1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

«Араб истилоси» дейиш тўғрими?

17:11 / 10.12.2020 2509 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Савол: Ассалому алайкум, Шайх ҳазратлари. Баъзи биродарлар билан Мавароуннаҳрнинг фатҳ қилиниши масаласида бироз «тортишиб» қолдик. Улар юртимизга араблар босқинчилик йўли билан келишган, аниқроғи, «бостириб келишган» дейишяпти. Айтишларича, бу тарихий факт экан. Мен бу гапларни ҳазм қила олмаяпман. Шу масалани ёритиб берсангиз, илтимос.

Жавоб: Ва алайкум ассалом! Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Бу гап Ислом душманларининг гапи. Душманлар Исломдаги фатҳ ҳаракатини босқинчилик ҳаракати, бошқа юртларни босиб олиш, бойликларини ўзлаштириш, халқларни қул қилиш, дея баҳолайдилар. Ўлкамизнинг ҳақиқий босқинчилари бу ҳаракатни «Араб истилоси» деб номлаганлар. Уларнинг айтишича, араблар бостириб келиб, ҳаммаёқни ўзлариники қилиб олишган. Кишиларни мажбуран Исломга киритишган. Исломни қабул қилмаганларни ўлдиришган ёки катта солиқ солишган.

Исломий фатҳларни «Араб истилоси» дейиш нотўғри эканини душманларнинг ўзлари ҳам билади, аммо Исломга қарши нимадир ўйлаб чиқариш керак бўлган. Натижада, шу ибора ўйлаб топилган. Чунки фотиҳлар ичида араб эмаслар ҳам кўп эди. Шу билан бирга, уларнинг ҳаракати ҳеч қачон истило бўлмаган. Мусулмонлар қаерга боришса, динга даъват қилиш учун, адолат ўрнатиш учун боришган. Ўша ерларнинг аҳолиси билан ака-ука бўлиб яшаб қолишган.

Мусулмонлар ҳеч бир юртнинг молу мулкини талаб олиб кетмаган. Кишиларни Исломга киришга мажбур ҳам этмаган. Уларнинг муомаласи мустамлакачиларнинг номаъқул муомаласига мутлақо ўхшаган эмас. Буни инсофли ажнабий тарихчилар ва олимлар ҳам такрор-такрор қайд этишган. Машҳур олим Томас Орланднинг «Исломга даъват» китобида бу ҳақиқатни тасдиқлайдиган кўпгина ҳужжатли далиллар келтирилади.

Яхшиси, бу масалани саҳобаларнинг ўзидан сўраш керак. Тарихда шундай бўлган ҳам. Саҳобаи киромлар Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу бошчиликларида ўша даврдаги иккита катта империянинг бири бўлмиш Форс давлати чегарасига келиб тушдилар. Бундан хабар топган Форс давлати Рустам исмли лашкарбоши раҳбарлигида тайёргарлигини кўриб қўйган эди. Рустам мусулмонлар томонга элчиларини юборди. Форс элчилари мусулмонларнинг бошлиғини тополмай анча вақт овора бўлишди. Чунки Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳунинг алоҳида ажратилган жойи ҳам, кийими ҳам йўқ эди. У киши лашкарлари билан аралашиб юрар эдилар. Элчилар у кишини одамлар орасидан топишди. Ўзларини таништирган элчилар, Форс давлати раҳбарлари мусулмонлар вакили билан гаплашмоқчи эканини билдиришди. Саъд ибн Абу Ваққос орқаларига шундай қараган эдилар, ерда ёнбошлаб ётган, юпун кийинган Рибъий исмли саҳобага кўзлари тушди. Унга: «Сен булар билан боргин, бошлиқлари бизнинг вакилимиз билан гаплашмоқчи экан», дедилар. Рибъий розияллоҳу анҳу бир чапдаст ҳаракат билан найзасига таяниб от устига сакраб минди ва элчиларга қараб: «Кетдик», деди. Элчилар лол бўлиб туриб қолишди. Бир жулдурвоқи кийинган «вакил»га, бир ерда ўтирган «амир»га қарашди. Ўзаро бир нималарни гаплашишди-да, ниҳоят, катталари Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳуга: «Бундан кўра тузукроқ одам йўқми?» деди. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу: «Ичимизда тузугимиз шу, вакил юборишни сизлар сўрадингиз, биз эмас», дедилар.

Ноилож қолган элчилар ўша вакилни олиб, йўлга чиқишди. Қароргоҳга яқинлашишлари билан элчилар отдан тушиб, таъзим қилиб юра бошлашди. Мусулмонларнинг вакили Рибъий розияллоҳу анҳу эса, уларнинг бу кулгули ҳолларини томоша қилиб, отдан тушмай кулиб ичкарига кирди. Аммо қоровуллар бирдан ёпирилиб, уни от устидан тортиб олишди ва улуғлари олдига от миниб бориб бўлмаслигини тушунтиришди. Аммо у киши бошини мағрур тутиб, найзасини ерга қадаб-қадаб кета бошлади. У ҳар сафар найзасини ерга урганида, ерга тўшалган бир йўлбарс терисини тешар эди. Рибъий розияллоҳу анҳу тўғри бориб, тахтда ўтирган бошлиқнинг ёнидан жой олди. Аммо хизматкорлар дарҳол у кишини пастга ўтиришга мажбур этишди. Шунда Рибъий розияллоҳу анҳу: «Бизга сизлар ҳақингизда, адолатли подшоҳларингиз ҳақида хабарлар борар эди. Ҳаммаси беҳуда экан. Агар ўзингизга ўхшаш бир одамга шунчалар таъзим қиладиган бўлсангиз, бизга ҳеч ҳам тенг кела олмайсизлар», деди.

Форсларнинг каттаси таржимонга: «Ундан сўра-чи, нима учун келишди экан?» деди. Рибъий розияллоҳу анҳу бу савол жавобига асрлар бўйи қоида бўлиб қолган жумлани айтди: «Аллоҳ таоло бизни бандаларни бандаларга ибодат қилишдан Аллоҳга ибодат қилишга, динларнинг жабридан Исломнинг адлига, бу дунё торлигидан у дунё кенглигига чиқариш учун юборди», деди.

Ҳа, мусулмон фотиҳлар бошқа юртларга фойдаларини кўзлаб эмас, балки Аллоҳнинг амрини бажариш учун боришган. Улар дунёдаги инсонлар қулликнинг турли кўринишларидан озод бўлиши учун курашишган. Ер юзида фақат Аллоҳнинг ҳукми барқарор бўлишини исташган. Улар ер юзидаги бирон кимсага жабр ва зулмни раво кўришмаган. Ҳар ким хоҳлаган динини танлаб, Ислом адолатидан фойдалансин, деб ҳаракат қилишган. Улар қайси юрт тупроғига қадам қўйишса, олдин ерли аҳоли орасида тушунтириш ишларини олиб боришган. Чунки уларнинг вазифаси кишиларга Аллоҳнинг дини Исломни етказиш бўлган. Улар ҳақ динга тарғиб қила туриб: мусулмон бўл – саломатлик топасан ёки динингда қолмоқчи бўлсанг, жизя бер; унга ҳам, бунга ҳам кўнмасанг, орамизда уруш бўлади, дейишган.

Мусулмон фотиҳлар: «Биз тажовузкор уруш қилмаймиз, бировни динимизга киришга мажбур ҳам этмаймиз. Биз фақат бошқаларни Исломга даъват қиламиз, ким хоҳласа, мўмин бўлсин, хоҳламаса, кофирлигича қолсин. Ўзининг иши. Фақат бизнинг йўлимизни тўсмасин, бошқаларни даъват қилишимизга халақит бермасин. Исломга кирмоқчи бўлганларнинг ҳам йўлини тўсмасин. Бизнинг фикримизча, инсон фақат мусулмон бўлгандагина ёлғиз Аллоҳга ибодат қилади. Бу ҳақиқатни одамларга етказиш бизга топширилган. Топшириқни адо этишимизга тўсиқ бўлма! Ким бетараф бўлса, марҳамат, четда тинч-омон тураверсин. Лекин ким бизга қарши чиқса, даъватга йўл бермаса, бошқаларнинг Исломни ўрганишига тўсиқ бўлса, у билан урушишдан бошқа илож қолмайди», дейдилар.

Мусулмонларга уруш қилганларга қарши уруш қилинади, холос. Уруш пайтида, Исломий қоида бўйича, қари кишилар, ёш болалар, аёллар ва ибодатхоналарга тегиш мумкин эмас. Шунингдек, қурол кўтариб чиқмаганлар ҳам тинч қоладилар. Агар Аллоҳ нусрат бериб, мусулмонлар ғолиб келишса, душманни қуролсизлантириб, уларнинг Ислом соясида тинч-омон яшашлари жорий қилинади. Урушмасдан дастлабки даъватдаёқ ўз динида қолиб, жизя беришни ихтиёр этганлар ҳам мусулмонлар билан бирга тинч-омон яшайверишади.

Жизя одамларни қийнаш учун жорий қилинган солиқ эмас. У ҳар бир бошга мажбурий ҳам эмас, балки қодир кишилардан маълум миқдорда олинадиган тўловдир.

Биринчидан, жизя Аллоҳнинг динига даъват қилишнинг йўлини тўсмаслик, қарши турмаслик аломати сифатида берилади.

Иккинчидан, жизя берган шахсни мусулмонлар ички ва ташқи душманлардан ҳимоя қилишади. Унинг ўзи, молу мулки ва оила аъзоларининг ҳимоясини ўз зиммаларига олишади. Жизя тўлаган киши ҳарбий хизматдан ва бошқа сафарбарликлардан озод қилинади.

Учинчидан, жизя тўлаган киши мусулмонлар тақдим этадиган оммавий-ижтимоий таъминотлардан фойда олади. Улар қурган кўприк, йўл, бозор ва бошқа нарсалардан фойдаланади. Қариганда, кексалик нафақаси олади.

Тўртинчидан, жизя олгандан сўнг мусулмонлар юқорида зикр этилган ишларни бажара олишмаса, жизя қайтариб эгасига топширилади. Умуман, жизя масаласига тузукроқ назар солинса, уни ҳар ким ўзи учун, ўз фойдаси учун бериши аён бўлади.

Исломдаги жизянинг адолатини янада яхши тушуниш учун уни танқид қилиб, адолатсиз деганлардан бирининг муомаласига назар солайлик. Собиқ тузумдагилар ўз фойдасини кўзлаб, кишиларни алдаш учун баъзи диний ташкилотлар тузишган эди. Бу ташкилотларда фақат улар ихтиёр қилган кишилар ишлашига қарамай, ўша ташкилотларга ҳам, уларда ишловчиларга ҳам мисли кўрилмаган оғир солиқлар солинар эди. Баъзи бир маиший хизматлар учун диний ташкилот ва ходимлар томонидан тўланадиган ҳақ ҳам бошқалар тўлайдиган тўловлардан ортиқча эди. Бунинг устига, улар диний ишда ишлаган ватандошларга ҳар қандай нафақа беришдан, жумладан, қарилик нафақаси беришдан мутлақо бош тортар эдилар. Валлоҳу аълам.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ

«Ҳилол» журналининг 12(21) сонидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳозирги кунда жамиятимизда турли хил расмрусмлар қаердадир кенг, қаердадир тор доираларда тарқалди. Улардан бири тўёнадир. Бу ҳам хозирга кунда расмиятчиликка давоми...

3153 09:48 / 04.09.2019
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадиРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни.Аллоҳ раҳматини юзга бўлиб, тўқсон тўққизтасини Ўз ҳузурида олиб қолди. давоми...

4302 11:30 / 21.05.2019
Наср ибн Алидан ривоят қилинади .Язид ибн Зурайъни вафотидан сўнг тушимда кўриб, .Аллоҳ сенга қандай муомала қилди, деб сўрадим. Язид .Аллоҳ мени мағфират қилди,, давоми...

1623 07:10 / 03.10.2019
Ҳафс ибн Умар Жаъфарий айтади .Довуд Тоий бетоб бўлиб қолди. У жаҳаннам зикр қилинган бир ояти каримани кечаси билан такрортакрор ўқиб, эрталаб бетоб бўлиб давоми...

3052 07:30 / 21.02.2019