1446 йил 2 рабиъус сони | 2024 йил 05 октябрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Аллоҳ таоло осмонлару ерни жума куни яратган

11:05 / 02.11.2018 6196 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Жума» сўзи «жам бўлиш, тўпланиш» деган маънони англатади. Аллоҳ таоло мўминларга жума намозини фарз этган, буюрган:

«Эй иймон келтирганлар! Жума кунидаги намозга чорланган пайтда Аллоҳнинг зикрига шошилинг ва савдони қўйинг!» (Жума сураси, 9-оят).

Шу куни жамоат бўлиб адо этиладиган намоз эса «жума намози» дейилади. Аллоҳ таоло осмонлару ерни жума куни яратган, Одам атони шу куни халқ этган, уни шу кунда жаннатга киритиб, у ердан чиқарган. Қиёмат ҳам жума куни келади. Бу кунда дуолар қабул бўладиган алоҳида соат бор, мўминнинг Аллоҳ таолодан хайриятни сўраб қиладиган илтижоси шу вақтга тўғри келиб қолса, Аллоҳ уни албатта ижобат қилади. Жума намози мискин-фақирларнинг ҳажига тенглаштирилади. Имом минбарга ўтирган вақтда иккинчи азон айтилади ва қавм имомга рўпара бўлган ҳолда хутбани тинглайди. Имом таҳорат билан тик туриб икки марта хутба ўқийди ва улар ўртасида бир муддат ўтириши лозим бўлади. У хутбани тугатгач, такбир айтилади ва имом қавм билан икки ракат жума намозини ўқийди.

Жума намозидан олдин бир салом билан тўрт ракат, ундан кейин ҳам тўрт ракат намоз ўқиш суннати муаккадалардан ҳисобланади.

Жума намозини ўқиши лозим бўлган кишиларда қуйидаги маълум шартлар топилиши керак:

1. Ҳур-озод бўлиши шартдир. Қулга ва маҳбусга жума фарз бўлмайди.

2. Эркак бўлиши шартдир. Аёлларга жума фарз эмас.

3. Балоғатга етган бўлиши ҳам шартдир. Гўдакка гарчи унинг бўйи чўзилиб қолган бўлса ҳам, жума фарз бўлмайди. Лекин уни ота-онаси худди бошқа фарзларга буюрганидек, жумага ҳам буюриб туришлари лозим.

4. Саломат бўлиши ҳам шартдир. Касал кишига жума фарз бўлмайди.

5. Кўзи соғлом бўлиши ҳам шартдир. Кўзи ожизга жума фарз эмас.

6. Икки оёғи саломат бўлиши ҳам шарт. Жумага боришдан ожиз бўлиб ўтириб қолган кишига ҳам жума ўқиш фарз бўлмайди.

7. Хотиржамлик ҳам шартдир. Ўз жони учун бирор золимнинг ёки бирор фитнанинг хавфи бўлса ҳам, у кишига жума намози фарз бўлмайди.

8. Шаҳарда истиқомат қилаётган бўлиши ҳам шарт. Шаҳар деб унинг таклиф ёшига етган аҳолиси энг катта масжидга тўпланганда сиғмайдиган даражада бўлган маконга айтилади.

9. Яна шу шаҳарнинг қозиси ёки амири бўлиши ҳам шартдир.

10. Муқимлик ҳам жума намозини ўқишни вожиб қиладиган шартлардандир. Агар киши мусофир бўлса, унга жума намозини ўқиш вожиб бўлмайди. Лекин шу мусофир борган шаҳарда ўн беш кундан кўпроқ туришни ният қилса, унга жумани ўқиш вожиб бўлади. Яъни жумани ўқиш вожиб бўлиши учун ўз ватанида бўлиши шарт эмас, балки мусофир юртда бўлсада, у ерда муқимликни, яъни истиқоматни ният қилган бўлса, жумани ўқиш вожибга айланади.

Кимга жума намозини ўқиш вожиб бўлмаса, у жуманинг ўрнига пешинни ўқийди. Мабодо, жумани ўқиса ҳам, дуруст бўлаверади, яна қайтариб пешинни ўқимайди. Аммо аёллар, хоҳ кексалари бўлсин, хоҳ ёшлари бўлсин, жамоат бўлишлари макруҳлиги учун жу-манинг ўрнига пешинни ўқиганлари афзалдир. Мазкур узрлар сабабли жуманинг ўрнига пешинни ўқийдиган кишилар имом жума намозини ўқиб бўлгандан кейин пешинни ўқиганлари маъқул. Чунки имом жумани адо қилмай туриб, узрлилар пешинни ўқишлари макруҳ ҳисобланади.

Жума намозининг дуруст бўлиши учун қуйидаги шартлар мукаммал бўлиши лозимдир:

1. Жума шаҳар ёки шаҳар ҳукмидаги қишлоқда ўқилиши керак. Юқорида шаҳарнинг таърифини келтирдик. Агар шаҳар бўлиши шарти топилмаган қишлоқда жума намози ўқилса, дуруст бўл-майди. Уларга пешинни ўқиш лозим бўлади.

2. Жума намозига имомликка султон ёки унинг ноиби ва ё ўша масжидга тайин қилинган имом бўлиши шартдир. Худди шу аҳвол бугунги воқеликда мавжуддир.

3. Пешин вақти кирган бўлиши ҳам шартдир. Чунки пешин вақти жуманинг вақти ҳисобланиб, ундан олдинроқ ўқилган жума намози дуруст бўлмайди. Пешин вақти чиқиши билан жуманинг ҳам вақти чиқади.

4. Хутба. Жумада озми-кўпми хутба ўқиш ҳам шартдир. Ҳамд (алҳамдулиллаҳ), тасбеҳ (субҳаналлоҳ), таҳлил (ла илаҳа иллаллоҳ)ни бир марта айтиш билан ҳам хутба ўрнига ўтади. Лекин шунинг ўзи билан кифояланиш макруҳдир. Жумада битта хутба-нинг ўзини ўқиса кифоя қилади. Лекин уни такрор ўқиш суннатдир. Хутбани намоздан олдин айтиш шарт қилинади. Аввалги хутбани бошлашда «Аъузу биллаҳи минаш шайтонир рожийм»ни ўзи ичида айтади. Кейин жаҳрий қилиб Аллоҳга ҳамд ва Унинг ўзига лойиқ бўлган саноларни айтади. Сўнгра икки шаҳодат калималарини ўқиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга салавоту салом йўллайди. Сўнгра маъсиятлардан сақланиш, Аллоҳ таолонинг ғазаби ва азобини вожиб қилиб қўядиган амаллар қилишдан огоҳлантириб одамларга ваъз ва насиҳат қилади. Яна уларга дунё ва охиратда нажотга сабаб бўладиган амалларни эслатади. Аввало ўзини, қолаверса барча жамоатни тақвога тавсия қилади. Кейин мавзуга тегишли бўлган оятдан бир оят тиловат қилади. Иккинчи хутбани Аллоҳ таолога ҳамду сано айтиш билан бошлайди, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга салавоту салом йўллайди. Сўнгра барча мўмин-мўминалар ва муслим-муслималарнинг ҳақларига дуо қилади. Хутбани қисқароқ қилиб, намозни узайтириш ҳам суннат амаллардандир.

5. Жума намозига имомдан ташқари уч киши ҳозир бўлиши ҳам шартдир. Чунки жамоат ушбу адад билан ҳосил бўлади. Шу жамоат оқил, балоғатга етган эркаклардан ташкил топган бўлиши лозим. Мабодо, жамоат оқил, балоғатга етган мусофир ёки касал кишилар-дан ташкил топган бўлса ҳам, кифоя қилади. Аммо фақат аёллар ва гўдаклардан ташкил топган жамоат билан жума намозини ўқиш дуруст бўлмайди.

6. Жума намозининг дуруст бўлиш шартларидан яна бири ҳамма мусулмонлар учун масжидга кириш рухсати бўлишидир. Масжидга баъзиларнинг кириши тақиқлаб қўйилса, ўша масжидда жума ўқиш дуруст бўлмайди.

7. Жума намозини ўқиш учун жамоат бўлиш ҳам шартдир. Бу ҳақда юқорида баён қилинди.

Киши имомга жума намозини қай бир ҳолатида иқтидо қилса ҳам, у жумани топган бўлади. Агар саждаи саҳвдан кейинги ташаҳҳуд ўқилаётганда иқтидо қилган бўлса ҳам, у жума намозига етган ҳисобланиб, имомнинг саломидан кейин етолмай қолганларини охирига етказиб қўяди.

Жуманинг суннатлари ва одоблари:

1. Жумага ғусл қилиб, хушбўйланиб, энг чиройли кийимини кийиб бориш суннатдир.

2. Жумага эртароқ келиш ҳам суннатдир.

3. Жума кечаси ва кундузи Каҳф сурасини ҳам ўқиш суннатдир.

4. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот ва саломни кўп айтиш; камида кечаси уч юзта, кундузи ҳам шунча айтса, яхши бўлади. Кўп айтишнинг эса чегараси йўқ.

5. Дуони кўп қилиш ҳам суннатдир, чунки жума кунида бир соат борки, унда дуолар албатта ижобат бўлади.

Жума кунида макруҳ бўлган амаллар:

1. Ўтирган одамларни оралаб, елкаларидан ошиб олдинга ўтиш макруҳдир. Аммо ўтирадиган жой топа олмасаю, олдинда бўш жой бўлса, унда бу макруҳ бўлмайди.

2. Хутба ўқилаётган вақтда гапириш ҳам ҳаромга яқин макруҳ ҳисобланади. Хоҳ сўзлагувчи имом-хатибга яқин жойда бўлсин, хоҳ узоқроқда бўлсин, хоҳ дунё сўзини гапирсин, хоҳ зикр қилсин, барибир макруҳи таҳримий бўлади. Ҳатто шу пайтда саломга алик олиш, аксага жавоб қайтариш ҳам макруҳ амаллардандир. Агар имом хутбада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтишни тарғиб қиладиган оятни ўқиса, яъни:

ﭲ ﭳ ﭴ ﭵ ﭶ ﭷ ﭸﭹ ﭺ ﭻ ﭼ ﭽ ﭾ ﭿ ﮀ

«Йаа айюҳаллазийна ааману соллуу ъалайҳи ва саллимуу таслийма» («Эй мўминлар, сизлар ҳам у зотга салавот ва салом айтинглар») деса, ичида салавот айтиб қўяди. Имом икки хутба орасида ўтирган вақтда қўл кўтариб ва овоз чиқариб дуо қилинмайди.

3. Хутба вақтида намоз ўқиш ҳам макруҳи таҳримий ҳисобланади.


“Мўминнинг меърожи” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бир солиҳ киши бор эди. У бирор мусибат ёки балога йўлиқиб қолса, .Бу ҳам яхшиликкадир,, деб қўяр эди. Бир куни бўри келиб, унинг хўрозини еб қўйди. Унга бу ҳақда хабар давоми...

1532 08:00 / 30.08.2020
Одам ҳаёти давомида бўлиб ўтган воқеаларга назар солса, унда ўзига яраша кўплаб мўъжиза ва ҳикматларни кўриши мумкин. Бир қанча кимсалар дунёдаги воқеаларни давоми...

5926 19:10 / 25.02.2019
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади..Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Фараъ ҳам, атийра ҳам йўқ,, дедилар,. Бешовлари ривоят қилган. .Фараъ, туянинг давоми...

877 11:38 / 13 январь
Қуръони Каримда ёлғончиларга қиёмат куни аламли азоблар бўлиши уқдирилади.Аллоҳ таоло Наҳл сурасида марҳамат қилади .Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқиш учун давоми...

2789 10:00 / 01.06.2019
Аудиолар

131061 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

51585 14:35 / 11.08.2021