1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Муслималар саҳифаси

Азвожи мутоҳҳарот

20:00 / 22.10.2020 2744 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Азвожи мутоҳҳарот» жумласи луғатда «покдомон, покиза завжалар» деган маънони билдиради. Бу истилоҳ асосан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пок завжалари (хотинлари), яъни мўминлар оналарига нисбатан ишлатилади. Расули акрамнинг олтмиш уч йиллик умрларида никоҳларига олган завжалари ўн бир нафар бўлган: Хадича бинти Хувайлид, Савда бинти Замъа, Оиша бинти Абу Бакр, Ҳафса бинти Умар, Зайнаб бинти Хузайма, Умму Салама (Ҳинд бинти Абу Умайя), Зайнаб бинти Жаҳш, Умму Ҳабиба (Рамла бинти Абу Суфён), Жувайрия бинти Ҳорис, Сафийя бинти Ҳуяй, Маймуна бинти Ҳорислар. Мисрлик Мория Қибтия розияллоҳу анҳо чўри бўлгани учун уламолар Азвожи мутоҳҳаротга қўшишмайди. Булардан Сафийя Бани Исроил қавмидан, Мория мисрлик қибтийлардан, қолганлари араб эдилар. Араб завжаларнинг олти нафари Қурайш қабиласидан.

Ислом мухолифларининг иддаоларига қарши ўлароқ Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бунча хотинга уйланишларининг бир неча ғоят муҳим ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, ахлоқий ва диний сабаблари бўлган. Бу зот улар ўйлаганидай ўз ҳузур-ҳаловатларини кўзлаб уйланмаганлар, балки бундан маълум бир мақсад ва дин фойдасини кўзлаганлар. Бу аёлларнинг ҳазрати Оиша ва Мориядан ташқари ҳаммалари ёши ўтиб қолган тул хотинлар эди. Ҳазрати Хадича Расулуллоҳга никоҳланганларида турмуш кўрган, эрларидан ўн беш ёш катта аёл бўлганлар. Аммо шунга қарамай, Хадича онамиз Ислом тарихининг энг буюк аёли, Пайғамбаримизга биринчи бўлиб иймон келтириб, орқаларида намоз ўқиган эдилар. Расули акрамнинг етти фарзандларидан олтитасини Хадича розияллоҳу анҳо туққан эдилар. Пайғамбаримиз эллик ёшларигача биргина ҳазрати Хадича билан никоҳда бўлдилар. Яна бир завжалари ҳазрати Оиша ёш бўлишларига қарамай, Исломнинг улуғ фақиҳаси, муҳаддисаси ва олимаси бўлиб етишдилар. Ҳазрати Оиша Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан 2210 та ҳадис ривоят қилиб, бу соҳада ҳам пешқадамлардан бўлдилар. Шаръий ҳукмларнинг тўртдан бири Оиша розияллоҳу анҳонинг ривоятлари асосида тузилган. Мусулмонлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг покиза завжалари номини ҳурматлаб тилга олишади, исмлари ёнига «ҳазрат», «розияллоҳу анҳо» (Аллоҳ ундан рози бўлсин), «уммул-мўминин» (мўминларнинг оналари) деган сифатларни қўшиб айтишади. Қуйида мўминлар оналарининг қисқача таржимаи ҳоллари келтирилмоқда:

Хадича бинти Хувайлид

Хадича бинти Хувайлид ибн Абдулъуззо ибн Қусай Қурашия Асадия розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг биринчи ва суюмли жуфти ҳалоллари, мўминлар онаси, Ислом тарихининг энг буюк аёлларидан (Хадича розияллоҳу анҳо ҳақларидаги батафсил маълумотлар журналнинг ушбу сонидаги «Энг биринчи» мақоласида келтирилмоқда).

Савда бинти Замъа

Савда бинти Замъа розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаи мутоҳҳараларидан, мўминлар онаси. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазрати Хадичадан кейин бу аёлга уйланганлар. Савда эри Сакрон ибн Амр билан иккинчи гуруҳда Ҳабашистонга ҳижрат қилган. Ўша ерда эри вафот қилган. Маккага ёлғиз қайтган бу ёши улуғ бева аёлнинг қийинчиликда қолганини кўрган Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам унга уйландилар. Бу онамиз Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан беш йилга яқин умр кечиришди. Савда розияллоҳу анҳо Расули акрамдан 5 та ҳадис нақл қилган. Ҳижрий 55 йили вафот этган.

Оиша бинти Абу Бакр Сиддиқ

Оиша бинти Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳумо Ислом оламининг энг муҳтарама сиймоларидан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суюкли завжаи мутоҳҳаралари

Ҳафса бинти Умар

Ҳафса бинти Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳумо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаи мутоҳҳаралари, мўминлар онаси. Аввал Ҳунайс исмли саҳобий билан турмуш қурган ва у билан Мадинага ҳижрат қилган. Эри Бадр жангида ҳалок бўлгач, ҳазрати Умар ўттиз беш ёшли тул қизларини Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга завжаликка бердилар. Ҳафса розияллоҳу анҳо Расули акрамдан бир неча ҳадис ривоят қилган. У халифа Муовия замонида вафот этди.

Зайнаб бинти Жаҳш

Зайнаб бинти Жаҳш розияллоҳу анҳо Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг покиза завжаларидан. Бу аёл аввал Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг озод қилган қуллари ва тутинган ўғиллари Зайд ибн Ҳорисага турмушга чиққан эди. Аслзода аёлларнинг қулларга турмушга чиқолмаслиги каби араб одатини йўқотиш учун Расули акрам Зайнабни Зайдга никоҳланишга кўндирган эдилар. Аммо уларнинг турмуши муваффақиятли кечмади. Зайд Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қайтаришларига қарамай, уни талоқ қилди. Жоҳилият даврининг яна бир одати бўлмиш тутинган фарзанднинг туғишган авлод каби ҳисобланишини Ислом бекор қилиб, уларнинг тул қолган завжасини никоҳлаб олишни маънавий оталарига ҳалол қилди. Аллоҳнинг иродаси ила Пайғамбаримиз алайҳиссалом Зайнаб розияллоҳу анҳога уйландилар. Зайнаб ҳазрати Умар халифаликлари даврида вафот этиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан кейин оламдан ўтган илк завжалари бўлди.

Зайнаб бинти Хузайма

Зайнаб бинти Хузайма розияллоҳу анҳо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳазрати Ҳафсадан кейин уйланган завжаи мутоҳҳаралари, мўмина, тақводор, солиҳа аёллардан. Эри Убайда ибн Ҳорис Бадр жангида шаҳид бўлиб Расулуллоҳ қўлларида жон бергач, унинг ўрнига жанг майдонида мусулмонлар хизматида бўлган. Расули акрам аёлнинг чин мусулмонлиги, Ислом йўлидаги жидду жаҳди, сабр-матонати эвазига унга совчи юбордилар. Пайғамбаримиз алайҳиссалом уйланганларида у киши олтмишга етган кампир эди. У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан икки йилгина яшаб, вафот этди. Жанозаларини Расули акрамнинг ўзлари ўқиганлар. Қабри Бақиъда.

Умму Салама

Умму Салама Ҳинд бинти Суҳайл ибн Муғийра ёки Ҳинд бинти Абу Умайя розияллоҳу анҳо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаи мутоҳҳараларидан, мўминлар онаси. Аввал эри Абдуллоҳ билан Ҳабашистонга ҳижрат қилган. Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ аммаларининг ўғли ва эмикдошлари эди. У Уҳуд ғазотида яраланиб, вафот этганида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг тўрт етим билан қолган беваси Умму Саламага уйландилар. Аёлга мусибат етганида бунга сабр қилгани, эвазига яхшилик сўраб Аллоҳга дуо қилганида Расули акрамдан совчи келгани ҳақида гўзал бир ривоят нақл қилинган. Фазл ва карам жиҳатидан фақат ҳазрати Оишадан кейинда турадиган бу онамиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжалари орасида энг кейин вафот этгани тарих китобларида ёзилган. Ҳижрий 59 йили саксон тўрт ёшда вафот этган ва Мадинадаги Бақиъ қабристонига дафн қилинган.

Умму Ҳабиба

Умму Ҳабиба Рамла бинти Абу Суфён розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаи мутоҳҳараларидан. Умму Ҳабиба Қурайш қабиласи сардори, Макка шаҳри бошлиғи, ўша даврда мусулмонларнинг ашаддий душмани бўлган Абу Суфённинг қизи эди. Аввалги эри Абдуллоҳ ибн Жаҳш Ҳабашистонга икки ҳижрат чоғида насроний бўлиб кетгач, мусулмонликда собит қолган Умму Ҳабиба эридан ажраб, бегона юртда ёлғиз қолди. Вазиятни тушунган Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳабашистонга элчи юбориб, ҳижратнинг еттинчи йили уни никоҳлари ва ҳимояларига олдилар. Ҳабашистон нажошийи (подшоҳи) уни Мадинага эҳтиром билан юборди. Умму Ҳабиба Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга турмушга чиққанида ўттиз ёшларда эди. Ҳижрий 44 йили вафот этиб, Мадинада дафн қилинган.

Маймуна бинти Ҳорис

Маймуна бинти Ҳорис ибн Ҳазн Ҳилолия розияллоҳу анҳо Макканинг фозила аёлларидан, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаи мутоҳҳаралари, мўминларнинг оналаридан. У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари Аббоснинг хотини бўлмиш Лубобанинг синглиси, Абдуллоҳ ибн Аббоснинг холаси эди. Опаси Лубоба билан Хадича онамиздан сўнг биринчилардан бўлиб Исломга кирди. Маймуна жоҳилият пайтида Масъуд ибн Амр билан турмуш қурган эди. Сўнг ундан ажрашиб, Абу Руҳм Абдулъиззага теккан. Кўп ўтмай эри вафот этиб, бева қолган. Макка фатҳидан кейин Маймуна опасига Расули акрамга бўлган муҳаббати ҳақида сўзлади. Шунда Пайғамбаримиз тўрт юз дирҳам маҳр бериб, ёши ўтиб қолган ва камбағал ҳазрати Маймунага уйландилар. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг охирги уйланган хотинлари бўлди. Расули акрамдан 76 та ҳадис ривоят қилган, шулардан биттасига Имом Бухорий, бештасига Имом Муслим ёлғиз ҳолда, еттитасига биргаликда иттифоқ қилишган. Ҳижрий 51 (ёки 61) йили, Муовия даврида саксон бир ёшда вафот этди.

Жувайрия бинти Ҳорис

Жувайрия бинти Ҳорис розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг покиза завжаларидан, Бани Мусталиқ қабиласи раиси Ҳорис ибн Зироънинг қизи эди. Жувайриянинг аввалги эри Мусофиҳ ибн Сафвон Исломнинг ашаддий душманларидан бўлган. У Мурасиъ ғазотида ўлдирилган, хотини эса асир тушган. Фидя тўлашга пули бўлмаган аёл Расули акрамдан ёрдам сўраб келади. Пули тўланиб озод бўлгач, қабилага қайтмай ўз хоҳиши билан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга турмушга чиқди. Ана шу никоҳ туфайли етти юз қул ва асир озод қилинди. Ҳазрати Жувайрия ҳижрий 66 йили олтмиш беш ёшда вафот этиб, Мадинадаги Бақиъ қабристонига дафн қилинган.

Сафийя бинти Ҳуяй

Сафийя бинти Ҳуяй ибн Ахтаб Хазражия розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаи мутоҳҳараларидан, мўминлар онаси. У милодий 605 йили яҳудий оилада таваллуд топган. Яҳудий қабилаларидан Бану Қурайзалик Салом ибн Мишкамга турмушга чиққан. Исломга киргач, ундан ажрашиб, Кинона ибн Рабиъга эрга тегди. Кинона Хайбар жангида ҳалок бўлганидан кейин Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам яҳудийлар ва мусулмонлар ўртасидаги душманликни йўқотиш учун Сафийяни никоҳларига олганлар. Пайғамбаримиздан 10 та ҳадис ривоят қилган. Ҳижрий 50 (милодий 670) йили олтмиш беш ёшида Мадинада вафот этган ва Бақиъга дафн қилинган.

Анвар Аҳмад тайёрлади

«Ҳилол» журналининг 10 (19) сонидан

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам асирлар учун тўланган товонларни кўздан кечирар эканлар, бир таниш қутичага кўзлари тушди. .Бу кимга тегишли, дедилар. .Абу давоми...

2082 11:57 / 23.01.2022
Аксарият қиз фарзанди бор отаоналар қизимиз қариганимизда бизга хизмат қилади деган фикрда тарбия беришади. Ёши бир жойга бориб қолган аёллар ҳатто уйлижойли давоми...

3650 14:05 / 20 январь
Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳи Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар.Мен ва Абу Толҳа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан юриб кетдик. София у зотга давоми...

4100 12:30 / 20.11.2019
Никоҳнинг рукни масаласида ҳамма мазҳаблар бир овоздан ийжоб ва қабулни биринчи ўринга қўйганлар..Ийжоб, сўзи никоҳ ақдида иштирок этадиган икки томоннинг давоми...

2994 11:00 / 10.06.2020