1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсири ҳилол

Бақара сураси, 195-оят

11:20 / 03.02.2018 7421 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 Ва Аллоҳнинг йўлида нафақа қилинг. Ўзингизни ҳалокатга ташламанг. Яхшилик қилинг, албатта, Аллоҳ яхшилик қилувчиларни севадир. Бақара 195.

Бу ояти каримада Аллоҳ таоло мусулмонларни Ўзининг йўлида пул-мол нафақа қилишга буюрмоқда.

«Ва Аллоҳнинг йўлида нафақа қилинг».

Бунга савоб ва хайрли ишлар учун нафақа қилиш киради.

«Ўзингизни ҳалокатга ташламанг» жумласида бир неча хил маъно бор.

Бири: «Аллоҳнинг йўлида нафақа қилмай, ўзингизни ҳалокатга дучор қилманг», яъни «Бахиллигингиз ҳалокатга сабаб бўлмасин», дегани.

Яна бир маъноси: «Ўзингизни ўзингиз ўлдирманг. Бир киши ўзининг ўлимига ўзи сабаб бўлса, «ўзини ўзи ўлдирди», – дейилади. Шунга ўхшаган бўлмасин», дегани.

Имом Олусий: «Ушбу оятдан ўлимга сабаб бўладиган нарсага бормаслик кераклиги келиб чиқади», – деганлар.

«Яхшилик қилинг, албатта, Аллоҳ яхшилик қилувчиларни севадир».

Эҳсоннинг ҳақиқий маъносини эса Набий алайҳиссалом «Эҳсон – Аллоҳга Уни кўриб тургандек ибодат қилишингдир. Агар кўрмасанг, У сени кўриб тургандек ибодат қилишдир», – деб таърифлаганлар.

Ушбу ояти карималар уруш ҳақида нозил бўлган биринчи оятлар ҳисобланади. Бунгача Аллоҳ таоло мусулмонларга урушга рухсат бермаган, балки сабр қилиб туришга даъват қилган эди.

Ислом – тинчлик дини, лекин зарурат туғилганда, қоидаларига риоя қилган ҳолда урушга киришга рухсат берган. Бу масалада дўсту душманлар орасида турли тушунмовчиликлар тарқалиб ва ўрнашиб кетган. Душманлар Исломни урушдан иборат, деб тушунадилар. Уларнинг фикрича, мусулмон бўлган одамга жиҳод – кофирларга қарши уруш фарз бўлади. Ҳар бир мусулмон кўзига кўринган кофирни ўлдириши фарз ҳисобланади. Улардан «Бу гапни қаердан олдингиз?» – деб сўралса, «Қуръонда «Уларни (яъни кофирларни) топган ерингизда қатл қилинг» деган оят бор», – дейдилар. Дўстлар эса «Ислом – тинчлик дини, урушга рухсат бермайди, фақат биров уруш қилиб қолсагина, ўзини ҳимоя қилиш учун урушга рухсат берган», – дейишади. Улар бу гапларига Аллоҳ таолонинг «Сизга уруш қилаётганларга қарши Аллоҳнинг йўлида уруш қилинг» деган оятини келтирадилар. Аслини олганда, икки томон ҳам тўғри фикрда эмаслар. Маълумки, Қуръони Карим турли масалаларни алоҳида бобларга бўлиб муолажа қилмаган. Балки бир сурада турли мавзулардаги оятлар, бир мавзуга оид оятлар эса бир неча сураларда тарқоқ келади. Бу Қуръонга хос илоҳий услуб. Бу услубни шариат аҳкомларини, араб тилини ва бошқа кўплаб илмларни ўзлаштириб, маълум даражага етгандагина тўлиқ тушуниш мумкин. Бир оятнинг бир бўлаги, ярми ёки бутун оятнинг маъносидан ҳукм чиқариб, бир мавзудаги масалани ҳал қилиб бўлмайди. Балки шу мавзудаги ҳамма оятларни ва саҳиҳ ҳадисларни яхшилаб ўрганиб чиқиб, сўнгра бирор фикр айтиш мумкин.

Жиҳод ҳақидаги оятларнинг барчасини ўрганиб чиққандан сўнг маълум бўладики, Исломда жиҳод ҳукми шароитга қараб ўзгариб туради. Дунёда фитна бўлмаслиги учун, Аллоҳнинг дини устун бўлиши учун қилинадиган жиҳод фарзи кифоя ҳисобланади. Бунда Исломни дунё бўйича тарқатиш, Аллоҳнинг дини йўлидаги ғовларни йўқотиш учун жиҳод қилинади. Кимки Ислом даъвати йўлига тўсиқ бўлмаса, эрки ўзи билан – хоҳлаган динига эътиқод ва амал қилаверсин. Аммо тўсиқ бўлиб, мусулмонларга душманлик қилса, у билан уруш қилинади.

Агар душманлар бирор мусулмон юртига уруш қилиб, бостириб кирсалар, жиҳод ҳамма мусулмонларга фарзи айн бўлади. Ҳамма урушга чиқмоғи зарур бўлади.

Баъзи бир ҳолатлар бўладики, унда уруш қилиш билан қилмаслик тенг бўлиб қолади.

Яна бир ҳолатларда тинчлик учун ҳаракат қилиш зарур бўлади. Буларнинг ҳукми бошқа оятларда баён қилинади.

  Шу ерга келганда, мусулмонлар Набий алайҳиссалом билан ҳажга келганларида мушриклар уруш ҳаром қилинган ойда ва жойда уларга қарши уруш қилмоқчи бўлганлари сабаби билан нозил бўлган ояти карималар тамом бўлади.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Тавба 5. Бас, ҳаром ойлар чиққанда, мушрикларни қаерда топсангиз, ўлдиринглар, тутинглар, қамал қилинглар ва уларни ҳар бир кузатиш жойида пойланглар. Агар тавба давоми...

6769 05:09 / 04.06.2017
Уларга Аллоҳнинг ҳузуридан ўзларидаги нарсани тасдиқловчи китоб келганда ndash ҳолбуки, илгари кофирларга қарши фатҳу нусрат кутар эдилар ndash бас, уларга ўзлари давоми...

3037 08:05 / 15.10.2017
Аллоҳ рибони нобуд қилур ва садақаларни ўстирур. Ва Аллоҳ ҳар бир кофир, гуноҳкорни суймас. Бақара 276. Бандалар пулмоллари зиёда бўлиши учун рибохўрлик қиладилар давоми...

5791 11:48 / 13.06.2018
Ҳар қачон бирор аҳд қилсалар, улардан бир гуруҳи уни бузаверадими Йўқ Кўплари иймон келтирмаслар. Бақара 100.Яҳудийларнинг аҳдни бузувчи халқ экани аввалги оятлар давоми...

3877 09:00 / 26.10.2017