1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Туғилган фарзанд қиз бўлса... (давоми)

08:03 / 22.11.2018 4527 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Таквир сурасининг аввалидан бошлаб қиёмат қўрқинчлари васф қилинган. Бу оятларни ўқиган, эшитган инсон қўрқинчдан даҳшатга тушади. «Ўшандай кунда одамларнинг ҳоли нима бўлар экан?» деган савол пайдо бўлади. Ана шундай изтиробли бир ҳолатда турган инсонга биринчи бўлиб тириклайин кўмиб ташланган қизларнинг қайси гуноҳи учун кўмилганлари уларни кўмганлар ва кўмишга ҳукм чиқарганлардан сўралиши таъкидлаб айтилмоқда.

Дарҳақиқат, жажжи қизчалар қайси гуноҳлари учун бунчалик бешафқатлик билан ўлдирилар эди? У беғубор гўдакларнинг нима гуноҳи бор эди? Ҳали улар гуноҳ қилиш ёшига етмаган норасида эдилар-ку?! Ҳа, адолат, ҳақиқат назари билан қараладиган бўлса, у қизчаларнинг заррача ҳам гуноҳлари йўқ эди. Аммо жоҳилият назарида уларнинг айблари жуда ҳам катта – қиз бўлиб туғилганлари эди.

Қуръони Карим мазкура ҳимоясиз қизларга ҳомий бўлди. Уларнинг ҳаёт кечириш ҳақларини ҳимоя қилди. Қиз болаларни тириклай кўмганлар қиёмат куни энг аввал шундан сўралишлари асрлар давомида, қиёматгача ибодат учун ўқиладиган оятларга битиб қўйилди.

Аллоҳнинг охирги ва мукаммал дини бўлмиш Ислом аёлга тўлақонли инсон сифатида қараш масаласини ўртага қўйди. Аёлларга қилинаётган зулм, жабр ва ситамни кесишга киришди.

Ислом биринчи бўлиб аёл киши ҳам худди эркак кишидек, тўлақонли инсон эканини эълон қилди. Бу маъно Қуръони каримнинг бир қанча оятларида қайта-қайта баён этилди.

Аллоҳ таоло Нисо сурасида шундай деб марҳамат қилади:

ﭑ ﭒ ﭓ ﭔ ﭕ ﭖ ﭗ ﭘ ﭙ ﭚ ﭛ ﭜ ﭝ ﭞ ﭟ ﭠ ﭡﭢ

«Эй одамлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан унинг жуфтини яратиб, икковларидан кўплаб эркагу аёллар таратган Роббингиздан қўрқинглар!» (1-оят).

Демак, одамликда, инсонликда эркак ва аёл тенг, эркакнинг аёлдан устунлиги йўқ.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёллар ҳам эркаклар каби инсон эканини эълон қилдилар.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, аёллар эркакларнинг туғишганларидир», дедилар.

Термизий ривоят қилган.

Шу билан бирга, бизнинг динимиз исломий қонун-қоидаларни, ахлоқ-одобларни, тасаввур ва маданиятни жорий қила бошлади. Ўша вақтда аёлларга етказилган зулм кўп бўлганлиги учун Исломда уларга эътибор ҳам кўп бўлди.

Қуръони каримнинг узун сураларидан бири Нисо («Аёллар») деб аталди. Бошқа бир сура Мужодала («Тортишувчи аёл») номини олди. Шунингдек, Талоқ сурасини ҳам «Кичик Нисо» дейишади. Қуръони каримнинг бошқа сураларида ҳам аёллар масаласига алоҳида эътибор билан қаралади. Нур ва Аҳзоб суралари бунинг ёрқин мисолидир.

Аёлларга бўлган эътиборнинг тасдиғи ўлароқ, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмон умматига қилган оммавий ваъз-насиҳатларидан ташқари, яна аёллар учун алоҳида мажлислар ҳам ўтказиб турар эдилар.

Аёл кишининг шаънини улуғлаш маъносидаги бунга ўхшаш гаплар жуда ҳам кўп. Бошқа китобларимизда бу ҳақда батафсил сўз юритганмиз. Ушбу мақомда гапни қисқа қилишга ҳаракат қиламиз.

Исломда аёлларни туғилганларидан умрларининг охиригача керакли нарсалар билан таъминлаш эркаклар зиммасига юклатилганлиги, шунингдек, жамият учун керакли оғир ишларни бажариш ҳам эркакларга юклатилганлиги учун аёлларни ҳурматлаб, уларга ишлаш масъулияти юклатилмаган.

Исломда аёл зоти ўзининг ҳаёт кечириши учун керакли нарсаларни топишдан ҳам озод қилинган. Уни нафақа билан таъминлаш эркакларнинг вазифасидир. Нафақа деганда турар-жой, кийим, таом, дам олиш ва даволаниш каби ҳаётий заруратларни таъмин этиш кўзда тутилади.

Исломда аёл зотининг нафақаси агар у қиз бўлса, отасига вожиб бўлади. У қизини нафақа билан таъминласа, вожиб ибодатни адо этган шахс сифатида савоб олади. Аммо қизнинг нафақасида нуқсонга йўл қўйса ёки ундан бош тортса, вожиб ибодатдан бош тортган ёки унда нуқсонга йўл қўйган шахс сифатида Аллоҳнинг олдида гуноҳкор, қизининг олдида жиноятчи бўлади. Жамият маҳкама орқали, куч ила қизнинг ҳаққини олиб беради. Шунингдек, аёл зотининг нафақаси агар у сингил бўлса, акасига, опа бўлса, укасига, хотин бўлса, эрига, она бўлса, ўғлига юклатилади. Ҳеч кими бўлмаса, уни жамият қарамоғига олади.

Шунингдек, жоҳилият одатига хилоф ўлароқ, қиз туғилганда хурсандликни бўрттириб изҳор қилиш тавсия қилинади. Ҳатто ҳадя улашишда ҳам, кўнгиллари нозиклиги эътиборидан, аввал қизлардан бошланади. Қиз туққан келинлар баракали келинлар сифатида эъзозланади. Қизларнинг ўзлари ҳам «барака рамзлари» дея эркаланади. Қиз боққанларга турли мақомлар ваъда қилинади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Кимнинг учта қизи бўлса, уларнинг хархашалари, оғирликлари ва енгилликларига сабр қилса, Аллоҳ уларга кўрсатган раҳмати туфайли уни жаннатга киритур», дедилар. Бир киши:

«Иккита бўлса-чи, эй Аллоҳнинг Расули?» деди.

«Иккита бўлса ҳам», дедилар. Бир киши:

«Битта бўлса-чи, эй Аллоҳнинг Расули?» деди.

«Битта бўлса ҳам», дедилар».

Аҳмад ривоят қилган.

Шундай қилиб, биттами, иккитами ёки учтами қизни туғиш, уларни боқиб, тарбиялаб, катта қилиш ота-она учун жаннатга ҳақдор бўлиш омилларидан бирига айлантирилди. Мусулмонлар қадимдан қизларга фақат яхши назар билан қараб келдилар ва келмоқдалар. Аммо, минг афсуслар бўлсинки, кейинги пайтларда диний таълимотлардан бехабар айрим кишилар бу масалада хатога йўл қўйиб, бошқалар томонидан динимизга таъна тошлари отилишига сабаб бўлмоқдалар. Баъзи «мусулмонман», деб юрганларнинг аёлларга бўлган салбий муносабатларини тушунмаганлар бу нохушликни Исломнинг айби, дея жар солмоқдалар.

Бу борада ҳам гапни чўзмасдан, биргина мисол келтириш, яъни шахсан ўзим радио эшиттиришлари орқали эшитган гапни айтиш билан кифояланмоқчиман. Вилоятлардан бирида бир аёл тўртта қиз кўрибди. Ҳар сафар фарзанд туғилганда оилада жанжал бўлибди. Келинга: «Нега ўғил туғмай, қиз туғасан?!» деган дашномлар берилибди. Охири «Сен қиз халтаси экансан, яна қиз туғсанг, туғруқхонадан отангникига кетаверасан», деган таҳдид бўлибди. Аёл яна ҳомиладор бўлибди. Ўзига айтилган таҳдидлар ёдига тушибди. Беш қиз билан отасиникига қайтиб боришни тасаввур қилибди. Шайтоннинг васвасасига учиб, ҳомиласини олдирибди. Қараса, олинган ҳомила ўғил экан. Буни эшитиб, эр ўзини осибди. Уни эшитиб, хотин ўзига ўт қўйибди...

Боланинг ўғил ёки қиз бўлишига аёлнинг нима алоқаси бор? Аввало, мутлақо алоқаси йўқ. Агар фараз қилиб, алоқаси бор, десак, эркакнинг алоқасичалик бўлиши мумкин. Лекин нима учун эркакка эмас, фақат аёлга қиз туққанлиги учун дашном берилади. Ахир бундай қилиш Аллоҳнинг иродасига қарши туриш эмасми?

Ушбу ҳақиқатларни ҳар ким англаб етиши керак. Қиз туққан келинларни ва қизларни барака рамзи деб билиш, уларнинг эъзозини қилиш лозим.

Оиласида фарзанд кутаётган ва кўрган ҳар бир шахс бир оз чўзилган ушбу муқаддимада айтилган маъноларни ўзидан ўтказиши, шу билан бирга, уларга ихлос билан амал қилиши зарур.


“Соғлом бола” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ушбу маълумотлар Имом Ибн Жарир Тобарий таълиф этган асарларни бирмабир санамасдан, ҳисобламасдан ҳамда исмлари ва мавзуларини зикр қилмасдан келтирилган давоми...

1781 13:42 / 03.12.2019
Динсизлар борлиқнинг яратувчиси мавжудлигига ишонмайдилар. Уларнинг айтишича, барча нарсалар қадимий бўлиб, модда бирламчидир. Табиатдаги барча нарсалар вақт давоми...

2552 18:03 / 28.10.2018
Абдурраҳмон ибн Маҳдий айтади .Суфён Саврий раҳматуллоҳи алайҳдек қалби юмшоқ инсонни кўрмаганман. Мен кечаси у зотнинг ибодатларини кузатардим. У зот кечанинг давоми...

2397 07:00 / 12.02.2019
Сафар ойи ҳижрийқамарий тақвим бўйича йилнинг иккинчи ойидир. Одатда, бу ой яқинлашиши билан кишилар орасида сафар ойида сафарга чиқса, тўй қилса бўлмасмишrdquo давоми...

2271 11:00 / 05 август