1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Муслималар саҳифаси

Умму Cалама розияллоҳу анҳонинг фазллари (учинчи мақола)

12:00 / 01.08.2019 4718 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Умму Салама розияллоҳу анҳо оммавий ҳижратдан анча олдин ҳижрат қилиб, Мадинаи Мунавварада оилалари билан истиқомат қилишни бошладилар. Бу вақтда оила катталашиб, болаларнинг сони тўрттага етган эди.

Кейин оммавий ҳижратга изн берилиб, бошқа мусулмонлар ҳам бирин-кетин Мадинаи Мунавварага кела бошладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳам келгач, мусулмонлар алоҳида жамият бўлиб яшай бошлашди.

Бадр урушида Умму Салама розияллоҳу анҳонинг эрлари Абу Салама розияллоҳу анҳу ҳам иштирок этиш бахтига муяссар бўлди.

Келаси йили Уҳуд уруши бўлди. Бу урушда Абу Салама розияллоҳу анҳунинг билагига ўқ тегиб, жароҳатланди. Қон тўхтамай, узоқ қийналди. Умму Салама онамиз розияллоҳу анҳо эрларига ихлос билан қараб, хизмат қилдилар.

Уҳуд уруши куни Умму Салама розияллоҳу анҳонинг амакиларининг ўғли Шаммос ибн Усмон Махзумий ярадор ҳолида Мадинага олиб келинди ва Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг уйларига ётқизилди. Шунда Умму Салама розияллоҳу анҳо:

«Амакимнинг ўғли мендан бошқанинг уйига ётқизиладими?» деб норози бўлдилар.

Бу гапни эшитиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Уни Умму Саламаникига кўтариб боринглар», дедилар. Ярадор мужоҳидни Умму Салама розияллоҳу анҳонинг уйига олиб келишди. У киши ўша ерда жон берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни Уҳудга қайтариб олиб келиб, вафот этган кийимида дафн қилишга амр қилдилар. У (ярадор жангчи) бир кечаю бир кундуз ётган, ҳеч нарса татимаган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни ювмадилар ҳам, жаноза ҳам ўқимадилар.

Уҳуд урушидан икки ой ўтгандан кейин Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга Бану Асад қабиласи Мадинага ҳужум қилишга тайёргарлик кўраётгани ҳақида хабар етди. У зот бир юз эллик кишилик жангчи гуруҳ туздилар. Бу гуруҳга аммаларининг ўғли Абу Салама розияллоҳу анҳуни бошлиқ қилиб тайинладилар.

Абу Салама розияллоҳу анҳу ўз аскарлари билан бориб, душманни енгиб қайтдилар. Аммо ўша юриш даврида эски яра очилиб, яна қон тўхтамай, оқа бошлади. Абу Салама розияллоҳу анҳу оғир аҳволда ётиб қолдилар. Умму Салама яна у кишига ихлос билан қарадилар. У киши эрларининг кўнглини кўтариш учун:

«Мен эшитишимча, қайси хотиннинг эри ўлса-ю, у аҳли жаннатдан бўлса, аёл ундан кейин эрга тегмай ўтса, икковлари жаннатда бирга бўлишар экан. Кел, аҳдлашайлик, сен ҳам мендан кейин уйланмайсан, мен ҳам сендан кейин эрга тегмайман», дедилар.

«Менга итоат қиласанми?» деди Абу Салама розияллоҳу анҳу.

«Ҳа», деди Умму Салама.

«Мен ўлсам, эрга тег», деди у ва қўлини кўтариб:

«Аллоҳим! Умму Саламага мендан кейин мендан яхши эр насиб этгин. Уни хафа қилмайдиган ва унга озор бермайдиган бўлсин», деб дуо қилди.

Муслим, Термизий, Насоий ва Абу Довудлар Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қиладилар:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қачон бемор ёки ўлаётган киши ҳузурида ҳозир бўлсангиз, яхши гап айтинг. Чунки фаришталар сиз айтаётган нарсага «Омин» деб турадилар», дедилар. Абу Салама ўлганда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келдим ва:

«Эй Аллоҳнинг Расули, Абу Салама ўлди», дедим.

«Аллоҳим, мени ҳам, уни ҳам мағфират қилгин ва менга ундан яхши орқада қолувчи бергин», деб айт», дедилар.

Мен уни айтдим ва Аллоҳ менга ундан яхши ортда қолувчини – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни берди», дедилар».

Бемор ва муҳтазар инсон энг кўнгли синиқ инсон бўлади. Шунинг учун унинг олдида фақат яхши, умидлантирувчи гапларни гапириш керак бўлади. Шунда уларнинг кўнгиллари кўтарилади. Энг муҳими, ҳар бир гапга фаришта «Омин», деб туради. Мўмин кишининг гапи фариштанинг «омин»ига тўғри келса, қабул бўлади. Ана шунда беморларнинг шифо топишига, муҳтазарнинг оқибати яхши бўлишига умидворлик туғилади. Шунинг учун ҳам бемор ва муҳтазар кишилар ҳузурида ҳозир бўлган одамлар доимо яхши сўзларни гапиришлари лозим.

Буюк саҳобий, Ҳабашистонга оиласи билан ҳижрат қилган Абу Салама розияллоҳу анҳу вафот этганида у кишининг хотини Умму Салама розияллоҳу анҳо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ўз эрларининг вафот этганлиги ҳақида хабар берганлар. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Умму Саламага бундай пайтда ўқилиши лозим бўлган дуони ўргатиб:

«Аллоҳим, мени ҳам, уни ҳам мағфират қилгин ва менга ундан яхши орқада қолувчи бергин», деб айтиб туришни буюрганлар. Ҳақиқатда ҳам мусулмон инсон хоҳ тирик бўлсин, хоҳ ўлик бўлсин, Аллоҳнинг мағфиратига муҳтож. Тириклару, ўзларига мағфират сўраш имконига эгалар. Аммо ўликлар-чи? Ўликларга уларнинг яқин кишилари сўрайдилар.

Яқин кишисидан ажраб, унинг ўрни бўшаб қолганидан қайғу-ҳасратга тўлиб турган киши-чи? Бундай киши йўқотганининг ўрнига Аллоҳдан ундан кўра яхшироқ ўринбосар сўраши лозим. Шунда аввало қайғу-аламни енгиллаштиради, энг асосийси эса дуоси қабул бўлиб қолса, мақсадига эришади. Чунки мусибат чекиб турган одам чин дилдан дуо қилади. Бундай дуони Аллоҳ таоло тўсиқсиз қабул қилади.

Абу Салама розияллоҳу анҳу жуда жасур саҳобалардан эдилар. Расули Акрам Абу Салама розияллоҳу анҳуни жуда яхши кўрар эдилар. Абу Салама розияллоҳу анҳу ўлаётганида у зот у кишининг бошларида бўлдилар. Сўнгги дақиқаларда унга тасалли бердилар. Ўз қўллари билан кўзларини ёпиб қўйдилар. Жаноза намозини тўққиз такбир билан ўқиганларида ҳамма «Янглишиб, ошиқча такбир айтдилармикан», деб ўйлади. Шунда Расули Акрам Абу Саламанинг минг такбирга ҳам лойиқлигини айтдилар.

Имом Муслим, Термизий, Насоий ва Абу Довудлар Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қиладилар:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Қайси бир бандага мусибат етганда «Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъун» деса ва сўнгра «Аллоҳумма! Ажирний фии мусийбати вахлуф лии хойром-минҳа» («Аллоҳим! Менга мусибатимда ажр бергин ва унинг ўрнига яхшироғини бергин») деса, албатта, Аллоҳ унга ажр беради ва унга бунинг ўрнига яхшироғини беради», деганларини эшитдим.

Абу Салама вафот этганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга амр қилганидек айтдим. Аллоҳ менга унинг ўрнига ундан яхши зотни – Расулуллоҳни берди».

Умму Салама онамиз «Бир эр бўлса, Абу Саламачалик бўлар, мен бу дуони ўқисам, ундан яхшироқ эр насиб қилармиди», деб дуони ўқимай қўйишлари ҳам мумкин эди. Лекин ўша хаёл ўтган бўлса ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтганларига амал қилиш иштиёқигина у кишини ҳалиги дуони ўқиб туришга ундади ва ўзлари кутмаган томондан Аллоҳ таоло Умму Салама онамизга дунёдаги энг афзал эрни ато этди. Шунинг учун динимиз амрларини суриштирмай, амалга оширишга ҳаракат қилиш керак. Фақат шунда тўлиқ саодатга эришилади.

Абу Салама розияллоҳу анҳунинг вафотидан кейин Умму Салама розияллоҳу анҳо бир этак болалари билан жуда оғир аҳволда бева қолдилар. Дину диёнат йўлида чеккан шунча азоб-уқубатлари: Макка кофирларидан чеккан озору дашномлар, Ҳабашистонга ҳижрат қилиш машаққатлари, ҳижрат пайтидаги оғирликлар, яна Маккага қайтиш, Мадинага ҳижрат қилган эрдан, жоҳил қавм тортиб олган боладан айрилиқ азоблари, бир йил ҳар куни Абтоҳга чиқиб йиғлашлар, иккинчи ҳижрат машаққатлари каммиди?! Энди эса энг азиз кишидан ажраш...

(Тамом)

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аслида ҳаё қабоҳатни йўқотиш учун ато этилган хулқдир. Ҳаёли инсонга ҳар ким ҳам журъат қилиб гапира олмайди, унинг қадрини топташга бировнинг ҳадди сиғмайди. Ҳаё давоми...

3346 15:00 / 24.05.2019
Оиша онамиз розияллоҳу анҳо ёки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошқа завжаи мутоҳҳаралари ҳақида сўз юрита туриб, кундошлик ҳақида гапирмай давоми...

5788 14:03 / 19.12.2018
Турли сабабларга кўра аёллар масаласи Исломга қарши таъна тоши отилишининг асосий нишонларидан бирига айланиб қолган. Ҳатто баъзи мусулмон уламолар .Аёллар давоми...

6742 18:00 / 22.07.2021
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.Эй Умму Ҳоний Сен ҳимоя этганингни биз ҳам ҳимоя этамиз, сен омонлик берганингга биз ҳам омонлик берамиз,, деб марҳамат давоми...

2081 19:58 / 15.07.2020