1447 йил 14 жумадис сони | 2025 йил 05 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Муслималар саҳифаси

Ишончли дардкаш

11:10 / 29.12.2018 3725 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 Оиша онамизнинг зийракликлари

Оиша онамиз розияллоҳу анҳо жуда ҳам зийрак инсон эдилар. У кишининг зийракликлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шаънларига оид ишларда яна ҳам ҳассослашиб кетар эди. Буни Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг яҳудийларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қарши ишлатган ҳийлаларини фаҳмлаб қолиб, уларнинг додини берганларидан билиб олсак ҳам бўлади.

Муҳаддислардан Ибн Абу Ҳотим Оиша онамиздан бундай ривоят қиладилар:

«Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳузурларига яҳудийлар кириб келиб:

«Ас-сому алайка, эй Абул Қосим!» (Яъни «Сенга ўлим бўлсин») дедилар.

Оиша онамиз уларга:

«Ва алайкум ас-сому», дедилар.

Шунда Пайғамбар алайҳиссалом:

«Ҳой Оиша! Аллоҳ таоло фаҳш сўзларни хуш кўрмайди», дедилар.

Оиша:

«Уларнинг «Ас-сому алайка» («Сенга ўлим бўлсин»), деганини эшитмадингизми?» деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Менинг «Ва алайкум» («Сизларга ҳам»), деганимни эшитмадингми?» дедилар».

Яҳудийлар ҳар бир нарсада ҳийла ишлатиб, Расулуллоҳга ва мусулмонларга ёмонлик қилишнинг пайида бўлар эдилар. Ҳатто улар саломлашиш пайтида ҳам «Ас-салому алайкум» («Сизга тинчлик бўлсин») дейиш ўрнига тилларини буриб, «Ас-сому алайкум» («Сизга ўлим бўлсин), деб сезилмайдиган қилиб айтишарди.

Оиша онамиз розияллоҳу анҳо зийраклик қилиб, уларнинг ўз гапларини ўзларига қайтарган эдилар.

* * *

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўпгина дардларини Оиша онамиз билан баҳамлашар эдилар. Оиша онамиз у зотнинг ишончли дардкаши эдилар.

Имом Бухорий ва Муслим раҳматуллоҳи алайҳим Оиша розиялоҳу анҳодан ривоят қиладилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни Бани Зурайқ яҳудийларидан Лубайд ибн Аъсам исмли бир яҳудий сеҳрлади. Ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир нарсани қилганликни хаёл қилар эдилар, аммо қилмасдилар.

Ниҳоят, бир куни ёки бир кечаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дуо қилдилар. Сўнгра яна дуо қилдилар. Сўнгра яна дуо қилдилар. Кейин:

«Эй Оиша, сездингми? Аллоҳ мен У Зотдан фатво сўраган нарсам ҳақида фатво берди. Ҳузуримга икки киши келди. Улардан бири бош тарафимга, бошқаси икки оёғим тарафида ўтирди. Бас, бошим тарафдаги икки оёғим тарафдагига ёки икки оёғим тарафдаги бошим тарафдагига:

«Бу кишининг дарди нима?» деди.

«Сеҳрлангандир», деди униси.

«Уни ким сеҳрлади?» деди.

«Лубайд ибн Аъсам», деди униси.

«Нима ила?» деди.

«Тароққа, тараганда тушган сочга ва эркак хурмодан қилинган идишга», деди униси.

«У нарса қаерда?» деди.

«Зу Арвон қудуғида», деди униси.

Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларидан бир гуруҳ одам билан ўша ерга бордилар. Кейин (қайтиб келиб):

«Эй Оиша, Аллоҳга қасамки у(қудуқ)нинг суви ҳинонинг ивитилганига ўхшаб кетибди. У ердаги хурмолар худди шайтонларнинг бошларига ўхшайди», дедилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули, уни куйдириб юборганингизда эди», дедим.

«Йўқ. Менга Аллоҳ офият берди. Одамларга бирор ёмонлик қўзимасин, дедим. Амр қилдим, уни кўмишди», дедилар».

Бу ҳодиса ҳақида шунга ўхшаш бошқа ривоятлар ҳам бор. Уларда бу ерда зикр қилинмаган бошқа тафсилотлар ҳам зикр қилинган. Шунингдек, бу ривоят ва унда зикр қилинган ҳодиса ҳақида турли ихтилофлар ҳам бор.

Баъзи кишилар «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга сеҳр таъсир қилса, пайғамбарликларига футур етиб қолмайдими?» деган мулоҳазаларни ҳам қилганлар.

Муҳаққиқ уламоларимиз «Саҳиҳ ҳадисларда собит бўлган нарса инкор қилинмайди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан сеҳр қилинганлиги маълум ва машҳур, лекин у зотга қилинган сеҳр пайғамбарликларига футур етказмаганлиги ҳам собитдир», деганлар.

Бу ўринда биз эътибор беришимиз керак бўлган нарса Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга дардкаш бўла олиш фазлларидир.

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Кун, ҳафта, ой ва йил биз қайси даврдамиз Масалан, ўтган эллик ва кейинги эллик йил билан қиёслаганда бизнинг вақтимиз қандай белгиланади Ийсо алайҳиссалом давоми...

2375 11:00 / 16.11.2023
У Қуръони Каримда исми зикр қилинган ягона аёлдир. Аллоҳ таоло дунё аёлларидан уни танлаб олди ва мартабасини улуғ қилди. Унинг исми ndash Марям бинт Имрон. Қуръони давоми...

3416 08:55 / 04.06.2021
Маккалик Ҳинд бинти Авф ибн Зуҳайр исмли аёл кўп қиз туққани билан машҳур эди.У бир эри Ҳорис ибн Ҳазандан бешта қиз кўрган эди. УларЛубоба Кубро бинти Ҳорис.Осма давоми...

3888 16:05 / 29.01.2020
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларига хос ҳикмат ила иш тутдилар. У зот урушда катта мусибатга учраган аслзода аёлнинг, яъни София бинти Ҳуяй розияллоҳу давоми...

3146 09:30 / 06.11.2019
Аудиолар

210851 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130115 14:35 / 11.08.2021