1447 йил 26 ражаб | 2026 йил 15 январь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Дуонинг фазли (тўртинчи ҳадис)

09:40 / 02.03.2019 3091 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Кимни қийинчилик ва ғам-ғуссалар пайтида Аллоҳ уни ижобат қилиши масрур қилса, оройиш пайтида дуони кўпайтирсин», дедилар».

Шарҳ: Бу ҳақда имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳи «Оройиш пайтида Аллоҳни танисанг, Аллоҳ сени шиддат пайтида танийди», деганлар.

Одатда биз – ожиз бандалар бошимизга мушкул ҳолат тушгандагина Аллоҳ таолога ёлвора бошлаймиз. Бошимизга тушган офатни тезроқ аритишини истаб қоламиз.

Аммо ишимиз ўнгланиб кетса, дуо қилиш эсимиздан чиқади. Худди ҳеч нарса бўлмагандек юраверамиз.

Мазкур нотўғри ҳолат Қуръони каримнинг «Юнус» сурасида қуйидагича васф қилинади:

«Қачонки инсонга зарар етса, ёнбошлаган, ўтирган ёки турган ҳолида Бизга дуо ‎‎қиладир. Ундан зарарини кетказсак, худди ўзига етган зарар ҳақида Бизга дуо ‎‎қилмагандек, кетаверадир. Исрофчиларга қилаётган амаллари ана шундай чиройли ‎‎кўрсатилди» (12-оят).

Инсон боласининг иши юришиб турганида, ўзи соғ-саломат, тинч-омон ва роҳат-фароғатда бўлганида ҳеч нарса билан иши йўқ, бу дунё ҳаётида мағрур бўлиб юраверади. Албатта, Аллоҳ ҳидоятга бошлаган мўмин-мусулмонлар бундан мустасно.

Аммо мағрурланиб юрган ўша инсоннинг соғлиғига, тинчлигига ёки роҳатига путур етса, бошига мусибат келса, дарҳол ёдига Аллоҳ тушади. Ҳа:

«Қачонки инсонга зарар етса, ёнбошлаган, ўтирган ёки ‎турган ҳолида Бизга дуо ‎‎қиладир».

Оғир кунда қолган инсон, ким бўлишидан қатъи назар, ёнбошлаган, ўтирган ёки тик турган ҳолида, яъни ҳар қандай ҳолатда Аллоҳга ёлворишни бошлайди. Ҳатто энг катта кофир, фосиқлар ҳаётида ҳам бундай воқеалар рўй берганига тарихда мисоллар кўп. Турли мусибатлардан кейин дин йўлига кирганларнинг кўплиги ҳам шу ҳолга далилдир. Аммо афсуски, кўпчилик бундан ўзига яраша хулоса чиқариб олмайди. Бошига мусибат тушганида Аллоҳга ёлворади-ю:

«Ундан зарарини кетказсак, худди ўзига етган зарар ‎ҳақида Бизга дуо ‎‎қилмагандек, кетаверадир».

Яна аввалгидек, бу дунё ҳаётига ўзини уради. Аллоҳни унутади. Ўзининг бандалигини унутади. Бир кун келиб, бошига яна қайта мусибат тушиши мумкинлигини ҳам унутади. Ҳеч нарсадан тап тортмай, ибрат олмай, олдинги ҳолига тушиб қолади.

Бундай кимсаларни Аллоҳ таоло оятда «исрофчилар» деб атамоқда ва бошларига мусибат тушганида Аллоҳга ёлвориб, мусибат кўтарилганида ҳеч нарса бўлмагандек кетаверишларини «исрофгарчилик» деб васф қилмоқда. Ҳамда бу ишлари ўзларига зийнатли – чиройли бўлиб кўринишини таъкидламоқда:

«Исрофчиларга қилаётган амаллари ана шундай ‎чиройли ‎‎кўрсатилди».

Аммо бунинг оқибати яхшиликка олиб бормайди. Бунга олдин ўтган исрофчиларнинг аҳволи ҳам далилдир.

Аслида эса ишимиз юришиб турган пайтда Аллоҳ таолога дуо қилиб туришимиз лозим. Ҳеч бўлмаса, юришиб турган ишимизнинг бардавом бўлишини сўраб дуо қилишимиз керак.

«Ҳаёт ва ҳадис» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Уч нарса доимий назоратга оламизndash телевизорниndash интернетниndash телефонни.Уч нарсани тақиқлаймизndash ғийбатниndash тортишувниndash ҳурматсизликни.Уч нарсани давомли давоми...

3568 08:00 / 05.05.2021
Бишр Ҳофийнинг синглиси Имом Аҳмаднинг олдига бориб, шундай дедиndash Биз кечаси билан тўқувчилик қилиб, тирикчилик қиламиз. Баъзан Бағдод волийларининг Бану давоми...

3393 08:11 / 23.03.2021
Бу ҳақда одоб китобларимизда жуда кўп тавсиямаслаҳатлар келган.Ҳамма ишларингизда тўғри бўлинг, одамларга муомалада хулқингиз чиройли бўлсин Кичикни ҳурмат давоми...

3314 19:20 / 27.10.2018
Ато Хаффоф айтади .Суфён Саврий раҳматуллоҳи алайҳни қачон кўрсам, йиғлаётган бўларди. .Сизга нима бўлди, десам, .Уммул китобда Лавҳул маҳфузда бахтсиз деб давоми...

2914 08:00 / 14.03.2020