1447 йил 22 жумадис сони | 2025 йил 13 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Фил йили. Каъбани бузишга уриниш

16:00 / 09.07.2019 6503 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳабашистон Яманни босиб олгач, Ҳабашистон подшоҳи Яманга Абраҳани ҳоким этиб тайинлади. Абраҳа барча ҳабашистонликлар қатори насроний динида эди. У Яман пойтахти Санъо шаҳрида жуда дабдабали, серҳашам черков қурдириб, унга «Қуллайс» деб ном берди. Арабларни Каъбадан буриб, черковида ҳаж қилдирмоқчи бўлди. Барча уринишлари пучга чиққанидан сўнг, куч ишлатиш йўли билан ниятига эришмоқчи бўлди.

Абраҳа Каъбани бузиб ташлаб, ҳаммани ўз черковига буришни мақсад қилди. Шу мақсадда катта лашкар тўплади. Урушга керак бўладиган барча нарсаларни олди. Арабларнинг қалбига даҳшат солиш учун филларни ҳам олиб, Маккага қараб юриш қилди. Йўлда ҳеч қандай қаршиликка учрамай, Тоиф шаҳри тарафдан Маккага яқинлашиб, аскарлари билан Маккадан 4-5 км узоқликдаги Муғаммас деган жойга келиб тушди.

Сўнг Маккага одам юбориб, у ернинг улуғини олиб келишга буюрди. У бориб, Бану Ҳошим уруғи раҳбари Абдулмутталибни етаклаб келди. Абдулмутталиб гавдали, хушбичим, серсавлат ва виқорли одам эди.

Абраҳа уни кўрганда қойил қолди, тахтидан тушиб, пешвоз чиқди. У билан бирга гилам устида ўтирди ва таржимонга: «Ундан сўра, менда нима ҳожати бор экан?» деди.

«Аскарларинг менинг икки юзта туямни ҳайдаб кетишибди, шуларни қайтариб берсанг», деди Абдулмутталиб.

Абраҳа таржимонга: «Унга айт! Келганингда сени кўриб, қойил қолган эдим. Сўзингни эшитиб, ҳафсалам пир бўлди. Сенинг ва ота-боболарингнинг дини бўлган Каъбани бузгани келиб турибман-у, сен уни сўрамай, туяларингни сўраяпсан», деди.

«Мен туянинг эгасиман, Каъбанинг ўз эгаси бор, уни ҳимоя қилиб олади», деди Абдулмутталиб.

«Мендан ҳимоя қилолмайди», деди Абраҳа.

Бунга жавобан «Билганингни қилавер», деди Абдулмутталиб.

Унга туяларини қайтариб беришди. Абдулмутталиб Маккага қайтиб, одамларни тоққа чиқиб кетишга буюрди. Ўзи бир неча киши билан Каъбага борди ва ҳалқасини ушлаб туриб, ёлвориб дуо қилди. Сўнг улар ҳам тоққа чиқиб кетишди.

Абраҳа аскару филларини тўплаб, Каъбани бузишга юрмоқчи бўлди. Лекин Мино билан Муздалифа ўртасидаги Муҳассир[1] водийсида катта фил ётиб олиб, ҳеч ўрнидан турмади. Бошқа тарафга буришса, тезлаб юрар, лекин Макка тарафга буришса, яна ётиб оларди.

Шу пайт Аллоҳнинг иродаси билан Қизил денгиз тарафидан тўп-тўп, қалдирғочсимон ва чуғурчуқсимон қушлар учиб келиб, душманлар устига нўхатдай, мошдай, ясмиқдай сопол тошчаларни ёғдира бошлади. Қўшиндагилар бир-бирини босиб-янчиб қоча бошлашди. Тошлар кимга тегса, жойида ўлаверди. Лашкарнинг асосий қисми қирилиб кетди. Тошчалар уларни худди қурт-қумурсқалар чайнаб ташлаган сомон каби илма-тешик қилиб юборди. Абраҳанинг жасади узилиб-узилиб туша бошлади. Уни кўтариб, Санъогача олиб боришди ва ўша ерда унинг ҳам жони узилди. Таъкидлаш лозимки, тошлар уларнинг ҳаммасига ҳам тегмаган. Саломат қолганлари юртларига қайтиб кетишган. Баъзиларининг кўзлари кўр бўлиб, Маккада тиланчилик қилиб юришгани ривоят қилинади.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг Умму Ҳониъ розияллоҳу анҳоникида ушбу тошчаларнинг бир қафиз (33 литр) сиғимли идишга солиб қўйилганини кўрганлари ривоят қилинган. Тошчалар ақиқнинг йўл-йўл, тарам-тарам бир тури каби қизғиш бўлгани айтилади.

Ушбу оламшумул воқеа милодий 571 йилнинг февраль ойи охири – март ойи бошларида, яъни қиш фасли тугаб, баҳорнинг бошланишида бўлиб ўтган.

Бу вақтда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳали туғилмаган, оналари у зотга ҳомиладор эдилар.

Ушбу Фил ҳодисаси араблар наздида жуда катта аҳамиятга молик бўлди. Улар тарихни ана шу йилдан бошлаб белгилай бошлашди. Мана шу йили Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дунёга келдилар.

Шу ўринда эслаб ўтиш лозимки, Байтул мақдис тарихида ҳам икки марта босқинчилик юз берган. Бану Исроилнинг қибласи бўлган бу муқаддас уйга бутпараст мушриклар икки марта (мил. авв. 587 йил золим подшоҳ Бухтанассор II қўшини ва милодий 70 йили эса румликлар) босқин уюштириб, иккисида ҳам Байтул мақдисни ишғол қилишган. Ҳолбуки, бу Байт аҳолиси ўша пайтда аҳли китоб эдилар.

Ҳабаш насронийлари Каъбани истило қила олишмади. Ҳолбуки, улар аҳли китоб, Каъбанинг аҳолиси эса мушрик эди. Кейинчалик, Макка аҳлидан Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга пайғамбарлик келганида бу ишнинг сири очилди!

Арабларнинг иқтисодлари

Арабларга кўра, энг катта бойлик манбаларидан бири тижорат эди. Жоҳилият даврида араблар тижорат борасида жуда катта шуҳрат қозонишган эди. Қурайш қабиласига кўра, тижорат ҳаётнинг қон томири ҳисобланарди. Қуръони Каримнинг Қурайш сурасида ҳам бу нарса айтиб ўтилган. Улар қишда Яманга, ёзда эса Шом ўлкасига сафар қилишар эди.

“Ислом тарихи” биринчи китоб




Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Салжуқийлар давлатининг буюк султони АлпАрслон бўлиб, унинг тўлиқ исми Муҳаммад ибн Довуддир. У зотнинг унвон ёки фахрий тахаллуслари Зиёуддин, Азуддавла, Тожул давоми...

2485 09:00 / 25.02.2023
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Рум ерларини фатҳ қилишни ирода этдилар. Ҳамма тайёргарликлар кўрилиб бўлгач, Рум фатҳига биринкетин лашкар жўната давоми...

2398 14:48 / 22.02.2024
Ибн Саъд Солим ибн Абдуллоҳдан ривоят қилади .Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу вафот қилган куни Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу билан бирга эдик. Мен .Бугун давоми...

2397 14:58 / 08.06.2024
Абдуллоҳ ибн Абду Наҳм Музаний исломга киришни ниҳоятда истар эди. Аммо унинг қавми унга босим ўтказиб исломга киришдан ман қилишди. Унинг бу йўлда қаттиқ давоми...

2954 14:00 / 18.06.2022
Аудиолар

213178 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

132397 14:35 / 11.08.2021