1447 йил 22 жумадис сони | 2025 йил 13 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Илм талабида бўлиш фарздир

08:30 / 29.12.2018 2723 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Тарбиянинг иккинчи қисми болага таълим беришдир.

«Таълим» арабча «аллама» феълидан олинган масдар бўлиб, бир нарсанинг ҳақиқатини батафсил ва яхшилаб билдириш маъносини англатади. Илм эса бир нарсани воқеъликда қандай бўлса, ишонч ила ўшандай идрок қилишдир. Илм ўрганиш ҳар бир мусулмон учун фарздир.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмон зиммасига фарздир», дедилар».

Имом Аҳмад ва Ибн Можалар ривоят қилишган.

Демак, ҳар бир мусулмон илм талаб қилишни ўзи учун фарз деб билиши керак. Исломда илм талаб қилиш бешикдан то қабргача фарз қилинган. Келинг, ушбу маънони кенгроқ тушунишга ҳаракат қилайлик.

Фарз Аллоҳ таолонинг қатъий амри бўлиб, уни бажариш ҳар бир мўмин учун мажбурийдир. Фарз амални бажармаган одам катта гуноҳ иш қилган бўлади, охиратда иқобга учрайди.

Фарз икки қисмга бўлинади: фарзи айн ва фарзи кифоя.

«Фарзи айн» ҳар бир мусулмон шахсан бажариши лозим бўлган ишдир. Уни биров учун бошқа бир одам адо этгани билан фарз бажарилган бўлмайди. Бунга намозни мисол қилиш мумкин. Балоғатга етган ҳар бир мўмин инсон учун беш вақт намозни ўқиши фарзи айндир. Ўқимаган одам қаттиқ гуноҳкор бўлади.

«Фарзи кифоя» эса баъзи бир мусулмонлар адо этса, бошқалар учун кифоя қиладиган ишдир. Бунга мисол жаноза намозидир. Бир мусулмон вафот этса, уни ювиб-тараб, жанозасини ўқиб кўмиш ҳамма мусулмонлар учун фарз бўлади. Аммо фарзи кифоя бўлгани учун баъзи мусулмонлар жанозасини ўқиса кифоя. Бошқалардан фарз соқит бўлади.

Илм талаб қилиш борасида фарзнинг иккала қисми ҳам иштирок этади.

Ҳар бир мусулмон учун ўзига керак нарсани, ҳаёти учун зарурий илмни, дину диёнатни, ҳалол-ҳаромни билиб олишда зарур бўлган барча нарсани ўрганиш фарзи айндир. Ҳар бир мусулмон бу ишни қилиши шарт. Қилмаган одам гуноҳкор бўлади.

Мусулмонлар жамоаси учун керакли бўлган ҳунар ва илмларни талаб қилиш эса фарзи кифоядир. Ҳаётнинг ҳар бир соҳасида етарли мутахассисларни тайёрлаб чиқариш Ислом жамиятининг барча аъзоларига фарзи кифоя бўлади. Эҳтиёжни қондирадиган даражада ва ададда мутахассис тайёрлаган жамият аъзолари бўйнидан мазкур умумий масъулият соқит бўлади.

Бу фарз энди ўша мутахассислар зиммасига ўтади. Агар жамиятда уларнинг соҳаси бўйича камчилик юзага келса, гуноҳи ўша мутахассисларга бўлади.

Шунинг учун ҳам фарзандларига таълим бериш ота-онага вазифа этиб юкланган.

Аллоҳ таоло Таҳрим сурасида шундай деб марҳамат қилади:

ﯛ ﯜ ﯝ ﯞ ﯟ ﯠ ﯡ ﯢ ﯣ ﯤ ﯥ ﯦ ﯧ ﯨ ﯩ ﯪ ﯫ ﯬ ﯭ ﯮ ﯯ ﯰ ﯱ

«Эй иймон келтирганлар! Ўзингизни ва аҳли аёлингизни ёқилғиси одамлару тошдан бўлган оловдан сақланг. Унинг тепасида қўпол, дарғазаб фаришталар бўлиб, улар Аллоҳнинг амрига исён қилмаслар ва нимага буюрилсалар, шуни қилурлар» (6-оят).

Фарзандларига таълим бериш оила бошлиғининг Аллоҳ таолонинг олдидаги бурчи эканига юқоридаги ояти карима ёрқин далилдир. Одамлар орасида «Ўзингни бил, ўзгани қўй», деган номаъқул гап юради. Лекин шариат бўйича, эр хотин учун, ота-она болалар учун масъулдир. Қиёмат куни Аллоҳ таолонинг ҳузурида жавоб беради.

Юқорида зикр қилинган ояти кариманинг маъноси ҳақида сўралганларида ҳазрати Али розияллоҳу анҳу: «Уларга таълим беринглар ва уларга одоб беринглар», дегани», деб айтганлар.

Фақиҳлар: «Кичкина болалар балоғатга етганларида уларга ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи валийлар зарур бўлган илмларни ўргатишлари лозимдир», дейишган.

“Соғлом бола” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳорис Ғанавийдан ривоят қилинади .Рубаий ибн Ҳаррош охиратда борар жойини билмагунча кулмасликка қасам ичди. Вафот этганидан кейин уни ювган ғассол шундай деди давоми...

2084 08:00 / 11.04.2020
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазондаги охирги ўн кунлик кирса, тунни қоим қилар ва аҳлларини уйғотардилар, давоми...

2330 19:20 / 28.04.2020
Рабоҳ ибн Убайда Боҳилий раҳимаҳуллоҳдан ривоят қилинади .Умар ибн Абдулазизнинг олдида ўтирган эдим, бир аъробий келиб, .Эй мўминларнинг амири, бир ҳожат билан давоми...

4589 14:00 / 14.09.2022
.Қайнона келин олаётганда ўзи бир пайтлар қайнонасидан зулм кўрган бўлса, бунинг қасдини келиндан олиши ёки уйига келин эмас, хизматкор келаётгандек хаёл қилиши, давоми...

3384 12:24 / 13.12.2022
Аудиолар

213191 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

132411 14:35 / 11.08.2021