1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Қабр охиратдан аввалги манзилдир

21:09 / 02.12.2018 4964 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ўлимни эслаш ҳақида салафи солиҳларимиз ҳам жуда кўп ҳикматли гапларни айтганлар.

Умар ибн Абдулазиз уламолардан баъзисига:

«Менга ваъз қилинг», деди.

«Сен ўладиган биринчи халифа эмассан», деди.

«Яна зиёда қилинг», деди.

«Одамгача бўлган оталарингдан бирортаси ўлимни татимай қолмаган. Энди сенинг навбатинг келди», деди.

Шунда Умар ибн Абдулазиз йиғлаб юборди.

Робийъ ибн Хойсам ҳовлисига қабр қазиб қўйган эди. Унга ҳар куни бир неча бор кириб ётар ва шу тариқа ўлимни эслашни йўлга қўяр ва: «Агар ўлимни эслаш мени бир лаҳза тарк этса, қалбим бузилади», дер эди.

Ўлимни эслашни йўлга қўйиш бўйича энг таъсирчан услуб ўзининг ўлиб кетган яқинлари, дўстлари, тенгдошлари ва танишларини эслашдир. Уларнинг қадд-қомати, ҳусн-жамоли, мол-дунёси, куч-қуввати, обрў-мансабини кўз олдига келтириб, кейин тупроққа қоришиб ётганларини эслашдир.

Беморларни кўргани бориш ва жаноза маросимларида иштирок этиш ҳам ўлимни эсга олишда муҳим восита ҳисобланади. Зотан, имом Табароний Аммор розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом: «Воизликка ўлимнинг ўзи кифоя қилади», деганлар.

Шунингдек, тез-тез қабристонларни зиёрат қилиб туриш ҳам ўлимни эслатади.

Сулаймон ибн Бурайда отаси розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сизни қабрларни зиёрат қилишдан қайтарган эдим. Батаҳқиқ, Муҳаммадга онасининг қабрини зиёрат қилишга изн бўлди. Бас, у(қабр)ларни зиёрат қилинг. Албатта, улар охиратни эслатади», дедилар».

Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган. Лафз Термизийники.

Жоҳилият даврида қабрларни улуғлаш, уларга сиғиниш авж олган эди. Аллоҳга ширк келтиришнинг кенг тарқалишига сабаб бўлган энг асосий омиллардан бири ҳам айнан қабрларга сиғиниш бўлган. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Исломнинг дастлабки даврида мусулмонларни қабрларни зиёрат қилишдан ман қилган эдилар.

Тавҳид ақийдаси кишилар онги ва қалбида мустаҳкам жойлашиб бўлганидан кейин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қабрларни зиёрат қилишга изн бердилар. Нафақат изн бердилар, балки амр қилдилар, тарғиб этдилар.

Ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қабрларни зиёрат қилишнинг ҳикматларидан асосийсини эслатиб ўтмоқдалар. У ҳам бўлса, охиратни эслашдир. Охиратни эслаган одам эса дунёни қўйиб, кўпроқ охират учун ҳаракат қилади.

Усмон розияллоҳу анҳунинг мавлоси Ҳониъдан ривоят қилинади: 

«Усмон қачон қабр устига келса, йиғлар, ҳатто соқоллари ҳўл бўлиб кетарди. Бас, унга: «Жаннат ва дўзахни зикр қилинганида йиғламайсиз-у, бунга йиғлайсизми?» дейилди. 

Шунда у деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, қабр охиратнинг манзилларидан аввалгисидир. Ундан нажот топса, ундан кейингилари ундан осондир. Агар ундан нажот топмаса, ундан кейингиси ундан кўра шиддатлидир», деганлар. 

Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қанча даҳшатли манзара кўрган бўлсам, қабр ҳаммасидан кўра даҳшатлироқдир», деганлар».

Термизий ривоят қилган.

Ҳазрати Усмон ҳар қачон қабрни кўрсалар, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан қабр тўғрисида эшитганларини эслаб, йиғлайвериб, соқоллари ҳам ҳўл бўлиб кетар экан. Пайғамбаримизнинг куёвлари, жаннатнинг башоратини олган ўн нафар одамдан бири, учинчи халифа шунчалик таъсирланар экан.

Хўш, биз-чи? Биз нима қилмоқдамиз? Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қайси ҳадисларини эслаб кўзимиздан ёш чиқади? Қай биримиз бирорта ҳадисдан таъсирланиб, кўз ёшимиз ила юзимизни ювишга яраймиз?

Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу охиратнинг охирги манзили жаннат ёки дўзахни ўйлаб эмас, балки охиратнинг биринчи манзили бўлган қабрни ўйлаб йиғлар эканлар.

Ҳа, охиратга бориш бир неча манзиллардан иборат. Ўша манзилларнинг биринчиси ва энг аҳамиятлиси қабр экан. Чунки қабрда иши осон кўчган киши бошқа манзилларда ҳам унча қийналмас экан. Агар, Аллоҳ кўрсатмасин, одам қабрда шиддатга учраса, бошқа манзилларда ундан ҳам қаттиқроқ шиддатга учрар экан.

Ҳа, қабр энг қўрқинчли, энг даҳшатли жой. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам кўп шиддатли жойларни, жумладан, дўзахни ҳам кўрганлар. Ул зотнинг хабар беришларича, ҳеч бир жой қабрчалик қўрқинчли ва даҳшатли эмас экан.

Буни билган, тушуниб етган инсон ҳар қанча йиғласа арзийди. Йиғлаб-йиғлаб, ибрат олиб, қабр қўрқинчи ва даҳшатидан қутулиш учун бу дунёда Аллоҳ таолонинг розилигини топишга, Унинг дини бўлмиш Исломга амал қилишга қаттиқ уринадиган бўлади.

“Руҳий тарбия” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло одам боласига жуда кўп неъматлар берган, уларни санаб адоғига ета олмаймиз. Шубҳасиз, улар ичида энг қимматли ва муҳимларидан бири ndash ҳаёт, тириклик давоми...

7674 11:50 / 13.09.2019
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Эй Аллоҳнинг Расули, энг мукаррам инсон ким, дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Тақводорлар,, дедилар. давоми...

1544 08:00 / 22.01.2021
11бобФақиҳ Абу Лайс Самарқандий раҳимаҳуллоҳ айтадилар Эшитувчи музаккирга юзланиб ўтириши, уни тўғри қалб билан тинглаши ва бошқа бирор нарса билан давоми...

1533 18:07 / 27.09.2020
Ибн Абу Заррдан ривоят қилинади .Машҳур муҳаддис Суфён ибн Уяйна Каъбанинг Бану Ҳошим эшиги олдида ҳаммага кўриниб турадиган баланд жойда ўтирарди. Бир пайт ҳадис давоми...

2083 08:00 / 05.12.2020