Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
У Қуръони Каримда исми зикр қилинган ягона аёлдир. Аллоҳ таоло дунё аёлларидан уни танлаб олди ва мартабасини улуғ қилди. Унинг исми – Марям бинт Имрон. Қуръони Каримда «Фаришталарнинг: «Эй Марям, албатта, Аллоҳ сени танлаб олди, поклади ва оламдаги аёллардан устунлигингни ихтиёр қилди», дейилади.(Оли Имрон сураси, 42-оят)
Ушбу мақолада инсоният тарихидаги энг яхши аёллардан бири – Марям онамизнинг ҳаётидан етти ибратли сабоқни кўриб чиқамиз.
1.Амалларингизни қабул қилишини сўраб, Аллоҳ таолога дуо қилинг.Марям бинт Имроннинг онаси – Ҳанна ўзига зурриёт сўраб дуо қилганида Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло унинг дуосини қабул қилди. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда марҳамат қилади: «Имроннинг хотини: «Эй Роббим! Албатта, мен қорнимдагини холис Ўзингга назр қилдим. Бас, мендан қабул эт. Албатта, Сенинг Ўзинг эшитувчи, билувчи зотсан», деганини эсла!» (Оли Имрон сураси, 35-оят).
Аллоҳдан амалларингизни қабул қилишини сўраб турасизми? Каттами-кичикми – холис Ўзи учун қилган амалларингизни қабул қилишини сўраб дуо қилинг, албатта, кўплаб савобга эришасиз.
2. Ёшликнинг қадрига етинг!
Марям бинт Имрон ўсиб-улғаяр экан, бўш вақтини фақатгина илм ва ибодатга бағишлади. Аслзода қиз бўлишига қарамай, ёш тенгдошлари каби вақтини беҳуда суҳбату томошаларга сарфламади. Унинг яна бир камтарлиги – қаршисидаги неъматлар ҳақида сўралганида фахрланмади, самимийлик билан у неъматлар Аллоҳ таолодан эканини эътироф этди. «Бас, уни Робби жуда яхши қабул қилиб, ниҳоятда гўзал ўстирди ва Закариёни унга кафил қилди. Закариё ҳар қачон унинг олдига, меҳробга кирганида, унинг ҳузурида ризқ кўрди. У: «Эй Марям, сенга бу қаердан?» деди. Ул:«Бу Аллоҳнинг ҳузуридан. Албатта, Аллоҳ хоҳлаган кишисига беҳисоб ризқ беради», деди». (Оли Имрон сураси, 37-оят)
3. Аллоҳ таолодан паноҳ сўранг!
«Ва улар билан ўзи орасида тўсиқ олганда, Биз унга Ўз руҳимизни юбордик. Бас, у унга бус-бутун одам бўлиб кўринди. (Яъни, эй Муҳаммад, бу китобда (Қуръонда) Марямни эсла. Байтул Мақдисда яшаётган, бокира, тақводор қиз Марям, шаҳарнинг шарқий томонига ёлғиз чиқди. Нимага чиққанини Аллоҳ билади. Қавмидан ҳеч ким Марямни кўрмайдиган бўлди. У холи ва ёлғиз қолди. Жаброил алайҳиссалом Марямга тўла-тўкис одам сиймосида намоён бўлди. Аллоҳ уни яратган асл ҳолатида кўринмади. Чунки бус-бутун ҳолида кўринса, Марям буткул даҳшатга тушиши мумкин эди.)У: «Мен сендан Аллоҳ паноҳ беришини сўрайман. Агар тақводор бўлсанг...» деди». (Марям сураси, 17-18-оятлар).
Тасаввур қилинг, бир бегона инсон сизга зарар етказмоқчи, нима қиласиз? Ёрдам сўраб қичқирасизми, телефонга ёпишасизми ёки ўз кучингиз билан қаршилик қиласизми? Ҳаммасидан аввал Аллоҳдан паноҳ сўрашингиз Унга чин банда эканлигингизни кўрсатади. Мўмина Марям бинт Имрон шундай қилди.
4. Тушкунликка тушманг.
Марям бинт Имрон кўзи ёришидан аввал ҳеч ким йўқ жойларга кетади. Тўлғоқ азоби ва машаққатлари билан бир ўзи ёлғиз қолади. Оддий инсон бундай ҳолда жудаям тушкунликка тушиб қолиши мумкин. Марям онамиз эса ўзини Аллоҳ буюрганидай тутди: Парвардигорга ёлвориб дуо қилишда давом этди. У тушкунликка тушмади, чунки Аллоҳ таолога таваккул билан суянган эди.
Ҳар доим Аллоҳ таологагина суянинг. Сиздан ҳам оғир кунларни бошидан кечираётган инсонларга қаранг. Умид қилинг. Сабр ила яшанг. Аллоҳ таоло сабрингизни мукофотларга айлантириб беради. Марям онамизга берилган солиҳ зурриёт бунга ёрқин мисол.
5. Сиз ҳақингиздабилиб-билмай айтилган гапларга парво қилманг.
Марям онамиз чақалоғи билан қавмининг ёнига қайтганида ҳам ўзининг ажойиб бардошини кўрсатди. У яна Аллоҳга суянди ва сукут сақлашга аҳд қилди. Қавми уни койиб, таҳқирлай бошлаганида у ишора билан чақалоғини кўрсатди ва гўдак ўзи ва онаси номидан сўзлай бошлади...
Атрофдагиларнинг туҳмат ва таҳқирларига тоқат қилган вақтларингиз бўлганми? Марям онамиз пок иймони ва Аллоҳга бўлган таваккули билан ҳақоратларга қарши турди. Ва Аллоҳ уни халқ орасида шарманда қилиб қўймади – гўдакнинг сўзлари билан уни оқлади.
6. Вазифаларингизни бажаришда сабрли бўлинг.
Марям Бинт Имрон Аллоҳнинг буйруқларини шараф билан адо этди. Бу бизга ибрат. Аллоҳ таолонинг баъзи амрлари бизга қийин ёки оғир бўлиб туюлганда, Марям бинт Имроннинг бошига келган синовларни эсланг. Аллоҳ таолонинг пайғамбарларига, солиҳ зотларига келган синовларни бир зум бўлса-да, кўз олдингизга келтиринг. Улар ҳар қандай синовда ҳам исён қилмай ўз вазифаларини бажарганлар.
7. Фақат сўзловчи эмас, амал қилувчилардан бўлинг.
Марям бинт Имрон сабр ва бардоши билан Яратган Зот ҳузурида шарафли бўлди. У мўмин ва мўминалар учун ибрат бўлди.
Алҳамдулиллаҳ, Аллоҳ таоло бизга иймон неъматини берди. Биз умримиз давомида ўз динимизга мувофиқ яшашимиз ва бошқаларга унинг гўзаллигини намойиш этишимиз шарт. Меҳр-муҳаббатга, кўмакка муҳтож инсонларга ёрдам беринг. Қийинчиликларга сабрли ва бардошли бўлишга ҳаракат қилинг. Шукр қилинг, шукр қилувчилардан бўласиз. Мана шундай гўзал амаллар эгаси бўлинг ва динимиз гўзаллигини инсонлар қалбига жойланг.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Фаржини пок сақлаган аёлни эсла. Биз унга Ўз руҳимиздан пуфладик. Уни ва унинг ўғлини оламларга оят-белги қилдик». (Анбиё сураси, 91-оят).
Islam-today сайтидан эркин таржима
Манба: muslimaat.uz