1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Рамазон рўзасининг фарзлиги ҳақида (давоми)

19:40 / 03.05.2019 4211 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло:

«Эй иймон келтирганлар, сиздан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам, рўза фарз қилинди, шоядки, тақво қилсангиз», деган (Бақара сураси, 183–184-оятлар).

Аллоҳ таоло бу ояти каримани:

«Эй иймон келтирганлар!» деган мўминларга маҳбуб нидо билан бошламоқда. Мўминларга муҳим ва машаққатли ишни таклиф қилишдан олдин улар яхши кўрган сифат билан нидо қилинмоқда. Бу сифатни эслатиб қилинган нидо ушбу олий мақомга лойиқ бўлиш учун ҳар қандай машаққатни ҳам бўйнига олишга тайёр турган кишида бўлажак ишга ғайрат билан киришиш руҳини уйғотади.

Аллоҳ таоло ҳам мусулмонларга ўта муҳим ибодат – рўзанинг фарзлигини амр этишдан олдин уларга:

«Эй иймон келтирганлар!» деб нидо қилмоқда.

Оятнинг маъносидан келиб чиқиб, рўза янги ибодат эмас, балки барча дийнларда қадимдан бор эканлигини тушунамиз. Чунки унда:

«Сиздан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди», дейилмоқда.

Динлар тарихини ўрганиб чиққан уламоларнинг таъкидлашларича, барча дийнларда, ҳатто илоҳий бўлмаган динларда ҳам рўза ибодати бор экан. Лекин уни адо этиш турлича бўлган. Баъзи дийнларда маълум овқатлардангина ўзини тийиб юриш рўза деб тушунилади. Мисол учун, насороларда ҳайвондан чиққан озуқа маҳсулотларидан ўзини тийиб юриш рўза дейилади. Улар тутадиган рўзанинг муддати қирқ кун бўлади. Насронийларнинг турли мазҳабларида рўза турличадир.

Исломдаги рўза эса ҳақиқий илоҳий маънони касб этган ибодатдир.

Ояти кариманинг сўнгида Аллоҳ таоло:

«Шоядки, тақво қилсангиз», деб, рўзадан кўзланган асосий мақсадни ҳам баён этиб қўймоқда.

Демак, рўза ҳам тақво йўлларидан бири бўлиб, рўза тутган кишининг қалбида тақво руҳи уйғониши керак. Агар ким рўза тутса-ю, қалбида тақво ҳисси уйғонмаса, у одам ҳақиқий рўза тутмаган бўлади.

Рўза ҳавою нафснинг ноўрин қўзғалишларини йўлга солишга, тўғрилашга, шаҳватни жиловлашга, қорин талабларини ҳам изга солишга хизмат қилади.

Рўза инсоннинг нафс балосидан қутулиб, Аллоҳнинг тоатига холис ажраб чиқишига ёрдам беради.

Кимки иймон ва эътиқод билан рўза тутса, Аллоҳ таоло бу бандани тақво деб номланувчи, икки дунё саодатига элтувчи бахтга муяссар қилади.

Ва яна:

«Рамазон ойики, унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ-ойдин ҳужжатлар бўлиб, Қуръон туширилгандир. Сизлардан ким бу ойда ҳозир бўлса, рўзасини тутсин», деган (Бақара сураси, 185-оят).

Бундан аввалги оятда рўзани «саноқли кунлар»да тутиш фарз қилинганлиги айтилган эди. Бу оят эса ана шу «саноқли кунлар» «Рамазон ойи» эканлигини баён қилмоқда. Айни чоқда Рамазон ойининг фазли ҳам зикр этиляпти.

«Рамазон ойики, унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ-ойдин ҳужжатлар бўлиб, Қуръон туширилгандир».

Рамазон ойи йил ичидаги энг афзал ой ҳисобланади. Унинг фазли ҳақида кўплаб ҳадиси шарифлар бор, улуғ уламоларнинг сўзлари, мадҳлар айтилган, китоблар битилган. Лекин бу ҳақдаги таърифларнинг гултожиси Роббил Оламийннинг Ўз каломида айтган мадҳидир. Бу Рамазони шарифнинг энг улкан фазийлатлари ҳақидаги таърифдир. Яъни:

«Унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ баёнотлар бўлиб, Қуръон туширилгандир».

Аллоҳ таоло Ўзининг абадий мўъжизаси, қиёматгача инсониятга ҳидоят бўладиган Китоби – Қуръони каримни тушириш вақти қилиб, Рамазони шариф ойини ихтиёр қилганининг ўзи бу ойнинг фазийлатини юксакка кўтарганининг далолатидир. Энди эса нур устига нур, фазийлат устига фазийлат қўшиб, рўза ибодатини ҳам мана шу Рамазон ойида фарз қилмоқда.

«Сизлардан ким бу ойда ҳозир бўлса, рўзасини тутсин».

 Ким Рамазон ойига соғ-саломат етса, унинг янги ойининг шоҳиди бўлса ёки Рамазон ойи бошланганининг хабари етса, рўзасини тутсин. Бу фармон умумийдир, лекин одамларда «Янги, умумий фармон тушди, ким бўлишидан қатъи назар, ҳамма рўза тутиши фарз экан», деган фикр пайдо бўлмаслиги учун ушбу ҳукмдан истисно қилинганлар яна бир бор зикр этилмоқда.

Мазкур оятлардан қуйидагилар келиб чиқади:

1. Рамазон ойи рўзасини тутиш ҳар бир иймонли зот учун фарз эканлиги.

Бу фарзни инкор этиб, «Рамазон кунларининг бирор лаҳзасини узрсиз рўза тутмай, ўтказса бўлаверади», деган одам кофир бўлади.

2. Рўза тутиш аввалги динларда ҳам бор эканлиги.

Дарҳақиқат, синчиклаб ўрганиб чиқилса, барча динларда, ҳатто самовий эмас, сохта динларда ҳам рўза тутиш бор. Бинобарин, рўзани инкор қилган киши ҳамма динларни инкор қилган бўлади ва у одамийлик доирасидан чиқади.

3. Рўза тутган киши тақводор бўлади.

4. Рўза саноқли кунлардир.

Бу саноқли кунлар кўп эмас, бир йил ичида 29 ёки 30 кун, холос.

5. Исломда «Рамазон ойи» рўзаси фарз қилинган.

Қачон ана шу ой келса, ўшанда рўза тутиш керак. Бошқа ойнинг рўзасини тутиш билан фарз адо этилган бўлмайди.

6. Қуръони карим ҳам Рамазон ойида туширилгандир.

Бу эса ўз навбатида Рамазон ойи шаънига шаън, шарафига шараф қўшади. Чунки Аллоҳ таоло томонидан рўза тутиш амр қилинишининг ўзи бу ой учун улкан шаъну шараф эди.

Энди Аллоҳ таоло Ўзининг охирги Китоби, қиёмат кунигача боқий қоладиган улкан мўъжизаси, бутун инсониятнинг икки дунё саодатини топиши учун илоҳий дастур бўлмиш Қуръони каримнинг айнан шу ойдан туширилиши бежиз эмас. Бу эса Рамазон ойининг Аллоҳ таоло ҳузурида ғоят шарафли ой эканлигидан далолат беради.

7. Қуръони карим одамлар учун ҳидоят эканлиги.

Маълумки, ҳар бир одам ҳидоят қилувчи – йўл кўрсатувчига муҳтож. Бўлмаса, иши чатоқ. Энг яхши ҳидоят эса Аллоҳнинг ҳидояти – Қуръони каримдир. Аллоҳнинг ҳидоятидан бошқа нарса эса залолатдир.

8. Қуръони карим – Фурқон яхши-ёмон, ҳақ-ботилни ажратувчи илоҳий фарқловчидир.

Қуръон «яхши», деган нарса яхшидир. Қуръон «ёмон», деган нарса ёмондир. Қуръон «ҳақ», деган нарса ҳақдир. Қуръон «ноҳақ», деган нарса ботилдир.

(давоми бор)

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ушбу сурат National Geographic сайтида эълон қилинган бўлиб, унда инсоннинг ёнида турган ҳутни ҳақиқий катталикда кўришимиз мумкин. Бу расмдаги ҳутга, унинг оғзи қанчалик давоми...

2442 09:08 / 06.07.2019
Аллоҳ таоло Ҳижр сурасида марҳамат қилади.Ва жинларни бундан олдин самум оловидан яратдик, 27оят.Жинлардан мурод, уларнинг асли Иблисдир. Одам алайҳиссалом давоми...

3261 13:15 / 29.09.2019
Баъзи ёмон жинларнинг одамларга таъсири бўлиши мумкин, дейишади уламоларимиз. Бунда кўпроқ одамнинг ўзи айбдор бўлади. Жинлар одамлардан ўзларига ишонганларига, давоми...

3701 13:30 / 01.12.2019
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Қиёмат куни мартабаларига пайғамбар ва шаҳидлар ҳам ҳавас қиладиган давоми...

2530 12:08 / 17.11.2018
Аудиолар

135065 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55345 14:35 / 11.08.2021