1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Муслималар саҳифаси

Рафиқангнинг битикларини титкилама!

17:10 / 03.05.2019 8473 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аёли баъзи юмушлари учун уйдан чиқиб кетди. Ётоқхонада ёлғиз қолиб зериккан эрнинг кўнгли нимагадир безовта бўла бошлади: «Каравот ёнида ётган дафтарни варақлаб кўрсам-чи?..»

Дафтарни варақлар экан, унинг орасидан хотинининг баъзан кулиб, баъзан мазҳун ҳолатда тушган суратларини топди. Саҳифаларга битилган баъзи нарсаларни тушунди, баъзиларидан ҳайрон бўлди: чиройли, маънодор шеърлар, ғазаллар ва… висолга муштоқликни, қалб туғёнларини ифода этувчи мактублар!

«Воажаб! Бу нима? Наҳотки, бу билан у мени назарда тутган бўлса?! Ёки қалбида бошқа эркак бормикин? Мендан олдин бошқа бир одам билан бўлган-у, буни мендан яширганмикин? У билан ораларида ишқ-муҳаббат қиссаси бўлганмикин? Демак, ўзи мен билан-у, хаёли бошқа одамда экан-да!»

Ўрнидан туриб, тортмаларни бирма-бир очиб, қўлига тушган ҳар бир қоғоз парчасидаги ёзувларни ютоқиб ўқий бошлади. У муҳаббат туйғулари битилган ёзувларни, дафн қилинган сирларни, бебаҳо хазинани қидиряптими ёки ушбу муқаддас алоқани портлатадиган динамит бўлагини қидиряптими, буни ўзи ҳам билмайди.

Ва ниҳоят, чиройли васфга эга бўлган, пишиқ сценарий асосида тайёрланган қиссани топди. Агар ана шу қисса нашр қилинганида, ёзувчи ва адибларнинг қалам тебратишларига туртки, ёритишлари ва таҳлил қилишлари учун зўр мавзу бўлиши аниқ эди. У узоқ туриб қолди: «Демак, мендан кўнгли тўлмаётган экан-да!» деган хаёл фикру зикрини чулғаб олди.

Хўш, ростдан ҳам кўнгли тўлмаётган бўлиши мумкинми? Энди ўзингизга савол бериб кўринг: «Мен унинг учун нималар қилдим? Кўнглини кўтариш, хурсанд қилиш учун бирор марта гул ҳадя қилдимми? Дам олиш ёки даволаш масканларига олиб бориб, соғлиғини текширтирдимми? Ўзим оғайниларим билан бирга ҳали ресторанда, ҳали кафеда гап-гаштакда юраман, энг олди, энг мазали таомларни еб, дам оламан. У-чи? Болалари билан ўралашиб, уйдан кўчага чиқмайди. Ўзим ўтирган кафе-ресторанга бирор марта уни ҳам олиб бордимми?..»

Бу саволларни яна кўп давом эттириш мумкин.

«Мана, у маҳзунлик ҳақида сўзлаяпти. Мана, кўз ёшлари саҳифаларни ҳўллаяпти. Истакларини, қалбдаги туйғуларини минг бир алам, минг бир истиҳола билан қоғозга туширяпти… Наҳотки?! Демак, барча уринишларим беҳуда кетибди-да. Унинг учун қилган қурбонликларимни қадрлаш у ёқда турсин, ҳатто билмаган ҳам экан-да!»

Аслида эса бу битиклар аёлнинг ушбу бадгумон эрига айтишга ботина олмай юрган кўнгил сирлари, дил изҳорлари эди...

Ўша қурбонликлар нима? Нима учун ана шу қурбонликларни ўзига билдирмасдан қилгансиз? Унинг севгисини қозониш учун қилган ҳаракатларингизни нима учун ўзига билдириб, айтиб қилмагансиз? Ахир у фаришта эмаски, ҳар бир ҳаракатингизни, унинг учун жон фидо этаётганингизни билиб турса! Ора-орада бўлса ҳам уни севишингизни, унинг учун ҳамма нарсага тайёр эканингизни билдириб, изҳор этиб қўйишдан сизни нима тўсади? Зеро, аёл киши яхши сўз гадосидир. У бунга лойиқдир! 

Баъзи эркаклар турмушнинг ҳар бир соҳасида, аёлининг кундалик ишларида, фикрлашида, ҳатто юрагидаги ҳис-туйғуларини бошқаришида ҳам унинг устидан ҳукмронлик қилиш эрнинг вазифаси деб билишади. Ўзларини ҳар соҳада аёл устидан масъул деб ҳисоблашади. Улар эр-хотинлик алоқаси деганда фақат битта нарсани тушунадилар: эр раҳбар бўлиши, мутасадди бўлиши керак.

Тўғри, мутасаддилик, раҳбарлик Қуръони карим эр учун қарор қилган ҳақдир:

«Аллоҳ баъзиларини баъзиларидан устун қилгани ва молларидан сарфлаганлари учун эркаклар аёлларга мутасаддидирлар» (Нисо сураси, 34-оят).

Лекин ояти каримада тилга олинган мутасаддилик мутлақ масъулиятни англатмайди. Аллоҳ таолонинг Ўзи баъзи буюк ишларда масъулиятни тўғридан-тўғри аёл кишига юклаган. У Зот шаръий амалларда ва диндорлик масъулиятида аёл ва эркакни ажратмаган. Чунки эркак ҳам, аёл ҳам Аллоҳнинг бандалари, уларнинг асллари бир. Эркаксиз аёл бўлмайди, аёлсиз эркак бўлмайди:

«Мен сизлардан эркагу аёл амал қилувчининг амалини зое қилмасман. Сизлар бир­бировингиздансиз» (Оли Имрон сураси, 195-оят).

«Албатта, муслимлар ва муслималар, мўминлар ва мўминалар, давомли итоаткор эркаклар ва давомли итоаткор аёллар, садоқатли эркаклар ва садоқатли аёллар, сабрли эркаклар ва сабрли аёллар, хушуъли эркаклар ва хушуъли аёллар, садақа қилувчи эркаклар ва садақа қилувчи аёллар, рўза тутувчи эркаклар ва рўза тутувчи аёллар, фаржларини сақловчи эркаклар ва (фаржларини) сақловчи аёллар, Аллоҳни кўп зикр қилувчи эркаклар ва (Аллоҳни кўп) зикр қилувчи аёллар – ўшаларга Аллоҳ мағфиратни ва буюк ажрни тайёрлаб қўйгандир» (Аҳзоб сураси, 35-оят).

Аёл ўзининг намозида, рўзасида, жунублик ва ҳайз сабабли ғусл қилишида ва ҳоказо, бошқа ўзига хос ишларида ўзи масъулдир. Моддий тасарруфда мустақилдир. У ўзининг мол-мулкига эрининг изнисиз ўзи эгалик қилиш, уни сотиш, сотиб олиш ва садақа қилиш ҳаққига эгадир. Ҳаттоки Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларнинг ўзига хос қилиб: «Тақинчоқларингиздан бўлса ҳам садақа қилинглар», деганлар.

Исломда аёлга барча ишларда кенг кўламда иштирок этиш, ўз фикрини айтиш ва савол сўраш ҳуқуқи берилган. Хавла бинти Саълаба розияллоҳу анҳо Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан эрлари хусусида тортишган. Аллоҳга шикоят қилган. Ўзининг шижоати, ҳаққини талаб қилишдаги ўзига бўлган ишончи билан бутун бошли суранинг нузулига сабабчи бўлган. Қуръони каримдан ўзи фатво олган. Эрининг қилган гуноҳи учун каффоротни ўзи берган. Шунинг учун ҳам эрининг иштироки қиссада унча зикр ҳам қилинмаган.

Оилада тенглик бўлиши лозимлигини биз Қуръон тили бўлмиш араб тилидаги биргина сўздан англаб олсак бўлади. Араб тилида эр ҳам, аёл ҳам «завж», яъни «жуфт» дейилади. Иккиси бир-бирига жуфтдир. Бу услуб «завж» сўзини аёлга хослаганда аёллик қўшимчасини қўшиб, «завжатун» деб айтишдан кўра кучлироқдир.

Шундай экан, нималардир ёзилган қоғозларни қидиришга, ёмон гумон қилишга сизни нима мажбур қилади?

Ахир ҳар қандай одамнинг сири бўлиши мумкин-ку!

Эр-хотинлик алоқалари бирор томоннинг мутлақ устунлиги асосида барпо этилмайди. Зеро, ҳар бир томоннинг бурчи, вазифалари билан бирга ҳақлари ҳам бордир. «Мурувват қил, сенга ҳам мурувват қилинади», «Жосуслик қилманглар, ковлаштирманглар», «Ким биродарининг авратини (сирини) пойласа, Аллоҳ унинг сирини пойлайди. Аллоҳ кимнинг авратини пойласа, уни ўз ҳовлисининг кўшкида бўлса ҳам шарманда қилади» (ҳадислардан).

Шу бугундан бошлаб ўғрилик, жосуслик қилишдан, қоғоз титишдан тўхтанг, ҳурматли эркаклар! Турмуш ўртоғингизга ишонч, эҳтиром ва яхши гумон асосида муомала қилинг. Ошкор бўлганини олинг-у, сир сирлигича қолсин. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг эр-хотиннинг ҳаётини фитналардан сақловчи насиҳатлари сизга умрингизнинг охиригача қўлланма бўлиб қолсин: «Сен агар одамларнинг авратини (сирини) пойласанг, уларни бузасан ёки бузай дейсан» (Абу Довуд ривояти).

Ота-онасининг бағрида униб-ўсиб, вояга етган қиз ўзга бир оилага келин қилиб узатилар экан, табиийки, онасининг, яқинларининг насиҳатига,  кўрсатма ва маслаҳатларига муҳтож бўлади. Азал-азалдан  мўмина-муслима момоларимиз гўзал насиҳатлар қилиб қизларини янги ҳаётга кузатиб қўйганлари, ҳатто бу насиҳатлар буюк уламоларнинг китобларидан жой олгани ҳеч биримизга сир эмас. Асмо бинт Хорижанинг чимилдиққа кириб кетаётган қизига қилган насиҳати ана шу жумладандир. Азиз қизларжон, қуйида мазкур мақолани эътиборингизга ҳавола этар эканман, «Оила» деб аталмиш қўрғонингизни мустаҳкам қилиб қуришингизда бу насиҳатлар асқотишидан умидворман.

«Қизларжон...» китобидан

Муаллиф
Одинахон Муҳаммад Юсуф
Манба
Muslimaat.uz
Мавзуга оид мақолалар
Турли сабабларга кўра аёллар масаласи Исломга қарши таъна тоши отилишининг асосий нишонларидан бирига айланиб қолган. Ҳатто баъзи мусулмон уламолар .Аёллар давоми...

6742 18:00 / 22.07.2021
Гўзал ва чиройли Ҳожар муборак Миср ерида бундан 4000 йил аввал дунёга келган эдилар. Фақир бир оилада униб ўсдилар. Гўзалликлари, зукко ва одобли эканликлари давоми...

2876 15:00 / 02.12.2020
Аёлларнинг вакиласи Умму Салама онамиз аёлларнинг ўзларига хос ҳассослик билан масалани яна ойдинлаштиришни ирода қилиб.Ундай бўлса, оёқлари очилиб қолади,, давоми...

4367 14:20 / 18.09.2019
Ибн Умар розияллоҳу анҳумонинг бир жорияси бор бўлиб, уни ниҳоятда севарди. Бир куни у отдан йиқилиб тушди. Шунда Ибн Умар розияллоҳу анҳумо тезлаб келиб, меҳр давоми...

5305 14:45 / 21.02.2019