1447 йил 22 жумадул аввал | 2025 йил 13 ноябрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Давомли тавбанинг қисмлари

12:30 / 24.03.2019 4331 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Одамлар тавбага нисбатан тўрт табақага бўлинадилар:

1. Тавба қилганидан кейин умрининг охиригача тавбасида мустақим турадиганлар тоифаси.

Бу тоифадаги кишилар тавба қилганларидан кейин камчиликларининг ўрнини тўлдирадилар ва мазкур гуноҳга қайтишни хаёлларига ҳам келтирмайдилар. Одатда башардан беихтиёр содир бўладиган майда-чуйда нарсалар бундан мустасно.

Мана шуни «мустақим тавба», «тавбаи насуҳ» дейилади. Бундай тавба қилган нафс «хотиржам нафс» дейилади.

Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

«Эй хотиржам нафс! Роббингга сен Ундан, У сендан рози бўлган ҳолда қайт! Бас, бандаларим ичига киргин! Ва жаннатимга киргин!» (Фажр сураси, 27–30-оятлар).

Бундай нафс шаҳватлар ила курашда ғолиб бўлиб, сокинлик касб қилган нафсдир. У «мутмаинна» – «хотиржам нафс» деб аталади.

2. Тавба қилганидан кейин умрининг охиригача тавбасида мустақим турадиганлар, аммо гоҳида қасд қилмаган ҳолда баъзи гуноҳларга қўл уриб турадиганлар тоифаси. Шу билан бирга, улар ҳар гуноҳ қилганларида ўзларини маломат этадилар ва унга яна қайтмасликка аҳд қиладилар.

Бундай бандаларнинг нафсини Аллоҳ таоло «маломатчи нафс» деб атайди:

«Ва маломатчи нафс билан қасам» (Қиёмат сураси, 2-оят).

«Маломатчи нафс»дан мурод мўмин кишининг нафсидир. Чунки у ўз эгасини доимо маломат қилиб (тергаб) туради. Гуноҳ иш қилса, «Нима учун гуноҳ қилдинг? Аллоҳдан қўрқмайсанми? Охиратда нима деб жавоб берасан?» дея маломат қилади.

Бу табақа олдингисидан кейинги ўринда туради. Буларга ҳам Аллоҳ таолодан яхши ваъдалар бор:

«Улар кичик гуноҳлардан бошқа катта гуноҳлар ва фаҳш ишлардан четда бўладиганлардир. Албатта, Роббинг мағфирати кенг Зотдир» (Нажм сураси, 32-оят).

3. Бу тоифадаги одамлар тавба қилганларидан кейин маълум муддат истиқоматда юрадилар. Сўнгра шаҳвати ғолиб келиб, баъзи гуноҳларни содир этадилар. Шу билан бирга, тоат-ибодатда бардавом бўлиб, қудрати етган гуноҳлардан четда бўладилар.

Аммо баъзида шаҳвати ғолиб келиб туради. Аллоҳ таолодан улардан қутулишни сўраб туради. Гуноҳ қилганда надомат чекади, тавба қилади.

Бундай нафс «масъула» деб аталади ва унинг эгаси Тавба сурасида келган қуйидаги оятда зикр қилинганлар жумласидан бўлади:

«Бошқалар эса гуноҳларини эътироф қилдилар: улар солиҳ амални бошқа ёмонига аралаштириб юборганлар. Ажаб эмаски, Аллоҳ уларнинг тавбасини қабул қилса. Албатта, Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир» (102-оят).

Бу ҳолат банда учун хатарлидир. Чунки у тавба қилишга улгурмай қолиши мумкин. Ўлим кўз билан қовоқ орасидаги нарса. Тўсатдан ўлган одам тавба қила олмай қолиши турган гап. Унда оқибати оғир бўлади.

4. Тавба қилгандан кейин бир муддат ўтгач, яна айниб кетадиганлар тоифаси.

Улар қайтадан гуноҳларга ботадилар ва тавба қилишни қасд қилмайдилар, қилган гуноҳларига афсус ҳам қилмайдилар. Бундай ҳолатдаги одамларнинг нафси бузуқ бўлади.

Бундай нафс «ан-нафсул амморату биссуъи» – «ёмонликка амр қилувчи нафс» деб аталади.

Аллоҳ таоло нафснинг аслида ёмонликка ундовчи нарса экани ҳақида Юсуф алайҳиссаломга ошиқ бўлиб қолган аёлнинг эътирофини шундай баён қилади:

«Ўзимни оқламайман. Албатта, нафс, агар Роббим раҳм қилмаса, ёмонликка ундовчидир. Албатта, Роббим ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир» (Юсуф сураси, 53-оят).

Бу нафс эгаларининг оқибати ёмон бўлишидан қўрқилади.

«Руҳий тарбия» китобидан

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Илм аҳли даражасини бошқалардан баланд қилган ва башарга илмни Ўзидангина сўрашни амр қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин. Умматга илоҳий таълимни берган давоми...

1308 15:06 / 21 апрель
Ўзгани авратига тикилмоқ шариатимизда ҳаром қилинган. Лекин фуқаҳолар маълум истисноларни баён қилган бўлиб, уларни авратига қараш мубоҳ саналади.1. Инсоннинг ўз давоми...

4380 15:09 / 26.09.2020
Бешинчи амалАллоҳ таолонинг гўзал исмлари ва сифатларини доим қалбдан ўтказиб, уни яхши танишга уриниш. Зеро, ким Аллоҳ таолони исмлари, сифатлари ва феъллари давоми...

3406 11:00 / 27.01.2021
Бошқа илмлар каби, нафсни поклаш ва ахлоқни сайқаллаш илми соҳасида ҳам устоз ва шогирднинг ҳар бирига хос одоблар ва масъулиятлар бор.Илм талаб қилувчининг давоми...

3419 09:35 / 24.10.2019