1447 йил 5 ражаб | 2025 йил 25 декабрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Оловда биринчи ёнадиганлар

18:03 / 21.11.2018 5564 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Валид ибн Абу Валид ва Абу Усмон ал-Маданийдан Уқба ибн Муслим ривоят қилади:

“Бир сафар Мадинага борганимда халқнинг бир одам атрофида тўпланганини кўриб:

— Бу одам ким? — деб сўрадим.

— Абу Ҳурайра, — дейишди.

Шундан сўнг унинг ёнига бориб ўтирдим. Абу Ҳурайра йиғилганларга ваъз айтарди. Сўзларини тугатганидан сўнг, жамоат тарқалгач, унга:

— Аллоҳ розилиги учун, агар Жаноби Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитиб, хотирангда яхши сақланган ҳадис бўлса, менга айтиб бер, — дедим.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу:

— Майли, Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган ва яхши эслайдиганим бир ҳадисни айтақолай, — деди-ю, ҳушидан кетиб, ерга йиқилди. Анчадан кейин ўзига келиб, яна:

— Жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган ва яхши эслайдиганим бир ҳадисни сенга айтиб берай, деди-ю, такрор беҳуш ҳолда йиқилди.

Тағин ўзига келгач:

— Ҳа, ҳа, сенга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари билан мендан бўлак бирор кимса йўқлигида айтган ҳадисларини сўзлайин, — деди ва бу сафар янада қаттиқроқ беҳуш бўлиб, юзи билан ерга йиқилди.

Уни елкаларидан ушлаб, кўкрагим билан суядим. Ниҳоят ҳушёр тортганидан сўнг қуйидагиларни айтди:

— Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам, ўшанда марҳамат қилдиларки, Аллоҳ таоло қиёмат куни ҳаммани ҳисоб-китоб қилади. Тўпланганлар тиз чўккан кўйи, навбатини кутадилар. Энг аввал уч тоифа одам чақиралади: Қуръонни кўкрагида жамлаган киши, мол-дунёси кўп бўлган киши ва шаҳид бўлган киши.

Аллоҳ таоло Қуръонни ёд олган кишидан:

— Пайғамбарга нозил этилганларни сенга ўргатмадимми? — деб сўрайди.

— Менга билдирдинг, ё Раб.

— Сенга ўргатилган илмга мувофиқ ҳаракат қилдингми?

— Ҳа, ё Раббим! Мен кеча-кундуз Сенга ибодат қилардим.

Аллоҳ таоло:

— Ёлғон гапиряпсан, — дейди.

— Сен ёлғон гапиряпсан, — дейишади фаришталар ҳам.

Аллоҳ таоло:

— Бошқаларнинг: “Фалончи ўқиган одам, илмли”, деб мақташлари учун ўқиб-ўрганган эдинг.

Сени шундай дейишди ҳам, — дейди.

Ундан кейин мол-дунёси кўп бўлган киши ўртага олиб чиқилади. Аллоҳ таоло ундан:

— Мен сенга етарлича мол-дунё бермадимми, ҳатто ҳеч кимга муҳтож бўлмайдиган даражада сени бой қилиб қўймадимми? — деб сўрайди.

— Ҳа, ё Раббий, — дея жавоб беради у одам.

Аллоҳ таоло:

— Сенга берилган молни нима қилдинг, қандай сарфладинг? — деб сўрайди.

— Қариндошлик ҳақларига риоя этдим, садақа қилдим, муҳтожларга ёрдам бердим.

Аллоҳ таоло:

— Ёлғон гапиряпсан, — дейди.

Фаришталар ҳам:

— Ёлғон гапиряпсан, — дейишади.

Аллоҳ таоло:

— Сен “Одамлар мени сахий деб атасин” дея шундай қилардинг. Сени шундай аташди ҳам.

Шундан сўнг шаҳид бўлган киши олиб келинади. Жаноби Ҳақ ундан:

— Сен нима учун ўлдирилдинг? — деб сўрайди.

— Ё Раббий, Сенинг йўлингда қурбон бўлдим.

Аллоҳ таоло унга:

— Ёлғон айтяпсан, — дейди.

— Ёлғон сўзлаяпсан, — дейишади фаришталар ҳам.

Аллоҳ таоло унга дейди:

— Менинг амримни адо этиш учун эмас, одамларнинг: “Фалончи жасур экан” дейишлари учун курашдинг. Одамлар сени шундай дейишди-ку”.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу, давом этиб айтдики: “Жаноби Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам, шундан кейин менинг тиззамга уриб:

— Эй Абу Ҳурайра, қиёмат куни Аллоҳнинг махлуқларидан жаҳаннам оловида биринчи ёнадиганлари ана шу уч одамдир, — дедилар”.


“Қалбимизнинг нури” китобидан

Мавзуга оид мақолалар
Мадиналик Милҳоннинг қизи Румайсо хоним оқила, доно, хушхулқ ва гўзал аёл эди. Уни фарзандининг исми билан кунялаб Умму Сулаймrdquo деб чақиришар эди. Расулуллоҳ давоми...

6163 19:45 / 19.03.2019
Асарда муаллиф бир қатор ақидавий масалаларни муолажа қилади. Уларнинг асосийлари ҳақида қисқача маълумот бериб ўтамиз. Имом Мотуридий жавҳарларнинг ҳодис давоми...

2556 11:30 / 27.04.2020
Халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу вафотидан сўнг мусулмонлар Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуга байъат қилишди. У зот халифаликни ўта мушкул ишдан давоми...

5307 20:24 / 01.08.2019
Сулаймон ибн Абдулмалик волий бўлиб турган кунларининг бирида жума куни чиройли бир кийимни кийди, хушбўйликлардан сепди. Сўнг саллаларидан бирини танлаб, уни давоми...

4720 08:00 / 27.03.2021
Видеолар

1009 16:41 / 19 декабрь
Аудиолар

216640 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

135799 14:35 / 11.08.2021