1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

Исломдаги яхши фазилат

08:38 / 25.12.2018 4915 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан: 

«Исломнинг нимаси яхши?» деб сўради. 

«Таом бермоғинг ҳамда таниган ва танимаганга салом бермоғинг», дедилар». 

Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шариф ҳам Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинмоқда. Бир киши Пайғамбаримиздан Исломнинг энг яхши фазилатлари ҳақида сўради. Ислом ўзи яхши нарса, лекин сўровчи ўша яхши нарсанинг ҳам энг афзали ҳақида сўраган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эса Исломнинг энг яхши фазилатларидан иккитасини айтиб берганлар. Нима учун айнан шу икки нарсани зикр қилганлари ҳақида гапирадиган бўлсак, уламоларимизнинг айтишларича, бировга яхшилик қилиш асосан икки хил бўлади:

Биринчиси моддий яхшилик бўлиб, унинг энг боши бошқаларни таомлантиришдир.

Иккинчиси баданий яхшилик бўлиб, унинг боши салом беришдир.

Шу билан бирга, савол берилган жой, вақт ва одамларнинг ҳолати ҳам эътиборга олинган. Айниқса, Пайғамбаримиз бошчиликларида саҳобалар янги ҳижрат қилиб келганларида Мадинаи Мунавварада очлик ҳукм сурар эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша вақтда бировга овқат бериш, очнинг қорнини тўйдиришга жуда кўп тарғиб қилганлар. Шунингдек, танигану танимаган одамга салом беришни ҳам лозим санаганлар.

Ислом дийнининг ушбу икки фазилати ҳақида қанча кўп гапирилса, шунча оз. Чунки бу икки нарса инсониятга кўплаб хайр-барака келтиради.

Оч кишиларга таом беришни дийннинг энг афзал амалларидан қилган яна бошқа қайси дийн ёки мафкура бор?! Фақат Қуръони карим ўз оятларида очларга таом беришни энг яхши амаллардан бири ҳисоблаган, ўзи муҳтож бўлса-да, таомини мискин, етим ва асирларга бериш мусулмонликнинг олиймақом сифатларидан эканлигини таъкидлаган.

Фақат Ислом дийни иймон комиллигини очларга таом беришга боғлаган. Ҳа, фақат Исломгина – Аллоҳнинг охирги ва мукаммал дийнигина шундай қилиши мумкин. Бу ишни иймон даражасига кўтарган, Ислом тарбиясини топган ҳақиқий мусулмонларгина дунё халқлари тарихида мисли кўрилмаган даражада сахий бўлишлари ҳам шундан. Фақат Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дорулфунунларида таҳсил кўрганларгина бу ишни қойилмақом қилиб адо этишлари мумкин.

...Очарчилик пайти. Мадинаи Мунавварага ҳазрати Усмонга тегишли озиқ-овқат карвони етиб келди. Бозор чаққонлигидан хабардор савдогарлар эрталабдан карвонни ўраб олдилар. Кимошди савдоси бошланди. Бир савдогар бир нархни айтди. Молнинг эгаси – ҳазрати Усмон:

«Менга бу нархдан юқори нарх ваъда қилинган», дедилар.

Савдогарлар бирин-кетин ўз имконлари етадиган нархларни айтиб чиқдилар. Ҳаммасига ҳам ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу:

«Менга бу нархдан юқори нарх ваъда қилинган», дедилар.

Охири савдогарлар:

«Мадинада биздан бошқа савдогар қолмади, сенга бундай юқори нархни ким ваъда қилди ахир?» деб сўрашди.

Ҳазрати Усмон:

«Аллоҳ таоло «Ким очларга таом берса, ўн баробар қилиб савоб бераман», деган. Ҳамма молим Мадина фуқаро ва мискинларига садақа бўлсин», дедилар.

Қани, ҳазрати Усмондан бошқа ким ҳам бу ишни қила олади?

Халифа Умари Одил кечаси ҳеч кимга билдирмай, одамлар ҳолидан хабар олиб юрарди. Бир аёл овқат топа олмаганидан қозонга қуруқ сув қуйиб, тагига олов ёқаркан: «Сабр қилинглар, ҳозир таом пишади», деб болаларни ухлатишга уринаётганини кўрди.

Халифа дарҳол ортга қайтиб, Байтулмолдан бир қоп таомни ажратиб, ҳамроҳидан қопни орқалатиб қўйишда ёрдам сўради. Ҳамроҳи:

«Эй мўминларнинг амири, ижозат беринг, юкни мен кўтариб борай», деди. Шунда ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу:

«Агар қиёмат куни ўша оиланинг оч қолгани гуноҳини ҳам менинг ўрнимга кўтарадиган бўлсанг, бу юкни кўтар, бўлмаса, ўзимга қўйиб бер, ўзим кўтарай», дедилар. Сўнгра қопни ўзлари кўтариб олиб бордилар.

Ўзи овқатга муҳтож бўлиб турган оддий мусулмонларнинг қўлларидаги таомни ўзгага тутишлари фақат Ислом тарбиясидандир.

«Ассалому алайкум» исломий сўрашиш, исломий табрикдир. Турли халқ, миллат ва элатлар турлича сўрашадилар. Бир-бири билан кўришган одамлар «Хайрли тонг», «яхшимисиз», «саодатли бўлинг» каби иборалар орқали ўзаро истак билдирадилар. Лекин ҳеч ким, ҳеч бир тузум, ҳеч бир жамият ёки фалсафа «Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳу», яъни «Сизга тинч¬лик, саломатлик, Аллоҳнинг раҳмати ва баракаси бўлсин», деб сўрашишни ўзининг энг афзал ишларидан қилмаган, ибодат даражасига кўтармаган. Таниса-танимаса, кўрган одамига салом берсин, демаган. Салом бериш–суннат, алик олиш–вожиб, демаган. Оддийгина кўринган бу нарса оламшумул аҳамият кашф этишини мусулмонларгина биладилар.

Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

1. Муҳтож кишиларни таом билан таъминлаш энг фазилатли иш эканлиги ва бунга тарғиб.

2. Танигану танимаган мусулмонларга салом беришни йўлга қўйиш кераклиги.

3. Энг яхши нарсаларни билганлардан сўраб ўрганиш кераклиги.

4. Исломда амалларнинг бир-биридан афзал бўлиши.

Ислом дийни ушбу ҳадисда кўтарган икки масаланинг ҳикмати қанчалик катта эканлиги бугунги кунимизда яққол намоён бўлмоқда. Дунёда ҳар дақиқада бир қанча гўдаклар, кекса кишилар, эркак ва аёллар очликдан ўлмоқда. Ҳа, айнан таом етишмаганидан ўлмоқдалар. Аслида эса улар таом танқислигидан эмас, Ислом етишмаганидан ўлмоқдалар. Чунки Исломдан бехабар одамлар, Исломга амал қилмайдиган одамлар шунча одам очдан ўлаётган бир пайтда, уларга ўхшаганлардан бир неча марта кўп одамга етиб-ортадиган таомни исроф қилиб, ташлаб юбормоқдалар. Савдогарлар нарх тушмасин деб, ортиб қолган таомларини камбағалларга бермай, бошқа йўл билан йўқ қилмоқдалар.

Очларга таом бериш ҳақидаги хабарларнинг кўпчилиги риё учун қилинаётган сохта ташвиқот, холос. Исломсиз бу муаммони ҳал қилиш қийинлиги кундан-кунга ойдинлашиб бормоқда.

Салом бериш ва ундан кўзланган мақсадлар ҳам бугунги кунимизнинг жуда муҳим масаласидир. Кишилар бир-бирлари билан яхши муносабатда бўлишлари зарур. Бир-бирлари билан ҳар кўрганда саломлашиб, бир-бирларига тинчлик-омонлик, саломатлик, Аллоҳнинг раҳмати ва баракасини сўраб турмоқлари, тинч-тотув, дўст-биродар бўлиб яшамоқлари лозим.


«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан



Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Мавзуга оид мақолалар
Инсониятни Аллоҳ таоло яратди. Улар ягона бир оиладир. Уларни бирбирлари билан аҳилиноқ яшашга ундади. Миллати, ирқи, ижтимоий келиб чиқишига қарамай, улар давоми...

10118 16:18 / 21.06.2017
Ҳожи Имдодуллоҳ Маккий раҳматуллоҳи алайҳ бир куни илмий мажлисларида шундай дедилар .Инсонга ҳаётда ғам, мусибат ва машаққатлар етади. Агар банда чуқурроқ ўйлаб давоми...

1954 16:24 / 21 ноябрь
Бирор нарсага қарши чиқиш ёки уни қабул қилишдан аввал ўша нарса билан танишиб чиқиш кераклиги ҳамма билган ва амал қилиб келган ҳақиқатлардан биридир. Акс ҳолда давоми...

4387 23:07 / 26.04.2017
Ҳужжатулислом Абу Ҳомид Ғаззолий айтадиларАллоҳ таолонинг сифатлари борасида ҳам аксар инсонлар идрок қилолмайдиган махфий нарсалар бор.Расулуллоҳ соллаллоҳу давоми...

1795 09:00 / 10.09.2021