1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Ислом шариати осонликка бино қилинган

12:01 / 02.11.2018 2953 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Доимо бандаларга енгилликни хоҳлаш, уларни тоқатлари етмайдиган даражадаги оғир ва машаққатли амалларга буюрмаслик Ислом динининг асосий ва улкан қоидасидир.

Ислом шариати осонликка бино қилинган. Пайғамбаримиз алайҳиссалом саҳобалари Муъоз ибн Жабал ва Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳумони Яманга юбораётиб, «Севинтиринглар, бездирманглар, енгиллаштиринглар, қийинлаштирманглар», деганлар.

Аввал айтиб ўтилганидек, қарилик заифлик демакдир. Заифлик баъзи ҳолатларда ибодатларни бажаришни қийинлаштириши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Осонлик дини бўлган Исломда қарилик юзасидан ибодатларни енгиллаштириш ҳам йўлга қўйилган.

Қариларга осонлик туғдириш учун Қуръон етти ҳарфда нозил қилинган.

Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Бану Ғифорнинг ҳовузи олдида эканлар, ҳузурларига Жаброил алайҳиссалом келиб:

«Аллоҳ умматинг Қуръонни бир ҳарфда ўқишини сенга амр қилмоқда», деди.

«Аллоҳдан Унинг офияти ва мағфиратини сўрайман. Албатта, бунга умматимнинг кучи етмайди», дедилар у зот. Сўнгра иккинчи марта келиб:

«Аллоҳ умматинг Қуръонни икки ҳарфда ўқишини сенга амр қилмоқда», деди.

«Аллоҳдан Унинг офияти ва мағфиратини сўрайман. Албатта, бунга умматимнинг кучи етмайди», дедилар у зот. Кейин учинчи марта келиб:

«Аллоҳ умматинг Қуръонни уч ҳарфда ўқишини сенга амр қилмоқда», деди.

«Аллоҳдан Унинг офияти ва мағфиратини сўрайман. Албатта, умматимнинг бунга кучи етмайди», дедилар у зот. Кейин тўртинчи марта келиб:

«Аллоҳ умматинг Қуръонни етти ҳарфда ўқишини сенга амр қилмоқда. Қайси ҳарфда ўқисалар ҳам тўғри қилган бўладилар», деди».

Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар.

Термизийнинг лафзида:

«Эй Жаброил! Мен бир уммий умматга юборилганман. Уларнинг ичида кампирлар, қари чоллар, ёш болалар, кичик қизчалар ва мутлақо ёзув ўқимаган кишилар бор», дедилар. У:

«Эй Муҳаммад! Қуръон етти ҳарфда нозил қилингандир», деди», дейилган.

Бу ҳадиси шарифда Қуръони каримнинг етти ҳарфда нозил бўлишидан кўзланган мақсад очиқ-ойдин келмоқда.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Жаброил алайҳиссаломга қайта-қайта:

«Аллоҳдан Унинг офияти ва мағфиратини сўрайман. Албатта, бунга умматнинг кучи етмайди», демоқдалар.

Буни уч марта такрорлаганларидан кейин бир ҳарф етти ҳарфга етказилди.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръон оятларини олиб келадиган ва бир ҳарфда ўқишга амр бўлганини етказаётган фариштага умматларининг бунга кучи етмаслигини

«Эй Жаброил! Мен бир уммий умматга юборилганман. Уларнинг ичида кампирлар, қари чоллар, ёш болалар, кичик қизчалар ва мутлақо ёзув ўқимаган кишилар бор», деган хитобларида баён қилмоқдалар.

Бундан Қуръони каримнинг етти ҳарфда нозил бўлиши аҳолининг турли табақаларига, жумладан, кекса аёллар, қари кишиларга осонлик яратиш учун, Каломуллоҳни ўқишни осонлаштириш мақсадида бўлганлиги келиб чиқади.

Қарилик туфайли рўза тутишга қийналадиган кишиларга рўза тутмасдан, фидя бериш жорий қилинган.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: 

«У(рўза)ни қийналиб тутадиганлар зиммасида бир мискин таомича фидя бордир» ояти қари чол ва қари кампирга тегишли рухсатдир. Икковлари рўзани қийналиб тутадилар. Улар оғизларини очиб, ҳар бир кун ўрнига бир мискинга таом берадилар. Ҳомиладор ва эмизикли аёллар (боласига зарар етишидан) қўрқсалар, оғизларини очадилар ва таом берадилар». 

Бухорий «Тафсир»да ва Абу Довуд ривоят қилишган.

Бухорийнинг лафзида: 

«Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: «Бу оят мансух эмас, балки қари чол ва кампир учундир. Улар рўза тутишга қодир эмас. Шунинг учун ҳар бир кун ўрнига бир мискинни таомлантирадилар», деди», дейилган.

Маълумки, Исломда инсонни тоқатидан ташқари ишга таклиф қилиш йўқ. Жумладан, рўза масаласида ҳам. Шу маънода Аллоҳ таоло ўта кексайиб қолганлари сабабли рўза тутса қийналиб қоладиган қарияларга рўза тутмасликка рухсат берган.

Бу ҳақда Бақара сурасида оятлар келган. Биз ўрганаётган ривоятда улуғ саҳобий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ана шу ояти кариманинг ҳукмини тушунтириб бермоқдалар.

Мазкур оятга кўра, қартайиб қолган чол-кампирларга рўза тутмасликка рухсат бор ва рўзаси тутилмаган ҳар бир кун эвазига бир мискинга таом беришлари мумкин.

Баъзи бир кишилар ўзлари ёш бўлсалар ҳам, соғлиқлари яхши эмаслиги сабабли рўза тутишга қийналадиган бўлиб қоладилар. Ана шундай кишилар ҳам рўза тутмасликлари мумкин. Рўзанинг ўрнига фидя берадилар.

«Фидя» сўзининг луғавий маъноси «фидо қилиш» бўлиб, шариатда маълум бир нарсанинг ўрнига мол сарфлаш фидя бериш деб аталади.

Қариликлари туфайли рўза тута олмайдиганлар учун фидя беришнинг жорий қилиниши бежиз эмас. Унда мискинларнинг манфаати билан бирга, ўша рўза тута олмаган кишиларнинг ибодатни адо эта олмаганлари учун афсус-надоматларини енгиллатиш ҳам бор.

Кексалиги туфайли намозда қийналадиган кишиларга ўтириб намоз ўқишга рухсат берилган.

 «Оиша розияллоҳу анҳодан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тунги намозлари ҳақида сўрашди. У киши шундай дедилар: 

«У зот тунда тик туриб ҳам, ўтириб ҳам узоқ намоз ўқир эдилар. Тик туриб қироат қилсалар, тик туриб рукуъ қилар эдилар. Ўтириб қироат қилсалар, ўтириб рукуъ қилар эдилар».

Муслим, Термизий ва Насоий ривоят қилишган.

Демак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам тунги нафл намозни баъзан тик туриб, баъзан ўтириб ўқиганлар. Хусусан, чарчаб турганларида, аниқроғи, қариб қолганларида ўтириб ўқиганлар. Бу ҳол келаси ривоятда очиқ айтилади.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тўлишиб, (гавдалари) оғирлашиб қолганида аксар намозни ўтириб ўқир эдилар».

Бошқа бир ривоятда:

«Вафотларидан олдин кўпгина намозлари ўтирган ҳолларида бўлар эди», дейилган. 

Муслим ривоят қилган.

Албатта, бу ерда нафл намоз ҳақида сўз кетмоқда. Бу ҳам шариатимизнинг узрли кишиларга берган енгилликларидан биридир.


“Кексаларни эъзозлаш” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Усайд ибн Абу Усайддан, у онасидан ривоят қилинади.Абу Қатодага.Сенга нима бўлган ўзи, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳадис айтган одамларга ўхшаб давоми...

2421 19:10 / 11.06.2019
Аллоҳ таоло бутун махлуқотларининг ичида инсонни мукаррам ва мукаммал қилиб яратди. Яхшидан ёмонни фарқлай олиши учун ақл берди, қалбидаги ва ақлидаги давоми...

2546 10:40 / 03.08.2022
Бир куни Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Кўфадаги бир қишлоқдан ўтиб қолдилар. Йўлда бекорчи йигитлар тўпланиб олиб, ичиб ўтиришарди. Уларнинг ичида Зозон давоми...

2953 09:09 / 20.10.2020
Абулқосим Исфаҳоний айтади .Фирқалар қуйидаги етти асос ҳақида сўз юритиш туфайли залолатга кетган Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг Зоти борасидаги сўзУ Зотнинг давоми...

1364 08:00 / 01.11.2020
Аудиолар

135110 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55387 14:35 / 11.08.2021