
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Турли соҳада фаолият юритиб, нафақага чиққан ўн нафар дугона – ёши етмиш-саксон атрофида бўлган аёллар бир ойда бир марта йиғилиб, дастурхон атрофида чақчақлашиб ўтиришни одатга айлантирганимизга анча бўлган. Деярли ҳаммамиз олий маълумотлимиз. Биримиз филолог, яна биримиз математик, орамизда физик ҳам, иқтисодчи ҳам, шифокор ҳам бор. Бир неча йил аввал юртимизнинг диққатга сазовор жойларини биргаликда зиёрат қилишни йўлга қўйдик. Бу анъананинг натижаси ўлароқ Самарқанд, Бухоро, Хива, Қўқон, Нурота каби диёримизнинг машҳур жойлари қолмади ҳисоби...
Март ойидаги навбатдаги учрашувимизда қўшни давлат – Қозоғистон пойтахти Остона шаҳридаги 235 минг ўринли масжид ҳақида гап очилиб қолди. Кимдир ўша масжидни бирга бориб кўриш таклифини ўртага ташлади. Бу таклиф ҳаммамизга маъқул бўлди. Шу тариқа қардош халқ севинчига шерик бўлиб, ўша мажмуани ўз кўзимиз билан кўришга қарор қилдик ва бунга тайёргарлик кўра бошладик. Бу орада Остона мамлакатнинг энг совуқ ҳудудларидан бири экани, у ерда ёз бошларида ҳам нисбатан қалинроқ кийимда юриш мақсадга мувофиқлигига доир тавсиялар билан танишганимиздан сўнг у ерга баҳор охирлари – ёзнинг бошларида боришга қарор қилдик.
Ниҳоят, 30 май куни амалга оширилган Тошкент–Остона авиарейси орқали кўзлаган манзилимизга етиб бордик.
Серқуёш ўлканинг меҳри қайноқ аёллари боргани учунми Остона бизни илиқ кутиб олди. Самолётдан тушишимиз билан ҳаво бироз юмшоқлигини туйиб, бир-биримизга мамнун жилмайиб қўйдик. Бир ҳамроҳимизнинг хизмат юзасидан Олмаотада яшайдиган ўғли, шунингдек, бизга бириктирилган Серикбой оға деган ташкилотчи, барака топишсин, пойтахт аэропортида жуда дабдаба билан кутиб олишди. Кўринишимиздан ҳеч қандай давлат ташкилоти вакили ёки нуфузли меҳмонларга ўхшамаганимиз учун бизга кўрсатилаётган эҳтиромга гувоҳ бўлган бошқа йўловчилар ҳайратдан ёқа ушлаб қолишди.
Биз учун махсус тайинланган микроавтобусга ўтириб, озода шаҳарнинг режали қурилган биноларига маҳлиё бўлганча бирпасда меҳмонхонага етиб бордик. Хоналаримизнинг электрон калитларини қўлимизга тутқазишди. Кўп куттирмай ортимиздан юкларимизни чиқариб беришди. Кеч тушиб қолгани учун кўзлаган режамизни амалга ошира олмаслигимизни тушуниб, масжид зиёратини эртанги кунга қолдирдик. Нозу неъматлар тўла дастурхон атрофида кечки овқатни еб, хизмат қилганларни дуо қилдик. Орада фарзларни унутмай адо этган ҳолда тонг оттирдик.
Қувонарлиси, эртасига кунларнинг саййиди – жума эди! Шундай улуғ кунда ўн нафар ўзбек аёли Қозоғистоннинг энг катта масжидини кўриш учун йўл олдик. Аллоҳнинг уйида бизни масжид имом хатиби ва ноиблар ҳурмат билан кутиб олишди. Улар етакчилигида ҳайрат ва севинч қоришувида масжид хонақоҳига қадам қўйиб, бир-бир ярим соатда бино ичини тўлиқ айланиб чиқдик. Айнан шу пайт жума намози вақти бўлиб қолгани учун бизни иккинчи қаватга – аёллар бўлимига бошлашди. Катта ва ёрқин қандил, оёқ остидаги момиқ гиламлар ҳамда девордаги нафис безакларга маҳлиё бўлиб ўтирганимизда хонақоҳга секин-аста намозхонлар оқиб кела бошлашди. Масжид ҳовлиси, айвонлар, хонақоҳдан эшитилган ғала-ғовурлар одам қалбига қандайдир илиқлик бағишларди. Шунча одам ибодатга шошиляпти!
«Аллоҳу Акбар!», «Аллоҳу Акбар!..» Азон айтилиши билан бояги шовқин-сурон тиниб, масжидни сокинлик қамраб олди. Ҳамма тизилиб, жума намози арконларини бажаришга ҳозирланди...
Намоз ўқилиб, жамоат тарқалгач, сафаримиз мақсадидан хабардор бўлган имом ва унинг ноиблари масжиднинг бунёд этилиши тарихи ҳақида гапириб беришди.
Хонақоҳ қандилининг оғирлиги 22 тоннани ташкил этар экан. Ерга тўшалган гиламни тўқиш учун 5 тонна туя юнги сарфланган, Аллоҳнинг муборак 99 исми масжид деворига майда тошчалар ёрдамида – мозаика услубида ёзилган экан. Бир-биридан қизиқ бу маълумотлар барчамизни ҳайратга солди.
Эгнига оч жигарранг енгил чакмон кийган, бошига оқ салла ўраган ноибнинг «Мажмуани иншо қилишга уч йил давомида етти минг нафар ишчининг меҳнати сингган» деган гапига қулоқ соларканман, хаёлимдан «Шунча ишчи-я!» деган фикр ўтди. Кейин эса ишчилар турли касб эгаси: ким электрчи, ким сувоқчи, ким наққош бўлиши мумкинлиги ёдимга тушди – кўз олдимда ҳар бирининг ўз йўналиши бўйича меҳнат қилаётгани гавдаланди.
Имом хатибнинг айтиб берганлари ичида бизни энг кўп ҳайратга солгани – муҳташам бинонинг муҳандиси аёл экани, пешин намозидан сўнг аёл ва эркакларнинг қорилар тиловатидан баҳраманд бўлиши учун алоҳида хоналар ажратилгани бўлди. Бундан ташқари, масжиднинг нақ ўн икки хонадан иборат музейига қўйилган ҳар хил экспонатлар, айниқса, мамлакатдаги қатор тарихий қадамжоларнинг нозик дид билан ишланган макетлари барчамизнинг эътиборимизни тортиб, таҳсинларимизга сазовор бўлди.
Мароқли суҳбатдан мамнун бўлган ҳолда аср намозини адо этиб, меҳмонхонага қайтдик.
Кечки пайт қадрдон дугоналар бир хонага кириб, сафар таассуротлари билан ўртоқлашиб ўтирганимизда Серикбой оға келиб бизни эртанги йўналишлар билан таништирди. Режага мувофиқ Остона шаҳри, шунингдек Оқмола вилоятидаги эътиборга молик жойларни кўришимиз керак эди.
Мана бизга қадрдон бўлиб улгурган микроавтобусда елиб боряпмиз. Биродарларимиз бизга ҳар томонлама қулай бўлиши учун жон куйдиришгани-куйдиришган. Хушрўйгина, тиллари бурро қозоқ қизи биз босиб ўтаётган йўлнинг тарихи ҳақида сўзлай бошлади. Ҳойнаҳой, биз кекса аёлларни рус тилини биладими-йўқми деган эҳтимолда Жамшид исмли йигитни таржимон этиб ёллашган. Рус тилида, баъзиларимиз ҳатто инглиз тилида ҳам бемалол сўзлаша олсак-да, ўзимиздаги бу қобилиятларни сир тутган ҳолда қардош элнинг эҳтиромию эътиборидан чексиз миннатдорлигимизни изҳор қилиб кетдик.
Автобус текис ва равон йўлда бироз юргач, қумли ҳудудга бурилди. Ойнадан қарасам чўлда пояндоз бўлиб момақаймоқ ястаниб ётибди, биз эса ўша табиий гиламнинг устидан юриб боряпмиз. Нозиккина гулларни пайҳон қиляпмиз, деган оғир ўйда ачиниш билан ортда қолаётган йўлга қарадим. Шукрки, ҳолат мен ўйлаганчалик эмас экан; бир эгилиб олган ниҳоллар шундай тетик, шундай ҳушёрки... Шу онда ёзувчи Эркин Маликнинг чумолилар чўлда момақаймоқ уруғини ундиришини айтиб берганлари ёдимга тушди. Эшитганларимнинг гувоҳи бўлиб турганимдан ҳайратда қолдим. Митти жониворлар поёни кўринмайдиган чўлнинг бағрига митти гул уруғини қайси техника билан сочишган экан?! Ариқ тортилмаган бу чўл бағрида момақаймоқларнинг барра уриб туриши ҳар қандай инсоннинг ақлини лол қолдиради. Яратганнинг ишлари мукаммал ва бенуқсонлигини кўриб хоксор тортиб қолади киши.
Хаёллар уммонига чўмганимданми, уловнинг бепоён саҳронинг қоқ ўртасида қад ростлаган бир уй олдида тўхтаганини сезмай қолибман. Таҳоратга зарурат сезганлар бўлса кириб чиқсин, деган мақсадда тўхтадик, деб ўйладим. Йўқ, олти зинани бир-бир босиб, иморат остонасига қадам қўйишимиз билан бу бинонинг мўъжаз масжид эканини тушундим. Йўлакчадан чап томонда иккита обдаста, усти қопқоқ билан ёпилган челакда сув турарди, ўнг томонда эса бир хона бўлиб, бир нечта стол-стул қўйилиб, жойнамоз тўшалган. Тўрдаги бурчакка ҳам бир нечта жойнамоз тахлаб қўйилган. Оёқ остидаги гилам одамни тинчлантирувчи кўкиш рангда тўқилганигами, хонага ўзгача файз бағишлаяпти. Ҳамроҳларим қалбини сокинлик ва шодлик чулғаб олгани уларнинг кўзларида акс этиб турарди. Атрофда на дов-дарахт, на бир жилға бўлган, лекин момақаймоқли гилам тўшалган ушбу масканда қад ростлаган Аллоҳ уйида намоз ўқиганимизда қалбимизни чулғаб олган туйғулар умримиз охиригача ҳеч биримизни тарк этмаса керак. Кираётганимизда эътибор қилмаган эканмиз, намозни адо қилиб чиққанимизда кўзимиз ногаҳон ушбу мўъжаз кошонанинг пештоқидаги «Қуртадий Раҳимжон ўғлини дуода ёд этишингизни…» деган ёзувга тушди. Атайин атрофга эътибор билан разм солдим: бир-биридан узоқ-узоқда солинган ўндан ортиқ уй... Техника жадаллик билан тараққий этиб, турли кашфиётлар амалга оширилаётган бир пайтда ушбу масжиднинг улуғворлигини қиёслаш учун ақл бовар қилмайди. Ажабмас, вақт ўтиб, бу ерда ҳам улкан иншоотлар қад кўтарсаю, биз кириб-чиққан мана бу намозхона ёнида катта масжид қад ростласа!
Уловимизда кетиб борарканмиз, бу масканни зўрға тарк этганимизни пайқаган қозоқ синглимиз кўнглимизни кўтариш учунми, бизга бир-биридан қизиқ афсоналар айтиб бера бошлади. Қош қорайиб қолганди, орамизда кимнингдир қўл телефони чўлдаги ҳалиги уйда қолиб кетгани ҳақида гап тарқалди. Буюмини унутиб қолдирган ҳамроҳимизнинг дарди ичида. Ҳойнаҳой у, биздан кейин у-бу ким аллақачон телефонни олиб кетиб улгурган, деб ўйлаётгандир. Ахир ҳозирги пайтда уяли алоқа воситасини йўқотиш қимматбаҳо тақинчоқни йўқотиш билан баробар-ку! Биз аёллар хижолат тортиб қолгандик, Серикбой оға ҳайдовчидан автобусни кичик масжид томон қайтаришни илтимос қилди. Кечда иморат олдига етиб бордик, уч-тўрт аёл ичкарига кириб кетди. Қолганлар қатори мен ташқарида хушхабардан умид қилиб турибман. Ҳамроҳларимизнинг «Суюнчи!» деган севинч тўла сўзларини эшитиб Яратганга шукрона келтирдик. Телефонни жойнамоз ёнидан эмас, стол устидан топишибди. Бу матоҳда қўл-оёғи бормидики, столга чиқиб олса! Кимдир бировнинг мулкига бепарво бўлмай, тариқнинг мингдан бирини ҳақ деб билиб, бу масъулиятга жавобгарликни ҳис қилган ҳолда телефонни эҳтиётлаб бир бурчакка олиб қўйган экан. Чўлдаги ҳаёт мактабининг ҳаққа риоя қилиш дарси биз саёҳатчиларни яна бир бор таажжублантирди. Тонгдан кечгача давом этган саргузаштларимизга маҳлиё бўлганча меҳмонхонага қайтиб келдик. Эртага тонг отса, қалбан яқинликни ҳис эттирган гўшаларни ортда қолдириб Ватанга қайтамиз, иншааллоҳ...
Аёл ажойиб хилқат-да! У қаерга бормасин, бозор айланмаса бўлмайди, оила аъзолари ва яқинларига совға-салом олмаса, кўнгли тўлмайди. Учишимизга оз фурсат қолганида сафардошларим Остона марказий савдо мажмуасининг турли тармоқларига тарқалиб кетди. Харидорларга қулай бўлсин деб ўрнатилган ўриндиқлардан бирида ўтириб, ҳамроҳларимни кутиб ўтирибман. Бир вақт қарасам: Остонадаги аэропортда кутиб олиб то саёҳатимиз якунигача ёнимизда бўлган Серикбой оға оила аъзолари билан ёнимга келяпти! Қизиғи, қардош оғамизнинг келини биз ўзбекистонлик меҳмонларни сафар давомида суратга олиб, гўзал хотираларимизни видеога муҳрлаб юрган эди. Кетадиган кунимиз келин барча расм ва видеоларни флешларга ёзиб келган экан, ҳар биримизнинг қўлимизга биттадан эсдалик совға кўринишидаги маълумот сақлагичларни тутқазди.
Келиннинг ёқимтойгина ўғли, Серикбой оғанинг набираси биздан ийманиб, бобоси бағрига беркиниб олаверди. У қўлидаги ўйинчоғини дам у томонга, дам бу томонга яшириб, узун киприкчаларини пирпиратиб, ер остидан бизга қараб-қараб қўярди. Жажжи болакайга боқиб, тўрт кундан бери кўрмаганим учун соғиниб қолган набираю абираларим кўз олдимга келди. Чол ва набиранинг суҳбатига қулоқ солсам: Серикбой оға дилбандидан ўйинчоғини менга, аниқроғи абираларимга беришини сўраётган экан. Бола ўйинчоғини бағрига қанчалик маҳкам босмасин, бобоси уни қўли очиқ бўлишга мулойимлик билан ундарди. Охири олийжаноб миттивой бир қўли кўксида, ўйинчоқ ушлаган иккинчи қўли эса менга узалган ҳолда олдинга қадам ташлади. Ўрнимдан дарҳол турдиму, унга интилдим. Болакайнинг митти қўлини меҳр билан силаб, ҳаққига дуо қилдим ҳамда бизникига меҳмонга борганида уни кўп совғалар билан кутиб олишимизни айтдим. Серикбой оғанинг ёш болада ана шундай гўзал ахлоқни шакллантириш маҳорати барчамизга гўзал намуна бўлди.
2 июнь. Шу тариқа тўрт кечаю беш кундузлик сафаримиз ўз ниҳоясига етди. Ёши бир жойга бориб қолган биз – кекса онахонлар шу вақтни оилавий икир-чикирлар билан ёки кексалик дарди сабаб вой-войлаб ўтказишимиз ҳам мумкин эди. Бироқ сафар қилиш орқали Яратганнинг махлуқотларига назар солиб, кўп ибрат олиш мумкинлиги ҳамда саёҳат қилиш саломатлик учун фойдали эканига умид қилиб йўлга чиққандик. Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин, ҳақиқатан ҳам сафаримиз биз кутгандан зиёда – мароқли, мазмунли, тафаккурга чорловчи бўлди.

Ўктамхон Домлажонова.
«Ҳилол» журнали 7(64)-сон.