1446 йил 3 рабиъус сони | 2024 йил 06 октябрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминнинг баҳори

Тунларни таҳажжуд ёритсин!

17:17 / 18.12.2020 34021 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Нафл намозларнинг тури кўп. Аммо кўнгил тусаганда икки ракат намоз ўқиб, ҳузурланишдек роҳат борми бу дунёда?! Тунда ширин уйқудан уйғониб, таҳажжуд намози ўқишнинг фазлини айтиб тугатиш қийин.

Айниқса, ҳозиргидек “адоғи кўринмас” тунларни узундан-узоқ уйқу билан эмас, анчагина қисмини ибодат билан, хусусан, таҳажжуд билан ўтказсак, кўнгил ҳам, ҳатто кечанинг ўзи ҳам мунаввар бўлиб кетади. Ахир, дил нурланиши унинг ободлигига, унинг оромига боғлиқ. Қалб эса Аллоҳнинг зикри ила ором олур!

Қалбимизни ором олиши учун қишнинг этаги узун тунларини ғанимат билиб қолиш ҳам бахт. Бахт бўлганда ҳам мўминлик бахти.

Сизнинг пичирлаган қироатингиз, пиқ-пиқ йиғингиз, салавоту дуоларингиз, Аллоҳга муножотингиз тун осудалиги “бузса” нима қилибди? Бу “беоромликдан” туннинг ўзи ҳам хурсанд бўлиши аниқ!

Таҳажжудга туринг, у тунларингизни ёритсин. Келинг, аввало, таҳажжуд намози ҳақидаги билимларимизни такрорлаб оламиз.

      Аллоҳ таоло: 

«Кечанинг баъзисида у ила таҳажжуд қил. Сенга нофила ўлароқ. Шоядки, Роббинг сени мақтовли мақомда тирилтирса», деган (Исро сураси, 79-оят).

Ушбу оят билан таҳажжуд намозига тарғиб қилиш Қуръонда келганлиги эслатилмоқда. Кечаси бир ухлаб туриб, ўқиладиган намоз таҳажжуд намози деб аталади. Шунингдек, бу намоз «қиём намози» деб ҳам аталади. Аввал бу намоз вожиб бўлган эди. Бир йилча вақт ўтганидан кейин вожиблиги насх қилинган.

Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Сизларга кечанинг қиёми лозимдир. Чунки у сизлардан олдинги солиҳларнинг одатидир. У Роббингизга қурбатдир. У ёмонликларга каффоротдир. У гуноҳлардан қайтарувчидир», дедилар».

Бошқа бир ривоятда: 

«У жисмдан дардни қувгувчидир» ҳам деганлар.

Термизий, Аҳмад ва Ҳоким ривоят қилганлар.

Шарҳ: Намознинг фойдаларини санаб, саноғига етиб бўлмайди. Унинг турли фойдаларини қадимда ҳам, ҳозирда ҳам яхши билиб, тарғиб қилиб келганлар.

Ушбу ҳадисда эса тунги намознинг ўзига хос баъзи фойдалари зикр қилинмоқда:

1. «У сизлардан олдинги солиҳларнинг одатидир». 

Ислом умматидан олдин қанча умматлар ўтган бўлса, уларнинг барчаларининг солиҳлари кечаси намоз ўқишни ўзларига одат қилиб олган эканлар. Ислом умматининг солиҳлари ҳам бу ибодатни ўзларига одат қилиб олишлари лозим экан. Демак, ким кечаси таҳажжуд намози ўқишни ўзига лозим тутса, инсоният тарихида ўтган барча умматларнинг аҳли солиҳларининг ибодат силсиласига қўшилган бўлар экан. Ҳар биримиз ушбу саодатга эришиш пайидан бўлмоғимиз лозим.

2. «У Роббингизга қурбатдир». 

Роббил оламийнга яқин бўлиш ҳар бир мўминнинг олий ғояси, орзу-умидидир. Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш учун ҳар қандай ишга рози бўлганлар кўп. Ана шу қурбатга эришишнинг энг осон йўлларидан бири кечаси таҳажжуд намози ўқишдир. Ким Аллоҳга муқарраб банда бўлай, деса, кечаси таҳажжуд намози ўқисин. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам хабар берган нарса бўлмай қолмайди. У инсон албатта Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилади.

3. «У ёмонликларга каффоротдир». 

Бандаи ожиз ёмонликларни қилиб қўйиб, уларни қандай ювишни ўйлаб юради. Содир этилган ёмонликларнинг энг яхши каффороти кечаси ўқиладиган таҳажжуд намози экан. Бас, шундай экан, бу намозни ўқишга ҳар бир мусулмон банда ҳаракат қилмоғи керак.

4. «У гуноҳлардан қайтарувчидир».

Инсон ҳал қилиш чорасини топа олмайдиган муаммолардан бири қандай қилиб гуноҳдан четланиб қолишдир. Бу муаммони ҳал қилишнинг энг самарали чораси – кечаси таҳажжуд намози ўқиш экан. Бу намозни етарлича ўқиган одамда малака ҳосил бўлиб боради. Бошқалардан кўра гуноҳлардан четланиши осон бўлиб қолади. Аллоҳга етишган, валийлик даражасига эга бўлган азизларнинг барчалари тунги таҳажжуд намозидан тўла фойдаланганликлари ҳеч кимга сир эмас.

5. «У жисмдан дардни қувгувчидир».

Демак, таҳажжуд намозининг саломатликка ҳам фойдаси бор экан. Бу иш ҳам тажриба ва илм ила собит бўлган ҳақиқатдир.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, таҳажжуд намозида бу дунё яхшилигию охират саодати мужассамдир.

Муғийра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам намозда туравериб, ҳаттоки оёқлари ёки болдирлари шишиб кетарди. Кейин у зотга (бу ҳақда) айтиларди. Бас, у зот, шукр қилувчи банда бўлмайинми?» дер эдилар».

Икки Шайх, Насаий ва Термизий ривоят қилганлар.

Термизийнинг лафзида: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқийвериб, икки оёқлари шишиб кетди. Шунда у зотга: 

«Сизнинг аввалгию охирги гуноҳларингиз мағфират қилинган бўлса ҳам шунчалик ўзингизни машаққатга қўясизми?!» дейилди. Бас, у зот: 

«Шукр қилувчи банда бўлмайинми?» дедилар».

Ушбу ҳадисда зикр қилинган ҳол тунги намоз туфайли бўлган эди. Сарвари олам, маъсум Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳажжуд намозини кўп ўқиганларидан, қиёмда узоқ тик турганларидан у зотнинг муборак оёқлари шишиб кетар эди. Бу ҳолатни билган баъзи саҳобаи киромлар у зотга ачинар эдилар. Нима дейишларини билмай, ахийри: «Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳ таоло сизнинг аввалгию охирги гуноҳларингизни кечириб қўйган бўлса ҳам оёғингиз шишиб кетгунича нафл намоз ўқийсизми?» дейишди. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Шукр қилувчи банда бўлмайинми?» дедилар.

Ё Аллоҳ! Камтарликни қаранг! Шукр қилишга бўлган интилишни қаранг! Инсониятнинг улуғи бўлмиш, Аллоҳнинг энг севикли Пайғамбари бўлмиш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам маъсум – гуноҳ қилмайдиган зот эдилар. Бунинг устига, Аллоҳ таоло у зотга Қуръон орқали олдингию кейинги гуноҳларини мағфират қилганини эълон ҳам қилган эди.

Дунёда таҳажжуд намозига эҳтиёжи йўқ битта одам бўлса, ўша одам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам эдилар. Лекин шундай бўлса ҳам, таҳажжудни кўп ўқиганларидан у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оёқлари шишиб кетарди. Таҳажжудни кўп ўқишдан мақсад эса битта – шукр қилувчи банда бўлиш эди.

Хўш, биз-чи, биз нима қилмоқдамиз?

Ичимизда таҳажжуд намози борлигини биладиганлар қанча?

Таҳажжуд намозини ўқиш кераклигини биладиганлар-чи?

Таҳажжуд намозини ўқийдиганларнинг ўзи қанча?

Таҳажжуд намози ўқиб, оёғи шишганлар борми?

Бу улуғ мақомга етиш учун ҳаракат қилмоғимиз керак. Аввал билмаган бўлсак, энди, билиб олганимиздан кейин интилмоғимиз зарур.

 

Яна бошқа ҳадисларни ўрганиб қуйидагича хулосалар қилиш мумкин:

 

Кечаси таҳажжуд намози ўқиш аввалги пайғамбарларга ҳам хос бўлган қадимги ибодатдир. Кечаси таҳажжуд намози ўқиш учун энг афзал услуб ва вақтни тақсимлаш Довуд алайҳиссаломга оид. У зот алайҳиссалом кечанинг ярмида ухлаб, учдан бир қисмида таҳажжуд намози ўқир эканлар. Кейин яна ётиб, олтидан бир қисмида ухлар эканлар. Демак, вақтида ухлаб, вақтида таҳажжуд намозини ўқир эканлар. Бу ўртача иш тутишдир. Кечанинг ҳаммаси ғафлат уйқусида ҳам ўтказилмайди, кечаси билан намоз ўқиб, уйқудан ҳам қолинмайди.

Таҳажжуд намозини енгилгина икки ракъат намоз ўқиш билан бошлаш тавсия қилинмоқда. Албатта, уйқудан туриш билан бирданига қаттиқ ҳаракат қилиш, узоқ тик туриб, намоз ўқиш оғир келади. Шунинг учун аввал енгилгина икки ракъат намоз ўқилса, бу ўзига хос чигал ёзиш машқи ҳам бўлади. Инсоннинг руҳи ҳам, жисми ҳам келажакдаги намозларга яхшилаб тайёрланади. Ана ундан кейин хоҳлаганича ўқийверади

Нафл ва таҳажжуд намозлари икки ракъатдан бўлганидир яхшидир.

Инсон нафл ва тунги таҳажжуд намозларининг саждасида хоҳлаганича дуо қилиши мумкин.

Ҳар бир мусулмон эркак кечаси хотинини уйғотиб, икковлари бир бўлиб, таҳажжуд намози ўқиб турсалар, ниҳоятда яхши бўлади.

Кунялари Абу Руқия бўлган Тамийм ибн Авс ибн Хорижа Дорий розияллоҳу анҳу   бошқа кўп фазилатлари қаторида айниқса таҳажжуд намози билан бедор ўтказувчи сифати ила улуғ саҳобалардан бирига айландилар.

Ҳофиз Сижжистоний Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳуни таърифлай туриб айтадилар: «... кечаларини таҳажжуд намози билан бедор ўтказувчи улуғ саҳобалардан эдилар».


«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ойнадан қор парчаларининг ўйноқлаб тушишини, шиддат билан ёғаётган ёмғирни кузатиб ўтирираркансиз, беихтиёр Роббим, қудратинг олийrdquo дейсиз. Аллоҳнинг кўзимиз давоми...

4915 15:00 / 31.12.2020
Инсон... У нимаси билан бошқа жонзотлардан мукаррам бўлди У кимки, фаришталар унга таъзим саждасини қилдилар Дунёда ҳамма нарса унинг хизматида, солиҳ амаллари давоми...

5990 20:30 / 05.01.2021
Эрталаб иш, ўқиш ёки бошқа бир сабаб билан йўл четида кетиб бораркансиз, кузнинг оёғингиз остига тўшаган гилами ndash олтин япроқларга бефарқ ўтиб кетмасангиз керак. давоми...

3190 15:00 / 27.11.2020
Ҳадиси шарифда ривоят қилинганки, сафарга чиққан бир одам билмасдан қабр устига капа тикиб олади. Кейин қабр ичидаги инсон Таборак сурасини охиригача қироат давоми...

160233 13:30 / 10.01.2019
Аудиолар

131169 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

51683 14:35 / 11.08.2021