1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Тўрт эшик ‒ тўрт мақом

09:00 / 29.05.2021 5178 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Тўрт эшик... Тўрт эшикда тўрт мақом...

Сиз ўзингизни қайси эшик ёки мақомда деб ҳисоблайсиз? Келинг, бироз тафаккур қилайлик, қўлингиздаги қимматбаҳо телефонни қўйинг, ҳаётингизда бир марта бўлса ҳам эътибор қаратинг-чи, уят-хижолатдан юзимиз қизармасмикин? Айтайлик, бошингизга бирор ташвиш тушганда ёки эҳтиёжингиз бўлганда тақиллатган эшигингизни очувчи бормикин?

Ва «яхши кўраман, қиёматлик дўстимсан», деган кишингиздан ҳам бир сўранг-чи, қайси мақомда кутмоқда экан сизни? Сўраб кўринг, дўстим, сўранг...

Талабаларидан бири Мавлоно Румий ҳазратларидан сўрабди:

‒ Ҳазрат, бу тўрт эшик масаласини яхши тушунмадим. Менга тушунтириб берсангиз?

Мавлоно:

‒ Қара, ҳув анави мадрасада дарсини қилаётган тўрт талабанинг барчаси лавҳларига эгилганича сабоғини ўқияпти. Сен бориб улардан ҳар бирининг бўйнига бир ургин ва қайтиб кел, кейин тушунтириб бераман.

Талаба бориб, биринчисининг бўйнига бир урибди. Калтак еган мадраса талабаси дарҳол ўрнидан туриб, орқасига қарабди ва ундан ҳам қаттиқроқ зарба билан Мавлононинг талабасини урибди. Мавлононинг талабаси таъзирини ебди, қайтмоқчи бўлибди-ю, устозининг сўзини эслаб, амрига итоат қилибди: Яратгандан умид қилиб, иккинчисини ҳам бир урибди. У ҳам дарҳол ўрнидан туриб, қўлини кўтарибди. Қасос олмоқчи бўлибди-ю, лекин дарҳол қайтиб ўтирибди.

Талаба устозининг буйруғини давом эттириб, учинчи талабани ҳам урибди. У бошини буриб қараб қўйибди-да, дарсида давом этаверибди. Тўртинчи талаба эса калтак еса ҳам, ҳеч нарса сезмагандек, ўтирган ҳолида дарсини давом эттираверибди. Талаба Мавлононинг ҳузурига қайтиб, бўлиб ўтганларни сўзлаб берибди.

‒ Мана шулар сен сўраган саволларга жавоб бўлади:

Биринчиси ҳали шариат эшигидан ўтмаган эди. Шариатда қасосга қасос борлиги учун калтак егач, туриб худди ўшандек сенга ҳам қайтарди.

Иккинчиси тариқат эшигида эди. Калтак егач, у ҳам туриб энди қасос олмоқчи бўлган эди, лекин тариқат таълим берган сўз ёдига тушди: «Сенга ёмонлик қилганга ҳам яхшилик қил!» Шунинг учун қайтиб ўтирди.

Учинчиси маърифат эшигига келган эди. Яхшилик ва ёмонликнинг Аллоҳдан эканини билар ва шунга иймон келтирган эди. Яратган Зот бу ёмонликка қайси шайтонни сабаб қилди экан, деб ҳайратидан бир қараб қўйди, холос.

Тўртинчиси ҳақиқат эшигидан ўтган эди. Яхшилик ва ёмонликнинг Эгаси борлигини билар эди. Шунинг учун қараб ҳам қўймади... Шундай экан, ҳақиқат эшигининг калити ризолик билан бўлади. Рози бўлган киши шундай бир ҳақиқатни топадики, натижада яратилиш мақсадининг чўққисига, камолига эришади, – дея жавоб берибди Мавлоно ҳазратлари.

Хўш, комил бўлиш учун қуйидаги санаб ўтилган 40 мақомнинг нечтасига эгасиз? Бир назар солинг-чи?!

Шариат эшигининг мақомлари:

– Иймон келтириш;

– Илм ўрганиш;

– Ибодат қилиш;

– Ҳаромдан узоқлашиш;

– Оиласига манфаатли бўлиш;

– Атрофга зарар бермаслик;

– Пайғамбар амрига бўйсуниш;

– Шафқатли бўлиш;

– Поклик;

– Ёмон амаллардан сақланиш.

Тариқат эшигининг мақомлари:

– Тавба;

– Муршиднинг ўгитларига амал қилиш;

– Покиза кийиниш;

– Яхшилик йўлида жидду жаҳд қилиш;

– Дини йўлида хизмат қилишни яхши кўриш;

– Ноҳақлик қилишдан қўрқиш;

– Умидсизликка тушмаслик;

– Ибрат олиш;

– Яхшилик тарқатиш;

– Ўзини фақир санаш.

Маърифат эшигининг мақомлари:

– Одобли бўлиш;

– Манманлик, худбинлик, кин, адоват ва ғараздан узоқ бўлиш;

– Парҳезкорлик;

– Сабр ва қаноат;

– Ҳаё;

– Сахийлик;

– Илм;

– Самимий ва бағрикенглик;

– Ўзини таниш;

– Орифлик.

Ҳақиқат эшигининг мақомлари:

– Тавозе;

– Бировнинг айбини кўрмаслик;

– Қўлидан келган барча яхшиликлардан тўхтамаслик;

– Аллоҳнинг барча махлуқотларини яхши кўриш;

– Барча инсонларни бирдек кўриш;

– Бирлик ва бирдамлик тарафдори бўлиш ва тарғиб қилиш;

– Ҳақиқатни яширмаслик;

– Маънони билиш;

– Илоҳий сир-ҳикматларни ўрганиш;

– Ваҳдатул вужуд.

Олимжон Мазамов тайёрлади

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган.Роббинг фақат Унинг Ўзигагина ибодат қилишингни ва отаонага яхшилик қилишнигни амр этди. Агар ҳузурингда давоми...

3086 11:00 / 11.06.2022
., . , . , . , . , . , . ,. . Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Одамлар Расулуллоҳ давоми...

1556 16:17 / 29 март
Сабр уч турли бўлади1. Аллоҳга қилинган тоатибодатдаги сабр.2. Аллоҳ ҳаром қилган нарсалардан тийилишдаги сабр.3. Аллоҳнинг азоб берувчи қазоиқадарларига қилинган давоми...

1504 18:00 / 30.03.2023
Сўнги вақтларда Аллоҳнинг марҳамати, фазлу карами билан умрага бориш осонлашиб қолгани учун минглаб юртдошларимиз ҳарамайнга бориб, зиёрат ва умра ибодатларини давоми...

3217 11:00 / 01.02.2023