1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Муслималар саҳифаси

Савда бинти Замъа розияллоҳу анҳонинг фазллари

12:30 / 12.02.2019 2612 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

VI

Нубувват хонадонига бирин-кетин бошқа оналаримиз ҳам кириб кела бошладилар. Уларнинг ҳар бирлари ўзларига яраша бир олам эдилар, десак, муболаға қилмаган бўламиз. Хонадоннинг кенгайиши, унга турли авсофларга эга бўлган хонимларнинг кириб келишлари Савда бинти Замъа онамизнинг аввалги ўринларини бошқачага айлантирмади. У киши ўз ўринларини йўқотмасдан, ҳар кимга ўзига яраша муомала қилиб боравердилар. Бундай муомалаларнинг ичида ўзларига хос бўлган ҳазил-мутойибалари ҳам ўз ўрнини йўқотмади.

«Тарихи Тобарий», «Исоба» ва «Усдул Fоба» китобларида Ҳафса онамизнинг озод қилган чўрилари Хулайса розияллоҳу анҳодан қуйидаги қисса келтирилади:

«Оиша ва Ҳафса розияллоҳу анҳумо гаплашиб ўтирган эдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжалари Савда келиб қолди. Ҳалиги иккови бир-бирларига:

«Савдани қара, қандай чиройли ҳолда! Бир шу ҳолини бузмаймизми?!» дейишди.

Савда уларнинг ичида ҳоли яхшиси эди. У тоифий тери кийиб олган эди. У икковининг олдиларига яқинлашганда ҳазилни бошлашди:

«Эй Савда, хабаринг бўлмадими?!» дейишди.

«Нима эди, Аллоҳ раҳмингизни егурлар?» деди у соддалик ила ажабланиб.

«Fилай Дажжол чиқди!» дейишди иккови.

Савда қўрқиб кетиб, ўт ёқадиган бир хонага беркиниб олди. Иккови роса кулишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келиб, Ҳафса билан Оишага:

«Икковингизга нима бўлди?» дедилар.

Улар Савда билан бўлган ҳодисани гапириб беришди. У зот уни излаб, топдилар. У Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга:

«Эй Аллоҳнинг Расули, ғилай Дажжол чиқдими?!» деди.

«Йўқ. Чиққанга ўхшайди», дедилар.

У устидан ўргимчак инларини қоқиб, чиқиб келди».

Шу билан хонадонда бир муддат хушҳоллик ҳолати ҳукм суриб турди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳам ҳазил-мутойиба қилиб турар эдилар.

Савда бинти Замъа онамиз розияллоҳу анҳонинг ҳазил мутойибага мойилликлари машҳур бўлса ҳам, кези келганда жиддий бўлишни ҳам ўринлатар эдилар.

Имом Бухорий ва Муслимлар Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қиладилар:

«Савда бинти Замъа кечаси ташқарига чиқди. Бас, Умар уни кўриб, таниди ва:

«Аллоҳга қасамки, эй Савда, сен бизга махфий қолмассан», деди.

У Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига қайтиб келди. У зот менинг ҳужрамда ўтириб, кечки таомни тановул қилаётган эдилар. Бас, (Савда) у зотга ҳалиги гапни зикр қилди. У зотнинг қўлларида гўштли суяк турган эди. Шунда у зотга (оят) нозил қилинди. У зотдан (ваҳий ҳолати) кўтарилганда:

«Батаҳқиқ, сизларга ҳожатларингиз учун чиқишингизга изн берилди», дедилар».

Савда бинти Замъа онамиз кечаси ҳожат учун ташқарига чиққан эдилар. Аввал ҳам айтиб ўтилганидек, у киши катта жуссали, семиз ва секин ҳаракат қилувчи эдилар. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу кечаси бўлса ҳам, Савда онамизни дарҳол танидилар. Умар розияллоҳу анҳу ўта эҳтиёткор киши бўлиб, айниқса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оилаларига ниҳоятда эҳтиёт бўлар эдилар. Кейинчалик ҳижоб оятининг тушишига ҳам Умар розияллоҳу анҳунинг таклифлари сабаб бўлган. Умар розияллоҳу анҳу мўъминларнинг оналарини ҳам тергаб турар эдилар. Савда онамизнинг ташқарида юрганларини кўриб, яна тергашни бошладилар.

«Аллоҳга қасамки, эй Савда, бизга махфий қолмассан!» дедилар.

Бу қўпол қилиб айтадиган бўлсак, «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хотини бўла туриб, кечаси кўчада нима қилиб юрибсан?!» деган маънодаги гап эди. Бу гап Савда онамизга оғир ботди. У киши ўйнаб эмас, ҳожат учун чиққан эдилар.

Ўша пайтда у зот Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг ҳужрасида кечки таом еб ўтирар эдилар. Савда онамиз ўша ерга кириб бордилар ва бўлиб ўтган гапни зикр қилиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга шикоят қилдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қўлларида гўштли суяк бор эди. Ана шу ҳолда у зотга ваҳий нозил бўлди.

Одатда ваҳий нозил бўлганда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг нафас олишлари тезлашиб, терлаб, ғалати бир ҳолатга тушиб қолар, ёнларидаги киши у зотга ваҳий тушганини очиқ-ойдин билар эди. Оиша ва Савда оналаримиз ҳам ўша пайт Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий тушаётганини билиб, жим қолишди.

Кейин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳоллари асл ҳолатига қайтди. Ваҳий тушиб бўлгани билинди. Энди Савда онамиз билан Умар розияллоҳу анҳунинг ораларидаги тортишувли масала ҳал бўлиши керак эди. Ваҳий тушиб бўлиши билан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Батаҳқиқ, сизларга ҳожатларингиз учун чиқишингизга изн берилди», дедилар.

Бу ҳодиса Савда бинти Замъа онамиз розияллоҳу анҳонинг фазлларини кўрсатади.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Сўнгги пайтларда юртимизда китоб ўқишга тарғибот ишлари кенг кўламда амалга оширилмоқда. Кутубхона ва нашриётлар фаолиятини кенгайтириш, кишиларнинг давоми...

4378 16:15 / 07.02.2019
Юсайро розияллоҳу анҳо шундай дейдиРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга шундай марҳамат қилдилар .Эй, аёллар Аллоҳга тасбеҳ, таҳлил ва тақдис муқаддаслаш давоми...

4490 15:15 / 29.08.2020
Хадича онамиз вафот этганидан кейин ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг у кишига бўлган муҳаббатлари сўнмади. Агар Хадича онамизнинг давоми...

1247 11:38 / 16 ноябрь
Кекса онахон шундай ҳикоя қилади .Учта ўғлим бор, барчаси уйжойли бўлиб, тинчтотувликда яшамоқда. Кунлардан бир куни тўнғич ўғлимникига меҳмонга бориб, ўша ерда давоми...

4830 17:00 / 30.06.2022