1447 йил 2 ражаб | 2025 йил 22 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Муслималар саҳифаси

Ғазаб вақтида суҳбатлашмаслик керак

14:50 / 20.05.2024 4579 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хотинлариникида навбати билан тунар эдилар. Ўшанда навбатлари Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг ҳужраларида эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ҳужрада баъзи саҳобалари ҳам бор эди. Улар эр-хотинлик ҳаёти ҳақида буюк бир дарс арафасида эдилар.

Зайнаб бинт Жаҳш розияллоҳу анҳо онамиз таом пиширдилар. Набий алайҳиссалоту вассалом емасларидан у овқатдан ейиш онамизга татимади. Бир товоқда овқатдан олиб ходимлари орқали уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бериб юбордилар. Бу ишдан Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг рашклари келди. Бунақа ҳолатлар кундошлар орасида бўлиб туради. Буни Оиша онамиз ўз ҳақларига тажовуз деб билдилар. Ходимнинг қўлидаги товоқни уриб юбордилар. Идиш ерга тушиб синди. Овқат тўкилди.

Энди ўзингизни у зотнинг ўринларига қўйиб кўринг. Суюкли Набиййимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам танг аҳволда қолдилар. Тасаввур қилинг, меҳмонларингиз олдида хотинингиз бошқа хотинингиз бериб юборган овқатни ерга улоқтирди. Шак йўқки, сиз ўзингизни хорланган ҳис қиласиз. Эркаклигингиз ёдингизга тушади. Меҳмонлар олдида хотинингизни таъзирини берасиз. Бу уйнинг хўжайини ким эканлигини унга кўрсатиб қўясиз.

Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тасарруфларига қаранг ва ўрганинг! У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам тиз чўкиб синган идишларни тердилар, овқатни ҳам териб олдилар. Атрофларидаги саҳобаларга: «Онангиз рашк қилди!», дедилар.

Сўнгра овқат олиб келган ходимни кетиб қолмаслигини тайинладилар. Оиша онамиздан унга синган идишнинг ўрнига бошқа идиш беришларини талаб қилдилар. Ходим идишни олиб Зайнаб онамизнинг хоналарига кетди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам агар ўзларининг босиқликлари, мувозанатни сақлашлари ва заковатлари билан ўчирмасалар хотинлар орасида уруш олови ёниб кетар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бунақанги ҳолатларда аёл киши рашк қилишини яхши англадилар. Аёл киши рашк қилса ўзлигидан чиқиб кетишини билар эдилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам эркакликларини исботлаш учун Оиша онамиз розияллоҳу анҳони урушмадилар. Балки мардликларини бошқа йўл билан исботладилар. Ҳолатни яхши англадилар, мувозанатга солдилар ва муаммони оқилона ҳал қилдилар.

Ҳаёт бизни ҳар куни муаммога рўбарў қилади. Ўша муаммога нисбатан бизнинг реакциямиз ўша муаммони ҳақиқатга айлантиради ёки уни оловга айланмаслиги учун ўчиради. Эр-хотинлик ҳаётини жанг деб ўйлайдиганлар, бунда ғалаба қозонишим шарт деб фикрлайдиганлар хато қилишади. Аксинча, эр-хотинлик ҳаёти бир-бирининг хатосидан кўз юмиш билан бардавом бўлади. Эр ўз хотинининг камчилигидан кўз юмади, хотин ўз эрининг камчиликларидан кўз юмади. Ҳар бир ишда тўхталаверсак, ҳар бир гапдан таъсирланаверсак ҳаётимиз дўзахга айланади.

Эътибор берсак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамизнинг хатоларидан кўз юмибгина қолмасдан, у кишини маъзур ҳам деяптилар. Идиш рашк туфайли синди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг табиатларининг риоясини қиляптилар.

Ҳаётда муваффақиятга эришмоқчи бўлган киши аёллар табиатини яхши англаши лозим. Хотинига дўстига қилган муомаласини қилмаслиги керак. Фарзандларига ҳамкасбларига қилган муомаласини қилмаслиги керак. Ҳаётдаги ҳар бир гуруҳнинг, ҳар бир ижтимоий табақанинг бошқалардан фарқлича бўлган табиати ва туйғулари бор. Ҳаммага бир хил муомала қиладиган киши худди барча беморга бир хил дори берадиган табибга ўхшайди.

Ғазаб ақлни кўр қилади. Ғазаб вақтида суҳбатлашмаслик керак. Ғазаб вақтида суҳбат қилмоқчи бўлган киши худди қайнаб турган сувда аксини кўрмоқчи бўлган кишига ўхшайди. Сув қайнашдан тўхтасин, совусин. Ана шундан сўнг унга қаранг. Эр-хотинлик ҳаёти ҳам ана шундай!

«Набавий тарбия» китоби асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 7 мартдаги 03-07/1506-рақамли ва 2023 йил 24 мартдаги 01-07/1959-рақамли хулосалари асосида тайёрланган.

 

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Уламолардан бири шундай ёзади.Бир йил олдин саксон ёшли бир қария зиёратимга келди. Унинг худди ёш йигитлардек зиналардан чаққонлик билан сакрабсакраб давоми...

14130 10:00 / 06.10.2020
Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг барча сифатлари ҳам камолот сифатларига дахлдор эканига шубҳа бўлиши мумкин эмас. У кишининг буюк ҳаётларини диққат билан давоми...

12867 11:20 / 08.01.2019
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам София бинти Ҳуяй онамиз розияллоҳу анҳонинг ҳузурларига кирганларида София онамиз йиғлаб ўтирган эдилар. Набий соллаллоҳу давоми...

3198 13:19 / 14.01.2022
Қизи бор отаоналар, қариганимизда қизимиз бизга хизмат қилади деб ўйлашади. Ёши бир жойга бориб қолган аёллар ҳатто уйлижойли бўлиб кетган қизларини ёнларида давоми...

4026 13:04 / 29.01.2022
Видеолар

602 16:41 / 19 декабрь
Аудиолар

215712 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

134893 14:35 / 11.08.2021