1447 йил 23 шаъбон | 2026 йил 11 февраль, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Ёлғон гап айтиш – гуноҳи кабира

19:40 / 02.06.2019 3315 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Гуноҳи кабира катта гуноҳ деган маънони англатади. Гуноҳи кабира – уни қилган одамга Қуръон ёки ҳадисда дўзахга кириш тайин қилинган гуноҳлар, шариатда ҳаддни жорий этишни тақозо қиладиган гуноҳлар, Аллоҳ таоло ман қилган ҳар бир иш. Аллоҳга ширк келтириш, одам ўлдириш, ота-онага оқ бўлиш, зино, ўғрилик, ароқхўрлик, ёлғон гапириш кабилар гуноҳи кабиралардир.

Абдурраҳмон ибн Абу Бакрадан, у отаси розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уч марта:

«Сизларга гуноҳи кабираларнинг энг катталарини айтайми?»  дедилар.

«Ҳа, эй Аллоҳнинг Расули!» дейишди.

«Аллоҳга ширк келтириш. Ота-онага оқ бўлиш», дедилар. Сўнг ёнбошлаб ётган эдилар, ўтириб олдилар ва: «Огоҳ бўлинглар, ва ёлғон гап!» дедилар.

Бу гапни қайта-қайта такрорлайвердилар, ҳатто «Сукут қилсайдилар», дедим».

Бухорий ривоят қилган.

Демак, киши Аллоҳга ширк келтиришдан қанчалик қўрқса, ота-онага оқ бўлишдан ҳам шунчалик қўрқиши ва ёлғон гап, тўқима бўҳтонлардан ҳам шунчалик даражада эҳтиёт бўлиши лозим экан.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳадисда энг катта гуноҳлар ҳақида хабар бермоқдалар. Ана шу учта катта гуноҳнинг бири ёлғон гап экан.

Имрон ибн Ҳусойндан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Зино, ароқхўрлик, ўғрилик ҳақида нима дейсизлар?» дедилар.

«Аллоҳ ва Унинг Расули билувчи», дедик.

«Булар фаҳш ишлардир. Уларнинг уқубати бор. Сизларга гуноҳи кабираларнинг каттасини айтиб берайми? Аллоҳга ширк келтириш ва ота-онага оқ бўлиш, – дедилар-да, ёнбошлаб ётган эдилар, ўринларидан туриб ўтирдилар ва: – Ёлғон гап айтиш», дедилар».

Бу ерда Аллоҳга ширк келтиришдек ҳеч кечириб бўлмас бир гуноҳи азимдан кейинги ўринда ота-онага оқ бўлиш ҳам гуноҳи кабира экани таъкидлаб келтирилган. Бу икки гуноҳни баён қилаётганларида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам  ёнбошлаб ётган бўлганлар. Учинчи гуноҳ – ёлғонни айтишдан олдин ўринларидан туриб ўтирдилар ва: «Ёлғон гап айтиш», дедилар. Бу эса ёлғон ўзидан аввалги икки гуноҳи кабирадан ҳам каттароқ эканини кўрсатади.

Ҳар бир мўмин-мусулмон учун Аллоҳ таолога ширк келтириш қанчалик қўрқинчли иш бўлса, ота-онага оқ бўлиш қанчалик қўрқинчли иш бўлса, ёлғон гапириш ҳам худди шундай қўрқадиган иш бўлиши керак экан.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Зино, ароқхўрлик ва ўғрилик фаҳш ишлардан бўлиб, уларнинг уқубати борлиги.

2. Аллоҳ таолога ширк келтириш катта гуноҳларнинг каттаси экани.

3. Ота-онага оқ бўлиш катта гуноҳларнинг каттаси экани.

4. Ёлғон гап айтиш катта гуноҳларнинг каттаси экани.

 

“Ёлғон” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Шақиқ ибн Салама айтади .Бир киши Абдуллоҳнинг олдидан олтин билан безатилган мусҳаф кўтариб ўтиб қолди. Шунда унга қарата .Энг гўзал мусҳаф ndash ҳақиқий тиловат билан безатилганидир,, деди,..Солиҳлар гулшани, китобидан

1897 07:10 / 10.09.2019
карантин пайтидаги ўйларимУшбу мақолани бир мухлисамиз GRAND TA`LIM grandtalim томонидан ўтказилган .Кеча ва бугун неъматлар қадрини англамоқдамиз, танловига юборган давоми...

2720 15:30 / 24.07.2020
Сўфилардан бири халқнинг ўзига эътибор бермоғи учун бошидаги саллани улкан қилиб ўради ичини бўз бўлаклари билан тўлдирди. Табиийки, бу ҳайбатли саллани давоми...

3256 08:09 / 11.11.2018
Хонадонимизга бирор меҳмон келадиган ва бу меҳмон биз учун азиз бўлса, унинг келишига алоҳида тайёргарлик кўрамиз, дастурхон тузаймиз, ўзгача ҳозирланиб, унинг давоми...

1748 11:00 / 23.05.2020
Аудиолар

229775 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

148375 14:35 / 11.08.2021