1447 йил 23 жумадис сони | 2025 йил 14 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсири ҳилол

Бақара сураси, 194-оят

16:20 / 01.02.2018 4193 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳаром ойга ҳаром ой. Ҳаром қилинган нарсаларда қасос бор. Ким сизга тажовуз қилса, сиз ҳам унга қилган тажовузига ўхшаш тажовуз қилинг. Ва Аллоҳга тақво қилинг ҳамда билингки, албатта, Аллоҳ тақводорлар биландир. Бақара 194. 

Ояти каримадаги «Ашшаҳрулҳарому» деб келган таъбирни «ҳаром ой» деб таржима қилдик. «Ҳаром ой» дегани «уруш ҳаром қилинган ой» деганидир. Аллоҳ таоло Ҳарами шариф ҳудудини тинчлик-омонлик макони қилиб қўйганидек, зулқаъда, муҳаррам ва ражаб ойларини тинчлик-омонлик замони қилиб қўйди. Ушбу ойларда уруш қилиб бўлмайди. Жоҳилият аҳли ҳам бу ҳукмга қаттиқ риоя қилар эдилар. Улар йил давомида турли баҳоналар топиб, бир-бирлари билан қирпичоқ бўлиб урушсалар ҳам, (уруш) ҳаром қилинган ойлар келиб қолса, таққа тўхтаб қолар эдилар. Ҳатто ўша ойларда отаси ёки боласини ўлдирган одам олдидан ўтса ҳам, унга тегмас эдилар. Аммо Набий алайҳиссалом бошлиқ мусулмонлар Мадинаи Мунавварадан зулқаъда ойида – уруш ҳаром қилинган ойда умрага келганларида, мушриклар уларнинг йўлларини тўсдилар ва уруш қилмоқчи бўлдилар. Ушбу ояти карима уларнинг тараддудларига жавоб бўлиб келди.

«Ҳаром ойга ҳаром ой», яъни ким уруш ҳаром қилинган ойнинг ҳурматини бузса, унга бу ой берган ҳурматлар бекор қилинади. Агар у бу ойни ҳурмат қилмай, уруш бошласа, унга қарши уруш қилинади.

«Ҳаром қилинган нарсаларда қасос бор», яъни ҳаром қилинган нарсани ким қандай бузса, унга ўшанга яраша жазо берилади, ундан қасос олинади.

Мусулмонларга қарши уруш очиб, ҳаром қилинган нарсани бузиб, тажовузкорлик қилганлардан ўч олинади. Аммо ўч олишда маълум чегара бўлиб, мусулмонлар ундан чиқмайдилар. Қилган душманлигига яраша жавоб қилинади, ошириб юборилмайди ёки камайтириб қўйилмайди:

«Ким сизга тажовуз қилса, сиз ҳам унга қилган тажовузига ўхшаш тажовуз қилинг».

Албатта, бу ишларни амалга ошириш қийин, айниқса, душманлик қилиб, аччиқни чиқарган одам билан бўладиган муомалада. Шунинг учун ҳам тақво зарур. Аллоҳдан қўрқадиганларгина бундай улкан ишни амалга оширишлари мумкин. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло оятнинг охирида:

«Ва Аллоҳга тақво қилинг ҳамда билингки, албатта, Аллоҳ тақводорлар биландир»,  демоқда.

Эътибор берадиган бўлсак, нафақат Аллоҳга ибодат қилганда ёки одамлар билан муомалада, балки душман билан урушаётганда ҳам тақво зарур экан. Аллоҳ таоло уруш ҳақидаги ояти каримани ҳам тақвога амр қилиш билан якунламоқда.

  Аллоҳ таоло мусулмонларга жиҳодни, Аллоҳнинг йўлида кофирларга қарши урушни фарз қилганда, улар шавқ-завқ билан жиҳодга чиқдилар. Улар ўзлари улов топиб, қурол топиб, озиқ-овқат, кийим-кечак ва бошқа керакли нарсаларни топиб, жиҳодга чиқишар ва шаҳид бўлишга ошиқишарди. Ҳеч ким мужоҳидларга қурол, озиқ-овқат ёки бошқа нарсаларни топиб бермас эди. Шу билан бирга, камбағал мусулмонлар жиҳодга чиқишга молу пуллари йўқлигидан зорланиб, Набий алайҳиссаломнинг олдиларига келиб, уларни ҳам жиҳодга олиб боришларини сўрашар эди. Бу ишларнинг ҳаммасига пул-мол керак эди.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Батаҳқиқ, сенга равшан оятларни нозил қилдик, уларга фақат фосиқларгина куфр келтирурлар. Бақара 99.Аллоҳ таоло Қуръони Карим оятларини очиқойдин, равшан қилиб давоми...

4992 10:00 / 25.10.2017
Бас, Мени зикр қилинг, сизни эсларман. Ва Менга шукр қилинг, куфр келтирманг. Бақара 152.Ушбу оят ўзи қисқа бўлишига қарамай, оламолам маъно касб этади. Аллоҳ таоло давоми...

9796 10:45 / 19.12.2017
Мусодан кейинги Бану Исроилдан бўлган зодагонларни билмадингми Ўшанда улар ўз набийларига .Бизга бир подшоҳ тайин қилгин, Аллоҳнинг йўлида уруш қилайлик,, ndash давоми...

4241 09:55 / 29.03.2018
Эсла, вақтики, Иброҳим .Роббим, буни омонлик юрти қилгин ва аҳлидан Аллоҳга ва қиёмат кунига иймон келтирганларини мевалар ила ризқлантиргин,, ndash деди. У Зот .Ким давоми...

4148 17:30 / 23.11.2017
Аудиолар

213495 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

132708 14:35 / 11.08.2021