1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Вақтдан унумли фойдаланинг

11:30 / 10.07.2021 2553 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳозирги кунда кимга қараманг вақт етишмаётганидан, ишларига улгурмаётганидан шикоят қилганини кўрасиз. Гоҳида муаммо нимада экан деб ўйлаб қоламан. Дунёга устоз бўлган имом Бухорийнинг ҳам бир кеча ва кундузи йигирма тўрт соатдан иборат эди, бизники ҳам. У зот қанчалар улуғ иш қилиб ўтдилар, биз нима қила олдик?..

«Уларнинг вақтига Аллоҳ барака берган», – деймиз беихтиёр. Тўғри, аммо ўша баракани жалб қилувчи омиллар ҳам бор-ку. «Қачон вақтимга барака кирса, шунда мен ҳам улуғ ишлар қиламан», деб юрсак, вақтимизга барака кириб қолмайди ахир.

Шуларни ўйлаб, вақтга барака киришига сабаб бўлувчи баъзи омиллар ҳақида мулоҳаза қилган бўлдик. Сиз ҳам бир эътибор қилинг-а, азиз дўстим:

1. Вақтни зое қиладиган ҳар бир нарсадан четда бўлиш.

Бирор-бир нарсада фойдага эришиш учун ҳамиша зарарлардан четланишга ҳаракат қилинади. Бир томондан зарар бўлиб турса, фойдага эришиб бўлмайди. Бунинг қиёси тешиги бор мешга ҳар қанча сув солган билан уни тўлдириб бўлмагани кабидир. Шунинг учун вақтдан унумли фойдаланишни мақсад қилар эканмиз, уни беҳуда сарфлашдан тийилишимиз энг биринчи чорадир.

Вақтни зое қиладиган амалларга беҳуда суҳбатлар, йиғинлар, кераксиз ўйинларни мисол келтириш мумкин. Айниқса, меъёридан ортиқ телевизор кўриш, интернет учун заруратсиз вақт сарфлаш вақтнинг ашаддий кушандалари.

2. Ҳамиша фойдали амал билан машғул бўлиш.

Ҳикматларда: «Фойдали бўлмаган ҳар бир иш зарарлидир», дейилади. Баъзиларга: «Фойдали иш билан шуғуллан!» дейилса, «Мен бирор ёмон иш қилмаяпман-ку», дейди. Фойдаси бўлмаган нарса билан машғул бўлишимиз, вақтни зое қилишимиздир. Шунинг ўзи энг катта зарар.

Келинг, фойда нима экани ҳақида мулоҳаза қилиб кўрайлик. Биз ҳар бир хатти-ҳаракатимиздан фойдани – фойда беришни ёки фойда олишни кўзлашимиз керак. Фойда бу моддий ёки маънавий ютуқдир. Бу ютуқ беш турли нарсада бўлади: динда, молда, жонда, ақлда, насабда.

Демак, ҳар бир хатти-ҳаракатимиздан юқоридаги беш турдан бирига фойда беришни ёки фойда олишни мақсад қилишимиз керак. Бу биз учун фойда билан зарарни ажратиш учун мезон – қолипдир. Бирор амал қилишимиздан олдин ўйлаб кўрайлик: «Бу ишимдан динимга, молимга, жонимга, ақлимга ёки наслимга фойда бераманми ёки фойда оламанми?»

Яна ҳикматларда: «Нафсингни ҳақ билан машғул қилмасанг, у сени ботил билан машғул қилади», дейилади. Шунга ўхшаб, биз фойдали амал билан машғул бўлмасак, беҳуда амаллар билан машғул бўлиб қоламиз.

3. Кун тартибига амал қилинг.

Вақтимизда барака бўлсин десак, кун тартиби тузиб, унга амал қилишимиз лозим. Ишларимизни режа асосида қилишимиз керак. Бежиз: «Иш боши – интизом», дейилмаган. Тартиб-интизом бўлган жойда муваффақият бўлади. Шунинг учун ўзингизга кунлик, ҳафталик, ойлик режалар тузиб олинг. Режаларга имкон қадар амал қилинг, мабодо бирортаси амалга ошмай қолса, кейинги кундаги режаларга зарар етказмаган ҳолда қолдирилган ишингизни амалга оширинг. Йўқса, мақсадга эришиб бўлмайди.

4. Бир вақтнинг ўзида бир нечта амални бажаринг.

Бир вақтнинг ўзида бир нечта амални бажариш вақтдан ютиш омилларидан биридир. Бунда асл мақсад бир нарса бўлади, яъни бир иш қилишга вақт ажратасиз ва шу жараёнда бошқа ишларни ҳам амалга оширасиз. Масалан, камина телефон орқали бўладиган мулоқотларимни кўчада юрганимда – бирор манзил сари йўлда эканимда амалга ошираман. Бундан ортган вақтда китоб ўқийман (йўлда). Қарабсизки, манзилга етгунча бошқа режаларимни ҳам амалга ошириб оламан.

Нонушта ва овқатланиш вақтларида турли аудио ва видео маълумотлар эшитиш, кўриш орқали вақтдан ютишингиз мумкин. Шунингдек, ишингизга халақит қилмаса, иш вақтида ҳам бу имкониятдан фойдаланиш мумкин.

Ҳозирги кунда овозли китоблар ҳам кенг оммалашмоқда, йўлда юрганда, спорт билан шуғулланаётганда ва бошқа вақтларда китоб эшитишни йўлга қўйиш ҳам самарали.

5. Вақтингизга барака сўраб дуо қилинг.

Банда ҳар бир ишда Аллоҳдан ёрдам сўраши керак. Шу билан бирга, ўша ишнинг амалга ошиши учун ўзи ҳам имконияти борича ҳаракат қилиши талаб этилади. «Олма пиш, оғзимга туш», деган билан иш битмайди. Шунинг учун ҳам биз юқорида аввал вақтга барака киришига сабаб бўлувчи омиллар ҳақида тўхталиб, сўнг дуо қилиш ҳақида айтдик. Биз шу каби сабабларни қилиш билан бирга вақтимизга барака беришини Парвардигордан сўрашимиз керак.

Ғиёсиддин Юсуф

«Ҳилол» журналининг 6 (27) сонидан олинди

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
1 сони. Ва илоҳингиз бир илоҳдирrdquo. Бақара сураси, 163оят.2 сони. Туядан иккитани, қорамолдан иккини пайдо қилдиrdquo. Анъом сураси, 144оят.3 сони. Аёлларингиздан ҳайздан давоми...

2591 11:20 / 14.09.2021
Ғайридин бўлган, кейинчалик исломга кирган бир аёл ўзининг исломга кириш тарихини ҳикоя қилади.Мен шифокор эдим. Менинг бўлимимда бир қари муслима аёл давоми...

5654 18:30 / 06.08.2021
Толҳа ибн Мусарриф айтади .Ҳайсамадан .Қайси нарса ҳосилсиз пайтида ҳам, ҳосилдорлик пайтида ҳам семираверади Қайси нарса иккала ҳолатда ҳам озаяверади Қайси давоми...

1613 07:10 / 12.09.2019
Исом ибн Юсуф бир куни Хотамул Асомнинг мажлисига кирди. Сўнг .Эй Хотам, намоз ўқиётганингизда Аллоҳ таоло кўриб турганини ҳис қилиб турасизми, деди. Ҳотамул Асом давоми...

2780 08:30 / 28.06.2020