1447 йил 8 шаъбон | 2026 йил 27 январь, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Алданиб қолманг

Овруполик салбчилар китоб қадрини қаердан билсинлар

11:30 / 03.03.2020 2179 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Илм бор ерда китоб кўпаяди. Китоб бор ерда илм ривожланади. Ҳозиргача ҳар бир жамиятдаги китоблар ва уларга бўлган муносабат ўша жамият аъзоларининг илмга бўлган муносабатининг ўлчови бўлиб келган. Худди шу ҳолат мусулмонлар ҳаётида ўз аксини топган. Мелодий тўққизинчи асрдан бошлаб, мусулмонларда ҳақиқий бойлик деганда китоб тушунилган. Бировга энг қимматбаҳо ҳадя қилишни хоҳлаган одам китоб олиб борган.

Бағдод халифаси халққа арзигулик бирор ҳадя қилиш ҳақида ўз вазирларига маслаҳат солганида ҳаммалари бир овоздан яхши бир кутубхона ҳадя қилишга ишора этганлар. Бу кутубхона мусулмонлар оммасига ҳадя этилгач, «Дорулҳикма» номини олган ва кейинчалик дунёдаги биринчи фанлар академиясига айланган.

Мусулмон оламининг чор-атрофдаги шаҳар-қишлоқларида ҳам кутубхоналар кенг тарқалган. Бағдод шаҳрининг ўзида юздан ортиқ кутубхоналар бўлиб, уларда китобхонлар учун зарур барча шароитлар муҳайё қилинган.

Тарихчиларнинг таъкидлашларича, Нажаф шаҳрининг кутубхонаси ўша пайтда кичкина кутубхоналардан ҳисобланган. Ўша кичкина кутубхонада қирқ минг нусха китоб бор экан. Рай шаҳрининг кутубхонасидаги китоблар рўйхатининг ўзи ўн жилдли китоб бўлган экан.

Бунинг устига масжид ва шифохонага ўхшаш ҳар битта муассасаларнинг ўз кутубхоналари бўлган. Насириддин Тусий ўз расадхонасига тўрт юз минг нусха китоб йиққан экан. Адолат юзасидан у вақтларда босмахоналар бўлмаганини, барча китоблар қўлда кўчирилганини айтиб ўтмоғимиз лозим. Фақат халифаларгина эмас, балки амирлар ва вазирлар ҳам кутубхоналарга катта эътибор берганлар. Ибн Синодан муолажа олган Бухоро амири Муҳаммад Мансур қасрининг кўп қисми китобларга ажратилган бўлиб, у Ибн Синога хоҳлаган китобини олишга ижозат берган. Бу кутубхона билан яқиндан танишган Ибн Сино кейинчалик бу ерда одамларнинг кўплари номини ҳам эшитмаган китобларни кўрдим, деб ёзган.

963-мелодий санада вафот этган Муҳаллабий исмли вазир бир юз ўн саккиз минг жилд китобни мерос қолдирган экан.

Ўша вақтнинг бошқа бир вазири Муҳаллабийнинг ёш дўсти Ибн Аббоднинг кутубхонасида икки юз олти минг дона китоб бор эди, деб хабар беради. Унинг қозиларидан бири эса, бир милён эллик минг дона китобга эга экан.

Бухоронинг амири бир табибни ўз ҳузурига чорлаганда, янги масканга кўчаётган эдим, китобларимни тўрт юз туяга ортиб қўювдим, деб узр сўраган экан.

Китобга бунчалик қизиқиш фақат ҳукмдорлар ва уламоларга хос эмас, оддий мусулмонлар ҳам китобни жон-дилдан севганлар. Умрини от чопиш ва урушларда ўтказган чавандозлардан бири – Усома ибн Мунқиз салбчиларнинг ваҳшийликларини васфлаб, қуйидагиларни айтган экан: «Болаларим, дўстларимнинг болалари ва аёлларимизнинг саломат қолгани бор будимни шилиб кетишгани аламини енгиллаштиради. Лекин китобларимнинг ҳасрати менга катта мусибат бўлди. Тўрт минг жилдгина китобим бор эди. Аммо энг яхши китоблар эди. Уларни йўқотишим мен учун умрим бўйи маҳзунлик келтирди».

Албатта, овруполик салбчилар китобнинг қадрини қаердан билсинлар. Ахир уларнинг ўзларининг тарихчилари эътироф қилишича, мусулмон оламида китоб борасида юқорида зикр қилинган ишлар бўлиб турганда бутун бошли Оврупонинг барча монастирларида ҳаммаси бўлиб ўн икки дона китоб бор экан. Уларни йўқ қилиб юборишмасин деган мақсадда занжирлар ила боғлаб қўйилган экан. Ана шундоқ жойдан келган босқинчилар китобнинг қадрини билар эдиларми?!

Мусулмонларнинг илмга бўлган рағбатлари, китобга бўлган қизиқишлари иймон ва ихлос асосида бўлгани учун у тезда ўз самарасини берди. Улар бутун инсониятга турли илмларни тартибга солиб тақдим этдилар.

«Олам ва одам, дин ва илм» китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Илм бир нарсага ишонч ҳосил қилмай туриб, далилини билмай туриб, тақлид қилишдан қайтаради. Бу борада ҳозирги замон илми эски илмга тўғри келмайди. Чунки, қадимда, давоми...

5048 11:37 / 09.02.2020
Католиклик юнонча ndash бутун жаҳон ҳам 1054 йилда христианликнинг иккита ndash ғарбий ва шарқий черковга бўлиниши натижасида ташкил топган.Католиклик Оврўпа, Америка давоми...

10080 18:30 / 21.02.2019
Ислом кишиларни илмга чақириш билан кифояланиб қолган эмас. Балки ақлий ва фикрий ҳаракатсизликнинг олдини олиш асосларини кишиларга кўрсатган. Бу қуйидаги давоми...

3093 11:09 / 04.02.2020
Мусулмон уламолар тарихда биринчи бўлиб, набототларга таъсир ўтказиб, ўзларига керак бўлган ранг ва моддаларни уларга киритиш йўлларини ишлаб давоми...

1847 14:44 / 22.12.2022