1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Янгиликлар

VII асрда Ҳабашистон ҳукмдори Нажошийга атаб қурилган масжид қайта тикланди

15:03 / 02.11.2018 2919 pdf Ўқиш режими + -

VII асрда ҳозирги Эфиопия заминида подшоҳлик қилган ва ислом тарихида Нажоший номи билан танилган, муҳожир мусулмонларга бошпана бериб, ўз ҳимоясига олган Асҳам ибн Абҳарга атаб барпо этилган қадимий масжид буткул таъмирланиб фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда International Quran News Agency хабар бермоқда.


Масжид Эфиопия пойтахти Аддис-Абебадан 790 километр узоқликда шимолдаги Вуқро шаҳрида жойлашган.  Нажоший масжиди ҳақиқатдан ҳам Африкадаги илк масжид ҳисобланади. Бекорга уни «иккинчи Макка» ҳам деб аташмайди.

Ҳабашистон ажнабий тилларда Эфиопия дейилади. Ҳабашистон дунёдаги энг қадимги давлатлардан бири ҳисобланади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида ҳам бу давлат ҳеч кимга бўйсунмаган, мустақил бўлган. Ҳабашистонда масиҳийлик дини ҳукм сурган.

Тарихдан маълумки, Нажоший қурайшийларнинг тазйиқларидан қутулиш учун Маккадан қочган Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг саҳобаларини қабул қилган. Ушбу тарихий шахс исломнинг  илк тарихида муҳим роль ўйнаган. Қирол Нажоший нафақат биринчи мусулмонларни қабул қилди, балки уларни маккалик бутпарастларнинг қўлига топширишдан бош тортди. Бундан ташқари, у  Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг саҳобаларига ўз динларига амал қилиш ва ўз подшоҳлиги ҳудудида исломни тарқатишга изн берди.

Тарих китобларида бу воқеа шундай баён этилган:

“Бошпана сўраб келган мусулмонларнинг бошлиғи Жаъфар ибн Абу Толиб Нажошийнинг саволига жавоб бериб бир қанча нарсаларни айтиб ўтади ва сўзида давом этиб “...Эй подшоҳ! Бошқаларни қўйиб сизни ихтиёр қилдик, сизга қўшни бўлишга рағбат қилдик. Сизнинг ҳузурингизда зулмга учрамасак керак, деб умид қилдик». Заррача ақли бор, заррача тафаккури бор, заррача инсофи ва заррача одамгарчилиги бор ҳар қандай одам боласини ларзага соладиган бу гапларни Нажоший диққат билан тинглади ва Жаъфар ибн Абу Толибга: «Сенда соҳибингиз Аллоҳдан келтирган нарсадан бирор намуна борми?» деди. Жаъфар ибн Абу Толиб Марям сурасининг аввалидан тиловат қилиб берди. Тиловатни эшитиб, Нажошийнинг кўзларидан ёш дув-дув тўкилиб соқолини ҳўл қилди. Унинг диний олимлари ҳам роса йиғладилар. Уларга Жаъфар ибн Абу Толибнинг пурмаъно сўзларидан кейин тиловат қилган оятлар қаттиқ таъсир қилган эди. Зотан, бу нарсалар таъсир қилмаган одамнинг одамийлиги шубҳали бўлиб қолиши турган гап. Орага тушган сукунатни биринчи бўлиб Нажошийнинг ўзи бузди: «Албатта, ушбу нарса ва Ийсо келтирган нарса бир чироқдондан чиққандир», дедида, Қурайш элчиларига: «Сизлар бораверинглар! Аллоҳга қасамки, буларни сизга топширмайман!» деди. Элчилар ҳам бўш келишмади. Уларнинг бири − Амр ибн Ос фитна қўзишга уриниб: «Эй подшоҳ! Улар Ийсо ибн Марям ҳақида катта бўҳтон айтурлар!» деди. Нажоший мусулмонларга қараб: «Ийсо ибн Марям ҳақида нима дейсизлар?» деди. Бу саволга мусулмонларнинг раҳбари Жаъфар ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу жавоб қайтариб: «Биз унинг ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам нима десалар, шуни айтамиз: у Аллоҳнинг бандаси, расули, руҳи ва калимасидир. У Зот уни пок ва тақводор Марямга илқо қилгандир», деди. Бу гапни эшитиб Нажоший ерга энгашиб бир чўпни олди-да, уни кўрсатиб туриб: «Аллоҳга қасамки, Ийсо ибн Марям сен айтган нарсага мана шу миқдорича ҳам зиёда қилган эмас», деди. Сўнгра мусулмонларга ширин сўзлар айтди ва улар омонликда эканликларини эълон қилди. Қурайш элчилари ноумид бўлиб ортларига қайтдилар. Муҳожир мусулмонлар Ҳабашистон ерида тинч-омон истиқомат қилдилар. Тарихчиларимизнинг таъкидлашларича, Ҳабашистонга биринчи мусулмонларнинг ҳижрат қилиб етиб бориши пайғамбарлик келганидан кейинги бешинчи санада бўлган. Жаъфар ибн Абу Толиб ва баъзи шериклари Ҳабашистонда еттинчи ҳижрий санагача бўлганлар”.

Ўша замонда Нажоший Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юборган мактубларини катта эҳтиром билан қабул қилиб олади. Мусулмон бўлади. У вафот этганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга ғойибдан жаноза намози ўқийдилар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

 «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳабашистон подшоҳи Нажоший вафот этган куни унинг ўлими хабарини етказиб: «Биродарингиз учун мағфират сўранг», дедилар».

Тарихий китобларда ёзилишча, саҳобаларнинг бир қисми қадрдон юртларига қайтиб келади, бошқа қисми эса Эфиопияда яшаб қолиб, Уоло ва Тиграй туманларида қўним топишади. Бу ҳудудда исломнинг тарқатилиши ушбу саҳобалардан бошланди. Биринчи мусулмонлар Тиграй вилоятининг пойтахти Мекеледан 60 км узоқликдаги Негаш қишлоғида истиқомат қилишган. Уларнинг ўзи Нажоший масжидини бунёд этишган. У VII асрда қурилган бўлиб, кейин кўп маротаба қайта қурилган. Шунга қарамай, масжид ҳанузгача мавжуд, унинг ёнида эса қадимги қабрлар ва ичида Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам саҳобаларининг жасадлари қўйилган икки мақбара ҳам бор. Бу жой нафақат Эфиопия, балки бутун дунё мусулмонлари учун ҳурматли ва эътиборли жой ҳисобланади. Ушбу тарихий масжидни қайта тиклаш вазифаси Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (ТИКА)га  юкланган эди. Лойиҳа доирасида масжид ва мақбараларга олиб борувчи “Саҳобалар кўчаси” деб номланадиган йўл қайта тикланди. Шунингдек, бу ерга Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг замонларида илк марта келган 15 нафар мусулмоннинг қабри ва шоҳ Нажошийнинг ўз мақбараси қайта тикланди.

Islom.uz портали таҳририяти

Мавзуга оид мақолалар
Аввал хабар қилганимиздек, Самарқанд шаҳридаги Форумлар саройида .Имом Абу Мансур Мотуридий ва мотуридия таълимоти ўтмиш ва бугун, мавзусида халқаро конференция давоми...

2228 16:08 / 05.03.2020
1 октябрь куни Татаристон муфтийси Комил ҳазрат Самигуллин Қозон шаҳридаги Ўзбекистон бош консули Фахриддин Насриев билан учрашди. Бу ҳақда Татаристон давоми...

2355 17:22 / 04.10.2021
Наманган вилоятининг Косонсой туманида 150 йиллик кўҳна масжид ўрнига янгиси барпо этилмоқда. Бу ҳақда .Дарё, мухбири Азизбек Абдувалиев хабар берди.Туманнинг давоми...

2590 15:28 / 10.08.2021
Испаниянинг автоном шаҳри бўлган Сеутада, бугун икки номаълум шахс мотоциклда келиб, масжид томонга қарата бир неча бор ўқ узган. Бу ҳақда islamtoday.ru хабар давоми...

2238 16:00 / 24.06.2019
Видеолар
Аудиолар

137635 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57700 14:35 / 11.08.2021