1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Ўғриларнинг энг каттаси ким?

16:06 / 31.10.2018 3524 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ марҳамат қилади:

“Дарҳақиқат, мўминлар нажот топдилар! Улар намозларида хушу ва тавозу билан бўйин эгувчи кишилардир.

Олимларимизнинг баъзилари хушу қалбнинг қўрқувга ўхшаш феълларидан деб ҳисоблайдилар. Баъзилари эса, аъзонинг феълларидан, деб қабул қиладилар, яъни намозни қимирламасдан, ўнгга-сўлга чайқалмасдан ва бошқа беҳуда ҳаракатлар қилмасдан ўқиш, деб тушунадилар.

Хушунинг намоз фарзлариданми, йўқса фазилатлариданми эканлиги борасида ҳам фикрлар хилма-хилдир. Баъзилар, фарзларидан, дейишади ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Одамнинг намозидан фақат маъқул бўлгани хушули намоздир» мазмунидаги ҳадисини ва «Менгагина ибодат қил ва Мени зикр қилиш учун намозни тўкис адо қил!» (Тоҳа сураси, 14-оятнинг сўнгги) мазмунидаги оятни далил қилиб келтирадилар. Ғафлат зикрга зиддир. Шунинг учун Аллоҳ буюради:

“Парвардигорингизни ичингизда ёлвориб, қўрқиб, дилдан эртаю-кеч ёд қилинг ва ғофил кимсалардан бўлманг!” (Аъроф сураси, 205-оят). Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намоз ҳақидаги бир ҳадиси шу мазмундадир:

“Уйингиз олдида лим-лим тўлиб оқаётган дарё ва бу дарёда кунда беш марта ювинувчи уй эгаси қандай бўлса, кунда беш маҳал намоз ўқувчи киши ҳам шундайдир. Кунда беш марта ювинган одамнинг вужудида кир қоладими?”.

Бу ҳадисни шундай изоҳлаш мумкин:

– Сув инсон вужудини моддий кирлардан тозалайди. Намоз эса инсон вужудини маънавий кирлардан, яъни ёмон феъл-атворлардан ва катта гуноҳлар сирасига кирмайдиган гуноҳлардан тозалайди. Фақат намоз хушу билан ва бажонудил ўқилгандагина шундай натижага эришилади. Хушу ила ва бажонудил ўқилмаган намозлар қабул бўлмайди, фойдасиздир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам буюрадилар:

“Ким бугун дунёвий фикрлардан қутулиб, бажонидил икки ракъат намоз ўқиса, барча ўтган гуноҳлари кечирилади. Намоз фарз қилинди, ҳақ ва тавоф қилиш амр этилди ва бошқа ибодат асослари нозил бўлди. ва буларнинг бари Аллоҳни зикр этиш учундир. Агар намоз ўқиётган одамнинг қалбида – модомики нияти ва мақсади Аллоҳни зикр этиш экан – Аллоҳнинг маҳобати ва қудрати сезилиб турмаса, у ҳолда зикр этишнинг нима аҳамияти бор?”

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билдирдиларки:

“Агар ўқилган намоз кишини чиркин ҳаракатлардан ва ёмон феъл-атворлардан қайтара олмаса, намоз унинг Аллоҳдан узоқлигини орттиришдан бошқа нарсага ярамайди”.

Бакир ибн Абдуллоҳ бир кун шундай деди:

– Эй Одамзод, сен агар рухсатсиз Раббингнинг ҳузурига кирмоқчи ва у билан таржиймонсиз гаплашмоқчи бўлсанг, марҳамат, кираверишинг мумкин.

Сўрадилар:

– Бунинг йўли қандай?

Жавоб берди:

– Камчиликсиз таҳорат ол, бажонудил намозга тур. Ана шу ондан эътиборан сен Аллоҳнинг ҳузуридасан. Таржимонсиз гаплаша оласан.

Ҳазрати Ойшадан  – Аллоҳ ундан рози бўлсин, ривоят қилинади.

Ойша дерларки:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан гаплашиб ўтирардик. У бизга бир нарсаларни тушунтирар, биз ҳам унга алланималарни айтардик. Лекин намоз вақти келдими, вассалом, унинг бутун фикри-ёди Аллоҳнинг қудрати ва маҳобатида бўларди, бамисоли У бизни танимас, биз ҳам уни танимасдик

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар:

– Кишининг қалби ва жисми ҳамжиҳат бўлиб намозда шай бўлмагунча Аллоҳ у намозга қарамайди.

Аллоҳнинг дўсти Ҳазрати Иброҳим намоз ўқиётганда, унинг юрак уришлари икки чақирим наридан эшитиларди.

Тануҳий намоз ўқиётган вақтларида ёноқларидан соқолига оқиб тушаётган кўз ёшлари шашқатор бўлар эди...

Бир дафъа Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқиётган бир одам соқолини ўйнаётганини кўрдилар ва шундай дедилар:

– Агар бу одамнинг юрагида хушу бўлса эди, аъзосида ҳам бўлар эди.

Ҳикоя қиладиларки:

– Намоз вақти келганда Ҳазрати Али титрар ва ранг рўйи ўзгара бошларди. Ундан: «Эй мўминларнинг амири, сенга нима бўлди?» - деб сўраган чоғларида, шундай дерди:

– Аллоҳ еру кўкларга фарзларини омонатга бермоқчи бўлганида улар қўрқиб олмаган эдилар, мен қабул қилганман... Энди омонат (намоз) пайти келди...

Яна Ҳазрати Ҳусайн таҳорат олаётганда афти-ангори сап-сариқ бўлиб кетарди. Оила аъзолари ундан бунинг сабабини сўраганларида, у шу жавобни берарди:

– Кимнинг олдида тик туриш учун ҳозирлик кўраётганимни биласизми? Ҳотам Асомдан намозни қандай ўқишини сўрайдилар. У шундай жавоб беради:

– Намоз вақти яқинлашганда бекаму кўст таҳорат олиб, намоз ўқийдиган еримга келаман. Аъзоларим тинчланиши учун бир оз ўтираман. Сўнгра намозни бошлаш учун ўрнимдан тураман. Каъбани икки қошим орасига, сирот кўпригини оёқларим остига, жаннатни ўнгимга, жаҳаннамни сўлимга, ўлим фариштасини орқамга оламан ва умримнинг энг сўнгги намозини ўқиётирман деган хаёл билан, қўрқув ва умид орасидаги бир руҳий ҳолат қучоғида намоз ўқишни бошлайман. Такбирни хушу билан айтаман. Сура ёки оятларни секин-секин, эҳтиёт бўлиб ўқийман, рукуларни тавозу билан, саждаларни хушу билан қиламан. Сўл оёғимнинг қаттиқ қисмини ерга кўндаланг ётқизаман, сўл оёғимга ўтираман. Ҳамда буларнинг барчасини ихлос билан адо этаман, фақат намозим қабул бўлган-бўлмаганини билмайман.

Ибн Аббос дерки:

– Кўп чўзмасдан ва кўп калта ҳам қилмасдан бажонудил ўқилган икки ракаат намоз юрак хатоларга тўла ҳолда бир кеча ўқилган намоздан хайрлироқдир.

Пайғамбаригииз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир ҳадиси шундай мазмундадир:

“Охир замонда умматимнинг шундай бир қисм кишилари бўладики, улар жоме ва масжидларга келиб, давра қуриб ўтирадилар. Бутун зикрлари ва ўйлаганлари дунё бўлади. Ва дунё севгиси бўлади. Асло улар билан ўтирманг. Аллоҳнинг улар билан иши йўқ

Бир кун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:

– Сизларга ўғриларнинг энг каттаси кимлигини айтайми? 

Саҳобалар сўрашди:

– Ким у, эй, Аллоҳнинг Расули? 

Расул соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:

– Намозидан ўғрилик қилган. 

Саҳобалар сўрашди:

– Намоздан қандай ўғрилик қилиш мумкин? 

Расул соллаллоҳу алайҳи васаллам жавоб бердилар:

– Бундай ўғрилар руку ва саждаларни тўла қилмайдилар.

Яна намоз тўғрисида айтилган бир ҳадис шу мазмундадир:

– Қиёмат куни одамлар энг олдин намоздан ҳисоб берадилар. Агар инсон ҳақиқатан намозини ўз вақтида ва тўла-тўкис адо этган бўлса, бундан кейинги ҳисоботи осонлашади. Йўқ, агар ўқиган намозлари нуқсонли ва қусурли бўлса, Аллоҳ малакларга шундай буюради:

– Бандамнинг бундан бошқа нофила (қўшимча) ибодатлари борми? Бор бўлса, улар билан нуқсонлар ўрнини қопланг!

Намоз борасида айтилган бошқа бир ҳадис эса шундайдир:

– Кишига тўла-тўкис икки ракаат намоз ўқиган чоғида берилган савобдан хайрлироқ ҳеч нима берилмайди.

Ҳазрати Умар намоз ўқишни ният қилган чоғида ҳурпаяр, тишлари такилларди. Ундан бунинг сабаби сўралганда:

– Омонатни адо этиш ва фарзни ўрнига қўйиш пайти келди, аммо мен буни қандай адо этажагимни билмайман, – дерди у.

Бир кун Холаф ибн Айюб намоз ўқиётганда, уни ари чақиб олди, вужудидан қон чиқса-да, у буни ҳеч ҳис этмади. Ибн Саид буни кўриб турганди. Намоздан кейин унга: «Сени ари чақиб, терингдан қон оқди-ю, хабаринг бўлма-ди!» деганда Ибн Айюб шундай деди:

– Ўзинг ўйла: бир одам Аллоҳнинг ҳузурида, ўлим фариштаси боши устида, жаҳаннам сўлида ва сирот кўприги оёқлари остида бўлса, бу одам арзимаган ари чақиши каби нарсаларни ҳис қилиши мумкинми?

Амр ибн Зарнинг қўлига бир яра чиққанди. Табиблар қўли кесилиши кераклигини айтишди. У ҳам: «Кесинг!» – деди. Табиблар: «Сени чивиқ билан боғлаб қўйиб, сўнг кесишимиз мумкин!» – дейишганда, Амр ибн Зар: – Бунга ҳожати йўқ, мен намоз ўқиётганимда бемалол кесаверишингиз мумкин, – деди. Амр ибн Зар намозга турганда қўлини кесдилар, у буни ҳис этмади ҳам.


Абу Ҳомид Ғаззолий,   

“Мукошафат-ул қулуб” китобидан 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Нафсни тергаб туриш ниҳоятда фазилатли ишдир. Бу ишга Аллоҳ таоло амр қилган.Аллоҳ таоло Ҳашр сурасида марҳамат қилади .Эй иймон келтирганлар Аллоҳга тақво давоми...

2991 20:01 / 21.11.2018
Банда ҳар бир солиҳ амал учун жаннатда ҳузурҳаловат ва қабрда роҳат борлигини, ишонч ила билади. Сен учун гўзал амал ва Аллоҳни холис таниганинг учун жаннатда давоми...

3665 05:00 / 01.03.2017
Тариқатдаги кишининг кундалик вазифалари аниқ бўлади. Бунда у аввало кундалик фарз ва вожиб амалларга алоҳида эътибор беради. Ўзининг бурчи бўлган бу амалларни давоми...

5803 13:40 / 01.06.2019
Руҳий тарбия соҳасида бу икки сифат деярли доимо бирга зикр қилиб келинган. Баъзи ҳолатларда иккисини бир нарса деб тушунилгани ҳам мулоҳаза қилинади. Биз ўзимиз давоми...

4750 05:00 / 28.02.2017