1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Ғафлат

17:22 / 24.10.2018 3394 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ғафлат надоматни орттиради. Ғафлат неъматнинг қўлдан кетишига сабаб бўлади. Ғафлат Аллоҳ йўлини пардалайди. Ғафлат ҳасаднинг кучайишига, кишининг озорланишига сабаб бўлади.

Бир киши тушида устозини кўриб, сўрабди:

– Сизнингча, қандай пушаймон оғирроқ?

Устози:

– Ғафлат сабаб бўлган пушаймон, – деб жавоб берибди.

Яна бир киши тушида Зуннун Мисрийни кўради ва шундай савол беради: 

– Аллоҳ сенга нима деди?

Мисрий жавоб айтади:

– Мени ўз ҳузурида тикка турғазиб, шундай деди: «Эй ёлғончи, мени севганингни иддао қилардинг, ундай бўлса кейин нега ғафлатда ётдинг?!

Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам:

“Энг фазилатли жиҳод нафс тарбияси учун қилинган жиҳоддир”, – деб марҳамат қилганлар.

Нафс инсонни ҳар он тўғри йўлдан оздириши мумкин, шу боис у билан тинимсиз курашиш керакдир.

Нафс ва уни васвасага солувчи шайтон эса қўзга кўринмайди. Кўриниб турган душман билан олишиш кўринмаётган душман билан олишишга қараганда осонроқки, буни айтиб ўтиришнинг ҳожати ҳам йўқ. Яна, васвасачи шайтон инсонда ўзига ёрдамчи топади. Бу нафснинг ҳавойи орзуларидир. Агар шайтон ва нафс инсонни йўлдан оздирса, у киши Аллоҳнинг азобига дучор бўлади. Айнан шу борада бир ҳикматли сўз бор. Айтадиларки: «Кимнинг жанг майдонидан оти қочса, душманнинг қўлига тушади. Кимнинг ўзидан иймони қочса, Аллоҳнинг азобига учрайди». Иймонни қочирмаслик учун Аллоҳга сиғинамиз.

Ғафлатдасан, қалбинг адашмоқда, 

Умринг ўтди, гуноҳларинг қалашмоқда. 

Солиҳлардан бири тушида отасини кўради, аҳволини сўрайди ва олган жавоби шу бўлади:

– Эй ўғил, ғафлат ичида яшадик, ғафлат ичида ўлдик. Ёқуб алайҳиссалом билан ўлим фариштаси Азроил биродарлардек учрашиб туришарди. Бир куни Азроил зиёратга келганида, ораларида шундай суҳбат бўлиб ўтди.

Ҳазрати Ёқуб:

– Эй ўлим фариштаси, зиёратга келдингми ё жонимни олганими?

Ўлим фариштаси:

– Зиёратга келдим.

Ҳазрати Ёқуб: 

– Сендан бир талабим бор.

Ўлим фариштаси: 

– Нима экан у?

Ҳазрати Ёқуб:

– Ажалим яқинлашиб, жонимни олмоқчи бўлганингда менга сал олдинроқ хабар берсанг...

Ўлим фариштаси:

– Жуда соз. Сенга икки ё уч хабарчи юбораман.

Бу суҳбатдан бирмунча вақт ўтгач, Ҳазрати Ёқубнинг ажали яқинлашди. Ўлим фариштаси яна келди.

Ҳазрати Ёқуб сўради:

– Зиёрат мақсадида келдингми ё жонимни олганими?

Ўлим фариштаси:

– Жонингни олгани!

Ҳазрати Ёқуб:

– Ахир, сен менга олдиндан хабар бермоқчи эдинг-ку?! Икки ё уч хабарчи юбораман, дегандинг... Қани хабар берганинг?

Ўлим фариштаси:

– Мен айтганимни килдим:

1. Сочларинг олдин қора эди, оқарди. 2. Вужудинг олдин кучли эди, кейин қувватдан қолди. 3. Қаддинг олдин тик эди, энди букилди. Эй, Ёқуб, мана санга уч нарса, ўлимдан олдин инсонларга менинг юборган хабарчиларимдир.

Ойу йиллар ўтади, гуноҳларинг ортади,  

Қалб Азроил келганда ғафлат босиб ётади.  

Дунёдаги неъматларинг – кибру надомат,  

Мангу қолмоққа дунёда йўқ имконият.  

Абу Али Даққоқ ҳикоя қилади:

– Бир солиҳ зот бор эди. Замонасининг буюк олими эди. Бир пайт хасталанди. Кўргани бордим. Атрофида талабалари ўтирган эди. У зот эса йиғлар эди.

Дедим:

– Эй устод, нега йиғлайсиз? Дунёдан кўчаяпман дебми?

Деди:

– Йўқ, дунёдан кўчаётганимга эмас, намозимни мазмунсиз ўтказганимга йиғлайман.

Дедим:

– Яъни қандай? Сиз намозингизни тўла-тўкис адо этардингиз-ку?!

Деди:

– Ҳа, тўкис намоз ўқирдим. Фақат бугунгача доим ғафлатда сажда қилдим, ғафлатда саждадан бошимни кўтардим. Мана энди ғафлатда ўляпман.

Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламдан нақл этилган бир хабар шундайдир:

– Аршда шу шаклда ёзув бор: “Мен (Аллоҳ) менга итоат этганнинг истакларини бераман, ишини йўлга қўяман. Мени севганни севаман. Мени чақирганга жавоб бераман. Афв тилаганни афв этаман.

Ақлли мусулмон Аллоҳдан қўрқади, унга итоат этади. Ибодатларини ёлғиз Аллоҳ учун қилади. Унинг ҳукмига ва тақдирига рози бўлади. Бошига тушган мусибатларга сабр қилади. Эришган неъматларининг шукрини қилади. Аллоҳнинг берганига қаноат этади. Ҳаром ва ғайриқонуний йўл билан топилган фойдаларга илтифот қилмайди.

Аллоҳ таоло қудсий ҳадисда буюрадики:

“Ким Менинг ҳукмимга ва тақдиримга рози бўлмаса, балоларга сабр қилмаса, неъматларимга шукрона билдирмаса ва берганимга қаноат қилмаса, у ўзига Мендан бошқа илоҳ топиб олсин!” 

Бир киши Ҳасан Басрийга:

– Мен Аллоҳ йўлида бўлишдан завқ олмайман! – деганида, Ҳасан Басрий:

– Эҳтимол, сен ўзида Аллоҳ қўрқуви бўлмаган бир одамнинг юзига қараган бўлсанг керак, – деб жавоб берган экан.

Бошқа бир киши айни сўроқни Боязид Бастомийга берганида мана бу жавобни олган эди:

– Сен Аллоҳга эмас, итоатга ибодат киласан. Ибодатдан завқ олмоқчи бўлсанг, итоатга эмас, Аллоҳга ибодат эт.

Бир одамнинг қопи йўқолади, кимга берганини ҳеч эслаёлмайди. Бир кун намоз ўқиётганда қопи кимдалиги эсига тушиб қолади. Намозни битирганда қулига қараб бақиради:

– Ҳой, фалон кишиникига бор, қопимизни сўра!

Қул:

– Қоп ундалигини қачон эсладингиз?

Хожа:

– Намозда!

Қул: 

– У ҳолда сиз ибодат қилмай, қоп қидирибсиз!.. Қулнинг бу гўзал танбеҳи ва тўғри эътиқоди туфайли хожаси уни озод этади. Ақли бор одам қалбини дунёга эмас, Аллоҳга беради.

Оқибатни ўйлайди ва охират учун ҳозирлик кўради. Шунинг учун ҳам Раббимиз буюради:

“Ким охират экинини истар экан, биз унга экинининг ҳосилини мўл-зиёда қилурмиз. Ким дунё экинини истар экан, биз унга ўшандан (дунё матоларидан) берурмиз ва унинг учун охиратда бирон насиба бўлмас!” ( Шўро сураси, 20-оят).

Мол-мулкига муккасидан кетган инсоннинг қалбида Аллоҳ севгиси ва охират қайғуси бўлмайди. Ҳазрати Абу Бакр – Аллоҳ ундан рози бўлсин! – қалбидаги Аллоҳ севгисига халал бермасин учун мол-мулкидан қирқ минг динорини яширинча, қирқ минг динорини ошкора садақага берганди. Шундайки, охирида ўзи ҳеч нимасиз қолганда севикли Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳамда ул зотнинг оила аъзолари дунё севгисидан ва дунёга берилишдан (топинишдан) қатъиян сақланишарди, қалбларида ёлғиз Аллоҳнинг муҳаббати ҳукмрон эди. Ана шу сабабларга кўра Аллоҳнинг Расули Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам Фотима онамизни турмушга чиқарганларида сеп сифатида фақатгина ошланган бир қўчқор пўстаги ила ичида хурмо дарахти пўстлоғининг толалари бўлган бир ёстиқ совға қилгандилар, холос.

Абу Ҳомид Ғаззолий, 

Мукошафат-ул қулуб” асаридан 

Мавзуга оид мақолалар
Роғиб вараъни уч турга тақсимлаган 1. Вожиб. Бу турдаги вараъ ҳаромлардан сақланишдан иборат бўлиб, барчага баробардир. 2. Мандуб. Бу турдаги вараъ шубҳалардан давоми...

898 19:00 / 06 январь
Нафсни поклаш ва ахлоқни сайқаллаш борасидаги воситалардан бири таҳоратдир.Араб тилидаги .таҳорат, сўзини ўз тилимизга таржима қиладиган бўлсак, .поклик, деган давоми...

4306 13:45 / 01.02.2020
Абдуллоҳ ибн Муборак айтадилар Аллоҳнинг уйини ҳаж қилиш ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрларини зиёрат қилиш мақсадида сафарга чиқдим. Бир давоми...

3541 05:00 / 11.03.2017
Эрталаб боласини мактабга олиб борган ота ўйчан эди. Хаёлнинг минг бир туйнугига бош суқиб чиқаркан, иш сўраб мурожаат қилган жойларидан қандай натижа чиқишини давоми...

4444 12:25 / 25.07.2018