1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Алданиб қолманг

Маъишат ва озодалик

15:00 / 26.12.2018 3660 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Черковнинг айби билан Оврўпа халқларнинг маъишат ва озодалик борасидаги вазиятлари ачинарли ҳолга тушиб қолган эди. Бу борада ёзилган айтилган гап-сўзлар, келтирилган далил-ҳужжатлар нафақат Оврўпанинг, балки бутун инсониятнинг шанига ор ва номусдир. Биз ушбу сарлавҳа остида ёзишни ният қилган маълумотларни жамлашда мусулмонлар фақат умумий гаплар билан чегараланганини кўрдик. Аммо оврўпаликлар бу мавзуда аёвсиз гапларни тафсилотлари билан ёзганлар. Ҳатто оврўпанинг кўзга кўринган доҳийлардан бири бўлмиш Вольтер “Бу даврнинг тарихини ундан нафратланиш учун билиш керак” деган экан.

Тарихчи Дрэпер ўзининг “Дин ва фан муносабатларининг тарихи” номли китобида ўрта асрлардаги Оврўпа аҳолисининг яшаш шароитлари манзарасини жуда ёрқин васф қилади. Ушбу манзаранинг асосий кўринишлари бундайдир:

"Паст текисликлар ва дарёларнинг атрофлари ботқоқликлардан иборат бўлиб, бу манзара баъзан юзлаб милларга чўзилиб кетгандики, улар ўзларидан безгакларга сабаб бўлувчи заҳарли миазмаларни  ҳавога тарқатиб турар эди. Париж ва Лондондаги уйлар ёғочдан бўлиб, уларга лой суркаб қўйилар, томлари эса сомон ёки қамиш билан ёпилган бўларди. Бундай уйларда дераза умуман бўлмас, ва тахта тилиш ускуналари пайдо бўлгунгунча жуда озгина уйлардагина тахта пол бўлар эди... У пайтларда печкаларнинг дудбурон мўрилари бўлмас эди. Ёғингарчилик пайтида бундай масканларда деярли паноҳ топиб бўлмас эди. Оқава сув учун йўл қилинмас ва ҳеч ким қайғурмас, чириб қолаётган қолдиқлар ва ахлатлар шундоққина эшик ортига ташланар эди.

Кишиларнинг таоми нўхат ва дарахт пўстлоғи каби дағал емишдан иборат эди. Баъзи жойлардаги аҳоли нон нималигини билмас эди”.

Бу борада мулоҳаза билдириб, давомида мазкур тарихчи шундай дейди: “Шундай ҳолат бўлгандан кейин, милодий 1030 йилдаги очликда одам гўшти қовурилиб ейилиши ва сотилиши, ёки милодий 1258 йилда бўлган Лондондаги очарчиликда 15 минг киши очликдан ҳалок бўлишига ажабланиш керакми?”

Озодалик мутлақо ёт ҳолат эди. Мисол учун, Кентерберр архиепископи каби юқори мартабали зодагонлар танаси устида қурт-қумурсқалар ғиж-ғиж қайнаб ётарди.

Франция қироллари қасри бўлмиш Луврда битта ҳам ҳожатхона бўлмаган. Ҳатто қуйида васфи келган тешикли ва сомонли минорачалар ҳам. Кишилар шундоққина ҳовлида, зиналарда, балконларда қазои ҳожат қилишар эди. Бундай эҳтиёж пайдо бўлганда меҳмонлар, сарой аъёнлари ва қироллар очиқ деразанинг кенг тоқига ўтириб қазои ҳожат қилишар, ёки улар учун “тунги ваза” деб аталмиш идишларни келтириб, уларга қазои ҳожат қилишар ва улардаги ахлатни ҳам шундоқ қасрнинг орқа эшиги олдига тўкиб қўя қолишар эди.

Ушбу ҳолат Версалда ҳам кузатилган. Мисол учун, Людовик XIV давридаги кундалик турмуш тафсилотлари герцог де Сен Симоннинг хотираномалари туфайли кўпчиликка маълумдир. Версал қасрининг сарой аёллари шундоққина суҳбат чоғида (баъзан эса капелладаги ёки катта черковдаги месса дейилувчи қўшиқ ижроси давомида) ўринларидан туриб, шундоққина бир бурчакда тортинмасдан кичик (ва унча кичик бўлмаган) ҳожатларини чиқарар эдилар.   

Версалдаги ҳозирги гидлар сайёҳларга айтиб беришни хуш кўрадиган бир воқеъа жуда ҳам машҳур. Бир кун қирол олдига Испания элчиси келади ва подшонинг хобхонасига кира туриб (бу иш эрталаб бўлган), ноқулай бир аҳволга тушиб қолади — подшодан таралаётган “амбар” ҳидидан элчининг кўзлари ёшланиб кетади. Элчи илтифот ила учрашувни боққа кўчиришни илтимос қилади ва шу ондаёқ подшо хобхонасидан қайноқ сувда куйиб қолгандек отилиб чиқади. Аммо тоза ҳаводан боғда тўйиб нафас олишни умид қилган омадсиз элчи ушбу боққа чиққач, анқиб турган қўланса ҳиддан ҳушидан кетиб олади. Гап шундаки боғдаги буталар панаси барча сарой аъёнлари учун доимий ҳожатхона вазифасини бажарар, хизматкорлар эса у ерларга нажасларни ҳам тўкишар эди.   

Қадимги рим ва юнон дунёсида шахсий поклик ва озодалик ишларини асосий кўнгилочар амаллардан бири даражасига кўтарган эди. Бу борада улардаги иссиқ ҳаммомларни эслаш кифоя. Насороликнинг тўлиқ кириб келишигача Римда мингдан ортиқ ҳаммомлар фаолият кўрсатарди.  Насоролар ҳокимият бошига келишгач, биринчи қилган ишлари бу ҳаммомларни ёптириш бўлди.

Эдинбургда ахлатларни деразадан ташлашдан олдин «Gardy Loo» деб қичқиришган. «Қўлингни тийиб тур!» – дея қичқирарди йўловчи ва тезда бу хавфли жойдан узоқлашиш ҳаракатида бўларди. Шу сабабдан ҳанузгача оғзаки тилда ҳожатхонани «loo» деб аташади.

“Ҳеч қачон тунги ҳожат тувагини у тўлмай туриб бўшатмагин. Агар  кечқурун тўлиб қолса – кўчага ағдар, агар кундузи содир бўлса — боққа тўк, акс ҳолда чордоқдан ё юқори қаватдан пастга ва орқага югуравериб қийналиб кетасан. Ва ҳеч қачон тунги ҳожат тувагини унинг ўзи ичидаги суюқликдан бошқа суюқлик ила чайқамагин, ахир қайси бир ўз қадрини билган қиз бошқа бировнинг бавлига қўл уради” (Ж.Свифт (1667–1745), “Оқсочларга ўгитлар”дан).

Испания қироличаси Изабелла Кастильская (XV асрнинг охири) бутун ҳаёти давомида икки марта – туғилганида ва тўйи куни чўмилганини эътироф этган. Француз қиролларидан бири битлаб кетгани учун ҳалок бўлган. Папа Климент V ичбуруғдан (дизентерия) вафот этган, Папа Климент VII эса қичимадан қийналиб ўлган, қирол Филипп II ни ҳам ғужғон битлар еб битирган деб эслашади. Герцог Норфолк диний эътиқодидан келиб чиқиб ювинишдан бош тортар эди. Унинг танаси йирингли яралар билан қопланиб кетган эди. Шунда хизматкорлар бу ҳазрати олийларининг ўлгудек ичиб, маст бўлиб қолишини кутишган ва пайтдан фойдаланиб, зўрға ювинтириб олишган экан.

Франция қироли Людовик ХIV ҳам ҳаётида икки маротаба ювинган бўлиб, шунда ҳам табибларнинг тавсияси билан чўмилган. Ювиниш монархни шу қадар даҳшатга солган эканки, у энди ҳеч қачон сув ишлатмайман, деб қасам ичган экан.

Терма деб аталувчи Рим ҳаммомлари фақат суратлардагина қолган эди. Насроний Оврўпа ҳаммом нималигини билмас эди. Оврўпанинг муҳим кашфиёти бўлган хушбўй атирлар айнан ҳаммом йўқлиги туфайли пайдо бўлган эди. Машҳур француз парфюмериясининг биринчи даражали вазифаси – йиллаб ювилмаган тананинг қўланса ҳидини атирларнинг ўткир ҳиди билан ёпиб юбориш эди.

Дастрўмолчалар дастлаб роҳибларда пайдо бўлган. Баъзи роҳибларни турли саҳройи «авлиё ота»лардан фарқли равишда жуда озода дейиш мумкин эди, чунки 817 йилги Ахен собори уларни ўз кийимларини ювиш ва тоза тутишга буюрган эди. Бурсфельднинг қарорлари роҳиблардан қишда ҳар ойда икки марта, ёзда ҳар ойда бир марта кўйлакларини ювишни талаб қилар эди. Клюни аббатлигида ҳафталик навбатчилар дастрўмолчаларни ҳам ювишарди. Бу рўмолларнинг узунлиги деярли бир метр бўлиб, роҳиблар уларни белларига илиб юришарди. Дастрўмолчалардан фойдаланиш қатъий тартибга солинган эди – бурун ёки оғиздан чиққан нарсаларни оёқ билан полга яхшилаб ишқалаб ташлаш керак эди. Бундан мақсад асаби бўш биродарларнинг кўнглини айнитмаслик эмас (Эйнсхемнинг урф-одатлар тўпламида шундай дейилган), балки ибодат пайтида ўша биродарларнинг кийимларини ифлос қилмаслик эди.

Германиялик тарихчи-эпидемиолог профессор Г. Гезернинг «Оммавий касалликлар тарихи» деб номланган икки жилдлик асари рус тилига таржима қилиниб, 1868 йилда Санкт-Петербургда чоп этилган. Профессор Гезер сифилис ва шу каби бошқа касалликларга илк бор эътибор қаратиб, уларни одамларнинг феъл-атворидаги туб ўзгаришларнинг асосий сабаби деб айтган. Масалан, ХVII–XVIII асрлардаги сифилис модаларни белгилаб берган. Гезернинг ёзишича, сифилис туфайли (тўғрироғи, уни симоб билан даволаш туфайли) одамларнинг бошида ва юзида ҳеч қандай соч ёки тук қолмас эди. Шунинг учун жаноблар хонимларга ўзларининг хавфсиз экани ва бундай касали йўқлигини кўрсатиб қўйиш учун соч-соқолларини жуда узун қилиб юрадиган бўлишди. Маълум бир сабабларга кўра узун соч-соқолга эга бўлмаганлар эса ясама соч – парикларни ўйлаб топишди. Жамиятнинг олий табақаларида сифилисга чалинганлар жуда кўп бўлгани учун бу янгилик Оврўпа ва Шимолий Америкада тезгина модага айланиб кетди. Донишмандларнинг суқротона тепакаллиги ҳозирги кунгача ҳурматга сазовор бўлмай қўйди.

“Олам ва одам, дин ва илм” китобидан       

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Тафтиш маҳкамалари касофати туфайли Европаликлар, хусусан, илмли тоифалар черковдан яна ҳам қаттиқроқ нафратландилар ва ундан янада узоқлашдилар. Охири бу кураш давоми...

1203 15:43 / 09 ноябрь
Чўқинтириш ndash насронийликни қабул қилаётган одамлар барча гуноҳларидан ҳоли бўлиш учун уч марта сувга ботирилишидир. Айтишларича, бу янгиланиш ва қайта тирилиш давоми...

2333 19:30 / 24.06.2019
Бир куни подшоҳ вазирдан.Нега хизматчим, ҳеч нарсаси йўқ бўлса ҳам, мендан кўра ҳаётида бахтлироқ, мен эса ҳамма нарсаси бор подшоҳ бўлсам ҳам, таъбим хира, деб давоми...

3977 11:28 / 22.01.2022
Настурий Несториан мазҳабиНастурийлар мазҳаби 431 йилда Константинополда патриклик вазифасини бажарган Настурга нисбатан шундай номланади. У халифа Маъмун давоми...

2112 17:06 / 04.07.2020