1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Муслималар саҳифаси

Турмуш ва муҳаббат

17:30 / 30.09.2020 8553 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қалбига муҳаббат шамоли кирмаган аёл омоч билан ҳайдалмаган, дарахтлар-у, фойдали ўсимликлар ўсмайдиган, бунинг ўрнига ҳашарот ва қурт-қумурсқалар ўрмалаб юрган тупроққа ўхшайди.

Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло оила қуришни анбиё ва расулларнинг фитратидан, суннатидан қилди.

Набийимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дердилар: «Огоҳ бўлинг! Аллоҳга қасамки, мен Аллоҳдан энг кўп қўрқадиганингизман, Унга энг кўп тақво қиладиганингизман. Аммо рўза ҳам тутаман, оғзим очиқ ҳам бўлади. Намоз ҳам ўқийман, ухлайман ҳам. Аёлларни никоҳимга ҳам оламан. Ким менинг суннатимдан юз бурса, мендан эмас» (Бухорий ва Муслим ривояти).

Турмуш қуриш Ҳақ таолонинг чақириғига лаббай деб жавоб беришдир: «Ораларингиздаги никоҳсизларни ва қулу чўриларингиздан солиҳларини никоҳлаб қўйинг» (Нур сураси, 32-оят).

Шунингдек, оила қуриш Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг чорловларига жавоб, суннатларига амал қилишдир: «Ҳой ёшлар жамоаси, сиздан ким уйланишга қурби етса, уйлансин. Зеро, бу кўзни энг яхши тиювчи ва фаржни сақловчидир. Кимнинг қурби етмаса, унга рўза лозим, чунки бу унинг учун бичилишдир» (Бухорий ва Муслим ривояти).

Турмуш қуриш, эр-хотин бўлиб яшаш жисм жунбишга келиб, ҳайқириб талаб қилиб турган табиий эҳтиёжни қондиришнинг шаръий йўлидир. У ҳалолини топса топди, бўлмаса ҳаромга тажовуз қилади.

Аллоҳ азза ва жалла: «Улар фаржларини сақловчилардир. Магар ўз жуфти ҳалоллари ва қўлларида мулк бўлганлардан (сақламасалар)» дейди (Муъминун сураси, 5–6-оятлар).

Турмуш Аллоҳ таолонинг бандаларига берган буюк неъматларидандир. У иффат, поклик йўлидир, бахт-саодат омилидир. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло: «Сизларга сокинлик топишингиз учун ўзингиздан жуфтлар яратганлиги ва ораларингизда севги ва марҳаматни солиб қўйгани ҳам Унинг оят(аломат)ларидандир», дейди (Рум сураси, 21-оят).

Турмуш қуриш Аллоҳ таолонинг ажр ва савобларига эришишнинг энг осон ва қулай йўлидир.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уни Аллоҳга ибодат даражасига кўтарганлар:

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бирингизнинг жинсий яқинлиги ҳам садақадир», дедилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули, биримиз шаҳватини қондирса ҳам унга бунда ажр бўладими?» дейишди.

«Айтинглар-чи, агар у ўшани ҳаромга қўйса, унга гуноҳ бўлармиди? Шунингдек, агар уни ҳалолга қўйса, бу унинг учун ажр бўлади», дедилар».

Муслим ривоят қилган.

Саодатли турмуш оилалар, уруғлар, шаҳар ва давлатлар орасидаги ўзаро алоқаларнинг ривожланиши учун бир имкониятдир.

Қай бир жинс бахт-саодат учун кўпроқ интилувчанлигини билиш мақсадида эркак ва аёллар ўртасида руҳшунослар олиб борган изланишлар баъзи ҳақиқатларни кашф қилди. Унга кўра, эркаклардан кўра кўпроқ аёллар ўз бахти учун курашишга қодирроқ экан ва айни дамда бахтсизликка ҳам эркакларга нисбатан кўпроқ аёллар сабаб бўлишар экан.

Агар аёлга яхши уй, солиҳ эр ва фарзандлардан иборат ширин ҳаёт омиллари насиб бўлса, у албатта бахтиёр бўлади.

Бунинг акси ўлароқ, агар аёл ушбу нарсалардан маҳрум қилинса, албатта у эркакка қараганда бир неча баробар умидсизлик ва бахтсизликка дучор бўлади.

Оилавий ҳаётдаги муваффақият ёки саодатнинг энг олий даражаси – ҳам дунёда, ҳам охиратда бахтиёр бўлишдир.

Ҳар бир нарса ўз дастурига эга бўлганидек, оилавий ҳаётда ҳам маълум бир дастурга амал қилиш лозим бўлади:

1. Суҳбат.

2. Севги.

3. Фидокорлик.

Оилавий бахтни қуйидаги босқичлар билан амалга ошириш мумкин:

1. Аллоҳга таваккул қилиш ва У Зот ҳар бир нарсани кўриб, билиб туришини ҳис этиш. Бу эса нажот қирғоғига эсон-омон етиб олишнинг асосий омилидир.

2. Турмушдаги қийинчиликларнинг сабабларини, муваффақиятсизлик келтирган омилларни аниқлаш ва улардан қутулиш чораларини излаш.

3. Кучли ирода.

Доктор Абдурраҳмон Ҳабаннака ўзининг «Исломий ахлоқлар ва уларнинг асослари» номли китобида айтиб ўтган тўртта нуқта бор, инсон мана шу нуқталарга қараб, ўз иродасининг қанчалик кучли ёки кучсизлигини аниқлаб олиши мумкин. Улар:

– Яхшиликлар ва тоат-ибодатларга шошилиш.

– Ҳар доим яхшиликни умид қилиш.

– Ҳодисаларни сабр ва розилик билан қабул қилиш.

– Ғазаб пайтида ўзни қўлга олиш.

Агар инсон ўз иродасини мустаҳкам қилмоқчи бўлса, у қуйидагиларни бажариши лозим бўлади:

– Аллоҳ азза ва жаллага, У Зотнинг гўзал сифатларига, қазои қадарига бўлган иймонни кучайтириш.

– Нафс билан курашиш орқали амалий машқ ва ибодатларни бажариш.

Замонавий руҳшунослар ақлий режалаштириш илми ёки ўз-ўзига таъсир қила олиш ҳам иродани кучайтиришда катта таъсирга эга эканини таъкидлайдилар.

– Қазои қадарга рози бўлиш орқали аламни бахтга, меҳнатни тортиққа айлантириш.

4. Истиғфор ва дуо. Қанчадан-қанча турмуш саодатига тўсиқ бўлган нарсалар дуо сабабли бартараф бўлган.

5. Ҳодисаларга уларни мураккаблаштирмай назар солиш. Тажрибаларнинг кўрсатишича, воқеа-ҳодисаларга иложи борича енгилроқ қараш, тавсифлашда ва шикоят қилишда бўрттириб юбормаслик, оилавий алоқа ўтмишига зулм қилмаслик ишнинг осон ва енгил кўчишига ёрдам беради. Орзулар фақат сабрли кишига бўйсунади.

6. Муносиб жойда, муносиб вақтда, дил қулоғи тинглашга тайёр бўлиб турганда туҳмат ва айблашлардан йироқ бўлган ҳолда, мулойим сўзлар билан очиқчасига гаплашиб олиш ва бунинг учун хулуси ният билан айтайлаб ўтириш керак.

Қанчадан-қанча муаммолар очиқчасига гаплашиш ва ҳамжиҳатлик сабабли ечим ва муолажа топган. Ҳар қандай муаммони муҳокама, мушоҳада орқали ҳал қилиш мумкин. Зеро, «Ошкоралик – хотиржамлик» дейдилар.

– Саодат манбаи банк ё ошқозон эмас, балки қалбдир.

– Аёл киши кулиб яшайдиган кулба у йиғлаб яшайдиган қасрдан яхшидир.

– Энг бахтиёр аёл эрини севадиган ва эри томонидан севилган аёлдир.

– Эркак учун Аллоҳ азза ва жаллага тақво қилишдан кейин энг яхши нарса гўзал аёлдир. Гўзал аёл эса эрига вафодор, уни севадиган, ибодатли аёлдир.

– Аёл эри ва фарзандлари учун муҳим бўлган сифатни юқтира олади, бу сифат эркакларда кам учрайди. Бу эса раҳмдиллик сифатидир.

Гўзал қизим! Сенга чиройи барча чиройлардан устун, манзараси ҳар қандай манзарани маҳв этган юртни кўрсатишимни истайсанми?

Гўзал қизим! Бу аҳбоблар яшайдиган жойдир. Энг унумдор ер – аҳбобларнинг оёғи етган ердир!

«Қизларжон...» китобидан

Муаллиф
Одинахон Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаи мутоҳҳараларининг ададлари кўп бўлгани бутун бошли қабилаларни бирлаштиргани, уларга хайру барака бўлганини давоми...

3139 17:07 / 04.03.2020
Қиссадан олинадиган ҳисса ушбу гўзал муҳаббат қиссаси шу мавзудаги кўплаб ҳикоялардан бир неча жиҳатлари ила фарқ қилади бу қисса хаёлий эмас, ҳаётийдир. Унинг давоми...

2333 10:26 / 28.01.2022
Ушбу мавзуда сўз юритишдан олдин .аёл киши билан эркак кишининг орасидаги тенг ҳуқуқлилик, деганда нимани тушуниш керак, унинг нисбийлиги борми ёки мутлақ бир давоми...

3974 19:10 / 06.10.2018
Дунё мўъжизаларга бой бўлиб, улардан бири она сутининг мўъжизаси энг ҳайратланарлисидир. Гўдак туғилиб чинқириб йиғлайди, она кўкрагини боланинг оғзига солиши давоми...

6050 16:12 / 08.07.2020