1447 йил 25 шаъбон | 2026 йил 13 февраль, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Муслималар саҳифаси

Маймуна Бинти Ҳорис розияллоҳу анҳонинг фазллари (биринчи мақола)

16:05 / 29.01.2020 4008 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Маккалик Ҳинд бинти Авф ибн Зуҳайр исмли аёл кўп қиз туққани билан машҳур эди.

У бир эри Ҳорис ибн Ҳазандан бешта қиз кўрган эди. Улар:

Лубоба Кубро бинти Ҳорис.

Осма бинти Ҳорис.

Азза бинти Ҳорис.

Лубоба Суғро бинти Ҳорис.

Барра бинти Ҳорис.

Бошқа эри Умайс ибн Маъддан ҳам бир неча қиз кўрган эди:

Асмо бинти Умайс.

Салма бинти Умайс.

Салама бинти Умайс.

Ҳинд бинти Авф ибн Зуҳайр Хузайма исмли эридан Зайнаб деган қиз кўриб, у қизи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга завжа бўлиб, вафот этган эди.

Унинг қизлари улғайиб, номдор кишиларга хотин бўлишди.

Лубоба Кубро бинти Ҳорис Аббос ибн Абдулмуттолибга, Осма бинти Ҳорис Убай ибн Халафга, Азза бинти Ҳорис Зиёд ибн Абдуллоҳ ибн Моликка, Асмо бинти Умайс Жаъфар ибн Абу Толибга, Салма бинти Умайс Ҳамза ибн Абдулмуттолибга, Салама бинти Умайс Абдуллоҳ ибн Каъбга хотин бўлди.

Ҳинд бинти Авф ибн Зуҳайрнинг яна бир қизи Барра бинти Ҳорис Масъуд ибн Амр ибн Умайр ас-Сақафий билан турмуш қурди. Сўнг у кишидан ажрашиб кетди ва Абу Руҳм ибн Абдулъуззо ибн Абу Қайсга турмушга чиқди. Кўп ўтмай, Абу Руҳм вафот этиб, Барра бинти Ҳорис бева қолди.

Барра бинти Ҳориснинг опалари Исломда ҳам ном чиқарган кишилардан бўлди. Биргина катта опаси Лубоба бинти Ҳорисни олиб кўрайлик. У фозила аёллардан саналиб, Маккада Ҳадийжа бинти Хувайлиддан сўнг Исломга кирди. Ўзи Омир қабиласидан бўлиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари Аббос ибн Абдулмуттолиб розияллоҳу анҳунинг хотини бўлган. Фазл ибн Аббос розияллоҳу анҳу Лубоба розияллоҳу анҳонинг бош фарзанди бўлгани учун Умму Фазл кунясини олган эди.

Ҳижрий еттинчи санада Ҳудайбия сулҳида келишилганига биноан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалари билан биргаликда умра қилгани Макка томон отландилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан икки минг киши йўлга чиқди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг машҳур туялари Қасвони миниб олган эдилар. У зот бошлиқ умрачиларнинг олдида Абдуллоҳ ибн Равоҳа розияллоҳу анҳу оҳангга солиб, байт ўқиб борар эди. Умрачилар Маккаи Мукаррамага яқинлашганларида бир овоздан:

«Лабайкаллоҳумма лаббайк! Лаббайка лаа шарика лака лаббайк», деб еру кўкни ларзага солишар эди.

Бу баракали овозлар Барра бинти Ҳориснинг қалбини ларзага солди. У анчадан буён Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга завжа бўлишни орзу қилиб юрар эди. Унинг орзуси амалга ошиши учун қулай фурсат келганга ўхшаб кўринди. Барра шошилиб бориб, орзусини катта опаси Умму Фазлга айтди. У эса бу гапдан эри Аббос ибн Абдулмуттолибни хабардор қилди. Аббос ибн Абдулмуттолиб розияллоҳу анҳу ўз навбатида дарҳол Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига йўл олди ва қайинсинглиси Барранинг орзусини у зотга етказиб, унга уйланишни тарғиб қилди.

Муҳаммад солаллоҳу алайҳи васаллам бу таклифга рози бўлдилар. У зот амакилари Жаъфар ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуни тўрт юз дирҳам маҳр ила келин томонга юбордилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Барра исмини Маймунага ўзгартирдилар.

(Давоми бор)

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Мусулмон аҳолининг ярмини аёллар ташкил этади. Ёшлар ва болаларнинг ҳам ярми қизлардан иборат экани маълум. Ҳаётнинг ярми барча жабҳаларда ўғил билан қиз болалар давоми...

3038 15:20 / 06.02.2022
IХадийжа бинти Хувайлид ибн Абдулуззо ибн Қусой Қурашийя Асадийя .Фил воқеаси,дан ўн беш йил илгари Маккада, эътиборли оилада таваллуд топган. У киши бизнинг давоми...

6674 08:10 / 10.10.2018
Ҳамма тарафда жаҳолат ҳукм сурган бир пайт. Ҳали Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга оламни жоҳилият зулматидан Ислом нурига ҳидоят қилиш учун давоми...

2811 19:05 / 11.12.2019
Биринчи мақолаМаккада Суҳайл ибн Муғийра ибн Абдуллоҳ ибн Умар ибн Махзум ибн Яқаза ибн Мурра деган аслзода одам бор эди. Унинг куняси Абу Умома эди. У Отика бинти давоми...

4242 10:40 / 18.07.2019
Аудиолар

230213 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

148792 14:35 / 11.08.2021