1446 йил 23 жумадул аввал | 2024 йил 25 ноябрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Шариатимизда дам солиш борми?

08:08 / 09.12.2018 4751 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Кези келганда дам солиш ҳақида ҳам икки оғиз гапириб ўтишга тўғри келади. Бу борадаги асосий гаплар сеҳрнинг муолажаси борасидаги мавзуда эслаб ўтилди. «Дам солиш» деганда Аллоҳ таолонинг китоби бўлмиш Қуръони карим оятларини ва Аллоҳ таолонинг исмларини, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган дуоларни ўқиб, паноҳ тилаш кўзда тутилади.

Биз ўрганаётган дам солиш ҳақидаги масалада бир оз ихтилоф бор. Ҳозирги ўзгаришлардан ўта таъсирланиб кетган баъзи томонлар дам солиш масаласини йўққа чиқаришга, «Фақат тибга аҳамият бериш керак, дам солиш шариатда йўқ нарса», дейишга уринадилар. Улар ўзларининг бу мавқифларида муболағага кетишади. Бошқа бир тоифа эса «Ҳамма нарса дам солишда, у билан ҳар қандай дардни даволаса бўлади», дейдилар. Улар ҳам бу борада муболағага йўл қўядилар.

Ҳар икки томон ҳам ўз фикрини қўллаш учун оятларни ўз услуби билан таъвил ва ҳадиси шарифларни ўз услуби ила шарҳ қилишади. Аслини олганда бу борадаги ояти карималар ва ҳадиси шарифларни тўлиқ ва яхшилаб ўрганиб чиқилса, ўртача иш кўриш муҳимроқ ва фойдалироқ экани аён бўлади.

Тибга хос хасталикларни тиб орқали даволаш керак. Дам солишга оид хасталикларни у билан даволаш ва дам солишга эҳтиёжи бор кишиларга дам солиш керак. Кези келганда дам солишни узоқ муддат инкор қилиб юргандан сўнг замонавий тиб ҳам эътироф қилганини, уни «дам солиш» демаса ҳам, «руҳий даволаш» деб атаётганини ҳам эслатиб ўтишимиз лозим.

Илмий изланишлар хаста инсоннинг тузалиши учун, унга нисбатан қилинаётган муолажа таъсирли бўлиши учун унинг руҳий ҳолати, ихлоси ўзига яраша яхши ҳолатда бўлиши кераклигини исбот қилди. Ҳозирда психологлар (руҳшунослар) номи билан кишиларнинг руҳиятини билувчи, уларга маслаҳатлар берувчи, турли нарсаларни, жумладан, мусиқа тинглаш, беҳуда нарсаларни ўйламаслик ва шунга ўхшаш одамнинг руҳий ҳолатини, ишончини қувватлашга қаратилган нарсаларни тавсия берувчи мутахассислар ишлашмоқда.

Ўзимиз бир ўйлаб кўрайлик, мана шу масалада хаста кишини Аллоҳ таолодан ихлос билан шифо сўрашга ва, албатта, У Зот менга шифо беради, деб ишонишга даъват қилишдан ҳам кучлироқ руҳий таъсир бўлиши мумкинми? Аллоҳ таолонинг Китобидан ўқиб, ўзига-ўзи дам солишдан ёки бирор тақводор, шу ишнинг маромини олган кишига дам солдиришдан ҳам кучлироқ руҳий таъсир бўлиши мумкинми? Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўқиган дуоларини ўқиш ёки ўқитишдан ҳам кучлироқ руҳий таъсир бўлиши мумкинми?

Шунинг учун ҳам дам солиш бор, лекин фақат шариат кўрсатган доирада, ҳажмда ва услубда бўлиши керак, деймиз. Уламоларимиз дам солиш ҳақлигига қуйидаги ояти каримани далил қилиб келтирадилар:

ﮤ ﮥ ﮦ ﮧ ﮨ ﮩ ﮪ ﮫﮬ ﮭ ﮮ ﮯ ﮰ ﮱ ﯓ

«Қуръонни мўминлар учун шифо ва раҳмат ўлароқ нозил қилурмиз. У золимларга зиёндан бошқани зиёда қилмас» (Исро сураси, 82-оят).

Уламоларимиз ушбу ояти каримада келган «шифо» сўзи ўзида ҳам маънавий, ҳам моддий шифони мужассам қилишини таъкидлайдилар.

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Давонинг яхшиси Қуръондир», деганлар».

Ибн Можа ривоят қилган.

Дам солиш ҳақида яна кўплаб ҳадиси шарифлар бор. Шунинг учун ҳам муҳаддисларимизнинг барчалари ўз китобларида «Тиб ва дам солиш китоби» сарлавҳаси остида ўша ҳадисларни келтиришган. Чунки бу икки масала бир-бири ила чамбарчас боғлиқдир.

Уламоларимиз айтишадики, оддий одамларнинг гап-сўзи кишиларга, жумладан, беморларга фойда бериши ҳамма кўрган, билган ҳақиқатдир. Шундай бўлганидан кейин оламлар Роббининг каломи фойда бермасмиди?!

Жисмоний дардларга дори берилса, дори таъсир қилади, беморнинг жисми ундан таъсирланади ва уларнинг ўзаро бир-бири билан боғланишидан хасталик тузалади. Худди шунингдек, руҳий хасталикка учраган шахснинг руҳига дам солувчининг руҳи таъсир қилиб, орада ўзаро боғланиш содир бўлади ва Аллоҳ таолонинг изни ила бемор тузалади. Шунинг учун дам солувчи етук шахс бўлиши муҳимдир. Агар дам солувчи тақводор, Аллоҳ таолога етишган, дуоси қабул бўлиши мужарраб (тажрибада кўрилган) одам бўлса, Аллоҳ таолонинг изни билан солган дами фойдали бўлади.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу хасталарга Фотиҳа сурасини ўқиб дам солсалар, дарҳол таъсир қилар экан. У кишининг вафотларидан кейин бошқалар бу ишни қилса, аввалги натижа чиқмабди. Шунда сирдан хабардор кишилар: «Фотиҳа сураси-ку, ўрнида турибди, аммо уни ўқийдиган Умар қани?» дейишган экан.

Ўз-ўзидан «Қандай ҳолатда тибга ва қандай ҳолатда дамга мурожаат қилинади?» деган савол пайдо бўлади. Бу саволнинг жавоби қуйидагича: аввало бемор табибларга кўриниши керак. Агар табиблар дардни аниқлашса, уларга даволатиши лозим. Табиблар «Сиз соғсиз», десалар-у, киши ўзини ёмон ҳис қилаверса, дам солишга ўтиш афзал бўлади.

Ҳар ким ўзига ўзи дам солгани афзал. Агар бошқа одамга солдирадиган бўлса, тақводор, дуоси қабул бўлишидан умид қилинадиган одамга дам солдириш керак. Зотан, дам солиш ҳам дуонинг бир туридир. Дам солувчи киши «Диндош биродаримга шифо сўраб дуо қилмоқдаман», деган ниятда, дам солдирувчи эса «Дин қардошим менга шифо сўраб дуо қилмоқда, Аллоҳ таоло, Ўзинг қабул айлагин», деган ниятда бўлишлари керак. Дам солишни касб қилиб олиш мумкин эмас.

Ушбу ҳақиқатларни барчамиз яхши англаб етишимиз лозим. Бу борада шариатда кўрсатилган нарсаларга амал қилиб, қолганларидан четланишимиз керак. Ана ўшанда ишларимиз шариат буюрганидек бўлади. Аллоҳ таоло барчамизни турли руҳий ва жисмоний хасталиклардан, ҳалокатга элтувчи иллатлардан соғ-саломат, тинч-омон қилсин! Фолбин, жин чиқарувчи, азайимхон ва бошқа ношаръий иш қиладиганларнинг хизматидан фойдаланишдан, уларнинг алдовига учишдан асрасин!


“Фолбинлик, сеҳргарлик, жин чиқариш ва 

ноанънавий даволаш каби ишларнинг ҳақиқати” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Молик унга Абдуллоҳ ибн Масъуднинг .Банда ёлғонда давом этаверса, қалбига қора доғлар тушиб бориб, охири қалби қорайиб кетади ва Аллоҳнинг ҳузурида ёлғончилардан давоми...

4104 14:04 / 05.07.2019
Яҳё ибн Яҳё айтади .Суфён ибн Уяйнанинг ҳузурида эдим. Бир киши келиб, .Эй Абу Муҳаммад, хотинимдан шикоят қилмоқчиман. Мен унинг назарида энг паст, ёмон кишига давоми...

1570 08:00 / 20.04.2020
.Кимки Аллоҳга тақво қилса, У Зот унга ташвишлардан чиқиш йўлини пайдо қилади ва уни ўзи ўйламаган жойдан ризқлантиради. Кимки Алллоҳга таваккул қилса, Аллоҳнинг давоми...

3406 07:00 / 12.01.2019
Ҳофиз Ибн Носир Димашқий айтади .Барзолий 738 ҳижрий сана, зулҳижжа ойининг учинчи куни, ҳажда эҳром боғлаган ҳолда вафот этдилар. Баъзи уламолар у зот ҳақида шундай давоми...

1934 08:21 / 02.06.2020
Аудиолар

135343 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55595 14:35 / 11.08.2021