлининг ахлоқи, хулқ-атвори, юриш-туриши учун оила бошлиғи масъулдир.

14. Тарбия ҳам фарзандлик ҳақларидандир.

Аллоҳ таоло Таҳрим сурасида:

«Эй иймон келтирганлар, ўзингизни ва аҳли аёлингизни ёқилғиси одамлар ва тошлардан бўлган ўтдан қўрқитинг. Унинг тепасида қўпол, дарғазаб фаришталар бўлиб, улар Аллоҳнинг амрига исён қилмайдилар ва нима буюрилса, шуни бажарадилар», деган (6-оят).

Аҳли-аёлини, фарзандларини диндор қилиб тарбиялаш оила бошлиғининг Аллоҳ таолонинг олдидаги бурчи эканига юқоридаги ояти карима ёрқин далилдир. Одамлар орасида «Ўзингни бил, ўзгани қўй», деган номаъқул гап юради. Лекин шариат бўйича, эр хотин учун, ота болалар учун масъулдир. Қиёматда Аллоҳ таолонинг ҳузурида жавоб беради.

Ушбу оят маъносидаги ҳадиси шарифлар ҳам бор.

Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ёш болани етти ёшида намоз ўқишга буюринг, ўн ёшга етганида ҳам ўқимаса, уринг», деганлар.

Ҳазрати Умар юқорида зикр қилинган ояти карима нозил бўлгандан сўнг:

«Эй Аллоҳнинг Расули! Ўз нафсимизни-ку сақлаймиз, аҳлимизни қандай сақлаймиз?» деб сўраган эканлар. Шунда Набий алайҳиссалом:

«Аллоҳ сизларни нимадан қайтарган бўлса, уларни ҳам қайтарасизлар. Аллоҳ сизларни нимага буюрса, уларни ҳам буюрасизлар», деб жавоб берган эканлар.

Ҳазрати Али: «Ўзингизга ва аҳлингизга яхшиликни ўргатинглар ва уларни одобли қилинглар», деб айтганлар.

Демак, ҳар биримиз ўғил-қизимизни, оила аъзоларимизнинг барчаларини динга даъват қилишимиз, диний аҳкомларни доимо бажаришларини қатъият билан талаб қилиб, иймон-эътиқоди, одоб-ахлоқи ва бошқа жиҳатлари тарбиясига аҳамият бериб туришимиз керак.

Ушбу ривоятдан олинадиган фойдалар:

1. Аллоҳ таоло ота-онага ва фарзандга бирдек яхшилик қилган бандаларини «аброрлар» деб атагани.

2. Мўмин бандада ота-онасининг ҳаққи бўлганидек, фарзандининг ҳам ҳаққи борлиги.

«Одоблар хазинаси» китобидан

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осдан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.Аллоҳ таолонинг наздида дўстларнинг энг яхшиси дўстларига энг кўп яхшилик давоми...

1628 15:30 / 12.10.2019
. ,. Саъид ибн Жубайрдан ривоят қилинади .У зот азза ва жалланинг .Аллоҳ ичингиздаги нарсани билувчи. Агар солиҳ бўлсангиз,, ndash деган қавли давоми...

1256 14:25 / 09 сентябрь
Аллоҳ таоло биз бандаларни отаоналаримизга яхшилик қилишга буюрган. У Зот Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган .Роббинг фақат Унинг давоми...

3851 17:04 / 16.06.2022
. Абу Қазъа бир одамдан ривоят қилади .Йўлда бир ерга тушдик ва кечаси эшакнинг ҳанграшини эшитдик. Бу ҳақда сўраган эдик, бизга .Бу бизнинг давоми...

1582 14:08 / 30 ноябрь