1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминнинг баҳори

Шафоатдан энг саодатманд бўладиган киши

15:00 / 31.12.2020 5001 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ойнадан қор парчаларининг ўйноқлаб тушишини, шиддат билан ёғаётган ёмғирни кузатиб ўтирираркансиз, беихтиёр “Роббим, қудратинг олий!” дейсиз. Аллоҳнинг кўзимиз ўрганиб кетган мана икки мўжизаси устида тафаккур қила бошлайсиз. Ва бу ишни ёлғиз Ўзидан бошқа ҳеч ким қила олмаслигини тасдиқлайсиз: “Лаа илааҳа иллаллоҳ” дейсиз.

 Бу гал мана шу калима, яъни тавҳид калимасини айтиб юришнинг фойдалари ҳақидаги билимларимизни мустаҳкамлаймиз.   

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «مَا قَالَ عَبْدٌ لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ قَطُّ مُخْلِصًا إِلَّا فُتِحَتْ لَهُ أَبْوَابُ السَّمَاءِ حَتَّى تُفْضِيَ إِلَى الْعَرْشِ مَا اجْتُنِبَتِ الْكَبَائِرُ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ  

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қачон бир банда ихлос билан «Лаа илааҳа иллаллоҳ»ни айтса, албатта, бунга (унинг айтган сўзига) токи Аршга етиб боргунча осмон эшиклари очилур, модомики гуноҳи кабиралардан четланилган бўлса», дедилар».

Бундан зокир зикрнинг фойдасидан баҳраманд бўлиши учун гуноҳи кабираларни қилмаган бўлиши кераклиги келиб чиқади. Ана шунда унинг зикри Аршгача етиб боради ва дуолари ҳам қабул бўлади.

Бу ҳадиси шарифда «Лаа илааҳа иллаллоҳ»нинг фазли қанчалар улуғ экани баён қилинмоқда.

«Лаа илааҳа иллаллоҳ» калимаси Аллоҳдан ўзга барча нарсадан илоҳлик – ибодатга сазоворликни манфий қилади.

«Лаа илааҳа иллаллоҳ» калимаси илоҳлик, яъни ибодатга сазоворликни фақат Аллоҳ таолонинг Ўзига исбот қилади.

«Лаа илааҳа иллаллоҳ» тавҳид калимаси, калимаи тоййиба ва ихлос калимаси ҳам дейилади.

Уламолар «Лаа илааҳа иллаллоҳ»ни қисқача қилиб «таҳлил» деб атайдилар. Китобларда «Таҳлил айтди» деган ибора келса, «Лаа илааҳа иллаллоҳ»ни айтди, деб англаш лозим.

«Лаа илааҳа иллаллоҳ» калимаси барча пайғамбарларга юборилган динларнинг хулосасидир.

«Лаа илааҳа иллаллоҳ»ни айтмагунча уни айтишга қодир бўлган кишининг иймони дуруст бўлмайди.

«Лаа илааҳа иллаллоҳ»ни айтиб, шаҳодат келтирган ва Муҳаммад алайҳиссаломнинг пайғамбарликларини тасдиқлаган одам мусулмон бўлади.

«Лаа илааҳа иллаллоҳ» иймоннинг олий шуъбасидир.

«Лаа илааҳа иллаллоҳ» азон ва иқоманинг жузи, яъни бир қисмидир.

«Лаа илааҳа иллаллоҳ» энг афзал зикрдир.

«Лаа илааҳа иллаллоҳ»ни ҳар замон ва ҳар жойда айтиб туриш мустаҳабдир.

Каъбаи муаззаманинг таги ва деворларининг одам бўйидан баландроқ жойигача мармар билан қопланган. Деворларнинг қолган қисми ва шифти «Лаа илааҳа иллаллоҳу» деб ёзилган яшил рангдаги қимош — мато билан қопланган.

Бир марта «Лаа илааҳа иллаллоҳ» деб таҳлийл айтиш ҳам садақадир.

«Лаа илааҳа иллаллоҳу»ни кўп зикр қилиш барча зикр мактабларининг асосий йўналишидир.

Ким Аллоҳ таолони махсус лафз ила зикр қилишни истаса, «Лаа илааҳа иллаллоҳ»ни кўпроқ айтсин. Ўшанда энг афзал зикрни қилган бўлади, яъни одам боласи айтиши мумкин бўлган энг афзал лафзни айтган бўлади.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّهُ قَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ مَنْ أَسْعَدُ النَّاسِ بِشَفَاعَتِكَ يَوْمَ الْقِيَامَةِ؟ قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: لَقَدْ ظَنَنْتُ يَا أَبَا هُرَيْرَةَ أَلَّا يَسْأَلُنِي عَنْ هَذَا الْحَدِيثِ أَحَدٌ أَوَّلُ مِنْكَ لِمَا رَأَيْتُ مِنْ حِرْصِكَ عَلَى الْحَدِيثِ: أَسْعَدُ النَّاسِ بِشَفَاعَتِي يَوْمَ الْقِيَامَةِ مَنْ قَالَ لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ خَالِصًا مِنْ قَلْبِهِ أَوْ نَفْسِهِ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ  

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«У киши:

«Эй Аллоҳнинг Расули, қиёмат куни сизнинг шафоатингиздан энг саодатманд бўладиган ким?» деган экан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Эй Абу Ҳурайра, сенинг ҳадисга ўта қизиқишингдан шу гапни сендан олдин ҳеч ким сўрамаслигини билган эдим. Қиёмат куни менинг шафоатимдан энг саодатманд бўладиган кимса «Лаа илааҳа иллаллоҳ»ни чин қалбдан (ёки нафсидан) ихлос билан айтган одамдир», дедилар».

Бухорий ривоят қилган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ана шундай саволларидан бирида:

«Эй Аллоҳнинг Расули, қиёмат куни сизнинг шафоатингиздан энг саодатманд бўлдиган ким?» яъни, қиёмат куни сизнинг шафоатингиздан энг кўп насибага ҳиссадор бўладиган ким, деб сўраган эканлар.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Эй Абу Ҳурайра, сенинг ҳадисга ўта қизиқишингдан шу гапни сендан олдин ҳеч ким сўрамаслигини билган эдим», дебдилар.Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз гапларининг давомида:

«Қиёмат куни менинг шафоатимдан энг саодатманд бўладиган кимса «Лаа илааҳа иллаллоҳ»ни чин қалбдан (ёки нафсидан) ихлос билан айтган одамдир», дедилар.

Бу ерда ҳам ихлосга алоҳида эътибор берилмоқда. Ихлос Аллоҳни кўриб тургандек ибодат қилиш эди.

Демак, калимаи тавҳидни Аллоҳни кўриб тургандек ҳис билан, чин қалбдан айтиш қиёмат куни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатларидан энг кўп баҳраманд бўлишга олиб келар экан.

Аввало, чин қалбдан ихлос билан айтиш шартлигию ихлос билан айтиш амалсиз бўлмаслигини унутмаслигимиз лозим.

Иккинчидан, «Лаа илааҳа иллаллоҳ» дейишдан мақсад, фақат шу иборани айтишдангина иборат эмас. Чунки ҳатто муржиаларнинг ўзлари ҳам «Лаа илааҳа иллаллоҳ»га «Муҳаммадур Расулуллоҳ»ни қўшиб айтмаса бўлмаслигини, бошқа иймон келтириш лозим бўлган нарсаларга иймон келтирмаса бўлмаслигини яхши биладилар.

Демак, «Лаа илааҳа иллаллоҳ»ни айтишдан мурод, Аҳли сунна ва жамоа қабул қилганидек, калимаи тавҳидни айтиб, унинг тақозоси бўйича иш тутишдир.

عَنْ مُعَاذِ بْنِ جَبَلٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَنْ كَانَ آخِرُ كَلَامِهِ لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ دَخَلَ الْجَنَّةَ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ وَالْحَاكِمُ وَصَحَّحَهُ  

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Кимнинг охирги каломи «Лаа илааҳа иллаллоҳу» бўлса, жаннатга киради», дедилар».

Абу Довуд, Термизий ва Ҳоким ривоят қилганлар ва Ҳоким саҳиҳ, деган.

Аллоҳ таоло барчаларимизни ана шундай чиройли ўлим топган, бахтли бандалари қаторида қилсин.

“Ҳадис ва ҳаёт” ҳамда “Нақшбандия: вазифалар, зикрлар” китоблари асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Қуръони Карим тиловати буюк ибодатлардан. Қуръон дунёда ҳидоятчи, охиратда шафоатчидир.Икки дунё саодатини таъминловчи бу Китобнинг тиловати кўнгилларга ҳузур давоми...

175981 11:42 / 05.01.2019
Нафл намозларнинг тури кўп. Аммо кўнгил тусаганда икки ракат намоз ўқиб, ҳузурланишдек роҳат борми бу дунёда Тунда ширин уйқудан уйғониб, таҳажжуд намози ўқишнинг давоми...

40808 17:17 / 18.12.2020
Нуриддин Маҳмуд Занги фақирлар ва мискинларга, хоссатан, илм толибларига кўп инфоқ қилаётгани, уларни кўпроқ дуосини олишга интилаётганини кўрган яқинлари уни бу давоми...

1950 10:19 / 19.01.2022
Эрталаб иш, ўқиш ёки бошқа бир сабаб билан йўл четида кетиб бораркансиз, кузнинг оёғингиз остига тўшаган гилами ndash олтин япроқларга бефарқ ўтиб кетмасангиз керак. давоми...

3284 15:00 / 27.11.2020