1446 йил 24 шаввол | 2025 йил 22 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Муслималар саҳифаси

Оиша онамизнинг жанглардаги иштироки

12:08 / 14.11.2018 3558 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Оиша онамиз розияллоҳу анҳо жуда ёш бўлишларига қарамай, жангларда ҳам фаол иштирок этганлар. У киши биринчи бор Уҳуд жангида қатнашганлар. Оиша онамиз розияллоҳу анҳо Умму Сулайм бинти Милҳон розияллоҳу анҳо ва бошқа аёллар билан биргаликда лашкарни сув билан таъминлаб турганлар.

Ўша куни Ислом лашкари билан бирга ўн тўрт нафар аёллар ҳам бўлиб, уларнинг ичида Фотима бинти Муҳаммад, Умму Айман Ҳабашия, Ҳамна бинти Жаҳш розияллоҳу анҳолар ҳам бор эди.

Ўша куни бу аёллар ҳам мисли кўрилмаган фидокорликлар кўрсатишди. Оиша онамиз билан Умму Сулайм розияллоҳу анҳумо орқаларида кўзада сув кўтариб келиб, тинмай, жангчиларга тутар эдилар.

Имом Бухорий ва Муслимлар бу манзараларни ўз кўзи билан кўрган саҳобий Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан қуйидагиларни ривоят қиладилар:

«Батаҳқиқ, Оиша бинти Абу Бакр ва Умму Сулаймнинг пойчаларини шимариб олиб (болдирларидаги халхолни кўрдим), мешларни орқаларига қўйиб ташиётганларини кўрдим. Уларни одамларнинг оғизларига қуйишар эди. Сўнгра қайтиб бориб, уларни тўлдириб келишар ва яна одамларнинг оғизларига қуйишар эди».

Жанг тугади. Аёллар йўлга чиқиб, хабар кута бошладилар. Мусулмонлар жангдан сўнг қайтаётганларида Бани нажжорлик Ҳинд бинти Ҳаром Ансориянинг олдидан ўтишди. Унга эри, акаси ва ўғли шаҳид бўлганларининг хабарини бердилар. У бўлса тинмай:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нима бўлди?» деб сўрар эди. Одамлар:

«Аллоҳга ҳамд бўлсин, у зот яхшилар, сен хоҳлагандеклар», дедилар. Аёл:

«У зотни менга кўрсатинглар», деди. Одамлар у зотга ишора қилдилар. Аёл у зотни соғ-саломат кўрганидан кейин:

«Сиздан кейин барча мусибат арзимас нарсадир», деди.

Кейин Ҳинд бинти Ҳаром Ансория эри Амр ибн Жамуҳ, ўғли Ҳаммод ибн Амр ва акаси Абдуллоҳ ибн Ҳаромнинг жасадларини туясига ортиб, шаҳарга олиб кета бошлади.

Йўлда унга Оиша онамиз розияллоҳу анҳо дуч келдилар ва:

«Бирор хабарни биласанми? Ортингда нима хабар бор?» деб сўрадилар.

«Яхшилик бор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тинчлар. У зотдан кейин барча мусибат арзимас нарсадир» деди.

«Анавилар кимлар?» дедилар Оиша онамиз розияллоҳу анҳо.

«Акам, ўғлим ва эрим», деди Ҳинд.

«Уларни қаёққа олиб кетмоқдасан?» дедилар.

«Мадинага. Уларни ўша ерда қабрга қўяман», деди.

Ҳинд бинти Ҳаром Ансория розияллоҳу анҳо шундай деб, туясини ҳайдаган эди, туя чўкиб олди. У туяни мажбурлаб, турғизди. Аёл уни Мадина томон ҳайдаган эди, у яна ётиб олди. Бу иш бир неча марта такрорланди. У туяни Уҳуд томонга ҳайдаган эди, тезлаб юриб кетди. Аёл уларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб борди. Улар бошқа шаҳидлар билан бирга дафн қилиндилар. Шу ерда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг жаннатда бирга биродар бўлганларининг хабарини бердилар.

Оиша онамиз розияллоҳу анҳо Хандақ урушида ҳам қатнашдилар. У киши кўпчилик аёллар билан ўзлари қилишлари лозим бўлган ишларга ҳозир бўлиб турар эдилар. Аммо уруш бўлмасдан, икки томоннинг бир-бирини пойлаши билан вақт ўтар эди. Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг сабрлари тугаб, қўрғондан тушиб, жанг жабҳаси томон бордилар.

У киши бир боққа кирсалар, бир гуруҳ мусулмонлар ичида ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ҳам бор эканлар. Умар розияллоҳу анҳу Оиша онамизни бу жойда кўриб, ҳайратга тушдилар ва:

«Сени бу ерга нима олиб келди?! Сен жуда журъатли экансан-ку?! Бирор бало ёки тасодиф бўлса, нима бўлади?!» деб тергай кетдилар. Ҳазрати Умарнинг маломатларидан Оиша онамиз «Ер ёрилса-ю, унга кириб кетсам», дедилар.

Оиша онамиз розияллоҳу анҳо кейинчалик ҳам қуръалари чиққанда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бир қанча жангда қатнашиб юрдилар.


Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Мўмина қиз, инсоният учун яратилган энг хайрли умматнинг қизи, Аллоҳнинг ҳукмига итоат этишда энг олдинги сафда бўлганидир. Ўраниш мўмина қизга Аллоҳнинг буйруғи. давоми...

1908 20:30 / 01.11.2022
Хайбар урушида София бинти Ҳуяй розияллоҳу анҳонинг отаси ва бошқа қариндошлари жангда ҳалок бўлган эди. Эри Кинона ибн Робийъ хиёнати учун қатл қилинган эди. Ўзи давоми...

2440 19:05 / 30.10.2019
Зайнаб бинти Муҳаммад розияллоҳу анҳо Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизларидир. Оталарига пайғамбарлик келишидан ўн йил аввал Маккада давоми...

3692 17:00 / 02.11.2020
Валий ўз қизи ёки синглисини турмушга бериш мақсадида бирор бир солиҳ кишига унга уйланишни таклиф қилиши жоиз. Бу иш аёлнинг шаънини асло туширмайди. Чунки Умар давоми...

2203 16:00 / 15.11.2022