Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
...Кечаси билан йиғлаб чиқдим. Тонг отгунча кўз ёшим тўхтамади, кўзимга уйқу ҳам келмади. Кундузи ҳам йиғлайвердим.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ваҳий келавермаганидан кейин Али ибн Абу Толиб ва Усома ибн Зайдни чақириб, аҳлидан ажраш ҳақида маслаҳат қилдилар. Усома Расулуллоҳга у зотнинг аҳлида ҳеч қандай айб кўрмагани ва уларга нисбатан ўзида муҳаббат борлиги ҳақида сўзлади.
«Эй Аллоҳнинг Расули, улар сизнинг аҳлингиз, Аллоҳга қасамки, улар ҳақида фақат яхшиликни биламиз, холос», деди.
Али ибн Абу Толиб бўлса:
«Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳ сизни сиқиб қўйгани йўқ. Ундан бошқа аёллар ҳам кўп. Жориядан сўранг, айтиб беради», деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Барийрани чақириб, ундан:
«Эй Барийра, унда шубҳага соладиган бирор нарса пайқадингми?» деб сўрадилар.
«Йўқ! Сизни Пайғамбар қилиб юборган Зот номи ила қасамки, мен унда кўрган битта айб бор. У ҳам бўлса, ёши кичиклигида хамирнинг олдида ухлаб қолиб, қўйга егизиб қўяр эди, холос», деди у.
Шундан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бориб, ўша куни Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салулнинг узр сўрашини талаб қилдилар. У зот минбарда туриб:
«Менга аҳлим хусусида озор етказган одамдан ким узр олиб беради? Аллоҳга қасамки, мен ўз аҳлимдан яхшиликдан бошқа нарса кўрмадим. Батаҳқиқ, менга фақат яхшилик қилиб юрган одамни гап қилишди. У менинг аҳлим ҳузурига менсиз кирмас эди», дедилар.
Шунда Усайд ибн Ҳузайр розияллоҳу анҳу ўрнидан туриб:
«Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳга қасамки, мен ундан узр олиб бераман. Агар у Авсдан бўлса, бўйнини узамиз. Агар у биродарларимиз хазражийдан бўлса, нима амр қилсангиз, ўша амрингизни бажарамиз», деди.
Хазражликларнинг бошлиғи Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳу ўрнидан туриб:
«Ёлғон гапирдинг! Аллоҳга қасамки, уни ўлдирмайсан ва унга қодир ҳам эмассан», деди.
Бу гапни эшитгандан кейин Усайд ибн Ҳузайр розияллоҳу анҳу Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳуга бундай жавоб қайтарди:
«Сен ёлғон гапирдинг! Аллоҳга қасамки, албатта, уни ўлдирамиз. Сен мунофиқсан! Мунофиқларни ҳимоя қилмоқдасан!»
Икки қабила – Авс ва Хазраж аччиқланиб, бир-бирлари билан урушиб кетай дедилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса минбарда туриб, уларни ҳовурларидан туширар эдилар. Ҳаммалари жим бўлгандан кейингина минбардан тушдилар.
Ўша кунни ҳам йиғлаб ўтказдим. Кўзимдан ёш тинмади, яна уйқум келмади. Сўнгра кечаси билан ҳам йиғлаб чиқдим. Кўзимдан ёш қуйилаверди, уйқум ҳам келмади. Ота-онам олдимда эдилар. Икки кечаю бир кундуз йиғладим. Йиғлайвериб, жигарим ёрилиб кетса керак, деб ўйлаган эдим.
Ота-онам олдида йиғлаб турган чоғимда ансорлардан бир аёл киришга изн сўради. Унга изн бердим. У ҳам ўтириб, менга қўшилиб, йиғлай бошлади.
Биз шу ҳолатда турганимиз устига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кириб келдилар. Ўтирдилар. Менинг ҳақимда гап-сўзлар айтилганидан бери ёнимга ўтирмаган эдилар. У кишига бир ой менинг ишим ҳақида ваҳий келмай, туриб қолди. Ўтирганларидан кейин ташаҳҳуд айтдилар ва ундан сўнг:
«Менга сенинг ҳақингда шу-шу гап-сўзлар етди. Агар сен айбсиз бўлсанг, Аллоҳ таоло албатта сени оқлайди. Агар гуноҳга яқинлашган бўлсанг, Аллоҳга истиғфор айт, Унга тавба қил. Чунки банда гуноҳини эътироф этиб, тавба қилса, Аллоҳ таоло унинг тавбасини қабул этади», дедилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам гапларини тамом қилишлари билан кўз ёшим тақа-тақ тўхтади. Отамга:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга айтган гаплари учун жавоб беринг», дедим. У киши:
«Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нима дейишимни ҳам билмайман», дедилар.
Кейин онамга:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гапларига жавоб беринг», дедим.
«Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нима дейишимни ҳам билмайман», дедилар онам.
Мен ҳали ёш эдим, Қуръондан ҳам кўп ўқимас эдим. Ўзим гап бошладим:
«Аллоҳга қасамки, билишимча, менинг ҳақимда одамларнинг гапларини эшитдинглар. У гаплар кўксингизда жойлашиб қолди. Унга ишондингизлар ҳам. Агар мен сизларга «Мен айбсизман», десам, бунга ишонмайсизлар. Аллоҳ билиб турибди, мен айбсизман, лекин агар мен бир ишни эътироф қилсам, сиз буни тасдиқ этасиз. Аллоҳга қасамки, мен билан сиз ҳозир худди Юсуфнинг отасига ўхшаймиз, у айтган гапларни эсланг: «Энди (ишим –) чиройли сабр. Сиз васф қилаётган нарсада ёрдам сўраладиган Зот ёлғиз Аллоҳнинг Ўзи», дедим.
Сўнгра бориб, жойимга ётиб олдим. Ҳолбуки, ўша пайтда Аллоҳга қасамки, ўзимнинг айбсиз эканимни, албатта, Аллоҳ мени оқлашини билар эдим. Лекин, Аллоҳга қасамки, Аллоҳ таоло менинг ҳақимда тиловат этиладиган ваҳий туширишини хаёлимга ҳам келтирмаган эдим. Ўзимча «Менинг ишим Аллоҳ таоло тиловат қиладиган нарсага арзимайдиган иш», деб ўйлардим. Лекин ўзимча «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир туш кўрсалар-у, ўшанда Аллоҳ мени оқласа», дер эдим. Аллоҳга қасамки, у зот жойларидан қимирламай, аҳли байтдан бирортаси ташқарига чиқмай туриб, Аллоҳ Пайғамбарига ваҳий нозил қилди. У зот ваҳий келганда тушадиган ҳолатга тушдилар. Сўнгра кулиб, оддий ҳолатларига қайтдилар. У зотнинг биринчи айтган гаплари менга:
«Эй Оиша! Аллоҳга ҳамд айт! У сени оқлади!» дейиш бўлди. Шунда онам менга:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ўрнингдан тур!» дедилар.
«Аллоҳга қасамки, мен у зотга ўрнимдан турмайман. Аллоҳдан ўзгага ҳамд ҳам айтмайман. Менинг оқловимни нозил қилган Зот Удир», дедим.
Аллоҳ таоло ушбу ўн оятни нозил қилди.
«Албатта, ифкни келтирганлар ўзингиздан бўлган бир тўдадир. Уни ўзингизга ёмонлик деб ҳисобламанг. Аксинча, у сиз учун яхшиликдир. Улардан ҳар бир киши учун ўзи қилган касбнинг гуноҳи бордир. Улардан унинг каттасини кўтарган кимсага улкан азоб бордир. У(ифк)ни эшитган вақтингизда мўминлар ва мўминалар ўзлари ҳақида яхши гумонга бориб: «Бу очиқ-ойдин ифк-ку!» десалар бўлмасмиди?!
У(ифкчи)лар ўша(ифк)га тўртта гувоҳ келтирсалар бўлмасмиди?! Бас, гувоҳларни келтира олмаган чоғда ана ўшалар ўзлари Аллоҳнинг ҳузурида ёлғончидирлар. Агар дунёю охиратда сизларга Аллоҳнинг фазли ва раҳмати бўлмаганида, ўзингиз ичига шўнғиган нарса учун сизни албатта улкан азоб тутар эди. Ўшанда сиз у(ифк)ни тилларингиз ила илиб олар, оғзингиз ила ўзингиз билмаган нарсани гапирар эдингиз ва уни енгил санардингиз. Ҳолбуки, у Аллоҳнинг наздида улкандир. Уни эшитган чоғингизда: «Бизга буни гапирмоғимиз тўғри келмас. Ўзинг поксан! Бу улкан бўҳтондир!» десангиз бўлмасмиди?!
Агар мўмин бўлсангиз, Аллоҳ сизга у(ифк)га ўхшаш нарсага абадул абад қайтмаслигингизни ваъз-насиҳат қилур. Аллоҳ сизга оятларни баён қилур. Ва Аллоҳ Алийм ва Ҳакиймдир.
Албатта, иймон келтирганлар ичида фаҳш тарқалишини яхши кўрадиганларга дунёю охиратда аламли азоб бордир. Аллоҳ биладир, сиз эса билмассиз. Агар сизларга Аллоҳнинг фазли ва раҳмати бўлмаганида... Ва албатта, Аллоҳ Рауф ва Роҳийм бўлмаганида...
Эй иймон келтирганлар! Шайтон изидан эргашманг. Ким шайтон изидан эргашса, бас, албатта у фаҳш иш ва мункарга буюрадир. Агар сизларга Аллоҳнинг фазли ва раҳмати бўлмаганида, ичингиздан бирор киши абадул-абад пок бўла олмас эди. Лекин Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишини поклар. Аллоҳ Самийъ ва Алиймдир» («Нур» сураси, 11-21-оятлар).
Оиша розияллоҳу анҳо яна буларни айтадилар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менинг ишим ҳақида Зайнаб бинти Жаҳшдан ҳам сўраган эканлар.
«Эй Зайнаб, нима билгансан, нима кўргансан?» деб сўрабдилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули, унинг ҳақида фақат яхшиликни биламан», дебди Зайнаб.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёллари ичида фақат Зайнабгина мен билан шуҳрат талашар эди. Аммо тақводорлиги туфайли Аллоҳ таоло уни сақлади. Аммо синглиси Ҳамна ифк эгалари билан бирга ҳалок бўлди».
Тарихда «Ифк ҳодисаси» номи ила машҳур бўлган ҳодисанинг тафсилоти мана шулардан иборат.
Дунёдаги энг пок аёллардан бири, энг вафоли ёстиқдошлардан биттаси, мўминларнинг онаси, Сарвари Оламнинг суюкли жуфти ҳалоллари, Сиддиқнинг қизи сиддиқа Оиша онамиз ифкка учраб, гап-сўз бўлдилар, ўзларининг пок эканликларини очиқ-равшан билиб турганларига қарамай, бу бўҳтондан юрак-бағирлари тилка-пора бўлди. Икки кечаю бир кундуз тинмай йиғладилар, агар Расули Акрам келиб, гап бошламасалар, Аллоҳ билади, яна қанча йиғлар эдилар.
Бу ифк Абу Бакр Сиддиқдек саҳобийни – Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг яқин дўстларини ҳам паришон қилди. У киши жигаргўшалари Оиша онамиз йиғлаб келганларида нима қилишни билмай қолдилар. Ҳолбуки, Абу Бакр Сиддиқ ҳаммага маслаҳат бериб, йўл-йўриқ кўрсатиб юрган одам эдилар. Оиша онамиз у кишига мурожаат қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гапларига жавоб беришни сўраганларида «нима дейишимни ҳам билмайман», дедилар.
Абу Бакр Сиддиқнинг жуфти ҳалоллари, Оиша онамизнинг волидаи меҳрибонлари Умму Рувмоннинг ҳолатларига эътибор беринг-а! Дард-аламда ёнаётган жигаргўшаларини овутиш учун нима дейишни билмай, «Кундоши кўп хотин шундай бўлади», дедилар. Ҳолбуки, Оиша онамизнинг кундошлари у зотнинг покликларига Аллоҳнинг номи билан қасам ичиб, гувоҳлик бериб турибдалар. Қизини ҳимоя қилишга шунчалик уринаётган одам қизлари «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гапларига жавоб қайтаринг», десалар, «Нима дейишимни ҳам билмайман», дейишдан нарига ўтмадилар!
Туҳмат ва бўҳтонга учраган Сафвон ибн Муъаттални олайлик. У Расули Акрамнинг энг ихлосли, фидойи саҳобаларидан бири бўлган. Ана шундай тоза, пок, тақводор одам ўзининг Пайғамбари, йўлбошчиси, устози, шафоатчиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суюкли хотинлари билан зино қилганликда туҳматга учраб турса!..
Шунинг учун ҳам Сафвон ибн Муъаттал чидай олмай, ифкка қўшилганлардан бири Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳунинг бошига қилич билан уриб, ўлдириб қўйишига сал қолган.
Али ибн Абу Толибни, Усома ибн Зайдни, Умму Мистоҳни, Оиша онамизнинг ёнларига кириб, қўшилиб йиғлаган ансорий аёлни, Барийрани, Зайнаб бинти Жаҳш онамизни ва бошқаларни қаранг. Қанчалик ташвиш, қанчалик куюниш!..
Ҳа, Оиша онамизга қарши уюштирилган ифк бутун бир умматни ташвишга солган эди.
Ташвиш чекаётган умматнинг бошида унинг Пайғамбари Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам турар эдилар. Чунки бу ифк аслида Оишаи Сиддиқага эмас, Сафвон розияллоҳу анҳуга ҳам эмас, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга – Сарвари Оламга, Роҳматан лил Оламийнга, Саййидул Мурсалийнга, Хотамун Набиййинга қарши қаратилган эди.
Ислом душманлари у зотнинг оилалари орқали шахсларини ёмонотлиқ қилиб, Ислом динини қораламоқчи, унга футур етказмоқчи бўлишди. У зоти бобаракот ниҳоятда қийин бир ҳолга тушдилар. Гап ҳамма ёққа ёйилиб кетган, уни рад қилиш учун жуда ҳам кучли далил керак. Лекин қани ўша далил?
Бунинг устига, баъзи мусулмонлар, ҳатто Ҳассон ибн Собит, Мистоҳ ибн Асоса каби кўзга кўринган одамлар ҳам ифкка қўшилмоқдалар. Аллоҳ таоло томонидан оламларга раҳмат қилиб юборилган зот бўҳтонга учраб, нима қилишларини билмай турибдилар. Ҳали Усома ибн Зайддан, ҳали Али ибн Абу Толибдан, ҳали Барийрадан, ҳали хотинлари Зайнаб бинти Жаҳшдан маслаҳат сўрамоқдалар. Масжидда минбардан туриб, одамлардан ўз аҳллари учраган мусибатда ёрдам сўрамоқдалар. Қайноталари, қайноналари ҳузурларида энг суюкли хотинлари Оиша онамизга «Ростини айт, гуноҳинг бўлса, тавба қил, Аллоҳ тавба қилганни кечиради», деб турибдилар. Бошқа вақтда келиб турган ваҳий ҳам, мана, бир ой бўлибдики, тушмай қўйди.
Аммо бу нарсаларнинг ҳаммаси инсоний ўлчовлар ичидаги ҳолатлардир. Бу ишларнинг ҳеч бири ҳикматдан холи эмас эди. Фақат ҳодиса шу қадар кутилмаган ва шу қадар таҳликали ва шу қадар оламшумул эдики, ҳамма ўзини йўқотиб қўйган эди.
Ниҳоят, барча ишни ҳикмат ила қиладиган Аллоҳ таолонинг Ўзи аралашиб, ҳаммасини ўз жойига келтирди. Юқорида зикр этилган ўн оятда Оиша онамизни оқлади. Ҳамма, ҳатто Оиша онамизнинг ўзлари ҳам «Менга оқлов тушди», дедилар.
Лекин оятларда Оиша онамизнинг исмлари ҳам, сифатлари ҳам ёки бирорта белги ҳам зикр қилинмаган. Чунки уларда шунга ўхшаш ҳолатларда қандай йўл тутиш кераклиги ҳақида умумий қоидалар баён қилинмоқда. Чунки гап, аввал айтилганидек, Оиша онамизнинг шахслари устида эмас, Ислом билан Ислом душманлари орасидаги кураш ҳақида кетмоқда эди.
Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг ўзлари кейинчалик ифк ҳодисаси ҳақида сўз кетганда ифтихор билан «Менинг узрим осмондан тушган», дер эдилар.
Бу ҳақиқатни ҳамма яхши билар эди. Буюк саҳобий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу «Оишаи Сиддиқа узри осмондан нозил бўлган биринчи аёлдир», деб юрар эдилар.
Аллоҳ таолонинг Оиша онамизни оқлаб, шунча ояти карималарни нозил қилиши у кишининг шарафига шараф қўшди. Бу оқлов Каломуллоҳга қўшилди. Уни мўмин-мусулмонлар қиёматгача тиловат қилиб, тиловати ила ибодат қилиб юрадиган бўлдилар.