1447 йил 25 шаъбон | 2026 йил 13 февраль, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Мусулмонлар ҳақида ёмон гумонда бўлиш

11:30 / 05.09.2021 3460 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Ҳужурот сурасида шундай марҳамат қилади:

 «Эй иймон келтирганлар! Кўп гумонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи гумонлар гуноҳдир» (12-оят).

Ўйлаб кўрилса, ўзаро низолар ва келишмовчиликлар кўпинча бир-биридан ёмон гумон қилишдан келиб чиқади. Ундан четда бўлиш учун доимо кишилар ҳақида яхши гумонда бўлиш, улар ҳақида етган хабарларни яхшиликка йўйиш керак.

Бу ҳақда ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу: «Агар яхшиликка буришнинг биргина йўли бўлса ҳам, мўмин биродарингдан чиққан сўзни фақат яхшиликка бур», деган эканлар.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: «إِيَّاكُمْ وَالظَنَّ، فَإِنَّ الظَّنَّ أَكْذَبُ الْحَدِيثِ». رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Зинҳор ва зинҳор бадгумон бўлманглар. Чунки бадгумонлик сўзнинг энг ёлғонидир», дедилар».

Бухорий ривоят қилган.

عَنْ مُعَاوِيَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: «إِنَّكَ إنْ تَتَبَّعْتَ عَوْرَاتِ النَّاسِ أَفْسَدْتَهُمْ».

Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар одамларнинг айбини ахтарадиган бўлсанг, уларни бузасан», дедилар».

قَالَتْ صَفِيَّةُ: كَانَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم مُعْتَكِفًا فَأَتَيْتُهُ أَزُورُهُ لَيْلًا فَحَدَّثْتُهُ، ثُمَّ قُمْتُ فَانْقَلَبْتُ، فَقَامَ مَعِي لِيَقْلِبَنِي، وَكَانَ مَسْكَنُهَا فِي دَارِ أُسَامَةَ بْنِ زَيْدٍ، فَمَرَّ رَجُلَانِ مِنَ الْأَنْصَارِ، فَلَمَّا رَأَيَا النَّبِيَّصلى الله عليه وسلم أَسْرَعَا، فَقَالَ النَّبِيُّ صلى الله عليه وسلم: «عَلَى رِسْلِكُمَا، إِنَّهَا صَفِيَّةُ بِنْتُ حُيَيٍّ». قَالَا: سُبْحَانَ اللهِ يَا رَسُولَ اللهِ، قَالَ: «إِنَّ الشَّيْطَانَ يَجْرِي مِنَ الْإِنْسَانِ مَجْرَى الدَّمِ، فَخَشِيتُ أَنْ يَقْذِفَ فِي قُلُوبِكُمَا شَيْئًا - أَوْ قَالَ: شَرًّا -». رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا التِّرْمِذِيَّ.

Сафийя розияллоҳу анҳо айтди:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эътикофда ўтирган эдилар. Кечаси у зотни зиёрат қилишга келдим ва у зот билан гаплашдим. Кейин туриб, ортимга қайтдим. У зот мени кузатиб қўйиш учун мен билан бирга турдилар. – Унинг (Сафийянинг) маскани Усома ибн Зайднинг ҳовлиси ўрнида эди. – Шу пайт ансорлардан икки киши ўтиб қолди. Улар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни кўриб, тезлаб кетишди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Шошманглар! Бу Сафийя бинт Ҳуяй», дедилар. Улар: «Субҳаналлоҳ, эй Аллоҳнинг Расули!..» дейишди. У зот: «Шайтон инсоннинг қонюрар жойида юради. Мен қалбларингизга шайтон бирор нарса (ёки ёмонлик) солиб қўйишидан қўрқдим», дедилар».

Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.

Кишилар кўнглига ёмон гумон келтириши мумкин бўлган ишларда қанчалик эҳтиёт бўлиш лозимлигини кўрдингизми?! Ҳалиги икки киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қоронғида аёл киши билан турганларини кўриб, ҳар хил хаёлга боришмасин деб, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам бу аёл хотинлари эканини айтиб қўйдилар.

Мўмин банда ёмон гумондан ниҳоятда эҳтиёт бўлиши лозим. Ким одамлардан ёмон гумонда бўлса, ўша одамнинг кўнгли бузуқ бўлади. Мўмин доимо узр истайди, мунофиқ эса айб истайди. Мўмин барча халойиққа нисбатан кўнгли пок бўлади. Мунофиқ эса унинг тескариси бўлади.

Юқорида зикр қилинган сифатлар шайтон учун инсон қалбига йўл очадиган нарсалардир. Уларнинг ҳаммасини санаб ўтиш ҳам қийин. Одам боласидаги ҳар бир ёмон сифат шайтон учун қуролдир, унинг қалбига кириш эшигидир.

Бас, шундай экан, мурид шайтон кириши мумкин бўлган ўша эшикларнинг барчасини мазкур ёмон сифатлардан қалбини поклаш йўли билан беркитиши лозим. Ана ўшанда шайтон мурид қалбига кириб, қарор топа олмай қолади. Фақат баъзи кичик уринишлари қолиши мумкин. Бу кичик уринишлар эса Аллоҳ таолонинг зикри ила тўсилади.

Чунки ҳақиқий зикр фақатгина қалб тақво ила обод бўлганидан ва ёмон сифатлардан покланганидан сўнггина юзага келади. Қалбга таъсири ўтмайдиган зикр, қуруқ гап ўлароқ, шайтонни ҳам даф қилишга ярамайди.

Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Аъроф сурасида марҳамат қилади:

«Қачон тақво қилувчиларга шайтондан бир шарпа етса, улар албатта зикр қиларлар, бас, қарабсанки, улар кўрувчи бўлиб турибдилар» (201-оят).

Агар қалбда шайтонга қут бўладиган нарса бўлмаса, у зикрнинг ўзи билан ундан узоқлашади. Агар қалбда шаҳватлар жойлашган бўлса, ундан шайтонни даф қилишга зикрнинг кучи етмайди.

Ёмон сифатлар ва ҳавойи нафсдан холи бўлган тақводор қалбларга шайтон шаҳватлар туфайли эмас, зикрдан ғофил бўлгани учун хуруж қилади. Агар бундай қалбнинг эгаси зикр қилса, шайтон дарҳол чекинади.

«Руҳий тарбия» китобидан олинди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ривоят қилинишича, бир миллиардер киши дўстини зиёрат қилгани борибди. Унинг олдида чиройли ити турган экан. Дўстидан бу ит ҳақида сўрабди. Дўсти дебди .Бу югуриш давоми...

2969 13:00 / 05.05.2021
Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинадиАлбатта, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар .Дуонинг энг яхшиси арафа кунидаги дуодир. Мен ва давоми...

36642 15:00 / 19.07.2021
Бақувват ва бўйи узун бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларидан ўтиб кетди. У зот саҳобалар билан бирга ўтирган эдилар. Саҳобалар унинг куч ва давоми...

2478 10:20 / 30.12.2024
Ризқдаги бараканинг омиллари1. Таомни биргаликда ейишда барака бор Ибн Можа.2. Бисмиллаҳ билан ейилган таомда барака бўлади Ибн Можа.3. Барака овқатнинг ўртасига давоми...

3018 12:30 / 28.06.2021