1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Муслималар саҳифаси

Саййида Оиша бинти Абу Бакр розияллоҳу анҳонинг фазллари

12:09 / 01.11.2018 4828 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Макканинг кўзга кўринган кишиларидан бири бўлмиш Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг Умму Рувмон бинти Омир Канония исмли хотинлари бор эди. Бу аёл жоҳилият пайтида Абдуллоҳ ибн Ҳорисга турмушга чиқиб, ундан Туфайл исмли ўғил кўрган эди. Умму Рувмоннинг эри вафот этганидан сўнг Абу Бакр розияллоҳу анҳу унга уйланган эдилар.

Умму Рувмон ҳам Исломга аввалгилардан бўлиб кирган эди. Ана ўша Ислом фидокорлари бўлган эр-хотиннинг оиласи ўша пайтдаги энг муваффақиятли исломий оилалардан ҳисобланар эди.

Умму Рувмон қиз кўрди. Ўшанда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга пайғамбарлик келганига тўрт-беш йил бўлиб қолган эди. Янги меҳмонга Оиша деб исм қўйишди.

Ўша пайтда мусулмон ота ва муслима онадан туғилган фарзанд нодир эди. Оиша ана шундай нодир фарзандлардан бўлиб, исломий оилада ўса бошлади.

Имом Бухорий Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан қуйидагича ривоят қиладилар:

«Эсимни таниб, ота-онамни билибманки, икковларини Ислом динини дин тутганларини биламан».

Ислом фидокорларидан бўлмиш ота-онанинг тарбиясида қизча мурғаклигидан иймонли, тақволи, ихлосли бўлиб ўсди.

Унинг отаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларининг оқсоқоли, у зотнинг энг яқин сирдошлари, у зот билан ёшлигидан бирга ўсган, у зотга биринчилардан бўлиб иймон келтирган, мусулмонлар оз сонли бўлган бир чоғда у зотнинг жонларига оро кирган бир одам эди.

Онаси эса ўша пайт муслималарига ўрнак бўладиган, Ислом учун фидокор аёл эди. У билиб туриб, турли хавф-хатарларни ўз бўйнига олиб, эри кирган динга кирган вафодор хотин эди. У ўзининг поклиги ва ихлоси билан бошқалардан ажралиб турарди.

Никоҳ

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Хадийжа онамиздан ажраб, ёлғиз қолишлари ўша пайтдаги барча мусулмонларни ташвишга солган эди. Улар Пайғамбаримиздан бу мусибатни қандай аритишни ёхуд енгиллатишни ўйлар эдилар. Айниқса, бунга ўхшаш ҳолатларни аввалдан кўриб, муолажа қилиб юрган тажрибали аёллар тезроқ чора топишга ҳаракат қилар эдилар.

Мўмина аёллар ичида солиҳалиги ва фозилалиги билан ажралиб турадиган Ҳавла бинти Ҳакийм розияллоҳу анҳо бу ҳақда у зотнинг ўзларига гап очишга журъат этди:

«Эй Аллоҳнинг Расули, уйлансангиз бўлармиди?» деди.

«Кимга?» дедилар у зот.

«Қиз хоҳлайсизми, жувонми?» деди.

«Қиз киму, жувон ким?» дедилар.

«Қиз Оиша бинти Абу Бакр, жувон Савда бинти Замъа», деди Ҳавла бинти Ҳакийм.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Оиша розияллоҳу анҳога нисбатан ўзларигагина маълум сирлари бор эди.

3074. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Менга уч кеча тушимда кўрсатилдинг. Фаришта сени менга яшил ҳарир матога солиб, олиб келар ва «Мана шу сенинг аёлинг», дер эди. Юзингни очсам, сен бўлар эдинг. Ўзимча «Агар бу Аллоҳнинг Ўзидан бўлган бўлса, тушимни ўнгидан келтирар», дер эдим».

Икки шайх ва Термизий ривоят қилганлар. Термизийнинг лафзи:

«Жаброил Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга яшил ҳарир матода Оишанинг суратини олиб келди ва «Бу сенинг бу дунё ва охиратдаги завжанг», деди».

Ана шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дарҳол рози бўлиб, Ҳавла бинти Ҳакиймдан ўз номларидан Оиша онамиз розияллоҳу анҳога совчи бўлишини илтимос қилдилар.

Кейин нима бўлганини ‎имом Тобарий Ҳавла бинти Ҳакиймдан қуйидагича ривоят қиладилар:

«Абу Бакрнинг уйига кириб, Оишанинг онаси Умму Рувмонни кўрдим. Мен унга:

«Ҳой Умму Рувмон! Аллоҳ сизларга хайру баракани раво кўриб қолди!» дедим.

«У нима экан?!» деди.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени Оишага совчи қилиб юбордилар!» дедим.

«Кўнглимдаги иш бўлибди. Бир оз кутиб тур. Ҳозир Абу Бакр ҳам келиб қолади», деди.

Абу Бакр ҳам келди. Мен унга:

«Ҳой Абу Бакр! Аллоҳ сизларга хайру баракани раво кўриб қолди! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени Оишага совчи қилиб юбордилар!» дедим.

У ўзининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бўлган ҳолатларини эслади ва:

«Бу у зотга тўғри келармикан? Ахир биродарининг қизи?» деди.

Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига қайтиб бориб, ҳалиги гапни айтдим. У зот буни эшитиб:

«Унинг олдига қайтиб бор ва «Сен менинг Исломдаги биродаримсан, мен ҳам сенинг биродарингман, қизинг менга тўғри келади», демоқдалар», дегин», дедилар.

Мен Абу Бакрнинг олдига келиб, бор гапни айтдим.

«Мени кутиб тур. Ҳозир келаман», деди у.

Умму Рувмон гап нимада эканини равшанлаштириш учун:

«Мутъим ибн Адий Оишани ўғли Жубайрга сўраган эди. Аллоҳга қасамки, Абу Бакр берган ваъдасига зинҳор хилоф қилмайди», деди.

Абу Бакр Мутъимнинг олдига кирганда унинг хотини (Мурика) Умму Жубайр ҳам бирга ўтирган экан. Кампир бирдан сўзга кирди:

«Эй Абу Қуҳофанинг ўғли! Биз сенинг қизингни ўғлимизга олиб берсак, ҳали уни ўзингнинг динингга киритиб, муртад ҳам қиларсан?!» деди.

Абу Бакр аёлга ҳеч нарса демади. Унинг эри Мутъимга қараб:

«Бу нима демоқда?» деди.

«У ўзинг эшитган гапни айтмоқда!» деди.

Абу Бакр у ердан ваъдасига хилоф қилмасдан, Аллоҳнинг ўзи ишини ўнглаб қўйганидан мамнун бўлиб, чиқди. У тезда уйига қайтди ва Ҳавлага:

«Менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни чақириб кел», деди.

Ҳавла у зотни чақириб келди. Абу Бакр у зотга Оишани никоҳлаб қўйди. У ўша вақтда олти ёки етти ёшда эди».

У кишининг маҳрлари беш юз дирҳам бўлганлиги ҳам зикр қилинади.

Ҳозирда қиз болани бунчалик ёш пайтида эрга беришни ҳеч ким хаёлига сиғдира олмайди. Баъзи бир душманлар эса буни динга, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга қарши ишлатишга ҳаракат қиладилар. Аммо икки тараф ҳам ўша вақтнинг шароитига, урф-одатига ва бошқа омилларга назар солишни ўйлаб ҳам кўрмайди.

Ҳа, бу иш ўша пайтнинг одати эди. Ёш туриб никоҳланган қиз фақат Оиша онамиз эмас эдилар. Балки у вақтларда аксари қизлар худди шу тариқа узатилар эдилар.

Ёш қизга уйланиш фақат у зотга тегишли бўлмай, балки у пайтда кўпчилик шундай қилар эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан олдин Мутъимнинг оиласи Оиша онамизга совчи қўйгани ҳам бунга далилдир.

Қолаверса, бу тўла маънодаги оила қуриш эмас, балки унаштириб қўйишдек бир гап эди. Никоҳдан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамизни уйларига олиб кетмаганлар, аксинча, Оиша онамиз маълум муддатгача ота-онаси билан қолиб, аввалгидек яшайверганлар.


Ҳадис ва Ҳаёт” 25-жуз

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Қайси бир аёлни икки валий бировга никоҳлаб берса, у ҳақ биринчи валийники бўлади. Қайси бир одам икки кишига нарса давоми...

1815 11:00 / 03.06.2020
Қуйида фақат аёлларга хос бўлган йигирма бир масала зикр қилинади1 аёллар эҳром ҳолатида бошларини ёпадилар, лекин юзларини очиқ қолдирадилар.2 тикилган кийим давоми...

3408 11:00 / 07.08.2023
Маймуна бинти Ҳорис онамизнинг ва у кишининг опасингилларининг иймонлари бақувват эканига Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари гувоҳлик давоми...

3244 11:06 / 11.03.2020
Қачонки, сиз ҳақиқий эркак бўлсангиз, шунда аёлингиз сиз учун чинакам аёл бўлади.Қачонки, сиз чинакам эр киши бўлсангиз, шунда аёлингиз латофатли, иболи аёл давоми...

2814 09:00 / 05.01.2023