1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Муслималар саҳифаси

Сартарошингизни чақиринг, сочингизни олсин, ҳаммаси жойига тушади

20:05 / 04.09.2019 2795 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ислом ўзининг одилона ҳукмлари ила аёл кишига нисбатан қаттиқ таклифларни қўймаслик қоидасига биноан, уларни жангда қатнашиш масъулиятидан озод қилди.

Шунга қарамай, Умму Салама онамиз розияллоҳу анҳога ўхшаш баъзи аёллар жангларда иштирок этиш ва унда унча-мунча эркакларнинг қўлидан келмайдиган ишларни амалга оширишга муяссар бўлдилар.

Мўминларнинг онаси Умму Салама розияллоҳу анҳо:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан барча урушлар ва хавф-хатарли воқеаларга шоҳид бўлдим. Мурайсиъда, Хайбарда, Ҳудайбияда бўлганмиз, Фатҳда ва Ҳунайнда ҳам. Уларнинг ҳеч бири Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам учун Хандақчалик қийин ва хавфли бўлмаган. Мусулмонлар жуда ҳам оғир ҳолатда эдилар. Қурайшликлар бола-чақа ва аёлларга ҳужум қилиб қолишлари мумкин эди. Мадинани то тонг отгунча қўриқлаб чиқишарди. Хавфнинг катталигидан мусулмонларнинг тонг отгунча такбир айтиб чиққанларини эшитар эдик», дейдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умрани ният қилиб, Маккаи Мукаррама томон юрганларида Умму Салама онамиз у зот билан бирга эдилар. Ўша сафарда Умму Аммора Ансория, Умму Манийъ Ансория ва Умму Омир Ашҳалия каби саҳобиялар ҳам бор эди.

Аммо Қурайш Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг саҳобаларига умра қилишга йўл қўйишмади. Орада уруш чиқишига сал қолди. Охири сулҳ тузилди. Маккага бориб, умра қилиш иштиёқида турган саҳобаларнинг маълум қисми сулҳга қарши эди.

Сулҳ матни ёзиб бўлингач, Пайғамбар алайҳиссалом саҳобаларга:

«Энди туриб, қурбонликни сўйиб, сочларингизни олдиринглар», дедилар.

Бирор киши қимир этмади. Расули Акрам алайҳиссолату васаллам ҳалиги буйруқни уч марта такрорладилар. Ҳеч ким қимирлаб ҳам қўймади.

Шунда Пайғамбар алайҳиссалом фиғонлари чиқиб, чодирларига – Умму Салама онамиз розияллоҳу анҳонинг олдиларига кирдилар ва: «Бу қавм ҳалок бўлади, булардан олдин ўтганлар ҳам ўз Пайғамбарларига бўйсунмай, ҳалок бўлишган эди», дедилар.

Одамларнинг саркашликларини, адашаётганликларини гапириб бердилар. Умму Салама онамиз у зотни очиқ чеҳра, мулойимлик билан кутиб олган эдилар. Сўзларини хотиржамлик билан тингладилар ва: «Эй Аллоҳнинг Расули, ўзингиз биласиз, саҳобаларингиз Маккаи Мукаррамани ниҳоятда севадилар, кўпдан буён зиёрат қила олишгани йўқ. Ҳозир ҳаммалари зиёрат эта олишларига тўла ишониб турган эдилар. Каъбани тавоф қилмасдан, қайтиш улар учун жуда ҳам оғир. Агар сиз кўзлаган ишни қилишингиз зарур бўлса, чиқинг-да, улардан бирортасига бир оғиз ҳам сўз айтмасдан, атаган туянгизни сўйинг. Сўнгра сартарошингизни чақиринг, сочингизни олсин. Ҳаммаси жойига тушади», дедилар.

Расули Акрам алайҳиссолату васаллам атаган туяларини сўйдилар. Сўнгра сартарошни чақирдилар, сочларини олди.

Буни кўрган саҳобаи киромлар ҳам бирин-кетин туриб, қурбонликларини сўйиб, бир-бирларининг сочларини ола бошлашди. Шундай қилиб, Умму Салама онамиз розияллоҳу анҳонинг доно маслаҳатлари ила бутун бошли бир уммат ҳалокатдан сақланиб қолди. Ўша пайтда Умму Салама онамиз розияллоҳу анҳо қилган ишни ҳеч ким қила олмаслиги аён. Бу фазл у кишига доимо ҳамроҳ бўлган ва ҳозиргача ҳамманинг таҳсинига сазовор бўлиб келмоқда.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккаи Мукаррамани фатҳ қилиш учун келаётганларида Абу Суфён ибн Ҳорис ибн Абдулмуттолиб ва Абдуллоҳ ибн Абу Умайя ибн Муғийра узр айтиб, у зотнинг йўлларига чиқишди. Уларнинг иккиси ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга озор берганлардан эди.

Абу Суфён ибн Ҳорис ибн Абдулмуттолиб Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакиларининг ўғли эди.

Абдуллоҳ ибн Абу Умайя ибн Муғийра бўлса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аммалари Отика бинти Абдулмуттолибнинг ўғли эди. У Умму Салама онамизнинг ота бир укалари ҳам эди.

Ана ўша икки киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига кириб, узр айтиб, мусулмон бўлмоқчи бўлдилар. Умму Салама онамиз бу ҳақда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга гапирдилар ва у зотдан уларнинг ўтган хатоларини афв қилишларини илтимос қилдилар. Умму Салама онамиз:

«Эй Аллоҳнинг Расули, амакингизнинг ўғли ва аммангизнинг ўғли – қайноғангиз сиз учун энг бадбахт одам бўлмасин энди», дедилар.

«Менинг уларда ҳожатим йўқ. Амакимнинг ўғли менинг обрўйимни тўккан. Аммамнинг ўғли бўлса Маккада айтадиганини айтиб бўлган», дедилар.

Бу гапни эшитган Абу Суфён ибн Ҳорис:

«Аллоҳга қасамки, ёки бизга изн берасиз ёки манави ўғлимнинг қўлидан ушлайман-да, чанқаб, очқаб, ўлгунимизча ер юзида юраверамиз», деди.

Бу гапни эшитганларидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уларга раҳмлари келди ва икковларига изн бердилар. Улар кириб, мусулмон бўлдилар.

Макка фатҳи ва Ҳунайн тамом бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Тоиф томон юрганларида ҳам Умму Салама онамиз розияллоҳу анҳо у зот билан бирга эдилар. Бунга қуйидаги ривоят далилдир:

Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишининг олдиларига кирганларида уйда хотинчалиш одам бор эди. Ўша хотинчалиш Умму Саламанинг укаси Абудуллоҳ ибн Умайяга:

«Агар эртага Аллоҳ сизларга Тоифни фатҳ этса, сенга Бинти Fайлонни кўрсатиб қўяман. Ўзиям олдидан тўртта, ортидан саккизта бақбақаси билан келади-да!» деди.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Олдиларингизга манави ҳаргиз кирмасин!» дедилар».

Ушбу ҳадиси шарифда Умму Салама онамизнинг ҳужраларига у кишининг укалари Абдуллоҳ ибн Умайя билан бирга кирган хотинчалиш одамнинг гапининг боришига қараганда, ўша куннинг эртасига мусулмонларнинг Тоифни фатҳ қилишлари кутилар эди.

Ҳалиги хотинчалиш одам хотин-қизларнинг ичига кириб-чиқиб юриб, уларнинг ҳусн-жамолларига, шакл-шамойилларига зимдан разм солиб юрар экан. У Тоиф аҳлидан бўлган Fайлон ибн Салама ибн Моликнинг Бодия исмли гўзал, бўлиқ қизини ҳам кўрган, унинг ҳусни‑жамоли, қадди-қоматининг тафсилотларигача яхши билар экан. У Абдуллоҳ ибн Абу Умайя розияллоҳу анҳуга ўша Бодия бинти Fайлонни васф қилиб турганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келиб қолганлар ва ўз аёлларига хитоб қилиб:

«Олдиларингизга манави ҳеч-ҳеч кирмасин!» дебдилар.

Бу ривоятлар Умму Салама онамиз розияллоҳу анҳонинг фақат у зотнинг хизматлари билан банд бўлиб қолмай, балки бошқа ишларни ҳам адо этганларини ҳам кўрсатиб турибди.

Зотан, Умму Салама онамиз розияллоҳу анҳо Аллоҳ йўлида жанг қилиш эркакларга фарз бўлиб, аёлларга фарз бўлмаганидан бир оз мулоҳазаларга бориб ҳам юрар эдилар. Бу улуғ амал ила фазл орттириш ниятлари ҳам йўқ эмас эди. Ҳатто бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга савол ҳам берган эдилар.

Имом Аҳмад Мужоҳиддан қилган ривоятда: «Умму Салама розияллоҳу анҳо: «Эй Аллоҳнинг Расули, эркаклар жанг қилишади, биз эса қилмаймиз, мерос ҳам бизга ярим ҳисса берилади?» деди.

Шунда Аллоҳ таоло: «Аллоҳ у билан баъзингизни баъзингиздан устун ‎этган нарсаларни (ҳасад ила) орзу этманг‎» оятини туширди», дейилади.

Ана шу оятга биноан, Умму Салама онамиз розияллоҳу анҳо Аллоҳ баъзи одамларни баъзиларидан афзал этган нарсаларни (ҳасад ила) орзу этмаганлар. Шу билан бирга, Аллоҳ таоло Умму Салама онамизни савоб топиш йўлидаги умидларига етказиб, жангда иштирок этишларини насиб этди. Насиб этганда ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳамроҳликларида насиб этди ва Ислом умматининг ҳалокатдан сақланиб қолишига сабаб ҳам қилди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам видолашув ҳажини қилганларида ҳам Умму Салама онамиз у зот билан бирга эдилар. У кишининг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўраган саволлари сабабидан бемор кишилар уловда тавоф қилишлари мумкинлиги шариат ҳукми сифатида собит бўлган.

Имом Бухорий роҳматуллоҳи алайҳи келтирган ривоятда Умму Салама онамиз: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга касаллигимни шикоят қилган эдим, «Улов миниб, одамлардан четроқда тавоф қилавер», дедилар. Мен тавоф қилдим. Пайғамбар алайҳиссалом Байтуллоҳнинг ёнида туриб, намозда «Ват-Тур» сурасини ўқидилар».

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
VIРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оила қурганларига ўн беш йил тўлиб, 40 ёшга етганларида кўнгиллари ёлғизликни тусай бошлади. У зот Макка атрофидаги давоми...

3290 14:58 / 18.10.2018
Эмизиш араб тилида .разоъ, дейилади. Бу сўз луғатда аёл кишининг кўкрагини, сигир, қўй каби ҳайвонларнинг елинини оғизга олиб, сўришни англатади.Шаръий истилоҳда давоми...

3344 16:00 / 06.05.2020
Ҳижрий олтинчи сананинг Шаъбон ойида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Бани Мусталиқ қабиласининг у зотга қарши одам тўплаётганлиги ҳақида хабар келди. давоми...

2579 19:35 / 02.10.2019
Оиша онамизнинг зийракликлариОиша онамиз розияллоҳу анҳо жуда ҳам зийрак инсон эдилар. У кишининг зийракликлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг давоми...

3102 11:10 / 29.12.2018