1447 йил 27 шаъбон | 2026 йил 15 февраль, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

“Аллоҳ мени энг яхши жондан қилди”

14:24 / 08.12.2018 4385 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Восила ибн ал-Асқаъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, Аллоҳ Исмоилнинг авлодидан Кинонани танлаб олди. Кинонадан Қурайшни танлаб олди. Қурайшдан Бану Ҳошимни танлаб олди. Бану Ҳошимдан мени танлаб олди», дедилар».

Муслим ва Термизий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда аввал ўтган ривоятда айтилган Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг яхши тоифалар сулбидан ўтиб-ўтиб, ўзлари юборилган авлодга етиб келганлари ҳақидаги маълумотнинг бошқача кўриниши бор. Аниқроғи, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг арабларнинг отаси бўлмиш Исмоил алайҳиссаломдан бошлаб, қандай тарзда сулбдан-сулбга ўтиб, энг яхши оиладан туғилганларига ишора бор.

Арабларнинг янги сулоласининг барчаси Исмоил алайҳиссаломдан тарқалганлиги маълум ва машҳур. Исмоил алайҳиссалом эса Иброҳим алайҳиссаломнинг фарзандлари эканлиги ҳам маълум. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:

«Албатта, Аллоҳ Исмоилнинг авлодидан Кинонани танлаб олди», дейишларидан Кинона халқи Исмоил алайҳиссаломдан тарқалган авлодлар ичидан энг афзали эканлиги келиб чиқади. Чунки айни шу халқ сулоласидан кейинчалик Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам туғилганлар.

«Кинонадан Қурайшни танлаб олди». 

Демак, Кинонадан тарқалган қабилалар ичида энг афзали Қурайш қабиласи экан.

«Қурайшдан Бану Ҳошимни танлаб олди». 

Қурайш қабиласидан тарқалган уруғлар ичида энг афзали Бану Ҳошим уруғи экан.

«Бану Ҳошимдан мени танлаб олди».

Ана шу тарзда Аллоҳ таоло Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламни халойиқни яратгандан бошлаб, то дунёга келгунларича энг яхши тоифадан қилиб келди.

Имом Термизий ривоят қилган бошқа бир ҳадиси шарифда бу маъно яна ҳам ўзига хос равишда баён қилинган:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам минбар устида туриб:

«Мен кимман?» дедилар.

«Сиз Аллоҳнинг Расулисиз, сизга салом бўлсин», дейишди. Шунда у зот:

«Мен Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Абдулмутталибман. Албатта, Аллоҳ халойиқни халқ қилди. Сўнгра уларни икки гуруҳга бўлди. Мени улардан яхши гуруҳ ичида қилди. Сўнгра уларни қабилалар қилди. Мени уларнинг ичидаги энг яхши қабиладан қилди. Сўнгра уларни хонадонлар қилди. Мени уларнинг ичидаги энг яхши хонадондан, энг яхши жондан қилди», дедилар».

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Мавзуга оид мақолалар
255. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ҳар бир туғилган бола фақат фитрат соф табиат билан туғилади. Отаонаси давоми...

3686 19:00 / 05.08.2023
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўғиллари Иброҳим сакаротдалик жон чиқар маҳали пайтида ёнига кирдилар. давоми...

7605 10:00 / 04.12.2018
420. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай хутба қилдилар .Зиқналикдан сақланинг Албатта, сиздан давоми...

3052 19:00 / 17.05.2024
478. Жобир розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Бирортангизга Маккада қуроляроғ кўтариш ҳалол эмас,, дедилар. Муслим ривоят давоми...

2536 19:00 / 16.08.2024