1446 йил 2 рабиъус сони | 2024 йил 05 октябрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Рамазон рўзасининг фарзлиги ҳақида

15:40 / 03.05.2019 2948 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Биринчи боб

Рўза араб тилида «сиём» деб аталиб, луғатда ўзни бир нарсадан тийишни билдиради.

Шариат истилоҳида эса «тонг отгандан то қуёш ботгунича ният билан рўзани очувчи нарсалардан ўзни тиймоқликдир».

«Рўзани очувчи нарсалар» деганда ейиш, ичиш, жинсий яқинлик қилиш ва рўзани очиб юборадиган бошқа нарсалар тушунилади.

Рамазон ойи рўзасини тутиш иккинчи ҳижрий санада фарз қилинган бўлиб, бу ибодатнинг инсон учун фойдалари жуда ҳам кўп. Жумладан:

1. Рўза тутган кишининг тақводорлиги ошади.

Аллоҳ таоло рўза ҳақидаги оятнинг охирида:

«Шоядки, тақво қилсангиз», деган.

Аллоҳ таолонинг «Шоядки» дегани «албатта, албатта» маъносидадир.

Қадимдан барча уламолар ва ҳукамолар бу ҳақиқатни такрорлаб келганлар. Ўзини билган ҳар бир рўза тутувчи ҳам ушбу ҳақиқатни жуда яхши англайди.

Шу билан бирга, рўза тутишнинг ҳикматларини тарғиб қилувчилар қаторига кейинги пайтларда кишиларни очлик йўли билан даволовчи табиблар ҳам қўшилдилар. Уларнинг таъкидлашларича, ихтиёрий оч қолиш, яъни рўза тутиш ила инсонда Аллоҳдан қўрқиш, У зотни доимо ҳис этиб туриш, хуллас, тақво ҳисси пайдо бўлади ва ортади. Ҳозирги кунимиздаги оч қолдириб даволовчи табибларнинг энг машҳурлари ичида мусулмони йўқ ҳисоб. Лекин улар дунёдан ўтган машҳур кишилар, жумладан, Мусо ва Ийсо алайҳиссаломлар, Будда ва Ганди кабилар ҳам ихтиёрий оч қолиш йўли билан олий руҳий мақомларга эришганларини, ҳозирда ҳам ким тақводорликка эришиш ниятида бўлса, албатта, рўза тутиши зарурлигини таъкидламоқдалар.

Кишиларни очлик билан даволаб, ном чиқараётган кишилардан бирига «Сиз ўз тажрибангизда шу нарсадан топган энг улкан фойда нима?» деб савол берилганда «Аллоҳни ҳис этиш, ибодат қилишга ружу, қисқаси, тақводорлик», деб жавоб берди.

2. Рўзанинг энг зўр ҳикматларидан бири шуки, у туфайли рўзадор ўз соғлиғини тиклаб олади.

Худосизлар рўзани соғлик учун кони зарар, деб эълон қилиб, одамларни мажбурлаб, рўзаларини очдиришга ҳаракат қилган пайтлар ҳам бўлди. Энди эса рўза тутиш айнан соғлик учун ниҳоятда фойдали эканлиги ҳақида ҳамма бир овоздан гапирмоқда. Мутахассислар ихтиёрий оч қолиш ҳақида кўп ва хўп гапирмоқдалар.

Рўза ана шу ихтиёрий оч қолишнинг энг яхши ва самарали намунасидир.

Рўза нафақат соғлиқни сақлаш учун, балки беморликларни даволаш учун ҳам ўта зарур омил эканлиги энди ошкора айтилмоқда. Ҳозирги кунда кенг тарқалган касалликларнинг кўпчилигини мусулмон бўлмаган юртларнинг табиблари очлик, яъни рўза тутдириш йўли билан даволамоқдалар.

Яқинда Россия олимлари рўза тутиш йўли билан даволанган беморлар рўйхатини эълон қилдилар. Натижа кишини ҳайратга соладиган даражада муваффақиятли эди. Ҳатто саратон касалига мубтало бўлганлар ҳам мана шу йўл билан шифо топганлар.

Рўза турли касалликлардан халос этиш билан бирга, киши баданида тўпланиб қолган турли кераксиз моддалар, ёғлар, тузлар ва бошқа нарсаларни ҳам кетказади. Натижада инсоннинг жисми ҳам, руҳи ҳам енгиллашади, зеҳни ўткир, хотираси кучли, иродаси мустаҳкам бўла боради.

Яхшиси, бу соҳадаги махсус адабиётларга мурожаат қилингани маъқул. Улардан тўлиқ маълумотлар олиш мумкин.

3. Рўзанинг фойдаларидан навбатдагиси ҳавои нафсни синдиришдир.

Маълумки, ҳавойи нафснинг айтганини қилавериш инсонни унга қул қилиб қўяди. Бора-бора инсон ҳавои нафси нима деса, шуни қиладиган бўлиб қолади. Ҳавои нафс инсонни ҳеч қачон яхши нарсага буюрмайди. Рўза тутган киши эса иштаҳаси келиб турган ҳолда турли таом, ичимликлар, шаҳвоний ва бошқа нафси тилаб турган нарсалардан ўзини тийиши билан ҳавои нафсининг хоҳишини синдиради. Шу билан рўзадорнинг иродаси кучаяди, ҳавои нафсини жиловлаб олишга эришади.

4. Рўзанинг фойдаларидан яна бири Шайтонга қаҳр кўрсатишдир.

Маълумки, лаънати Шайтон инсон боласини ҳар доим яхшиликдан қайтариб, ёмонликка бошлаб туради. Инсон ёмонликка юрса, Шайтон алайҳилаъна хурсанд бўлади. Яхшиликка юриб, Аллоҳнинг амрини бажо келтирса, у лаъин хафа бўлади, ўзини қаҳрга қолган ҳисоблайди. Рўза эса айнан мана шундай ибодатдир. Рўза ибодатини қилган инсон ёмонликлардан қайтиши ва Аллоҳга тақво қилиши билан Шайтонга қаҳр кўрсатган бўлади.

5. Рўзанинг фойдаларидан яна бири рўзадорнинг қалби мусаффо бўлишидир.

Рўза тутган инсон доимо Аллоҳ таолонинг ўзини кузатиб турганини ҳис қилиб яшайди. Шунинг учун ўзи ёлғиз қолганида ҳам рўзасини очишга журъат этмайди. Доимий равишда Аллоҳни ҳис этиб туриш эса киши қалбини мусаффо қилади. Бундай инсоннинг қалбига Аллоҳ муҳаббатидан бошқа нарса сиғмай қолади. Рўзадор киши ўз-ўзидан ёмонлик қила олмай қолиши ҳам шундан.

Демак, ким қалби мусаффо бўлишини хоҳласа, рўза тутсин.

6. Рўза тутган кишининг гуноҳлари тутган рўзаси сабабли мағфират қилинади.

Бу маълум ва машҳур ҳақиқатдир. Рўза ҳақидаги ҳадиси шарифларни ўрганиш давомида бу ҳақиқатни яна ҳам равшанроқ англаб борамиз, иншааллоҳ.

7. Рўза тутган киши ўз рўзаси туфайли фаришталар сифати ила сифатланади.

Маълумки, емаслик, ичмаслик ва жинсий яқинлик қилмай, доимо тоатда бўлиш фаришталарга хос сифатдир. Рўза тутган инсон ўзининг рўзадорлиги билан айнан ана шу сифатларга соҳиб бўлади.

Демак, ким фаришталар сифатига эга бўлишни истаса, рўза тутсин.

8. Рўзанинг фойдаларидан яна бири рўзадорнинг сабр-бардошли киши сифатига эга бўлишидир.

Бу эса ҳар бир инсон учун жуда ҳам зарур сифатдир. Ўз ихтиёри ила ўттиз кун турли кўнгли хоҳлаган нарсалардан ўзини тийган киши эса керагича сабр-бардошга эга бўлади.

Демак, ким сабр-бардошли бўлишни истаса, рўза тутсин.

9. Рўза рўзадорда раҳм-шафқат сифатини шакллантириб, мустаҳкамлайди.

Рўза тутган киши ўз ихтиёри билан оч қолиб, чанқаб, кўнгли хоҳлайдиган турли нарсалардан вақтинча маҳрум бўлиш билан ўз ихтиёридан ташқари оч қолиб, чанқаб, дунё лаззатларидан бебаҳра бўлиб юрган бева-бечора, камбағалларга нисбатан раҳм-шафқатли бўлиб қолади. Доимо уларга яхшилик қилиб туриш кераклигини тушуниб етади.

Демак, ким ўзида раҳм-шафқат сифатини шакл¬лантириш ва мустаҳкамлашни хоҳласа, рўза тутсин.

Мана шу зикр қилинган нарсалар рўзанинг бу дунёдаги баъзи бир фойдалари, холос.

Рўзанинг охиратдаги фойдалари эса жуда ҳам кўп бўлиб, улардан баъзиларини шу бобни ва ундан кейинги бобларни шарҳлаш давомида ўрганамиз, иншааллоҳ.

(давоми бор)

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Исро ва Меърож бирбиридан фарқланади. .Исро, сўзи луғатда .кечанинг бир қисмида сайр қилиш, юриш,ни англатади. Шариатда эса Аллоҳ таолонинг кечалардан бирида давоми...

2743 15:00 / 28.02.2022
Муҳаммад ибн Абулфараж айтади Рамазон ойида менга таом тайёрлайдиган хизматкор керак бўлиб қолди. Бозорда ранги сўлғин, озғин ва нимжон бир жорияни кўрдим. Унга давоми...

3034 07:00 / 13.12.2018
Фузайл ибн Иёз авваллари йўлтўсарлик қилар эди. Бир куни кечаси яна қароқчилик қилгани чиқиб, бир карвонни таламоқчи бўлди. Ярим тунда бир карвон келди. давоми...

2022 08:00 / 14.12.2020
Муҳаммад ибн Юсуф Фарёбий ҳикоя қиладилар .Бир неча асҳобларим билан Абу Синонни Аллоҳ раҳмат қилсин зиёрат қилгани бордик. У зотнинг ҳузурларига кириб давоми...

6996 15:00 / 07.10.2020
Аудиолар

131057 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

51580 14:35 / 11.08.2021