1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Муслималар саҳифаси

Умму Ҳабиба онамизнинг Набий алайҳиссаломга бўлган юксак эҳтиромлари

19:02 / 08.01.2020 4792 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Умму Ҳабиба онамизни қандай кутиб олганларини ибн Асокир қуйидагича васф қиладилар:

«Умму Ҳабиба онамиз розияллоҳу анҳо келганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Билолга амр қилдилар. У у кишининг туяларининг тизгинидан тутиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам амр қилган манзилга туширди. У ерда бир фаррош аёл бор экан. У ўз отасининг озод қилган чўрисига:

«Агар хоҳласанг, сен сув келтир, мен супурай ёки мен сув келтирай, сен супур», демоқда экан.

Бас, уйни супурди. Кейин жун гилам тўшади. Унинг устига ҳам бир нарса солди. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз аҳлларининг олдига киришга изн сўрадилар. Бас, у зот унинг олдига кирганларида хушбўй нарсанинг ҳидини сездилар ва:

«Албатта, булар қурашиялардир, шаҳарликлардир. Аъробиялар ва бадавиялар эмасдир», дедилар».

Ана шу ондан бошлаб, Умму Ҳабиба онамиз нубувват хонадонининг бахтиёр аёллари қаторидан жой олиб, яшай бошладилар.

Мушрик отанинг муомаласи

Ҳудайбия сулҳида ким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шартномаларига қўшилмоқчи бўлса, қўшилавериши, шунингдек, ким Қурайшнинг шартномасига қўшилмоқчи бўлса, қўшилаверишига келишилган эди. Ана ўша бандга биноан, Бани Бакр Қурайшнинг, Хузоъа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шартномаларига қўшилган эди.

Бани Бакр билан Хузоъа ўртасида қадимдан адоват бор эди. Исломдан олдин улар бир-бирлари билан урушиб туришарди. Ислом келганидан кейин бу адоват тўхтади. Ҳудайбия сулҳи тузилгач, бу икки қабила бир-бирига қарши икки томонга шерик бўлиб, душманликлари яна янгиланди. Бани Бакр қабиласи пайтдан фойдаланиб, Хузоъадан эски ўчини олмоқчи бўлди. Хузоъаликлар ўз сувхоналарида машғул бўлиб турганларида Бани Бакрнинг одамлари уларга тўсатдан ҳужум қилиб, бир неча кишини ўлдиришди. Тўс-тўполон бўлиб, орада уруш чиқди. Ҳатто Қурайш ўз шартномадоши Бани Бакрга қурол етказиб берди. Қурайшнинг кўзга кўринган одамлари кечаси билдирмай бориб, урушда иштирок этишди. Хузоъаликлар ҳарамга қараб қочишди. Ҳарамга етиб боришгач, Бани бакрликларнинг баъзилари:

«Энди ҳарамга кирдик. Худодан қўрқинглар! Худодан қўрқинглар!» дейишди. Бошқалари эса:

«Бугун Худо йўқ! Эй Бани Бакр, ўчингизни олиб қолинг! Бундан кейин қулай фурсат келмайди!» дейишди.

Шундан кейин Амр ибн Солим ал-Хузоъий ўз қабиласидан қирқ отлиқ билан Мадинаи Мунавварага қараб йўл олди. У тўғри Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига бориб, тик турган ҳолда байт ўқиди. Унда у зотга ўзлари билан Хузоъа ўртасида шериклик шартномаси борлигини эслатиб, ёрдам сўради. Қурайшнинг у зот билан тузган сулҳни бузганлигини, сувхонага келиб, рукуъ ва саждада турган кишиларни қатл қилганларини айтди. У зот:

«Сенга нусрат берилур, эй Амр ибн Солим!» дедилар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Амр ибн Солимга ёрдам берилиши ҳақида гапирган бўлсалар ҳам, ҳақиқатни текшириб кўрдилар. У зот Қурайшга одам юбориб, улардан уч нарсадан бирини танлашга чақирдилар:

Хузоъалик ўлдирилган кишиларнинг хунини тўлаш.

Аҳдбузарларни – Хузоъага қарши ҳужум уюштирган Бани бакрликларни ўз шериклигидан чиқариш.

Аҳдни бузиб, уруш ҳолига ўтиш.

Уларнинг бошлиқларидан бири аҳдни бузиб, уруш ҳолига ўтишни ихтиёр қилганликларини маълум қилди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга бу хабар етиб келганда саҳобаларга:

«Худди сизларнинг ҳузурингизга Абу Суфён келиб, аҳдни мустаҳкамлаш ва унинг муддатини чўзишни сўрайдиганга ўхшайди», дедилар.

Шундай бўлди ҳам. Қурайш ўз қилмишига надомат қилди. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига аҳдни мустаҳкамлаш ва унинг муддатини чўзишни сўраш учун вакил юборишга қарор қилишди ва ўша вақтда ширк жамоасининг бошлиғи бўлган Абу Суфён ибн Ҳарб Мадинаи Мунаввара томон йўлга чиқди. У Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қайнотаси эди, яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаи мутоҳҳараларидан бири Умму Ҳабиба онамиз унинг қизи эди.

Шунинг учун ҳам Абу Суфён Мадинаи Мунавварага етиб боргач, тўғри қизи Умму Ҳабибанинг олдига кирди. У ўз жигаргўшасиникида ўзини эркин сезиб, тўшаб қўйилган кўрпачага ўтирмоқчи эди, шунда кутилмаган иш содир бўлди. Умму Ҳабиба узоқ муддатдан бери кўришмай юрган отасининг тагидан кўрпачани тортиб олдилар. Абу Суфён ҳайрон қолиб:

«Қизгинам, нима бўлди? Бу кўрпачани менга раво кўрмаяпсанми? Ёки мени кўрпачага раво кўрмаяпсанми?» деб сўради.

Умму Ҳабиба:

«Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрпачалари! Сен мушриксан, сенинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрпачаларига ўтиришингни истамадим», дедилар.

«Аллоҳга қасамки, сенга мендан кейин ёмонлик етибди», деди у.

Умму Ҳабиба онамизнинг бу ишлари у кишининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган юксак эҳтиромларидан эди. Умму Ҳабиба онамиз нима қилиб бўлса ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўпроқ рози қилиш пайида эдилар.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Умму Ҳабиба онамиз розияллоҳу анҳодан аввалги ҳикояларини яна давом эттирадилар.Менга мол етиб келгач, аввал хушхабар келтирган Абраҳага одам юбориб.Ўша куни давоми...

2481 11:27 / 01.01.2020
IIIСавда бинти Замъа онамиз розияллоҳу анҳо уч йилдан кўпроқ ўзлари ёлғиз Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга хотин бўлиб турдилар. У киши ўз ҳолларини ўзлари давоми...

2902 11:20 / 02.02.2019
Маҳр никоҳ ақди ёки эрхотин бўлиш билан эр зиммасига юкланадиган ва хотинга бериши лозим бўлган молдир.Маҳр турли номлар билан номланади. Қуръони Каримда маҳр давоми...

2157 11:00 / 17.06.2020
Валий ўз қизи ёки синглисини турмушга бериш мақсадида бирор бир солиҳ кишига унга уйланишни таклиф қилиши жоиз. Бу иш аёлнинг шаънини асло туширмайди. Чунки Умар давоми...

2063 16:00 / 15.11.2022