1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Бахтиёр оила

Никоҳнинг эълони ва ундаги кўнгилхушлик

12:30 / 02.03.2019 5523 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Никоҳни эълон қилишнинг ҳикмати аввал ҳам айтиб ўтилди. Ўша эълон қилишда баъзи мусиқа овозлари ҳам ишлатилиши ҳадисларда келган. Шу билан бирга, никоҳ тўйларида шариат кўрсатмалари доирасида кўнгилхушлик қилишга рухсат берилган. Бу ҳақиқатларни келгуси ҳадиси шарифлардан ва уларнинг шарҳидан ўрганамиз.

Рубаййиъ бинту Муъаввиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тўйимда келиб тўшагимга худди сен ўтирганга ўхшаб ўтирдилар. Шунда қизчалар дуф чалиб, Бадр куни қатл қилинган оталарим ҳақида хиргойи қилишди. Шу пайт улардан бири:

«Ичимизда эртага нима бўлишини билувчи Набий бор», деб қолди.

Бас, у зот:

«Буни қўй, аввал айтаётганингни айт», дедилар».

Бухорий, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар.

Рубаййиъ розияллоҳу анҳонинг оталари Муъаввиз ҳамда Авф ва Муъоз исмли икки амакилари Бадрда шаҳид бўлган эдилар. Рубаййиъ вояга етиб, Иёс ибн Букайр Лайсийга турмушга чиқади. Тўйга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам келадилар. Ичкарига кириб, Рубаййиъ розияллоҳу анҳонинг тўшакларига ўтирадилар.

Шунда қизлар чилдирма чалиб, Бадрда шаҳид бўлганлар, хусусан, Рубаййиъ розияллоҳу анҳонинг оталари (отаси ва икки амакиси) мадҳида айтилган шеърни куйга солиб, оҳанг билан айтадилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам эшитиб ўтирадилар. Қизлар айтиб бориб, «Ичимизда эртага нима бўлишини биладиган, ғайбдан хабардор Набий бор», деган маънодаги байтни ҳам айтадилар. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Буни айтманглар, олдин айтаётган нарсаларингни айтинглар», деб кўрсатма берадилар.

Ушбу ҳадисда тўйда кўнгилхушлик қилиш жоиз экани баён қилинмоқда. Эркак киши қизларнинг оҳанг билан айтган шижоат, одоб-ахлоқ, сахийлик каби маъноларни ўз ичига олган байтларини эшитиши жоиз экани келиб чиқмоқда.

Уламоларимиз: «Албатта, бу нарса парда ортидан бўлса ҳамда фитна бўлиши хавфи бўлмасагина, жоиз», деганлар.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«У киши бир аёлни бир ансорий куёвникига узатиб борган эканлар. Шунда Аллоҳнинг Набийси соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Эй Оиша, сизларда дилхушлик бўлдими? Чунки ансорийларга дилхушлик қилиш ёқади», дедилар».

Бухорий ва Аҳмад ривоят қилганлар.

Бу ҳам тўйда шариат чегарасидан чиқмай, ўйин-кулги қилиш жоизлигига далилдир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг маълум қавмларнинг ҳатто ўйин-кулги, кўнгилхушлик қилишни яхши кўришларигача инобатга олиб, муомала қилганликлари эътиборга сазовордир. Ансорийлар – Мадина аҳли мусулмонлари табиатида ўйин-кулгига мойиллик борлигини, тўйларда кўнгилхушлик қилиш жоизлигини Оиша онамизга эслатишлари шуни кўрсатади.

Бошқа ривоятлардан маълум бўлишича, ушбу ривоятдаги келин Фориҳа бинти Асъад исмли етим қиз бўлган. Оиша онамиз уни тарбия қилиб ўстирганлар. У қиз балоғатга етганида Нубайт ибн Жобир ал-Ансорийга узатганлар. Оиша онамиз розияллоҳу анҳо Фориҳа розияллоҳу анҳони куёвникига «келин туширди» қилиб олиб борганлар. У киши қайтиб келганларидан кейин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ривоятдаги саволни бериб, кўнгилхушлик бўлган-бўлмаганлигини сўраганлар.

Бошқа ривоятда:

«Чилдирма чалиб, қўшиқ айтадиган қиз ҳам юбордингларми?» – деганлар.

Оиша онамиз:

«У қиз нима деб айтади, ё Расулаллоҳ?» – деганлар.

Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам биздаги «ёр-ёр»га ўхшаш байтларни айтганлар.

Аёл-қизлар ўзлари, эркакларга аралашмасдан, шариат чегарасидан чиқмаган ҳолда, чилдирма чалиб, қўшиқ айтсалар, ўйин-кулги қилсалар, жоиз.

Муҳаммад ибн Ҳотиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Никоҳда ҳаром билан ҳалолнинг орасининг ажралиши чилдирма ва овоздир», дедилар».

Насаий ва Термизий ривоят қилдилар. Термизий ҳасан, деган.

Ушбу ривоятдаги «ҳалол» ва «ҳаром» лафзлари никоҳ тўғрисидадир. Одатда, яширин никоҳ – ҳаром никоҳни биров билмасин деб, овоз чиқармай, чилдирма чалмай, қўшиқ айтмай, жимжитлик билан ўтказиб юборилади.

Ҳалол никоҳни эса, иложи борича кўпроқ кишига эълон қилинади, билдирилади. Чунки бу катта хурсандчилик ва сурурга боис бўлган нарсадир. Ўша ҳалол қўшилишни эълон қилиш, кўпчиликка билдириш ила кўп одамлар гувоҳ қилинади, икки ёшнинг шаръий равишда эр-хотин бўлганларини ҳамма билади ва ҳақларига дуо қилади. Бу, албатта, жуда матлуб ва маъқул ишдир.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бу никоҳни эълон қилингиз, уни масжидларда ўтказингиз, унинг учун чилдирмалар чалингиз», дедилар».

Аҳмад ва Термизий ривоят қилдилар. Термизий ҳасан, деган.

Ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам никоҳга оид уч нарсага амр қилмоқдалар.

1. Никоҳни эълон қилиш. Бу зарурий нарса, олдин айтиб ўтилганидек, эълон орқали икки ёшнинг ҳалол-пок равишда, шаръий оила қуриб яшай бошлаганларини кўпчиликка билдириб қўйиш бўлади.

2. Никоҳни масжидларда ўтказиш. Бунда турли ҳаром ва макруҳ ишлардан четлаш осон бўлади. Яъни никоҳни эълон қилишнинг бир қисмини масжидларда ўтказиш яхшидир.

3. Дуфф – чилдирма чалиш. Бу билан хурсандчилик изҳор қилинади, никоҳнинг эълони кўпроқ тарқалади.

Омир ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир никоҳ тўйида Қуроза ибн Каъб ва Абу Масъуд ал-Ансорий розияллоҳу анҳумоларнинг олдиларига кирдим. Қарасам, жориялар қўшиқ айтмоқдалар.

«Икковларингиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари бўлсангиз, Бадр аҳллардан бўла туриб, ҳузурингизда шундай иш бўлиб туриши нимаси?» дедим.

«Хоҳласанг, бизлар билан ўтириб, эшит. Хоҳласанг, кетавер. Батаҳқиқ, бизга никоҳ тўйида дилхушликка рухсат берилгандир», дедилар икковлари».

Насаий ва Ҳоким ривоят қилдилар. Ҳоким саҳиҳ, деган.

Бу ривоятда никоҳ тўйларида кўнгилхушлик қилиш жоиз экани яна ҳам очиқроқ баён қилинмоқда. Бўлаётган кўнгилхушлик қилишга Омир ибн Саъд розияллоҳу анҳу томонидан айтилаётган очиқ-ойдин эътироз ҳамда фазл аҳли ва Бадр аҳли эгаларидан бўлган саҳобаларнинг унга рад жавоблари ғоят ибратлидир. Бадр аҳли бўлиш жуда ҳам улуғ мақом. Бу мақомга эришган кишилар ҳаммага ўрнак бўлганлар. Шунинг учун ҳам Омир розияллоҳу анҳу уларнинг қизлар айтаётган қўшиқни эшитиб ўтиришларини номуносиб деб билиб, танқид қилмоқчи, уялтирмоқчи бўладилар. Аммо натижа тамоман аксинча бўлиб чиқади. Икки улуғ саҳобий никоҳ тўйида кўнгилхушлик қилишга рухсат берилганини айтиб, Омир ибн Саъд розияллоҳу анҳунинг ўзини уялтириб қўйишади.

Никоҳ тўйини ўтказиш бўйича мулоҳазалар.

Аввалдан таъкидланиб келаётганидек, никоҳ поклик ва ҳалоллик разми ва шиоридир. Авваллари бирга ёлғиз қолишлари ҳам ҳаром бўлган икки жинсдаги шахсларнинг эр‑хотин бўлиб яшашлари никоҳ орқали ҳалолга айланади. Никоҳ тўйи ҳам ҳалоллик, поклик, яхши ният, бахт-саодат шодиёнасига айланиши керак.

Шунинг учун ҳам қадимдан мусулмонларнинг никоҳ тўйларида шариат ман қилган ҳаром-хариш иш ва нарсаларнинг барчасидан алоҳида таъкидланган равишда ҳазар қилиб келинган. Бу борада бошқа қавмларнинг ҳаром-хариш одатлари бизга ўрнак бўлиши керак эмас.

Тўйларда бевақт ва ноўрин шовқин-сурон кўтариб, тўй иштирокчиларига ҳам, атрофда яшовчиларга ҳам озор берадиган даражага бормаслик керак. Мисол учун, никоҳ тўйларида ёшларга, келин-куёвнинг дўст-дугоналарига кўнгилхушлик қилишга рухсат берилган. Аммо бу ишда ҳаддан ошмаслик, айниқса, ўшандай тўйларда қатнашаётган қарияларнинг қулоқларини қоматга келтирмаслик керак. Овоз кучайтиргичларни борича кўтариб, маҳалладаги беморлар, гўдаклар, кексалар ва бошқаларнинг тинчини бузиб, дуоибадига қолмаслик керак.

Никоҳ тўйлари маст-аластлик, бақир-чақир, уруш-жанжал ва кўнгилсизлик билан эмас, хурсандчилик ва яхши дуолар билан тугаши лозим.

Шунингдек, бундай йиғинларда аёл-эркакнинг аралаш-қуралаш бўлиб иштирок этиши шаръан ножоиздир. Куй ва қўшиқлар ҳам гуноҳга қўзғайдиган, шаҳватни уйғотадиган, бўлмаслиги, балки ибратли, эзгуликка бошлайдиган тарзда бўлмоғи даркор.

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бизнинг тилимизда .одоб, тарзида талаффуз қилинишга одатланиб қолинган арабча .адаб, сўзи, аслида, .маъдаба, ўзагидан олинган. .Маъдаба, сўзи одамлар даъват давоми...

2458 15:45 / 28.03.2020
Халифа Мансурнинг вазири Ийсо ибн Мусо хотинини жуда қаттиқ яхши кўрар экан. У бир куни хотинига .Агар сен ойдан гўзал бўлмасанг талоқсан,, деб юборди. Хотини давоми...

4214 09:00 / 28.06.2022
Ёш болани қарамоғига олиш уни зарарли нарсалардан муҳофаза қилиш, уни тозалаб, едирибичириб, кийинтириб, роҳати учун керакли нарсалар ила таъминлаб, тарбиялашдан давоми...

2457 19:04 / 31.01.2020
.Талоқ, сўзи луғатда .моддий ва маънавий тугунни ечиш, маъносини англатади. Шаръий истилоҳда эса, махсус лафз ила никоҳни кетказиш ёки унинг ҳалоллигини нуқсонга давоми...

2590 11:00 / 11.08.2022